1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Бу — менинг суннатим

17:00 / 21.03.2022 2263 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирининг уйига келиб У зотнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Онамиз уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида хабар бергач, улар бу ибодатларни ўзларича оз деб ўйлашди. Яна айтишдики: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек бўла олармидик?! Ахир у кишининг олдинги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса. Биз ибодатни кўпроқ қилаверишимиз керак!», дейишди. Сўнгра улардан бири: «Мен кечаси билан намоз ўқийман, ухламайман!», деди. Яна бири: «Мен доимо рўза тутиб юраман, ифтор қилмайман!», деди. Учинчиси: «Мен аёллардан ажраламан, уйланмайман!», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келгач, у кишига хотинлари бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига бориб:

- Шундай-шундай деб сизлар айтдингизми?!- дедилар.

Улар:

- Ҳа, Эй Аллоҳнинг Расули!-дейишди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Аллоҳга қасамки, мен сизнинг ичингизда энг Аллоҳдан қўрқадиганингизман! Аммо мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман, рўза тутаман, рўза тутмаган пайтларим ҳам бўлади, аёлларга уйланаман! Ким менинг суннатимдан юз ўгирса у мендан эмас!-дедилар.

Саҳобалар Набий соллаллоҳу алаҳи васалламга гўзал суратда эргашганлари учун дунёга ҳукмронлик қилишган, буюк империяларни қулатишган. Ҳатто саҳобалардан бири бир жойдан ўтаётиб бошини паст қилиб ўтди. Ундан нега бундай қилганини сўрашганда шундай деди:

«Шу ерда бир дарахт бор эди. Унинг шохлари пастга эгилиб тушган эди. Унинг остидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтганларида бошларини паст қилиб ўтган эдилар. Дарахт кесилиб кетган бўлсада мен ҳам ўшандай қиляпман!».

Аллоҳ таолога энг ёқимли ибодат Набий алайҳиссаломнинг йўлларига ҳаддан ошмасдан, нуқсонга йўл қўймасдан эргашмоқдир. Ҳаддан ошиш ҳам, нуқсонга йўл қўйиш ҳам бу уммат учун ҳалокатдир. Ҳаддан ошиш туфайли бизда ташаддуд ва радикаллар, адашган тоифалар, кишиларнинг қонига енгил қарайдиганлар, такфирчилар пайдо бўлди. Нуқсонга йўл қўйгувчилар туфайли эса сирғанувчилар, мағлубият, фикрий беморликлар ва ғарбга тобелик пайдо бўлди!

Ислом мана шу икки разолат ўртасидадир. Агар биз барча Ислом таълимотига назар солсак ундаги барча фазилатлар, гўзал хулқлар мана шу икки разолат ўртасида эканлигини кўрамиз. Ким ундан четланса албатта мана шу икки разолатдан бирига тушади!

Ислом даъват қилган шижоат, қўрқоқлик ва шошқалоқлик ўртасидадир.

Ислом даъват қилган сахийлик, бахиллик ва исроф ўртасидадир.

Ислом даъват қилган ҳаё, хижолат бўлиш ва сурбетлик ўртасидадир.

Ислом даъват қилган иффат, роҳиблик ва ҳар нарсани мумкин дейиш орасидадир!

Доимо рўйхат охиридаги ёмон хулқларга эътибор беринг. Ўшаларнинг тепасида икки разолатдан узоқ ҳолда Ислом ўзининг гўзал хулқлари билан лангар ташлаганини кўрасиз!

Динимизда уяладиган нарса йўқ. «Инсонлар ойга етиб борган асрда» мисвокни танқид қиладиган кишилар бор. Улар мисвокни танқид қилади. Гўё уларни ойга чиқишдан мисвок ман қилиб тургандек. Азизим! Сени мисвок эмас, бошинг ичидаги бемор ақлинг ман қиляпти!

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ ажайиб бир гап айтганлар:

«Суннат Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига ўхшайди. Ким унга минса нажот топади. Ким мина олмай қолса ғарқ бўлади!».

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 80оятида шундай деб марҳамат қилган .Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам барибир. Агар улар учун давоми...

1418 09:00 / 29.10.2023
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган киши яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам оташига давоми...

3523 20:47 / 10.03.2018
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам....Сўнгра эса ndash Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар давоми...

3808 19:25 / 19.05.2018
Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ айтади .Мен ҳеч қачон ўзимдан бошқа одам учун турғазиб юборилишим мумкин бўлган жойга ўтирмадим, Баҳжатулмажолис 1жилд, 47бет. Оқиллик давоми...

985 14:18 / 09.09.2023