1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Кўп ҳамд айтувчи зот

08:30 / 09.10.2021 2804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍرَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لِي خَمْسَةُ أَسْمَاءٍ: أَنَا مُحَمَّدٌ، وَأَنَا أَحْمَدُ، وَأَنَا الْمَاحِي الَّذِي يَمْحُو اللهُ بِيَ الْكُفْرَ، وَأَنَا الْحَاشِرُ الَّذِي يُحْشَرُ النَّاسُ عَلَى قَدَمِي، وَأَنَا الْعَاقِبُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб, яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар:

1. Муҳаммад.

Бу муборак исмнинг луғавий маъноси «ҳамд-мақтов айтилган»дир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб, тилшунос уламолар «Айни шу сийғадан, яъни Муҳаммад сийғасидан «Мақтови тинмай янгиланиб турувчи» деган маъно чиқади», дейдилар.

Тарихчиларнинг ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомиладорлик вақтларида кўрган тушларида болалари туғилганда уни Муҳаммад деб номлашлари кераклиги айтилган экан.

Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишора қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини Муҳаммад деб атаган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан.

Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди.

Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам «Хотиним ўғил туғса, исмини Муҳаммад қўяман», деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар.

Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Уҳайҳа ибн ал-Жулааҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робийъалар.

2. Аҳмад.

Бу муборак исмнинг маъноси «Кўп ҳамд айтувчи» бўлиб, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорадир. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат Аҳмад исмлари келган.

3. Моҳий.

Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар.

Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, «ўчириб ташлаш» маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди.

4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур».

Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди.

5. Оқиб.

Бу муборак исмнинг маъноси «ортдан келувчи» деганидир. Чунки Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин бошқа пайғамбар келмайди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир ҳожат ҳосил давоми...

3373 15:44 / 20.07.2017
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, очликдан бағримни ерга бериб қолар, қорнимга тош ҳам боғлаб олар эдим. давоми...

2968 06:10 / 28.08.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамлар орасини бузишдан сақланинг, чунки бу динни қирувчидир,, дедилар,. Термизий ривоят қилган.

1709 09:00 / 29.07.2022
. ,. .6376. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар,, дедилар,.Муттафақун алайҳ.

2435 08:48 / 19.12.2018