1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Отамнинг илмини сизга мен бераман (биринчи мақола)

08:00 / 27.09.2020 2020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Вадоа қашшоқлашиб кетиб, юзларига ажинлар тушди. Одамлар уни қўл билан кўрсатадиган бўлиб қолишди.

Абу Вадоа Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидининг имоми, бир пайтлар Мадинанинг шайхи бўлган Имом Саъид ибн Мусайябдан Қуръон ва суннат илмларидан дарс оларди. Абдуллоҳ устози Саъид ибн Мусайябнинг тилидан отилиб чиқаётган илму ҳикмат булоғига сира тўймас, салсабил (жаннат ичимлиги) ва асалдек бу булоқдан қониб ичгани сари ташналиги ортиб борар эди. Дарслар жараёнида устоз билан шогирд ўртасида самимий муҳаббат куртаклари озуқа олар эди. Саъид ибн Мусайяб кун сайин шогирдининг қалбига илм ва ҳикмат сочар, Аллоҳнинг Каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жойлар эди. Абу Вадоа уйқудан уйғониб, яна устози билан учрашишга шошилар, кундалик ишларидан кейин Қуръон ва ҳадис дурларини эшитиш учун шайхининг мажлисига югурар эди. Ҳаёти ана шундай гўзал кечар эди.

Аллоҳ Саъид ибн Мусайябни бойлик ва насаб жиҳатидан ҳам улуғлаб қўйган бўлиб, асл қурайшлик бойлардан эди. Аммо у парҳезкорлик, тақво, зоҳидлик каби хислатларни маҳкам тутиб, яхшилик ва тақво чўққисига чиққан эди. Одамлар у ҳақда гапирса, «Ўттиз мартадан кўп ҳаж қилган», деб таърифлашарди. У қирқ йил масжидга қатнаб, ҳар бир намозни доим жамоат билан ва доим биринчи сафда ўқиган, бирор намознинг биринчи такбирини ўтказиб юбормаган эди.

Устоз билан шогирднинг орасини моддий тафовут ажратиб турмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат ва дўст тутиниш туйғуси бирлаштириб турар эди. Иккиси Аллоҳ йўлида ака-укадек эди.

Саъид ибн Мусайябнинг илм ва ҳусну жамолда таърифи йўқ қизи бор эди. Унинг иймони мустаҳкам, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васалламнинг ҳадисларида билимдон эди. Ўша даврда ҳукмронлик қилган халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Саъиднинг қизи ҳақида эшитиб, ўзининг валиаҳдига шу қизни олиб бермоқчи бўлди. Халифа шайхнинг қизини ўғлига сўрашни мақсад қилди. Чопарлар отларининг чангини уфқни тўлдириб, Мадинага совчи бўлиб келишди. Улар Саъидга қизига халифа ўғли учун оғиз солгани ҳақида билдиришди. Саъид элчиларга: «Мен бу совчиликни қабул қилмаслигимни халифага етказинглар», деди. Халифанинг элчиси кутилмаган бу жавобдан ҳайрон бўлиб, «Нима учун?» деб сўради. Саъид: «Чунки валиаҳднинг юриш-туриши мақтовга сазовор эмас», деб жавоб берди. Халифанинг элчиси аввал қизиқтириш услубини қўллаб: «Бойлик, азизлик, мартаба ва мол-давлатдан юз ўгирасизми? Амирул мўмининнинг мол-давлатидан бош тортасизми?» деди. Саъид: «Дунёнинг барчаси Аллоҳ наздида пашшанинг қанотига тенг келмаса, амирул мўмининнинг мол-давлати пашшанинг қанотида қанчалик бўлади?» деди.

Келиннинг отасини пулга қизиқтиролмаган элчи энди қўрқитиш йўлига ўтди: «Мўминларнинг амири сизга зарар етказишидан қўрқаман. Агар қизингизни бермасангиз, инсон зоти тоқати етмайдиган азоб ва хорлик бўлади», деди. Шунда Саъид: «Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни мудофаа қилур», оятини ўқиди. Қатъийлик билан туриб бу никоҳга розилик бермади.

Буюк имом Саъид ибн Мусайяб қизини халифа хонадонига берса, олдинда уни нималар кутаётганини яхши ҳис қилиб турарди. Халифа, унинг ўғли ва атрофидаги амалдорлар ўзлари амалга оширган талон-тарож, зулм ва фасод ҳақида Аллоҳнинг олдида сўраладиган вақтда қизи ҳам уларнинг орасида бўлади. Шу сабабдан у қизини султонга бермаслик, салтанатга қариндош бўлмасликка қарор қилган эди.

Имом Масжиди Набавийда шогирдларига дарс беришни давом эттирди. Келганлар орасида уч кундан бери шогирди Абу Вадоа кўринмасди. Нима учун? Саъид буни билмас эди.

Саъид уйига қайтгач, қизи уни қарши олди. Илм нури унинг чиройига янада чирой қўшган эди. У отасини кўриши билан Аллоҳ таолонинг «Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер» деган сўзининг маъносини сўради. «Ота, дунёдаги яхшилик нима?» деди. Отаси: «Уни охират яхшилиги билан зикр қилиш мумкин, қизим. Мен уни эркакка солиҳа хотин, аёлга эса..» деб, гапини тугатмасидан эшик тақиллагани эшитилди. Эшик олдида энг яқин шогирди, сўнгги кунларда Аллоҳ йўлидаги дўстига айланиб қолган Абу Вадоа турарди.

(Давоми бор)

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Бир киши хотини билан қовурилган товуқ еб ўтирар эди. Кимдир эшикни тақиллатиб, .Хайрсадақа қилинг, ночор, мусофир одамман,, деди. Эр ғазаб билан чиқиб, тиланчини давоми...

1266 08:00 / 28.10.2020
Қуръони Каримни ўқиганимизда у хоҳ бир оят, хоҳ бир бет, хоҳ бир пора, хоҳ бутун Қуръонни ўқиб хатм қилиш бўлсин, фаришталар бизни беш ютуққа эришишимизни ҳисоблаб давоми...

2072 14:07 / 03.05.2021
Кеч киргач, Риёҳ аёлини синаш учун уйқуга кетди. Кечанинг чорак қисмини қиёмда ўтказган аёл Туринг, эй Риёҳrdquo деб эрини тунги намозга уйғотди. Риёҳ Ҳозир давоми...

4666 12:20 / 07.12.2018
Иброҳим ибн Муслим Қурашийдан ривоят қилинади .Фотима бинти Муҳаммад ибн Мункадир кундузлари рўзадор бўлар, кеч кирганда эса ҳазин овозда .Бу кечани зулмат давоми...

1319 08:00 / 13.07.2020
Аудиолар

121660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43111 14:35 / 11.08.2021