1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёл отасиз гўдакни тарбия қила олади...

11:00 / 31.12.2022 1741 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир аёл эрига овозини баланд кўтарди. Эри бундан ғазабланиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига шикоят қилиш учун борди. Уйларига етиб бориб, энди эшикни тақиллатмоқчи бўлганида, уй ичидан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг аёллари баланд овозда у зотга гапираётганини эшитди. Бу хонадонда ҳам шу аҳвол экан, ортимга қайта қолай, деб энди қайтмоқчи бўлганда, ичкаридан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу чиқиб қолдилар-да: «Ҳой, менда бирор-бир юмушинг бормиди?!» деб сўрадилар. 
Ҳалиги одам: «Ҳа, ҳузурингизга аёлимдан шикоят қилиб келгандим. Қарасам, сизда ҳам меникидек аҳвол экан», деди. 
Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Кийимларимни ювса, ётоғимни ҳозирласа, фарзандларимни тарбия қилса, уйимни озода тутса, ваҳоланки, бу ишларни Аллоҳ таоло унга буюрмаган. Лекин аёлим буларнинг ҳаммасини эҳсон, фазилат, мурувват тариқасида ихлос билан бажаради. Шундай экан, овозини баланд кўтарса, бунга чидамаслигим, бардош бермаслигим керакми?!» дедилар. 
Эй, саййидимиз Форуқ, жинлару шайтонлар сизнинг ҳайбатингиздан қўрқиб, сиз юрган йўлдан қочиб, бошқа йўлдан юрарди. Аммо сиз шу қадар ҳайбат, виқор соҳиби бўлсангиз ҳам эркакларга аёлига нисбатан қандай мулойим бўлиши кераклиги ҳақида таълим беряпсиз. 
Ҳой эркаклар, аёлнинг сабрини енгил санаманг. Бағрида тўққиз ой кўтариб юрган ҳомиласини тўлғоқ азобига дучор бўлиб ва унга бардош бериб дунёга келтирган аёл, сизни қалбидан чиқариб юборишга қодирдир.
Аёл биргина сабрнинг ўзи билан кўп изтиробларга бардош бера олади. Шундай экан, аёлларни қандай ҳурмат қилишни ўрганайлик.
Аёл киши жамиятнинг ярмини дунёга келтириб, тарбия қиладиган хилқатдир.
Аёл ўзини севадиган кишининг ёнида сукут сақлаб турган бўлса, айтадиган гаплари ёш кўринишида кўзларидан томади. 
Аёл шундай хилқатки, бошида сизга яқинлашишга қўрқади, кунлар ўтиб ундан узоқлашсангиз йиғлайди. 
Аёл шундай хилқатки, унинг қалбини камдан-кам эркак тушуна олади. 
Аёл киши сиздан амру маҳол нарсани сўрамайди. Балки ўзига меҳр бериб, эътибор қаратишингизни сўрайди. 
Аёл: ё улкан макр ёки улкан муҳаббат. Агар биз аёлга нисбатан макр ишлатсак, у ҳам бизга макр ишлатади, аксинча, агар уни севсак, у ҳам бизни севади. 
Аёл киши ўзи иситмалаб, жони оғриб турган бўлса-да, сизга дори тайёрлаб беради.
Аёл киши ўзи сиқилиб турган бўлса-да, сизга таскин, тасалли беради.
Аёл киши ўзи чарчаб, хориб турган бўлса-да, сиз билан тун бўйи бедор бўлади.
Аёл шундай хилқатки, танимаган кишиси учун ҳам маҳзун бўлаверади. 
Аёл шундай хилқатки, у билан худди гўдакларга муомала қилгандек муносабатда бўлишингизни ёқтиради.
Агар эркак аёл кишининг ғам-андуҳларини кўтаришга қурби етмаса, унинг қалб эшигини чертмасин. 
Ишга кетаётганингизда аёлингизни қўлидан бўса олиб кетинг. То қайтгунингизча ўзгача ҳиссиётлар оғушида юрсин. Бу ишни ҳар куни такрор қилингки, ўзини сизга ато қилинган Аллоҳнинг неъмати деб билсин.
Аёл киши ҳар қанча қўпол бўлса ҳам унинг қалби меҳр-шафқатга лиммо-лим бўлади. 
Аёлнинг эркалигини ва рашкини фақатгина уни чин дилдан севган инсонгина кўтара олади. 
Аёл хиёнатдан, яқинларини йўқотишдан қўрқади. Яхши кўрган инсонини йўқотиб қўйса, уни унутиши қийин бўлади. 
Аёл отасиз гўдакни тарбия қила олади, лекин эркак онасиз гўдакни тарбия қила олмайди. 


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . ..Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики.Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, .Икковингизни эмизганман,, деди. Шунда давоми...

1556 18:00 / 22.04.2020
Мадиха Камель ўз даврида нафақат Мисрнинг, балки бутун араб киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган. Аммо битта ҳадисни эшитгач, у ҳаётини тубдан давоми...

5493 16:05 / 31.01.2020
Умматнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш қийин эмас. Шариатимизни .Ўтмишнинг қабоҳати ва келажакнинг номини эшитишни ҳам исталмаган таҳликаси, деб ёдга олиниши давоми...

1827 14:00 / 04.03.2022
Умму Ҳоний Ҳонеъ Фотима бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо таниқли саҳобиялардан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърож воқеалари шу аёл хонадонида содир давоми...

1899 17:00 / 13.02.2021