1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ҳомиладор бўлишликни назорат қилиш, сунъий урчитиш ва бола асраб олиш (ўн тўққизинчи мақола)

15:02 / 26.10.2020 3136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шахс ва жамият ҳаётини тартибга солиш, инсониятни икки дунёда бахту саодатга эриштиришга кифоя қилувчи кўрсатма ва меъёрларнинг энг тўғриси Исломдадир. Оилага тааллуқли ҳукмларда ҳам динимиз кўрсатмалари ҳақ эканлигини воқеълик исботлагандир. Энди ҳомиладор бўлишни назорат қилиш, сунъий урчитиш ва бола асраб олиш ҳақида Ислом кўрсатмалари билан танишиб чиқсак.

Исломда ҳомиладор бўлишни назорат қилиш ва ҳомиладорликни чеклаш шаръий узрсиз бўлганда жоиз эмас. Ислом мусулмонларни наслни кўпайтириш ва уларни тўғри тарбиялашга чақиради. Фарзандлар Аллоҳнинг улуғ неъматлари бўлиб, уларнинг сонини чеклаш, мусулмонларнинг сонини чеклашдек бўлиб қолади. Кўпгина Ислом душманларининг ҳам айни истаклари мусулмонларнинг сонини камайтириш ва уларнинг инсоний сифатларини пасайтиришдир.

Исломда иқтисодий тарафларини ўйлаб, таъминлашдан қочиб фарзанд кўрмай юриш, ҳомила бўлиб қолса уни олдириш каби ишлар ҳам мумкин эмас.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир» (Исро сураси, 31‑оят).

Ҳар бир жонга ризқ бериш Аллоҳнинг қўлидаги ишдир. Ҳеч ким ҳеч кимнинг ризқини кўпайтира олмайди ҳам, камайтира олмайди ҳам.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини никоҳланишга, зурриётларни кўпайтиришга ундаган ҳолда бундай марҳамат қилганлар: «Уйланинглар, албатта мен сизларнинг кўплигингиз ила умматларга фахрланаман ва насороларнинг роҳиблари каби бўлманглар».

(Байҳақий ривояти).

Ҳар бир мусулмон оила қуриши, ўзидан кўпайиши Исломда мақталган ва улуғ савоблар ваъда қилинган ишдир. Насороларда, роҳиблар оила қуриши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бундай нарсадан қайтармоқдалар. Насороларнинг кўпгина роҳиблари нималар қилиб юргани ҳақида дунё ҳамжамияти воқиф бўлиб турибди.

Аммо наслни чеклашдан қайтариқ шаръий узрлар бўлганда ўз кучини йўқотади ва ҳомиладорликни чеклаш жоиз бўлади. Исломда ҳомиладор бўлишликни олдини олишга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилган:

– Онага туғиш вақтида зарар етиши мумкин бўлса.

– Ҳомилага туғилиш вақтида зарар етиши мумкин бўлса.

– Она яқинда фарзанд кўрган бўлиб, ўзига бутунлай келиб олмагунча.

– Агар онаси ҳомиладор бўлиб қолса, яқинда туғилган чақалоққа қийин бўлиб қолиши ва эмишдан чиқиб кетиши мумкин бўлса.

Санаб ўтилган бандларни ишончли ва тажрибали тиббиёт ҳодимлари айтиб тасдиқласалар. Бу масалаларда фақатгина уларнинг гапи қабул қилинади.

Ушбу ҳолатларда ҳомиладор бўлишни ман қилувчи турли замонавий воситаларни қўллаш жоиз бўлади.

Ислом дини тараққиёт динидир. Инсониятнинг одимлашига энг катта ҳисса қўшганларнинг кўпгинаси ҳам мусулмонлар бўлганлар. Ислом маълум вақт тушкунликка тушгани сабабли охирги асрларда ўша мусулмонларнинг қолдирган илмий меросларидан фойдаланган ҳолда ғарб вакиллари олдимлаб кетдилар. Сўзларимизнинг исботи сифатида бутун инсоният тарафидан «тиббиётнинг отаси» деб тан олинган Ибн Синони эслаб ўтишимиз кифоя.

Инсоният тараққиёти туфайли тиббиёт ҳам сўнгги йилларда кескин ривож топди. Ҳозирги кунда табиий йўл ила фарзанд кўра олмайдиган оилаларни сунъий урчитиш ила фарзанд кўришларини таъминлашга ҳаракатлар қилинмоқда. Бу ўринда «Исломда ушбу масала қандай кўрилган?» деган савол туғилади. Келинг ушбу мавзуга боғлиқ Ислом кўрсатмалари билан танишиб чиқсак:

– Ораларида тўлақонли Исломий никоҳ бўлган ҳолда табиий йўл ила фарзанд кўра олмаётган эр-хотин ўзларини даволатишлари шартдир.

– Эрнинг уруғлигини олиб, унинг хотинининг бачадонига солиб қўйиш йўли ила ҳомила орттириш жоиздир. Бунда эр-хотин ораларида тўлақонли Исломий никоҳ бўлиши шарт.

– Ораларида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл орасида бундай амалиётни бажариш мутлақо ҳаром бўлиб зинога тенглаштирилгандир.

– Сунъий урчитишнинг ҳаром бўлган кўринишларидан яна бири эр-хотиннинг уруғликларини олиб бошқа аёлнинг бачадонига солиб фарзанд кўришдир.

Кўпчиликда савол туғдирадиган масалалардан яна бири «Ислом фарзанд асраб олишга қандай қарайди?» деган саволдир.

Баъзи оилалар бефарзандлик сабабидан фарзанд асраб оладилар. Баъзилари эса фарзандлари бўлса ҳам фарзанд асраб оладилар. Исломда Аллоҳ розилиги учун фаразнд асраб олиш мақталган ва савобли ишлардандир. Аммо асраб олинган болани «менинг пуштимдан бўлган фарзандим» дейиш, у болага ўзининг номини бериш жоиз эмас. Мисол учун асраб олинган болани асраб олган отага нисбат бериб «фалончи ўғли» дейиш мумкин эмас. Зеро, Исломда инсониятнинг насл-насабини сақлашга буюрилиб, унинг аралашиб кетиши, эътиборсиз қолдирилишидан қайтарилган.

Шунингдек асраб олинган фарзандга уни асраб олган ота-она Исломий тарбия беришлари, гўзал суратда парваришлашлари лозимдир.

Асраб олинган фарзанд ўғил бўладими, қиз бўладими уни асраб олган ота-онанинг қариндошларига шаръий ҳукмлар жиҳатидан бегона каби бўлади. Масалан асраб олган отанинг синглиси унга номаҳрам бўлади. Аслида эса амма маҳрам ҳисобланади. Асраб олинган фарзанд уни асраб олган ота-онанинг қариндошларига маҳрам бўлиши учун уни асраб олаётган она эмизиши, онанинг эмизиш имконияти бўлмаса бирор бошқа маҳрам эмизиши керак бўлади. Шунда асраб олинган фарзанд эмишлик орқали маҳрам бўлади.

Фарзанд асраб олишни ният қилган оилалар динимизнинг ушбу кўрсатмаларини билиб олгач режаларини амалга оширишлари мақсадга мувофиқдир.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олимларнинг таъкидлашича, кўз юзасида юпқа парда бўлиб, у қоронғуликда кенгаяди, ёруғликда тораяди. Қачон одам қоронғуликдан ёруғликка ёки ёруғликдан давоми...

1171 18:09 / 22.11.2023
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, хамр маст қиладиган ичимлик ичиш,қимор ўйнаш, бутлар яъни, уларга сиғиниш ва чўплар яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш шайтон давоми...

3941 15:02 / 13.07.2019
Риё mdash иш ва ҳаракатларни кўрсатмоқ, бир яхшиликни ёки амални Аллоҳнинг розилиги учун эмас балки, инсонларнинг мақтови учун қилишдир. Бу ҳаракатларни амалга давоми...

5535 19:00 / 01.08.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан давоми...

2431 11:41 / 09.02.2022
Аудиолар

121489 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42982 14:35 / 11.08.2021