1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эр‑хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши

14:00 / 22.06.2021 3258 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр‑хотин орасидаги ўзаро муомалаларда содир бўладиган тушунмовчиликлар ва майда жанжаллар «Эр‑хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» сифатида ўтиб кетавериши мумкин. Аммо, иш жиддийлашиб, икки тарафдан бирининг бош кўтариши, яъни оилада ўзига юклатилган вазифаларни бажармаслик ҳолати юз берса, оиланинг бирлигига ҳақиқий таҳдид солинган бўлади. Энди жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб қолади.

Ушбу ҳолат, ҳақиқатда ҳам, жиддий бўлганлиги учун уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда муолажа қилган.

1. Аёл томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолатнинг муолажаси.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

«Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ Алий ва Кабийрдир» (34‑оят).

Беш қўл баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак?

Уларга ҳолатларига қараб, муомала қилинади.

Биринчи босқичда, итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйиши кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо, бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломатидир. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора – ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.

«Беписандликларидан хавф қилинган(аёл)ларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».

Аммо, уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмайди. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида: «Мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш», – деганлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу:

«Ё Расулаллоҳ, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом:

«Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» – деганлар.

Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо, кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди, юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жамиятда оила бузилиши ва шунга ўхшаш муаммоларнинг келиб чиқиши бир неча омилларга боғлиқ бўлади. Ўша муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, мазкур сабабчи давоми...

2326 17:00 / 25.11.2021
Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш.Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий давоми...

2345 19:29 / 19.10.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб давоми...

1457 16:42 / 25.08.2023
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 38. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири ndash олдиларига кирганда ва чиққанда давоми...

2127 18:02 / 02.08.2020
Аудиолар

121426 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42926 14:35 / 11.08.2021