1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Нисоб камайиши масаласи

16:26 / 06.06.2018 3380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закот молга фарз бўладими ёки мол эгасининг зиммасигами? Ҳанафий мазҳабида «Молга фарз бўлади», дейилган. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида «Молнинг эгасига фарз бўлади», дейилган. Шунга биноан, закоти фарз бўлганидан кейин мол ҳалокатга учраса, учала имом наздида эгаси бошқа томондан закот топиб бериши шарт. Ҳанафий мазҳаби бўйича эса бу шарт эмас. Аллоҳ таоло: «Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бор», деган (Маориж сураси, 24-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қирқта қўйдан бир қўй», деганлар. Шунинг учун агар нисобнинг ҳаммаси ҳалок бўлса, закотнинг ҳаммаси соқит бўлади. Агар баъзиси ҳалок бўлса, ҳалок бўлган миқдорнинг ҳиссасича закот соқит бўлади.

Юқорида «Закот нисобдадир, афв қилинган нарсада эмас», дейилган эди. Бу ерда «афв» деганда бир нисоб билан иккинчиси орасидаги мол англашилади. Мисол учун, қўй қирқтага етганидан то бир юз йигирматага етгунича бир дона қўй закотга берилади. Қирқта қўйдан ҳам бир дона қўй, бир юз ўн тўққизта қўйдан ҳам бир дона қўй закотга берилади. Демак, қирқ биттадан то бир юз ўн тўққизгача «афв» ҳисобланади.

Агар қирқта туяга бир йил тўлгандан кейин ўн бештаси ҳалок бўлса, бинти махоз бериш вожиб бўлади.

Аслида қирқта туяси бор одам бинти лабун туяни бериши лозим эди. Аммо қирқта туянинг ўн бештаси ўлиб, йигирма бештаси қолди. Ана ўша қолган ададдан закот берилади. Йигирма бешдан ўттиз бешгача бўлган туялардан бинти махоз туяни закотга бериш лозим. Шунинг учун ҳалок бўлганини чиқариб ташлаб, қолганидан закот беради.

тушган фойдадан закот бериладими?

Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади.

Дейлик, бир кишининг икки юз динор пули бор эди. Нисобга етганидан кейин бир йил ўтгунча унга яна юз динор қўшилди. Бу фойда ўша ўз пулини ишлатиш, совға ёки бошқа омиллар билан бўлди. Мазкур одам нисобга етган икки юз динорга фойдага келган юз динорни қўшиб, уч юз динордан закот чиқаради.

Демак, мазкур закот ўталадиган ой яна келса, кейин пайдо бўлган бойликнинг закотини бериш лозим бўлади.

Турли бойликлар бир-бирига Қўшилади

Нисобни мукаммал қилиш учун тилла кумушга ва тижорат моллари қиймати билан иккисига қўшилади.

Бировда ҳам тилла пул, ҳам кумуш пул бўлса, икковини қўшиб ҳисоблаб нисоб аниқланади. Кейин икковидан улушига қараб алоҳида-алоҳида закот чиқарилади. Демак, бир кишида турли пуллар бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт эмас. Мисол учун, доллар алоҳида, евро алоҳида, сўм алоҳида, рубль алоҳида нисобга етиши керак эмас. Бор пулларини қўшиб, тиллага нисбатан ҳисоблаб, нисобга етган-етмагани аниқланади ва ҳар тур пулдан ҳиссасига қараб закот чиқарилади.

Масалан, бир кишининг пули ҳам бор, савдо моли ҳам бор. Бундай ҳолатда пулга савдо молининг қиймати қўшиб ҳисобланади ва умумий ҳисобдан закот чиқарилади.

Букайр ибн Абдуллоҳ ибн Ашаждан ривоят қилинади:

«Закот(ни чиқариш)да тиллага кумушни, кумушга тиллани қўшиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан суннатга айланган эди».

Нисобнинг йил давомида камайиши ҳисобга олинмайди. Мол йилнинг аввалида ва охирида нисобга етган ҳолда бўлса, закот бериш вожиб бўлаверади. Чунки бир йил давомида тўлиқ нисобни эътиборга олиш қийин. Бировнинг моли Рамазон ойида нисобга етди. Янаги Рамазон келганда ҳисоб қилса ҳам нисобга етиб турибди. Закот бериши вожиб бўлади. Орада нисобдан камайиб қолганининг эътибори йўқ.

Закотни бир йил ва ундан аввалроқ бериш ҳам мумкин. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир:

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотини бир йил тўлмасдан олдин, хайрга тезроқ эришиш ниятида беришни сўради. Шунда у зот унга бу ҳақда изн бердилар».

Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шунингдек, бир нисобга эга бўлган киши бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса бўлади. Мисол учун, бир кишининг бешта бўғоз туяси бор. У аслида закотга бир дона қўйни берса кифоя эди. Аммо «олдиндан бериб қўяй» деб иккита қўйни берса ҳам жоиз. Ҳомиладор туялар туғиб, ҳамма туяси ўнта бўлганда, олдинги берган бир дона ортиқча қўйи янги туғилган туяларнинг закоти бўлади. Мазкур янги туғилган туялардан яна закот беришга ҳожат қолмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Атийкдан, у отасидан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Келажакда ҳузурингизга ёмон кўрилган жамоатлар келадилар. Бас, қачонки улар давоми...

7650 13:00 / 10.05.2021
Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбобанжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар давоми...

4212 09:00 / 06.05.2021
Тиллонинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Дирҳамларнинг ҳар ўнтаси етти мисқол. Ишланган бўлсин, ёмби бўлсин ўндан биридан тўртдан бирини бериш давоми...

4176 05:00 / 14.01.2017
Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф давоми...

3933 05:00 / 14.01.2017
Аудиолар

118739 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021