1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ўлим ва ҳаёт ортидаги синовлар

17:00 / 25.01.2022 5250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ мўмин бандаларига доимо меҳрибондир. Шунинг учун ҳам улардан беодоблик, исён содир бўлса ҳам:

ثُمَّ أَنزَلَ عَلَيْكُم مِّن بَعْدِ الْغَمِّ أَمَنَةً نُّعَاسًا يَغْشَى طَآئِفَةً مِّنكُمْ وَطَآئِفَةٌ قَدْ أَهَمَّتْهُمْ أَنفُسُهُمْ يَظُنُّونَ بِاللّهِ غَيْرَ الْحَقِّ ظَنَّ الْجَاهِلِيَّةِ يَقُولُونَ هَل لَّنَا مِنَ الأَمْرِ مِن شَيْءٍ قُلْ إِنَّ الأَمْرَ كُلَّهُ لِلَّهِ يُخْفُونَ فِي أَنفُسِهِم مَّا لاَ يُبْدُونَ لَكَ يَقُولُونَ لَوْ كَانَ لَنَا مِنَ الأَمْرِ شَيْءٌ مَّا قُتِلْنَا هَاهُنَا قُل لَّوْ كُنتُمْ فِي بُيُوتِكُمْ لَبَرَزَ الَّذِينَ كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقَتْلُ إِلَى مَضَاجِعِهِمْ وَلِيَبْتَلِيَ اللّهُ مَا فِي صُدُورِكُمْ وَلِيُمَحَّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمْ وَاللّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ

Сўнгра ғамдан кейин сиздан бир тоифани қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ҳақдан ўзга, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди?» – дейишарди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», – деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», – дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл қилиниши битилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. (Бу) Аллоҳ кўксларингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб пок­лаши учундир. Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам билувчидир», – деб айт. (Оли Имрон сураси, 154-оят).

Бу ояти каримада мўминларга етган мағлубият, ғам устига ғамдан кейин Аллоҳнинг лутфи билан ҳукм сурган омонлик ҳолати баён қилинмоқда:

«Сўнгра ғамдан кейин сиздан бир тоифани қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди».

Уҳудда жанг қизиб, мусулмонлар енгила бошлаган бир пайтда Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила собитқадам, чин мусулмон бандаларига бир мудроқни омонлик қилиб берди. Мудроқ мусулмонлар орасидаги фидокор тоифани қамраб олди.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Уҳуд куни сафда турганимизда бизни мудроқ қамраб олди. Қиличим қўлимдан тушиб кета бошлади, қайтариб олдим. Яна тушса, яна қайтариб олар эдим», – дейдилар.

«Бошимни кўтариб, қарасам, – дейдилар бошқа бир ривоятда, – ҳамманинг боши кўксига эгилиб турибди».

Ҳақиқатдан, мудроқ худди мўъжизадек нарса. Чарчаб, ҳеч қандай ҳаракатга ярамай қолган одам ҳам бир оз мудраб олса, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетаверади. Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб, қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, катта фалокатдан – бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Набий алайҳиссаломнинг атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб, жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда:

«Бошқа тоифа эса ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ҳақдан ўзга, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди?» – дейишарди».

Бу тоифа – иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан, Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Фақат ўзлари учун овора бўлади. Фақат ўзларини ўйлайди.

Улар Аллоҳ таоло ҳақида ҳам ноҳақ гумонга борадилар. Жоҳилият аҳлининг гумонини қиладилар. «Худонинг иши ҳам қизиқ, шундай қилиб ўлиб кетаверамизми?» – дейишади. Шу билан бирга, Улар:

«Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди?»  дейишади.

Яъни «Бизнинг ихтиёрмиз ўз қўлимизда эмас», «Жангнинг маслаҳатини биз қилмаганмиз» каби ва яна бошқа шунга ўхшаш гапларни айтадилар. Оят дарров бу гапнинг нотўғри эканини баён қилиб, Набий алайҳиссаломга:

«Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», – деб айт!» дейди.

Яъни ишлар ҳеч кимнинг қўлида эмас, балки фақат Аллоҳнинг қўлидадир. Ҳатто Набий алайҳиссаломнинг ҳам қўлларида эмас. Чунки юқорида ўтган 128-оятда у зотга хитобан: «Бу ишда сенинг бирор нарсага дахлинг йўқ», дейилган эди. Бандаларнинг иши ўз вазифаларини бажариш, бурчларини адо этиш. У ёғи Аллоҳнинг қўлида, нимани хоҳласа, шуни қилади.

«Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар».

Уларнинг ичлари фисқу фасодга, васваса ва ҳадиксирашларга тўла. Буни ошкора айтаётганлари билан ҳолатлари ўзгариб қолмайди. Одатда улар бундай вазиятларда «Бу ерга (ёки ишга) бизни мажбур қилиб олиб келишди», «Раҳбарлар адашишди, у қилишди, бу қилишди», «Агар бизга қўйиб берилганида, ундай қилар эдик, бундай қилар эдик», дейишади.

«Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», – дерлар».

Бошларига зарба етганда иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб, одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», – дейдилар.

Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.

«Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл қилиниши битилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар».

Тақдирдан тадбир билан қочиб бўладими? Ўлим овора бўлиб, излаб юрмайди. Ажали етган ўз қадами билан юриб, ўлимни топиб келади. Бу Аллоҳнинг тақдир қилган ишидир. Бунинг ортидан ҳикмати ҳам бор.

«(Бу) Аллоҳ кўксларингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб пок­лаши учундир».

Бало-офатлар одатда қалбдаги бор нарсанинг намоён бўлишига сабаб бўлади. Бу бир синовдир. Асл маъдан ўтга солиб, тобланганидек, асл мўминлар ҳам қийинчиликлар, машаққатлар ёрдамида тобланадилар. Натижада баъзан ўзи ҳам билмаган камчиликлари юзага чиқиб, мўмин уларни бартараф этишга интилади, покланади. Шунинг учун ҳақиқий мўминлар Аллоҳдан келган имтиҳон ва синовларни, улар қанчалик қийин бўлмасин, хурсандчилик билан кутиб оладилар.

«Аллоҳ кўкслардаги нарсаларни ҳам билувчидир».

Аллоҳ одамлардан сир сақлаб, махфий тутиб юрган нарсаларингизни ҳам яхши билади.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик давоми...

4632 21:03 / 12.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг. Бақара сураси, давоми...

3128 12:00 / 08.03.2020
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган Зот баракотли, улуғ бўлди. У ҳар бир нарсага ўта қодирдир, 1оят.Яъни олий оламнинг давоми...

3208 20:35 / 09.01.2019
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга давоми...

3176 16:09 / 03.11.2018