1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ

17:00 / 16.02.2021 1521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мискинга ва йўқсил йўлчи»нинг ҳаққини ҳам адо эт.

«Мискин» – ҳаёт ўтказишда моддий жиҳатдан қийналиб қолган камбағал одам.

«Йўқсил йўлчи» – ўз юртида бой-бадавлат бўлса ҳам, сафарда турли сабабларга кўра ночор иқтисодий ҳолга тушиб қолган шахс. Мана шу тоифадаги кишиларнинг ҳам бой-бадавлат мусулмоннинг молу мулкида Аллоҳ тайин қилган ҳаққи бор. Қуръони Карим бой-бадавлат кишиларга ота‑она, қариндош, мискин ва кўчада қолганларга қўлларидаги молу мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга:

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма», демоқда.

Ислом нуқтаи назарида исрофгарчилик ноҳақ, ҳаром‑хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар инсон бору йўғини ҳақ йўлда сарф қилиб битирса ҳам, исрофга йўл қўйган ҳисобланмайди. Аммо ноҳақ ишга, ҳаром‑харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.

 إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا۝

«Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир» («Исро» сураси, 27‑оят).

Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди, унга шукр этмайди. Агар шукр этса, уни исроф қилмасдан, неъматни берган Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлганлари учун ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром‑харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир. Албатта, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошига ҳам ўз биродарлари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап.

 وَإِمَّا تُعْرِضَنَّ عَنْهُمُ ابْتِغَاء رَحْمَةٍ مِّن رَّبِّكَ تَرْجُوهَا فَقُل لَّهُمْ قَوْلاً مَّيْسُورًا۝

«Агар Роббингдан умид қилаётганинг раҳматни талаб қилган ҳолда улардан юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин» (28‑оят).

Яъни, қўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота‑она, қариндош, мискин ва йўлда қолганларга моддий ёрдам бера олмай, юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз – раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт. «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! Бошимни айлантириб келаверасанларми?!» каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз. Бизга ҳам неъматидан бериб қолса, иншааллоҳ, сизларга берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак.

Силаи раҳмга Набий алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам алоҳида аҳамият берилган.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ أَنَّ أَعْرَابِيًّا عَرَضَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ    فِي مَسِيرَةٍ فَقَالَ أَخْبِرنِي مَا يُقَرِّبُنِي مِنَ الْجَنَّةِ وَيُبَاعِدُنِي مِنَ النَّارِ، قَالَ تَعْبُدُ اللهَ وَلَا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا، وَتُقِيمُ الصَّلَاةَ، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ، وَتَصِلُ الرَّحِمَ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб:

«Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», – деди.

«Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Ислом рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда.

Бу амал кишини жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига киритилмоқда. Силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини шундан ҳам тушуниб олсак бўлаверади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ خَلَقَ اللهُ الْخَلْقَ فَلَمَّا فَرَغَ مِنْهُ قَامَتِ الرَّحِمُ، فَقَالَ مَهْ؟ قَالَتْ هَذَا مَقَامُ الْعَائِذِ بِكَ مِنَ الْقَطِيعَةِ، قَالَ أَلَا تَرْضَيْنَ أَنْ أَصِلَ مَنْ وَصَلَكِ، وَأَقْطَعَ مَنْ قَطَعَكِ، قَالَتْ بَلَى يَا رَبِّ، قَالَ فَذَلِكَ لَكِ ثُمَّ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ اقْرَأُوا إِنْ شِئْتُمْ  فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِن تَوَلَّيْتُمْ أَن تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Бас, ундан фориғ бўлганида раҳм ўрнидан турди.

«Тўхта!» – деди У Зот.

«Бу – кесилишдан Сендан паноҳ сўровчининг мақомидир», – деди (раҳм).

«Сени боғлаганни боғлаб, кесганни кесишимдан рози бўласанми?» – деди У Зот.

«Ҳа, эй Роббим!» – деди у.

«Ана шу сенга бўлсин!» – деди У Зот».

Сўнгра Абу Ҳурайра:

«Агар истасангиз, «Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндошлик ришталарини узарсиз?!»ни ўқинг», – деди».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан қариндошлик ҳаққи қанчалар улуғ эканини билиб оламиз. Бу ҳақ Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларини яратиб бўлиши билан собит бўлган ҳақлардан экан.

Аллоҳ таоло Ўзининг холиқлик сифати ила барча махлуқотларни яратган чоғдаёқ раҳм дарҳол ўрнидан туриб, қариндошлик алоқалари кесилишидан паноҳ сўраган экан. Ўшанда Аллоҳ таоло қариндошлик алоқасини боғлаганлар ила алоқа боғлашга ва уни кесганлардан алоқасини кесишга ваъда қилиб, уни рози этган экан.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига заррача шубҳа йўқ. Бас, ҳар бир мўмин‑мусулмон банда қариндошлик алоқасини яхшилаб боғлаб боришга ҳаракат қилиши лозим.

Ҳадисни ривоят қилувчи улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳадис маъносининг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигини таъкидлаб, «Муҳаммад» сурасидаги оятни ўқиб кўришни тавсия қилган эканлар.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оила қуриш чоғида умр йўлдошини танлаш борасида отаоналар ва болалар, валий ndash ишбошилар ва муваллолар ndash уларнинг қўл остидагилар орасида содир бўладиган давоми...

4705 19:30 / 30.12.2018
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафз хотинига нисбат бериб ишлатилади..Бас,, давоми...

1709 16:00 / 02.02.2023
Ҳар бир жамиятда оила бузилиши ва шунга ўхшаш муаммоларнинг келиб чиқиши бир неча омилларга боғлиқ бўлади. Ўша муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, мазкур сабабчи давоми...

2316 17:00 / 25.11.2021
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

6323 17:00 / 17.07.2022