1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Саховатнинг мукофоти (Азизхон домланинг мавъизаларидан)

09:00 / 07.07.2021 2166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тошкентлик аҳли илм биродарларимиздан бири ҳикоя қилади:

«Бир куни узоқ вилоятга бир иш билан боришимга тўғри келиб қолди. Йўл узоқ бўлгани сабабли тадорик ҳам шунга яраша эди. Уловимни ёқилғисини яхшилаб тўлдиргач, бомдод намозидан кейин йўлга чиқдим.

Шаҳар ортда қолиб, кимсасиз далалар бошланди. Ғира-шира тонг ёруғида йўл четида тўхтаб турган бир қимматбаҳо машина эътиборимни тортди. Ёқилғиси тугаган шекилли ҳайдовчи қўлида бўш идиш билан ўтган-кетган машинага қўл кўтарарди. Гарчи машиналар тез-тез ўтиб турса ҳам бирортаси тўхтай демасди. Табиийки, ночор ҳолатдаги ҳайдовчи чиқмаган жондан умид деб менга ҳам қўл кўтарди. Шу пайт шайтон қалбимга васваса солиб, «Мана шундай қимматбаҳо машинада юргунча, вақтида ёқилғисини қуйиб юрса бўлмасаканми?! Ўзидан кўрсин, сенинг борар манзилинг ҳали узоқ. Ҳозир бунга ёрдам берсанг, ўзинг қийналиб қоласан», дея нафсимни қитиқлай бошлади.

Мен ҳам бошқа машиналар қатори тўхтамай ўтиб кетдим. Озгина юргач, ақлим ўзимга келди. Эртага қиёматда, мол-дунё заррача ёрдам бермайдиган кунда Аллоҳ таоло: «Эй бандам! Сенга мен ҳидоят берган эдим. Менга иймон келтирган эдинг. Одамларга Мени танитардинг. Мен фалон жойда сенга эҳтиёжим тушиб, тўхтатганимда, юзингни терс буриб ўтдинг», деса-ю мен Унга нима деб жавоб бераман?! Қандай баҳона билан ўзимни оқлайман?

Ўйлаб ўтирмай, шартта тормозни босиб, машинани орқага қайтардим. Ҳафсаласи пир бўлиб, ортимдан қараб қолган ҳалиги машинанинг эгаси менинг қайтганимни кўриб, хурсандчилигидан шукрона келтирарди.

– Қани, амаки, бакингизни очинг, – дея ўзимнинг машинамдан бензин ола бошладим.

Ҳеч қанча ёқилғи қуймасимдан амаки хижолатомуз «Етар, укам, энг яқин «заправка»га етиб олсам бўлди», деб қолди. Уни бу ноқулай вазиятдан қутқариш учун: «Бу озгина бензин билан энг яқин ёқилғи қуйиш шохобчасига етиб боролмасангиз керак. Ҳеч ўйламанг, машинамни қорнини яхшилаб «тўқлаб олганман». Манзилимга бемалол етиб бораман», деб ҳазиллашиб қўйдим.

Ҳамма ишни тугатиб, машинасини ўт олдирган амаки менга миннатдорчилик билдириб, бир даста пул узатди.

– Э-э, қўйсангиз-чи, бу ишни холис Аллоҳ учун қилдим. Пулингиз керак эмас. Дуо қилсангиз кифоя, – дея унинг қўлини қайтардим.

– Майли, дуони қиламан, лекин мен ҳам ўзимга тўқ одамман. Буни олмасангиз хафа бўламан! – деди нотаниш киши.

– Бир нарсани тушунишингизни хоҳлардим. Бу ишни холис Аллоҳ учун қиляпман. Агар ундай бўлмаганда сизни биринчи кўрганимдаёқ тўхтардим. Шунинг учун пулингизни ололмайман, – дедим қатъийят билан.

Ҳалиги киши менинг бу гапларим самимий эканига ишониб, ортиқча мажбурламади. Мен эса машинамни юргазиб, у ердан узоқлашдим.

Манзилимга эсон-омон етиб келгач, кечгача бу ердаги ишларимни тугатиб, уйга қайтадиган бўлдим. Машинанинг ёқилғи миқдорини кўрсатиб турувчи қизил чироғи ўчиб-ёна бошлагач, йўлда учраган биринчи ёқилғи қуйиш шохобчасига кириб чиқишни дилимга тугиб қўйдим. Аксига олиб, вақт алламаҳал бўлиб қолгани учун йўлимда учраган бирорта «заправка»да ёқилғи йўқ ёки умуман ишламаётган эди. Энди нима қилсам экан деб бошим қотиб турганида узоқдан яна бир ёқилғи қуйиш шохобчасининг чироқлари кўринди. Чиқмаган жондан умид деб машинамни ўша томонга бурдим. Саҳар вақти бўлгани учун оператордан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ёқилғи борлигини эшитгач беҳад хурсанд бўлдим. Машинамга тўла қилиб ёқилғи қуйдириб, ҳисоб-китоб қилиш учун касса бордим. «Ука, неча пул беришим керак?» деган саволимга оператор йигит юзида табассум билан «Ҳеч қанча! Бемалол кетаверинг, оқ йўл», деди.

– Узр, мени ким биландир адаштирдингиз... – дедим индамай кетаверишга юзим чидамай.

– Йўқ, ҳеч ким билан адаштирмадим. Ҳатто сизни танимайман ҳам, – деди нотаниш киши. – Лекин бир иш бўлдики, бундай кейин ҳар ҳафтанинг бошида биринчи кириб келган кишига бепул ёқилғи қуйиб бераман деб ният қилдим. Мана, бугун душанба ва биринчи бўлиб сиз кириб келдингиз.

– Агар сир бўлмаса, бунинг сабаби нима? – дедим қизиқишим ортиб.

– Кеча уйга борсам, кечки овқатни еб бўлганимиздан кейин дадам: «Ўғлим, мана шу ишинг билан неча йилдан бери шуғулланаяпсан?» деб сўраб қолдилар. «Ақлимни таниганимдан бери, десам хато бўлмаса керак, дада», дедим мен нега бундай савол берганларига ҳайрон бўлиб. Дадам ҳам шу соҳада ишлаганлар, ҳозирда нафақа ёшидалар. Болалигимдан дадамнинг ёнларида қарашиб юрганим учун сал кам ўттиз йилдан бери шу иш билан шуғулланаяпман, десам муболаға бўлмас.

Хуллас, дадам: «Ўғлим, шу кунгача бирон кишига холис Аллоҳ учун текинга ёқилғи қуйиб берганмисан?» дея савол беришда давом этдилар. «Йўқ», дедим. «Буни қараки, мен ҳам деярли 60 йиллик иш фаолиятим давомида бундай қилмаган эканман. Бугун эрталаб келаётганимда ғалати иш бўлди. Шошилинч чиқиб кетиб, машинага ёқилғи қуйдириш ҳам эсдан чиқибди. Аксига олиб, овлоқ бир жойга етганда машина ўчди. Камига ҳеч ким тўхтамади. Шунда ёнимдан ўтиб кетган навбатдаги машина бирдан орқасига қайтди. Озгина ҳам етади, деганимга қарамай ўн литр бензинни қуйиб, бир сўм ҳам пул олмай кетди. Унинг бу қилган холис иши менга жуда қаттиқ таъсир қилди.

Ўғлим, эртага шунча йиғилган мол-давлатнинг жавобини қиёматда қандай берамиз? Беҳисоб мол-давлатинг, қимматбаҳо машинанг биланг ҳам истаса, йўлнинг ўртасида бир литр бензинга зор қилиб қўйиши ҳеч гап эмас экан...»

Эҳ, ака, ишонсангиз туни билан кўзимга уйқу келмади. Эрталаб ишга отланганимда ким келишидан қатъи назар холис Аллоҳ учун, бир сўм пул олмай, бензин қуйиб бераман деб ният қилдим. Буни қарангки, сиз тўғри келиб қолдингиз... – дея юзида табассум билан сўзини якунлади суҳбатдошим.

Томоғимга нимадир тиқилганини ҳис қилдим. Яна озгина турсам, кўзимдаги ёшни билиб қолишидан ҳадиксираб, шоша-пиша хайрлашдим. Машинамни ўт олдириб, йўлда кетар эканман, ўзимга-ўзим: «Ё Аллоҳ, мусобақада ҳамиша Ўзинг ғолибсан! Сендан ғолиб бўлувчи бошқа ҳеч бир зот йўқ! Шунча жойдан ёқилғи тополмай, айнан шу ерга олиб келишинг ҳам беҳикмат эмас экан», дер эдим.

Мустафо Маъмуржонов

«Ҳилол» журналининг 6 (27) сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш жамғармаси, ҚФ аъзоси Ҳамад Бин Халифа университети ҲБКУ 2010 йилда ҚФнинг инсон потенциалини очишга қаратилган давоми...

734 15:41 / 06.06.2023
15581603 йиллар орасида қарийб 45 йил давомида Англия ва Ирландия қироличаси бўлган Елизавета I ҳақида қизиқ маълумотлар бор экан. Ушбу маълумот рус тилидаги давоми...

1301 11:32 / 05.12.2023
Бировларнинг ҳақидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ .вайл, билан таҳдид солди. Вайл ndash шиддатли азоб, давоми...

1099 16:00 / 06.02.2023
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Қора ит ndash шайтондир,. Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадиснинг давоми...

1598 17:00 / 06.09.2022