1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Фақир ва мискиннинг фарқи

14:30 / 13.04.2022 3037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу икки тоифа бир-бирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар чиқарганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَيْسَ الْمِسْكِينُ الَّذِي يَطُوفُ عَلَى النَّاسِ تَرُدُّهُ اللُّقْمَةُ وَاللُّقْمَتَانِ وَالتَّمْرَةُ وَالتَّمْرَتَانِ، وَلَكِنِ الْمِسْكِينُ الَّذِي لَا يَجِدُ غِنًى يُغْنِيهِ، وَلَا يُفْطَنُ لَهُ فَيُتَصَدَّقُ عَلَيْهِ، وَلَا يَقُومُ فَيَسْأَلُ النَّاسَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг орасида айланиб юрса, бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо уни қайтарадиган киши мискин эмас. Балки мискин – ўзини беҳожат қиладиган бойлик топа олмаган, эътибор қаратиб, садақа қилинмайдиган, ўзи туриб бориб, одамлардан сўрамайдиган кишидир», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши ноилож ҳолда мискинликка учраб қолганида ҳам ўзини қандай тутиши лозимлигини баён қилмоқдалар.

Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб, фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги лозим. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундай тутган одам мискин бўлади.

Аслида бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.

Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса мусулмонликда қоралангандир. Тиланчи шу йўл билан ҳожатини чиқарса, мискин ўзи сўрамаса ҳам кишилар унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадилар.

Ҳанафий мазҳаби таърифида мискин ҳеч нарсаси йўқ, фақир эса баъзи нарсалари бор-у, лекин моли шаръий нисобга етмаган одамдир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, закот бериши вожиб бўлмаган одамдир.

Бир одамнинг маскани ва мол-мулки бўлса-ю, бироқ ундан келадиган даромад бу кишининг харажатини қоплай олмаса, бундай одам бой ҳисобланмай, закотга ҳақдор бўлиб тураверади. Қолаверса, ўзига етарли кийимлари, ҳайитда киядиган охорли кийимлари, ҳунар асбоблари, китоб­лари, аёлларида ўзига яраша тақинчоқлари бўлган киши ҳам бой ҳисобланмайди.

Бир одамнинг моли бўлса-ю, ундан фойдаланиш йўлида тўсиқ бўлиб, оғир аҳволда қолса, мискин-фақир саналиб, улар закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушига ҳақдор ҳисобланадилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш давоми...

4399 12:52 / 12.06.2018
Сотиб олинган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди, чунки уларнинг орасида шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақатгина сотиш, фойда олиш давоми...

3674 16:22 / 06.06.2018
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.Эй иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан нафақа қилинглар, Бақара сураси, 267оят. давоми...

3454 16:14 / 06.06.2018
Закот молга фарз бўладими ёки мол эгасининг зиммасигами Ҳанафий мазҳабида .Молга фарз бўлади,, дейилган. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида .Молнинг давоми...

3433 16:26 / 06.06.2018