1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Уйида уни йўқ кимсадан маслаҳат сўрама!

18:00 / 17.06.2021 2547 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳтожлик ва йўқсиллик кишини кўпинча инсон табиати оқламайдиган ишларга ундайди. Айниқса, атрофида бой-бадавлат, кам-кўстсиз ҳаёт кечирадиганлар бўлса аҳвол яна ҳам ёмонлашади. Шунинг учун доно халқимиз «аввал таом, баъдаз калом» дейдилар. Энг ёмони фақир киши ҳаётда эзгу амал, адолат деган тушунчалар борлигига ишонмай қўяди. Шунингдек, йўқчиллик оқибатида киши қарздор бўлар экан, гапирса ёлғон сўзлайдиган, ваъда берса бажармайдиган бўлиб қолади.

Камбағалликнинг зарари инсоннинг моддий ва маънавий оламига таъсир этиб қолмай, унинг фикрлашига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказади. Фарзандлари оч ўтирган одам қандай қилиб тараққиёт, юксалишга тааллуқли илғор ғоялар ҳақида ўйлаши мумкин?

Бир куни Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳазратлари илм мажлисида ўтирганларида хизматкор аёл келиб, уйда ун қолмаганини айтибди. Шунда ҳазрат: «Шўринг қурсин, қирқта фиқҳий масалани бошимдан учириб юбординг-а», деган эканлар. Имом Аъзам ҳазратларининг ҳам бу борада қуйидаги сўзлари мавжуд: «Уйида уни йўқ кимсадан маслаҳат сўрамагин».

Чунки камбағалнинг фикру хаёли нон топишда бўлади. Шунинг учун ҳам у тўғри маслаҳат бера олмаслиги мумкин.

Маълумки, кучли руҳий ҳолат идрок қилишга, тўғри фикр юритишга салбий таъсир қилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саид ибн Омир розияллоҳу анҳуни Ҳимсга волий қилиб юборган эдилар.

Мадинага Ҳимсдан вакиллар келганда, Умар розияллоҳу анҳу улардан ҳимслик фақирлар рўйхатини тузиб беришни сўрадилар.

Рўйхат тузилиб, халифага тақдим этилди. Умар розияллоҳу анҳу рўйхатни кўздан кечираётганларида кўзлари Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг исмларига тушди. Ҳайрон бўлдилар. Чунки ҳокимнинг исми фақирлар рўйхатида турганди. Одамлардан бу ҳақида сўраганларида, улар ҳокимнинг фақир эканлигини, «Аллоҳ таолонинг ҳузурида бу шаҳар аҳолиси борасида сўраладиган киши бўлсам, бу пулларни нима қиламан» деб маошларини мискинларга тарқатишларини айтишади.

Ибн Асирнинг «Усдул ғоба» асарида шундай ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу Ҳимсга борганларида, аҳолидан ҳокимлари қандай ишлаётгани ҳақида сўрайдилар. Улар Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг тўртта ишидан шикоят қилишади.

«То чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди. Кечқурун бирор кишига жавоб бермайди. Ойда икки кун олдимизга чиқмайди. Баъзида ўзидан кетиб қолиб, ҳушини йўқотади» дейишди.

Бу гапларни эшитиб, Умар розияллоҳу анҳу паст овозда «Эй Аллоҳ, уни энг яхши бандаларингдан деб биламан. Менинг у ҳақидаги фикримни ўзгартирмагин» деган маънода дуо қилдилар.

Шундан сўнг Саид розияллоҳу анҳуни чақиртириб, аҳолининг шикоятини у кишига айтадилар. Саид розияллоҳу анҳу «Чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Аҳлим учун хизматкор йўқ. Шунга ўзим хамир қориб, кўпчишини кутаман. Кўпчигач, нон ёпиб, Зуҳо намозига таҳорат олиб, кейин одамлар олдига чиқаман» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу «Алҳамдулиллаҳ» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб, «Кечқурун бирор кишининг мурожаатига жавоб бермайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Мен кундузи уларнинг хизматида бўлсам, тунда Роббимга ибодат қиламан» дедилар.

«Ойда икки кун олдимизга чиқмайди» деяптилар. Менинг хизматкорим йўқ. Бундан бошқа кийимим ҳам йўқ. Кийимимни ювиб, қуришини кутаман. Қуригач, кийиб, куннинг охирида уларнинг олдиларига чиқаман» дедилар ҳоким.

«Гоҳида ҳушимдан кетиб қолишимга келсак, мен Маккада мушриклик пайтимда Хубайб ибн Адийнинг ўлдирилишини кўрганман. Қурайш қавми уни ёғочга осиб қўйиб, гўштларини кесиб, «Ўрнингда Муҳаммад бўлишини, ўзинг соғ бўлишни истайсанми?» деб сўраганида, у «Аллоҳга қасамки, мен аҳлим ва болаларим билан бўлиб, офиятда ва дунё неъматлари ичра бўлган ҳолимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир тикон киришини истамайман» деган. Мана шу воқеани, Хубайбга ёрдам бермаганимни эслаганимда, Аллоҳнинг азобидан қўрққанимдан титраб, ҳушимдан кетиб қоламан» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу йиғлаган ҳолларида гапларини тугатганларида, Умар розияллоҳу анҳу ўзларини тутиб туролмадилар, баланд овозда «Саид ҳақидаги фикримни ўзгартирмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар ва у кишини бағриларига босадилар».

Дарҳақиқат, инсон бу дунёда имтиҳонда яшайди. Имтиҳон дунёда борлиқ ҳам бўлади, йўқлик ҳам бўлади. Аллоҳ таоло берган борлик пайтларда шукр қилишимиз ва қийинчилик, йўқчилик бўлган пайтларда эса сабр қилиб яшашимиз лозим бўлади.

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Исро, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр давоми...

4813 10:29 / 06 февраль
Мусулмонларда барча илмлар қатори, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш бўйича ҳам асосий ва биринчи манба Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3398 10:00 / 05.06.2021
Аллоҳ таоло Юсуф сурасида шундай марҳамат қилади .У Яъқуб алайҳиссалом .Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтмагин. Яна улар сенга бирор ҳийла давоми...

3690 09:00 / 08.03.2023
Тўртовлари борки, уларга ҳеч қачон хиёнат қилма1. Роббинга2. Дининга3. Пайғамбаринга4. Ватанинга Тўрт кишига жафо қилма1. Отанга2. Онанга3. Акаукаларинга4. Опа давоми...

818 11:03 / 05.12.2023