1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Раҳмли бўлиш шифо топишнинг энг осон йўлидир (биринчи мақола)

17:00 / 04.12.2020 1237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақти-вақти билан ғарб олимлари тажрибалардан сўнг хулоса ва натижаларни эълон қилмоқдалар. Кейин улар одамларга ўша натижаларни ҳаётга татбиқ этиш зарурлигини таъкидлаб, уларга амал қилиш инсонларнинг бахтиёр яшашига сабаб бўлишини айтадилар. Қизиғи шундаки, биз улар қўлга киритган фойдали кашфиётни кўздан кечирсак, Ислом дини ўн тўрт аср олдин ўша масала хусусида сўз юритганини кўрамиз.

Бугунги кунда ғарблик олимларнинг ғарбда ҳаддан ташқари моддийликка берилиш оқибатида меҳр, раҳм-шафқат, муҳаббат туйғулари, тушунчалари унутилаёзгандан сўнгги тадқиқотларида инсоннинг бахтли бўлишида раҳм-шафқатнинг аҳамияти катта эканини, раҳмдилликни болаликдан ўрганиш кераклигини, одамлар фарзандларига раҳмли бўлишни ўргатишлари лозимлигини кашф этдилар. Хўш, мазкур тадқиқот билан боғлиқ ҳодисалар қачон бошлаган эди?

2008 йилнинг бошида тадқиқотчилар функционал магнит резонанс томография (fmri) орқали инсондаги раҳмдилликнинг унинг иммун тизимига ва мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўргандилар. Ўрганишлар орқали миянинг олд қисмида кучли фаоллик юз бериши аниқланди. Шундан сўнг улар бир неча натижаларни олдилар.

Агар бахтли бўлишни истасанг, бошқаларга ҳам бахтни исташинг керак.

Бу қоидани бугунги олимлар таъкидлашмоқда. Бахтга инсон ўзининг истакларини рўёбга чиқариши билангина эришмаслигини, балки ўзига раво кўрган нарсаларни бошқаларда ҳам бўлиши учун ҳаракат қилиши лозимлигини аниқладилар. Бошқаларнинг бахтли бўлиши учун интиладиган кишилар фақат ўз бахтини ўйлайдиганларга нисбатан кўпроқ бахтиёр бўлар эканлар.

Шундай қилиб олимлар, инсон умри давомида бахтли бўлиши учун мана бу олтин қоидага амал қилиши кераклигини таъкидламоқдалар. Бу қоида бошқалар учун яхшиликни хоҳлаш. Бир неча одамлардан сўраганларидан сўнг аниқладиларки, бошқаларга яхшиликни истовчи киши бошқалардаги неъмат кетишини истовчи кишидан кўра кўпроқ бахтли бўлар экан.

Улар эришган бу натижани ўқиб ҳайрон бўлмаймиз. Чунки оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин биз умматларини бошқаларга яхшиликни раво кўришга чақириб ўтганлар ва ҳатто бу масала иймоннинг комил бўлиши учун омиллардан деб эълон қилинган. 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

«Мўмин бўла олмайди» дейилгани комил мўмин бўла олмайди дейилганидир. Субҳаналлоҳ!

Бугун ғарбликлар англаб етган, аммо ҳаётга татбиқ этолмаётган ҳақиқат биз мусулмонларнинг ўн тўрт асрдан бери амал қилиб келаётган ва иймонимиз комил бўлишига сабаб бўладиган ишлардандир. Ушбу набавий қоидага биз кўпроқ амал қилишимиз лозим эмасми?!

Раҳмдиллик миянинг ишлаш тизимини фаоллаштиради

Мазкур татқиқотга эътибор қаратган олимлар одамларга раҳм-шафқатли бўлиш мияга фойдали бўлиб, унинг ҳужайраларини фаоллаштиради, ҳужайралар сонида ўзгариш юз беришига сабаб бўлади. Бошқаларга қандай раҳм-шафқат кўрсатишнинг ўзиёқ бир неча касалликлардан тузалишга сабаб бўлишини айтмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга одамларга раҳмли бўлишимизни буюрганлар.

Абу Саъиддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», дедилар».


عَنْ جَرِيْرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَا يَرْحَمْ لَا يُرْحَمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ  

Жарийр ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм қилмаган раҳм қилинмайди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Бошқаларга раҳм қилганингиз, уларни кечирганингиз сари Аллоҳ таоло сизга раҳм қилади, касалликларингизни аритади, Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ёмонликлардан асрайди.

Раҳмли бўлиш ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ва ўша инсоннинг бошқалар билан уйғунлашиб, улфат бўлиб яшашига сабаб бўлади

Кейинги ўтказилган тадқиқот раҳм-шафқатли бўлиш инсондаги иммун тизимининг мустаҳкамланишига сабаб бўлишини таъкидламоқда. Олимлар раҳмли инсоннинг иммунитети касалликларга қарши курашувчанроқ бўлишини аниқладилар. Бир неча инсонлар устида ўтказилган тажрибалар орқали шу нарса маълум бўлдики, раҳмли, бошқаларга яхшилик истовчи кишининг раҳмли бўлмаганларга нисбатан касалликларга чалиниши камроқ бўлар экан.

Олимлар ўзини бахтлироқ ҳис қиладиган киши бошқаларга раҳмлироқ бўлганидир деяптилар. Шунингдек, ундай инсон касалликлардан узоқроқ, хусусан, юрак билан боғлиқ беморликлардан узоқроқ бўлишини айтяптилар. Чунки кўрсатилаётган раҳм-шафқат ундай кишини бошқалар билан, жамият билан яқинлашишига, улар билан улфат бўлишига, бу эса юрак ишининг бир маромга тушишига сабаб бўлишини билдиряптилар.

Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига буюрган амал эмасми?!


عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الرَّاحِمُونَ يَرْحَمُهُمُ الرَّحْمَنُ، ارْحَمُوا أَهْلَ الْأَرْضِ يَرْحَمْكُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Раҳм қилувчиларни Роҳман раҳм қилади. Ер аҳлига раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилади», дедилар».

Имом Термизий ривояти, саҳиҳ.

(Давоми бор)

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар.Бир куни хонамда ўтирсам сочлари ва кийиниши буткул ғарбона бўлган бир йигит олдимга кирди. Унда иймоннинг давоми...

7690 15:00 / 12.04.2019
Беҳуда нарсаларга ғазабланиш, кўп ва беҳуда гапириш каби салбий хислатлардан қутулиш йўлини ўргатсангиз.Жавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.Ғазаб қўзиган пайтда давоми...

2942 21:10 / 24.12.2018
Авн ибн Заквон айтади .Зурора ибн Авфо бизга бомдод намозини ўқиб берди. .Эй бурканиб ётувчи,ни ўқиб, Муддассир сураси, 1оят .Қачонки сурга пуфлансаhellip, оятига давоми...

2753 17:00 / 05.06.2022
Саҳл ибн Абу Ҳасмадан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ўзларига етган қийинчилик юзасидан Хайбарга чиқдилар. Муҳаййисага Абдуллоҳнинг ўлдирилиб, давоми...

2100 14:10 / 08.01.2019
Аудиолар

121338 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42848 14:35 / 11.08.2021