1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Гўзал оқибат

08:15 / 15.09.2020 877 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: «Бир куни денгизда бўрон кўтарилиб, кемамизни кимсасиз ороллардан бирига олиб бориб ташлади. Оролга чиқсак, бир киши ўтириб олиб, санамга сиғинаётган экан. Унга: «Биз санамга ибодат қилмаймиз», дедик. У: «Кимга ибодат қиласизлар унда?» деди. «Аллоҳ азза ва жаллага», дедик. У қизиқиб, сўрай бошлади:

– Аллоҳ ким?

– Арши осмонда, салтанати ерда бўлган Зот.

– Буни қаердан биласизлар?

– У Зот бизга мўъжизалар билан Пайғамбар юборган. Буни бизга ўша Пайғамбаримиз айтганлар.

– Пайғамбарингизга нима бўлди?

– Пайғамбарликни адо қилгач, Аллоҳ Ўз ҳузурига чорлаб, жонини қабз қилди.

– У сизларга бирор нарса қолдириб кетдими?

– У бизга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобини қолдириб кетди.

– Менга уни кўрсатинглар.

Биз унга Мусҳафни олиб келиб, шундай дедик: «Унинг қироати қандай гўзал! Бир эшитиб кўргин-а!»

Унга бир неча оятларни қироат қилиб бердик. У таъсирланиб, йиғлаб юборди, «У Зотнинг Каломини эшитгач, Унга осийлик қилиб бўлмайди», деди-да, шаҳодат калималарини келтириб, мусулмон бўлди. Кейин уни ҳам бирга олиб кетишимизни илтимос қилди. Биз уни ҳам кемага олиб, йўлга тушдик. У ўша куниёқ Қуръондан бир неча сураларни ўрганиб олди. Кечаси ҳаммамиз ухламоқчи бўлаётган эдик, у: «Сизлар менга У Зот ухламайди деган эдиларинг-ку?» деди. Биз: «Ҳа, У Зот Ҳайй ва Қайюм, У Зотни мудроқ ҳам, уйқу ҳам босмайди», дедик. У: «Қулнинг Хожаси олдида ухлаши одобсизлик», деди-да, сакраб ўрнидан турди. Тонгача йиғлаб чиқди. Абадон деган жойга етганимизда шерикларимизга: «Бу одам Исломга энди кирди. Унинг ҳеч нарсаси йўқ экан, ёрдам қилайлик», дедим. Биз қўлдан келганча унга бир нималар бердик. У: «Бу нима?» деб сўради. «Бу сенга эҳсон», дедик. У эса: «Субҳаналлоҳ! Сизлар мени ўзингиз билмаган нарсага йўллабсизлар-ку! Мен оролда У Зотдан бошқа нарсага ибодат қилган пайтимда ҳам мени ҳалок қилмай, ризқлантириб турган эди. Энди Холиқ ва Раззоқ Зотнинг Ўзига ибодат қилганимда мени ташлаб қўярмиди?» деди.

Манзилга етгач, у билан хайрлашдик. Орадан бир муддат ўтгач, унинг ўлим тўшагида ётганини эшитдим. Борсам, сўнгги нафасларини олаётган экан. Унга салом бериб, «Бирор ҳожатинг борми?» деб сўрадим. «Мен У Зотни танимаган пайтимда сизларни ўша оролга келтириб қўйди. Ўшандаёқ ҳожатим раво бўлган», деди. Мен бир лаҳза унинг ёнида ўтирдим. Бироздан сўнг уйқу ғолиб келиб, кўзим илинибди. Туш кўрибман. Тушимда Абадон қабристонида бир гумбазли боғ, гумбаз остида эса бир сўри бор эди. Сўрида ҳусну жамолда тенги йўқ бир жория ўтирарди. Жория менга: «Аллоҳга қасам, унинг жанозасини тезлат, унинг ҳижрони мени қийнаб юборди», деди. Уйғониб кетдим. Қарасам, у жон таслим қилибди. Дарҳол уни ювиб, кафанладим, сўнг жаноза ўқиб, уни дафн қилдик. Ўша тунда яна туш кўрибман. У худди ўша гумбаз остидаги сўрида жория билан бирга ўтирар, атрофига қараб, ушбу оятни такрорлар эди: «Сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!» (Раъд сураси, 24-оят).

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳа, тожирлик ҳам шариат кўрсатган йўл билан амалга оширилса, ибодат бўлади. Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзларига фойда топишдан ташқари, жамият ривожи ва давоми...

2364 14:00 / 04.07.2019
Ҳозир биз муборак зулҳижжа ойида турибмиз. Ушбу ойда қилинадиган энг катта ибодат, шубҳасиз, ҳаждир. Дунёнинг турли ўлкаларидан миллионлаб мусулмонлар Исломдаги давоми...

2312 11:00 / 29.05.2023
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш давоми...

1438 18:00 / 30.04.2020
Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган сонсаноқсиз неъматларидан бири ndash фарзанд туғилиши муносабати ила ақийқа қилиш бўлиб, бу отаонанинг бурчларидан давоми...

3169 15:04 / 14.11.2018