1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилманг!

14:00 / 01.11.2021 1961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қалби томонидан бузилишини билар эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобаларни турли бузуқ хаёлларга берилишдан қайтарганлар:

«Гумондан сақланинглар, зеро, ёмон хаёллар, шубҳасиз, энг ёлғон каломлардир! Тахмин қилманг, жосуслик қилманг, бир-бирингиз билан мусобақалашманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизга жаҳл қилманг, душманлик қилманг. Эй одамлар, оға-ини бўлинглар!»

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ кўпинча Абу Бакр ибн Айёшнинг бир гапини такрорлайди:

«Абу Бакр ва Умар розиёллоҳу анҳумо сиздан кўп рўзаси ва кўп намози туфайли ўзиб кетмаган. Улар қалбидаги нарса билан сиздан ўзиб кетган!».

Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилиш қалбни энг кўп бузувчи нарса ҳисобланади.

Аҳли хабарлар ривоят қилишларича, Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ бир куни асҳоблари билан ўтирганида улар ўтирган жойдан асҳобларидан бири ўтиб қолади. У буларга салом бермасдан ўтиб кетади. Шунда Иброҳимнинг асҳобларидан бири шундай дейди:

- Кўрдингизми, у бизни кўриб туриб салом бермасдан ўтиб кетди?

Иброҳим роҳимаҳуллоҳ деди:

- Эҳтимол бирор ташвиши бордир. Ташвиши бор инсоннинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди.

Сўнгра Иброҳим ибн Адҳам унинг ортидан бориб сўради:

- Сенга нима бўлди. Бизни кўриб туриб салом бермасдан ўтиб кетдинг?!

У деди:

- Хотиним туғаётган эди. Менда унга лозим бўладиган нарсалар йўқ!

Иброҳим роҳимаҳуллоҳ ўтирган мажлисига қайтиб бориб асҳобларига деди:

- Бир эмас, икки гуноҳ қилибмиз. Бири ёмон гумон қилганимиз бўлса. Иккинчиси уни муҳтож бўлгунича ташлаб қўйганимиз, ҳолидан хабар олмаганимиздир!

Сўнгра Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ дарров уйига борди. Уйида икки динор пули бор экан. Уларни олиб  бозорга борди. Бозордан бир динорга гўшт, асал, ёғ ва ун сотиб олди. Сўнгра дарров ҳалиги асҳобиникига борди. Эшигини тақиллатганида ичкаридан тўлғоқ азобидан қийналаётган аёлнинг «Ким у?», деган овози эшитилди. Иброҳим: «Эшик олдидаги нарсаларни олинглар», деб қайтиб кетди.

Аёл эшикни очди. Озиқ-овқатлар устида бир динор пул ҳам турган эди. Аёл нарсаларни олиб дуо қилди:

«Аллоҳим! Иброҳим ибн Адҳамнинг бу кунини унутма!».

Бу дунё шафқатсиз дунёдир. Ҳар куни инсонларни янчади.  Бировнинг уйида ижарада туриб ижара пулини топа олмайдиганлар қанча. Ўзига лозим бўлган бир қутича дорини сотиб ололмайдиганлар қанча. Ўғлининг шартнома пулини тўлай олмай юрган оталар қанча. Қарзини тўлаш вақти келиб тўлашга пул топа олмай юрган қарздорлар қанча. Бунақалар кўп...

Энди шунақалар кўчада олдингиздан қовоғини уйиб, салом бермасдан ўтиб кетса маломат қиласизми?

Эҳтимол, гарданидаги ғам ва қарз юки оғирлик қилиб сизни кўрмагандир. Инсонлар ҳақида ёмон гумон қилманг.

Сизни уйига чақирмайдиган киши бахил бўлмайди. Эҳтимол фақирлигини, уйининг нураётганини сизга кўрсатгиси келмаётгандир.

Бирор бир муносабат билан уюштирган зиёфатингизга келмаган киши эҳтимол сизга совға олишга пул топа олмагандир...

Инсонларга раҳмингиз келсин!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини давоми...

2729 09:00 / 07.03.2023
.Мусулмон мусулмонни қўрқитмайди,. Имом Абу Довуд ривояти. Кўчада машинасини чийиллатиб қўзғатган ёки эшитганда одам музлаб кетадиган қўрқинчли сигналини давоми...

1176 17:31 / 28.10.2022
Доктор Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ ҳасад ҳақида шундай дейди .Ҳасадчи Аллоҳ таолонинг неъматига душман, иродасига кўнмаган ўжар ва қазосидан норози, ғазаб қилган давоми...

976 22:00 / 31.10.2022
Кўпчиликнинг ҳаётида кузатиладиган ҳодиса кўчада кетаётганингизда нотаниш инсон сизга илиқ салом берса, унга тараддудланиб алик қайтарасизда, кейин .қизиқ уни давоми...

1201 16:00 / 11.12.2022