1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳнинг раҳмати ҳамма нарсадан кенгдир

11:00 / 06.01.2023 1718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилигимиз Қуръони Каримдаги бу улуғ оятни ўқиганмиз, эшитганмиз. Аммо бу оятнинг маъноси борасида тафаккур, тадаббур қиладиганлар озчиликни ташкил қилади, фақат Раббимиз раҳм қилганларгина бундан мустасно.
Келинг, яхшиси оятнинг маънолари сари бир саёҳат қилайлик!
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». (Зумар сураси, 53-оят).
Бу оятни уламолар Қуръондаги «Энг умидбахш оят» деб номлашган. Келинг, шу оятни бирга тадаббур қиламиз.
Азиз ўқувчилар, мақолада келтириладиган фикрларни диққат-эътибор билан ўқишинигизни илтимос қилиб қоламиз.
Ака-ука, опа-сингиллар, гуноҳингиз каттами ёки кичикми Аллоҳнинг раҳматидан умидингизни узманглар.
Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар дегани, Аллоҳ таолога юзланмасанг ҳам майли дегани эмас. Балки бунинг маъноси ҳар қанча кўп гуноҳ қилган бўлсанг ҳам, Аллоҳ таолога қайтишга, Унга ихлос билан тавба қилишга иккиланма демакдир.
Барчамиз Аллоҳ таолога ихлос билан тавба қилайлик.
Тавбанинг шартлари тўртта эканини жуда яхши биламиз.
Булар:
1. Гуноҳдан узилиш.
2. Қилган гуноҳига пушаймон бўлиш.
3. Гуноҳларнинг ҳаммасига мутлақо қайтмасликка азму қарор қилиш.
4. Ҳақларини ўз эгаларига қайтариш.
Жонимиз ҳалқумга келмасидан, қуёш мағрибдан чиқмасидан олдин
тавбага шошилайлик, Аллоҳнинг раҳматидан умидимизни узмайлик.
Энди оятдаги кейинги жумлага эътиборимизни қаратсак:
إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا
«Албатта, Аллоҳ гуноҳларнинг ҳаммасини мағфират қилади». Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, ҳамма ичида ўйлаши мумкин: «Мени фалон-фалон катта гуноҳларим бор…» дея ҳаётининг гуноҳ билан булғанган онлари кўз олдидан ўта бошлайди. Кейин ўзига бундай савол беради: «Аллоҳ мени мағфират қиладими, У Зот тавбамни қабул қиладими, У Зот мени кечирадими, У Зот ҳаётимни яхши томонга ўзгартирадими, У Зот мени қабул қиладими, Аллоҳ таоло мени гуноҳларни тарк этадиган бандалари сафига қўшадими?»
Биз бу саволга: «Ҳа, албатта, кечиради. Агар гуноҳларинг тоғларча бўлса ҳам. Чунки Аллоҳ таоло оятда «Албатта, Аллоҳ гуноҳларнинг ҳаммасини мағфират қиладир» деб келтирган. Оятда ذُّنُوب «зунуб», яъни «гуноҳлар» калимаси келяпти, бу ذَنْب «занб», яъни «гуноҳ» калимасининг кўплиги ҳисобланади. Аллоҳ таоло оятда ذُّنُوب «зунуб» калимасининг ўзини келтириб қолмай, ортидан جَمِيعًا «жамиъан», яъни «барча» калимасини ҳам келтирди. Бу дегани иккита, учта, тўртта гуноҳни демади, балки ҳамма гуноҳларни мағфират қилади деб марҳамат қилди. Бу калималар барча мўмин-мусулмонлар учун хушхабардир. 
لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ
«... Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!...» (Зумар сураси, 53-оят), «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг», Аллоҳ Ғофурдир, Аллоҳ Каримдир, Аллоҳ Роҳиймдир! Унинг Раҳмати кенгдир.
Эй биродар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишинг натижасида Унинг раҳматидан маҳрум бўлиб қолмагин! Зеро, У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ
«... Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир...» (Аъроф сураси, 156-оят).
Бу оятда Унинг раҳмати ҳамма нарсадан кенг экани баён қилинмоқда. Сен ҳам, мен ҳам, ҳаммамиз нарсамиз (яъни буюммиз, предметмиз), Аллоҳнинг раҳматидан умидимизни узмаймиз. 
Аллоҳ таоло барчамизни раҳматига сазовор бандаларидан қилсин! Омин!


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда оддий ҳолатларда ҳам қучоқлашиб кўришавериш урфга айланиб бормоқда. Ҳар кўришганда қучоқлашиб кўришиш тўғрими Динимизда бунга қандай кўрсатмалар давоми...

3874 05:00 / 17.02.2017
Бир дўстим келиб хотинидан ажралишини айтди. У хотинидан ниҳоятда ғазабда эди. Худди отилай деб турган вулқон сингари эди.Мен ундан сўрадимУ хиёнат қилдимиУ деди давоми...

1349 11:00 / 24.07.2023
Аҳкамул Қуръон асарида шундай ёзилади .Имом ибн Арабий Моликий раҳимаҳуллоҳ .Агар кимса кек сақловчи, ҳасад қилувчи, ўзига бино қўйган ва мутакаббир бўлар экан у давоми...

2350 14:00 / 06 январь
Қуръон мияни қандай шакллантирадиБир куни илмфан тарихи бўйича универститет профессори, Агар сиёсий муаммолар ва ўзаро олиб борилган урушлар бўлмаганида, давоми...

2078 17:00 / 22.02.2022
Аудиолар

121370 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42875 14:35 / 11.08.2021