1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Қалб кўзи билан кўрувчи Усмонжон қори

14:00 / 22.08.2022 1718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмонжон қори Болтабоев 1886 йил Қўқон хонлиги ҳудудидаги Қашқар маҳалласи, ҳозирги Наманган вилояти Наманган шаҳри Саноат маҳаласи (Машаддаги Эргашкан маҳалласи)да таваллуд топган.

Усмонжон қори бува етти ёшлик пайтида чечак касалига чалинган ва унинг асорати сабаб кўзи ожиз бўлиб қолган.

Усмонжон қори бува ёшлигидан зеҳни ўткир ва хотираси кучли бўлган. Дастлаб Қуръони Каримни эшитиш орқали тўлиқ ёд олган. Сўнгра тафсир, фиқҳ, араб тили илмларини пухта ўзлаштирган. Уйланганидан сўнг Қўқон хонлиги даврида ҳозирги Уйчи тумани Машад қишлоғи Қувурбоши маҳалласидаги Рангли жомеъ масжидига имомликка юборилган. Мазкур масжидда қатағон даврида диний муассасалар ёпилгунга қадар узоқ йил имомлик қилган. Усмонжон қори бува чуқур илми, камтаринлиги ва парҳезкорлиги туфайли тезда  атрофдагилар меҳрини қозонади.

Қори буванинг божаси ва яқин шогирди мулла Исроилбой ўғли Валихон  ҳожи аканинг айтишича, у киши Қуръон тафсирига моҳир бўлиб, оятлар маъносини кенг шарҳлар эди. У илм тарқатишга жуда ҳарис, Чоризмнинг қаттиқ тазйиқлари пайтида ҳам кўпчиликнинг саводини чиқарган ва шогирдлари ичидан бир неча мураттаб қорилар етишиб чиққан.

Усмонжон қори бува уламолар билан тез-тез кўришиб турар, хусусан, Эргашкан қишлоғилик Мусохон Махсум, косонсойлик етук олимлардан Мулла Жўрахон Охун билан кўп ҳамсуҳбат бўлишарди.

Унинг уйига зиёрат учун ёки шаръий масалаларни сўраб турли томонлардан меҳмонлар келишар, у киши келувчиларни чиройли қабул қилар ва масалаларга пухта жавоб берарди. Бир марта кўришган кишиларини овозидан ёки қўл бериб кўришгач, бўйнидан тутиб таниб, исмини айтар эди. Баъзан бир неча метр узоқда кетаётган кишини кайфияти қандайлигини айтиб берар ва бирор нарсадан хафа, кўнглини кўтариб қўярди.

Усмонжон қори бува тиб илмидан ҳам хабардор эди. Шунинг учун, унинг олдига дардмандлар ҳам келиб турар ва турли гиёҳлардан дори ва маъжун тайёрлатиб берса, улар Аллоҳнинг изни билан дардига шифо топарди. Баъзан узоқ жойлардан келган ихлосманд кишилар қори бувани ўзларининг қишлоқларига ҳафталаб, ойлаб олиб кетишар ва у кишининг илмларидан истифода қилишарди. Кейинчалик Усмонжон қори буванинг ишларини яқин шогирди Аҳмаджон қори бува давом эттирган ва узоқ йил қишлоқ аҳолисини илм-маърифат билан Ҳақ йўлига бошлаган.

Усмонжон қори бува анча-мунча ишларини ўзи бажарар, иложи борича бировнинг хизматига таянмас, уйда таҳоратга сув иситиш ва чой дамлаш учун самоварга ўтинларни ўзи ёрар, дарахтларга чиқиб, мева уза оларди Ўзи имомлик қиладиган масжид ёнида вақф ерлар бўлиб, унда кўпроқ шоли экилар эди. Қори бува баъзан у ерга чиқиб, имкони қадар ёрдамлашар, ҳатто шолини курмакдан ажрата оларди. Бу билан масжид даромадига ўз қўли билан меҳнат қилиб, бевосита ҳисса қўшишни истар эди. Баъзи ишларни уддалагани эса, атрофдагиларни ҳайрон қолдирарди.

Яқин шогирдларидан бирининг айтишича, бир куни Усмонжон қори буванинг маҳалласида қутурган ит пайдо бўлиб, атрофдагиларни қувлаб, кўпчиликни безовта қилади ва у кишининг уйига кириб олади. Шунда у киши ёнида пичоқни олиб қутурган итни тутиб, бўйнига тортиб юборади.

Бир куни Усмонжон қори бувани Чортоқ туманига меҳмондорчиликка олиб боришади. У ерда илм суҳбати қуришади, таом сузишдан аввал бедана сайраб қолади. Усмонжон қори бува «Қуш қаерда сайраяпти?» деб сўрайди. Хонадон эгаси беданани латта билан ўралган қовоқда боқиши ва унинг ичида сайраётганини айтади. Шунда қори бува хонадон эгасига: «Аллоҳнинг бу кичкина махлуқини қовоққа солиб қўйиб, бизга ош берасизми?» дея танбеҳ бериб, у ердан таом емасдан чиқиб кетган экан.

Усмонжон қори бува уч нафар фарзанд кўрган. Катта ўғли Абдулазизхон бува 2019 йили, кичик ўғли Ҳафизхон бува 2018 йили вафот этишган, қизлари Зокирахон ая ҳаётлар.

Усмонжон қори бува 1964 йили Машад қишлоғида 78 ёшида вафот этган ва «Машад» қабристонига дафн этилган.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча ҳамду сано ул Тангригаким, ўзига хос ва яқин бандаларининг дилларини қадим ва мўъжизали бўлган каломи шарифи билан хушнуд айлади ва дўсту ҳабибларини давоми...

4314 21:55 / 27.04.2017
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

2261 10:01 / 23.02.2022
Аҳмад ҳожи Муҳаммад Турсун Турсунов Аҳмад Мамажонович 1949 йили Наманган шаҳрида туғилган. 1979 йили Наманган давлат университетини тамомлаган.1967 йилдан буён давоми...

2006 12:07 / 19.05.2021
Сулаймон халифа домла 1901 йил Наманган тумани, ҳозирги Неъматжон қишлоғида боғбон Умархон сўфи хонадонида таваллуд топдилар. Ўғилли бўлган сўфи домла фарзандни давоми...

920 06:00 / 26.04.2023
Аудиолар

121291 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7080 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42802 14:35 / 11.08.2021