1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ таоло яширин солиҳ амални яхши кўради

14:00 / 18.07.2022 2622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ Маккадаги ҳарамда, Бани Шайба эшиги олдида Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолди. Абдуллоҳ ибн Муборак деди:

- Эй Фузайл! Биз билан масжидга кир, гаплашамиз!

  Фузайл деди:

- Агар масжидга кирсак сен ўзингдаги илмнинг ғароиботлари ҳақида, мен ҳам ўзимдаги илмнинг ажойиботлари ҳақида бир-биримизга гапирамизми?

- Ҳа, албатта!

- Агар мен сенга ва сен менга  ўзимизни зийнатлаб кўрсатсак бизда ихлос қоладими?!

Ибн Муборак деди:

- Мени тирилтирдинг, Аллоҳ сени тирилтирсин!

Сўнгра иккаласи ҳам масжидга кирмасдан қайтиб кетишди!

Олдингилар гўзал ибодатлари сақланиб қолиши, инсонларнинг мақтовини қидириб амалларига ужб аралашмаслиги, бунинг оқибатида амаллари ҳабата бўлмаслиги учун уни яширишга ҳаракат қилишар эди. Аллоҳ билан ўзлари ўртасида қолдиришга ҳаракат қилишар эди.

Зайнул Обидийн роҳимаҳуллоҳ ўттиз йил фақир, мискин, бева- бечоралар уйига елкасида озиқ-овқат ташиди. Буни ҳеч ким билмади. Вафот қилганидан сўнг уни ювишаётганда елкасининг қорайиб кетганини кўришди. Фақирларга у вафот қилганидан сўнг овқат бормай қўйди. Улар ана шундан бу ишларни Зайнул Обидийн роҳимаҳуллоҳ қилганини билиб қолишди.

Довуд ибн Ҳинд қирқ йил рўза тутиб юрди. Буни оиласи билмаган эди. Хотини унга тушлик қилиши учун овқат ҳозирлаб берар, у овқатни дўконига олиб кетиб фақирларга эҳсон қилар эди. Кечқурун уйига қайтиб оиласи билан кечки овқатни ер эди. Оиласи уни ифторлик қилаётганини билмас эди. Буни имом Заҳабий ўзининг «Сияру аъломин нубало» китобида зикр қилади.

Инсон аслида ёмонликларини яширгани каби яхшиликларини ҳам яшириши лозим. Чунки Аллоҳ таоло яширин солиҳ амални яхши кўради. Зеро, бундай амал фақатгина Аллоҳ ризоси учун қилинади. Бундан кейинги иш Аллоҳнинг ўзида қолади. Истаса уни яширади, истаса ошкор қилади. Аммо ажр қолаверади.

Насибангиздан қўрқманг. Агар сизни Аллоҳ севса Жаброил алайҳиссаломга: «Эй Жаброил! Мен фалончини севдим, сен ҳам уни яхши кўр!», дейди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом фаришталарга: «Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди. Сиз ҳам уни яхши кўринг!», дейди. Сўнгра ер юзида унга қабулият қўйилади!

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳни Аллоҳ раҳматига олсин. У доимо Аллоҳдан кишилар уни танимасидан илгари вафот эттиришини сўрар эди. Бугун эса уни танимайдиган мусулмон бўлмаса керак!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада бемор бўлиб, жисми заифлашиб, озғин бўлиб қолган бир кишини зиёрат қилгани бордилар. Кўрган киши уни куни битган давоми...

4252 14:28 / 28.10.2023
Муҳтожлик ва йўқсиллик кишини кўпинча инсон табиати оқламайдиган ишларга ундайди. Айниқса, атрофида бойбадавлат, камкўстсиз ҳаёт кечирадиганлар бўлса аҳвол яна давоми...

2556 18:00 / 17.06.2021
Ҳақиқатлар манбаи ваҳийдир.Аллоҳга исён қилган иблис қувилди. Унинг барча истаги оламлар Роббисининг қонунларига тескаридир. Қилмишлари эса исёндан давоми...

2870 12:00 / 25.08.2021
Отаонага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи давоми...

905 09:00 / 13.02.2023