1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Али Солиҳ Азҳарий ҳафизаҳуллоҳ – 60000 дан зиёд китоб ўқиган «илм хазинаси» (биринчи мақола)

15:00 / 15.11.2022 1855 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 (биринчи мақола)

Онамнинг китобларни сотиб олишига ундаган нарса радиодаги эшиттириш бўлди. Унда марҳум Махмуд Аббос Аққоднинг[1] олтмиш мингта китоб ўқигани ҳақида айтилади. Онам буни эшитиб: «Эй Роббим мен ҳам боламни у каби илмли бўлишини умид қиламан» деб дуо қилади.

Шайх Алий Солиҳ ҳафизаҳуллоҳ.

Шайх Абул Ҳасан Али Солиҳ ибн Али Иброҳим ал-Ашъарий ал-Аҳанафий ан-Нақшбандий Ал-Азҳарий ал-Қоҳирий ал-Мисрий 1944 йили 30 июл куни Миср пойтахти Қоҳира шаҳрининг қадимий Дарбул Аҳмар маҳалласи Қалъа кўчасида илмга ихлосли, оддий оилада туғилган.

Шайхнинг Ҳасан исмли ўғил фарзанди бўлмаган, лекин уламолар орасида Алий исмли кишини Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу каби «Абул Ҳасан» куняси билан чақириш одатига кўра шу куняни олган. Устозлари бу зотни кўп илмга шўнғиб ўқигани, турли фанларни ўзлаштиргани учун «Канз» – яъни, «Хазина» деб аташган. Унинг нисбалари кўриниб турганидек, ақидавий ва фиқҳий мазҳаби, тасаввуфдаги йўналиши ва яшаш жойига далолат қилади. Ота томондан аждодлари асли шомлик, онаси Мисрнинг Мансура шаҳридан бўлган. Оилада Шайх Алий якка ўғил бўлиб, унинг икки синглиси бўлган.

Шайх Алий Солиҳ ёшлигида кўзи кўрар эди. У ал-Азҳарда бошланғич босқичнинг иккинчи йили беморлик сабаб кўриш қобилиятини йўқотган. Уни ота-онаси шифокорларга кўрсатишга ҳаракат қилиб бор имкониятларини ишга соладилар. Лекин улар фақирлик туфайли фарзандларини тўла даволатишга қурбилари етмайди.

Шайх Али Солиҳ отаси солиҳ, тақволи ва илмга муҳаббатли, китоб сотиб олишга борини сарфлайдиган киши эди. Онаси ҳам худди шундай ибодатгўй, китоб сотиб олишга қизиққан, солиҳа аёл бўлган. Шайх Али Солиҳнинг илм йўлида юксалишида ушбу оилавий муҳит ва қўшниларнинг таъсири катта бўлган.

Шайх Али Солиҳнинг тўрт онаси ёшлигидаёқ 1948 йили Қоҳиранинг Ҳаббания минтақаси Дарбул Аҳмар маҳалласидаги «Қози Яҳё» номли (куттаб) бошланғич мактабга олиб борди. Бу каби бошланғич мактаблар боланинг тарбияси, ахлоқини шакллантириш, саводини чиқариш ва Қуръонни тўлиқ ёдлатиб, илк илм босқичларини ўргатишдан иборат эди. Шайх Алий Солиҳ у ерда шайх Ризқ Иброҳим Хулий ҳузурида Қуръони Каримни ёд ола бошлади. У шайх жуда тақволи, дуоси ижобат бўладиган солиҳ, талабаларига меҳрибон, қалби ўта юмшоқ киши бўлган. Шайх Али Солиҳ устози ҳақида айтади: «Бизга мактабда устозимиз гўзал сўзни айтган: У: «Мен тавҳид илмини тоғам шайх Абдуллатиф Хулийдан ўрганганман. У жуда ҳам юмшоқ табиатли эди. Агар таҳоратга чиқмоқчи бўлса, намозгоҳидан экинзордаги холи жойгача оёғига қўнғироқли пояфзал кийиб олар эди. Ундан нимага бу ҳолатда ташқарида юриши сабабини сўрашганда у: «Майда ҳашарот ва қушларга озор бериб қўймаслик учун шундай чиқаман» деб жавоб берган». У мана шу амали билан заиф жонзотларга озор беришдан сақланган. Шайхимиз бизга тавҳиддан мақсад қалбларга раҳмат олиб кириш» дер эди.

У шайх Ризқ Иброҳим Хулий 1954 йилда вафот этгунигача сабоқ олди. Ундан сўнг шайх Хузорий ҳузурида Қуръони Каримни тўла ёдлаб тажвиддан дарс олди.

Шайх Алий Солиҳ Қуръон қориси бўлганидан сўнг, 1956-йилда ал-Азҳари шариф ибтидоия босқичига қабул қилинади. Ўша пайтларда ал-Азҳар бошланғич босқичига кириш учун Қуръони Каримни тўлиқ ёддан билиш шарт эди. У ал-Азҳардаги дарсларга онаси билан қатнар, унинг ҳиммати, илмга ихлоси фарзанди таълимида мувафаққият калити бўлган эди.

Шайх онасини эслаб шундай дейди: «Мен ал-Азҳарда бошланғич биринчи босқичда ўқиётган кезларим эди. Бир куни онам кўчада солиҳа дугонаси билан кетаётиб, кўчада китоб сотаётган кишига дуч келади. У ҳар бир китобни 1 қиршдан сотарди.

Онам сотувчига: «Менга 50 та китоб беринг» деб, 50 қирш узатади. Сотувчи: «Хоҳлаганингизни танлаб олаверинг» дейди.

Онам ўша сотувчининг олдида турган саллали бир шайхни кўриб унга: «Эй фазилатли шайх мени ўғлим учун элликта китоб танлаб беринг» дейди. Чунки онам ва унинг дугонаси ўқишни ҳам ва ёзишни ҳам билмас эдилар.

Шайх онамга: «Мен ўғлингизга адабиёт илмига оид китобларни танлаб бераман» дейди.

Онам: «Албатта, мени ўғлим одобли» дейди. У китобларни танлаб бергач, онам олиб дугонаси билан бошида кўтариб келади. Бу китоблар асосан матнлар бўлиб, мантиқ илмига оид шайх Абдурраҳмон Ахзарийнинг «Суллам», Раҳобийнинг «Мерос» китоби, наҳв илмида «Азҳария», «Ажрумия», «Қотрун надо», «Шузуруз заҳаб», «Алфияту ибн ибн Молик» ва бошқа китоблардан иборат эди. Онамнинг бу китобларни сотиб олишига ундаган нарса радиодаги эшиттириш бўлди. Унда марҳум Махмуд Аббос Аққоднинг[2] 60000 та китоб ўқигани ҳақида айтилади. Онам буни эшитиб: «Эй Роббим мен ҳам боламни шу каби бўлишини умид қиламан» деб дуо қилади ва кейинчалик унинг дуолари ижобат бўлди.

Ёнимизда шаръий маҳкама қозиси[3] шайх Абдуссалом Маҳмуд раҳматуллоҳи алайҳ яшар эди. Мен ундан илм фазилати ҳақида байтларни эшитиб ёдлаб олганман. У менга китоб ўқиб берарди. Аллоҳ таоло бизга ажойиб қўшниларни насиб этган эди. Мен шу тарзда 50 та китобни ўқиб тугатдим. Сўнг мен ҳам китобларни сотиб олиб жуда кўп мутолаа қилдим. Наҳвга оид «Алфия» ва бир нечта матнлар, қадимги хатиблар девонларини ҳам ёд олдим. Ал-азҳарда бу матнларни ёддан айтсам устозим шайх Алий Абдурраҳим роҳимаҳуллоҳ шундай дер эди: «Эй болам, кимки ёдласа матнлар, унга таслимдир фанлар. Сен ҳам яқинда Аллоҳнинг изни билан ана шу фанларни эгаллаганлардан бўласан» дер эди. Шунинг учун ҳам кўп матнларни ёдладим. Китобларни сотиб олиб, кичкинагина кутубхонада китобларни ёдлашга шўнғирдим. Шунда мени Аллоҳ таоло кўп неъматлари билан сийлади. Биз китоб ўқисак онам эшитиб ўтирарди. Кўп эшитганидан илмда биз билан бир хил кетарди. Ҳатто ал-Азҳарга мен билан бориб шайх Мароғий, шайх Муҳаммад Нажжор, фиқҳда имомлардан бизга «Лубоб», «Ихтиёр» китобларидан дарс берган шайх Алий Абдурраҳимларнинг дарсларини хона ташқарисида эшитиб, чиққунимча кутиб турарди. Шайхлар ҳам уни билишарди. Талабалар устозларимдан бирор китоб ҳақида сўрашса, улар: «бу ҳақида шайх Алийдан сўра» дер эдилар».

Шайх Алий Солиҳнинг илмга муҳаббат қўйишига сабаблардан яна бири устозининг дуосидир. У 1956 йили ал-Азҳарда наҳв фанидан имтиҳон топширади. У ерда имтиҳон комиссиясида устози дуоси мустажоб, Аллоҳ таолонинг валий, ориф бандаларидан бири фазилатли шайх Муҳаммад Иъваз раҳматуллоҳи алайҳ ўтирарди. У пайтда шайх Алий наҳвдан билими мустаҳкам эмас эди. Шайх Муҳаммад Иъваз унга: «Эй шайх Алий, Аллоҳдан сени наҳв фанига муҳаббатли қилиб қўйишини сўрайман. Хурсанд бўл эй болам, тезда наҳвга оид юзлаб китобларни ўқийсан» дейди. Устозининг ушбу дуоси сабаб, шу кундан бошлаб шайх Алий қалбига наҳв фанига муҳаббат тушиб қолади ва бу луғат илмига оид юздан зиёд китобларни ўқийди.

Шайх Алий Солиҳ ал-Азҳарда бир неча алломалардан сабоқ олган. Уларнинг ҳар бирини бемалол «Ерда юрувчи университет» дейиш мумкин эди. Шайх Алий Солиҳнинг шогирди Мустафо Ризо Азҳарий «Ал-қовлул жалий фий таржаматиш шайх Алий» номли китобида шайхнинг таржимаи ҳоли билан бирга унинг 142 нафар устозлари ҳақида ҳам маълумот берган. Улардан баъзиларининг исмини келтирадиган бўлсак, ал-Азҳарда бошланғич  тўрт йиллик босқичда шайх Нуриддин Мароғийдан «Нурул ийзоҳ», шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжор ва шайх Муҳаммад Абу Шушадан сийрат, наҳв илмларини ўрганди. Шайх Аҳмад Алий ва шайх Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамид, шайх Аббос Мисрий, шайх Абдулфаттоҳ Жовиш, шайх Муҳаммад Хаттоблардан наҳв илмига оида «Туҳфатус сания», «Ажрумия», «Азҳария», «Қотрун Надо», «Шузуруз заҳаб» матнларини ўқиди. Шайх Абду Мақсуд Нассор, шайх Муҳаммад Комил Муродлардан тарих илмини ўқиди. Шайх Абдулқодир Добашдан ақида илмига оид имом Дардирнинг «ал-Хорида» китобини, шайх Закий Абдулазим, шайх Алий Заҳабий, шайх Иброҳим Укошадан фиқҳга оид китобларни ўқиган.

Санавия босқичида шайх Махмуд Заворий, шайх Исавий Шозилийлардан тафсир фанига оид «Жалолайн», «Софватут тафоср», «Тафсирун Насафий», ақида фанидага оид «Ал-жавҳаро фит тавҳид» китобларини ўқиб ўтказди.

Усулиддин куллиясида шайх Абдурраҳмон Усмон, шайх Саййид Аҳмад Кумий, шайх Саййид Аҳмад Мусайяр, шайх Али Халил, шайх Муҳаммад Абу Заҳро, Муҳаммад Нажиб Бутиъий каби олимлардан «Саҳиҳ Муслим», «Тафсирул Байзовий», «Тадрибур ровий» ва бир неча мўътабар китоблардан дарс олган.

Шайх Алий Солиҳ яна Мисрнинг кўзга кўринган алломаларидан бири, тасаввуф намояндаси Шайх Солиҳ Жаъфарий (19010-1979)дан кўп сабоқ олган. Бу зот асли суданлик бўлиб, насаби Имом Содиқ Жаъфарийга бориб тақалади.

Шайх Алий Солиҳ талабалик пайтида ал-Азҳар масжидида мужовир (ал-Азҳар масжидида узоқ йиллар яшаб, фақат илм таҳсили билан машғул) талабалардан бўлган. 1960 йилларда Миср ҳукумати томонидан мужовир талабаларни масжиддан чиқариш ҳаракати бўлади. У киши эса, ҳамма талабалар масжид ташқарисида яшаш учун чиқариб юборилганда ҳам бир неча йил мужовир бўлган.

Шайх Алий Солиҳ талабалик пайтини эслаб шундай дейди: «Мен ўн беш йил ал-Азҳарда яшадим. Ҳозир ҳам ҳаётим ушбу улуғ даргоҳ билан чамбарчас боғлиқ. Мен ал-Азҳарнинг юздан зиёд буюк алломаларидан сабоқ олдим. Талабалик чоғимда 20 соатгача дарс қилар эдим. Жуда ҳам кам ухлардим. Аллоҳ таоло онамнинг Аббос Аққодни ҳавас қилиб, қалбига туккан холис нияти, дуоларини ижобат қилиб, менга 60 мингдан зиёд китобни ўқиш насиб этди. Улар турли фанларга оид матнлар, аввалги ва ҳозирги уламоларнинг китобларидир. Ҳатто адашган тоифаларнинг ҳам китобини ўқиб, уларнинг хатоларини ўргандим. Ҳадис илмидаги «Олти саҳиҳ» ва бошқа китобларни устозлар ҳузурида ўқидим. Мен ҳеч қачон китоб ўқишдан малолланмайман. Чунки мени ўқишга ундаган нарса муҳаббатдир. Китобларни устозлардан тингладим ҳамда овоз ёзиш воситаси орқали ёки бошқалар ёрдамида ўқидим. Китобни тинглаб кўп манфаат оламан. Зеро, китоб ўқувчи - сут соғувчи, уни тингловчи эса, ўша сутдан ичувчи кабидир».

(Давоми бор)

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли шайх Алий Солиҳ ҳафизаҳуллоҳнинг суҳбатлари ва Мустафо Ризо Азҳарийнинг «Ал-қовлул жалий фий таржаматиш шайх Алий» китоби асосида тайёрлади.

 

 


[1] Аббос Аққод (1889-1964) мисрлик машҳур мутафаккир, адиб, ёзувчи, шоир, журналист. У 100 дан зиёд китоб, 15000 та мақола ёзган.

[2] Аббос Аққод (1889-1964) мисрлик машҳур мутафаккир, адиб, ёзувчи, шоир, журналист. У 100 дан зиёд китоб, 15000 та мақола ёзган.

[3] Усмонийлар давридан кейин ҳам Мисрда 1955-йил 21-сентябргача шаръий маҳкамалар фаолият юритган. У ерда тўрт фиқҳий мазҳабга кўра ҳукм чиқарилган. Лекин расмий мазҳаб ҳанафий мазҳаби ҳисобланган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, пешво, фақиҳ, муҳаддис, шайхулислом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажжож Маррузий. Бағдодда истиқомат қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари. давоми...

429 09:02 / 14 январь
19 асрнинг иккинчи ярмида аҳли солиҳ ва аҳли сафолар юрти бўлмиш Шўркент ҳозирги Янгиқўрғон ноҳиясида Абдурраззоқ Дадхоҳ хонадонида бир ўғил фарзанд дунёга келди. давоми...

2006 14:00 / 16.05.2022
Усмонжон қори Болтабоев 1886 йил Қўқон хонлиги ҳудудидаги Қашқар маҳалласи, ҳозирги Наманган вилояти Наманган шаҳри Саноат маҳаласи Машаддаги Эргашкан давоми...

1695 14:00 / 22.08.2022
Носиржон қори домла роҳимаҳуллоҳ 1906 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Қўқон кўчасида, Юсуфжон қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси Юсуфжон қори ва бобоси давоми...

1788 14:00 / 26.03.2022
Аудиолар

120535 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7050 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42146 14:35 / 11.08.2021