1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳажингиз мабрур ҳаж бўлишини истасангиз

11:00 / 29.05.2023 2319 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозир биз муборак зулҳижжа ойида турибмиз. Ушбу ойда қилинадиган энг катта ибодат, шубҳасиз, ҳаждир. Дунёнинг турли ўлкаларидан миллионлаб мусулмонлар Исломдаги бешинчи рукн бўлмиш ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка ва Мадинага йўл оладилар.

Деярли барча бўлғуси ҳожилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир», (Муттафақун алайҳ) деган ҳадисларидан умидвор бўлиб ҳаж қилишади.

Аммо ҳамма ҳам ҳажининг мабрур бўлишига эриша олмайди.

Хўш, «мабрур ҳаж» нима ўзи?

«Мабрур» луғатда «яхшилик қилинган», «қабул қилинган», «холис» деган маъноларни англатади. Демак, мабрур ҳаж деганда холис Аллоҳ учун қилинган ва маъсиятлардан холи ўтган ҳажни тушунишимиз керак экан.

Муҳтарам бўлғуси ҳожи, сизга ҳажингиз мабрур бўлиши учун бир неча тавсиялар берамиз:

Аввало, ниятингизни холис қилинг.

Билингки, сиз улуғ ибодатни адо этиш учун ер юзининг энг муборак гўшаси томон кетмоқдасиз. Аллоҳ Ўзидан бошқасига қилинган ибодатни зинҳор қабул қилмас. Ниятингиз Аллоҳнинг розилиги, Расулининг шафоати ва мабрур ҳажга ваъда қилинган жаннат бўлсин. Бундан бошқа ният ила ҳаж қилиб мабрур ҳажни қўлга киритаман, деб хомтама бўлманг.

Ҳажнинг бирорта амалида хўжакўрсинликка йўл қўйманг. Бунинг учун қалбингиздаги учта иллатни - риё, сумъа ва ужубни йўқотинг. Ҳаж амаллари пайтида суратга тушишингиз ниятингизнинг холис эмаслигини англатишини унутманг.

Бир муддат дунёни унутиб, охиратга рағбат қилинг.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ҳаждан дунёдан зуҳд, охиратга эса рағбат қилган ҳолда қайтиш мабрур ҳаждир».

Машаққатларга сабр қилинг. Ахир сиз жаннат илинжида юрибсиз. Жаннатга кириш йўлида, албатта, қийинчиликлар бўлади.

Сиз ҳажга тижорат учун ҳам, саёҳат учун ҳам келмагансиз. Бор диққат эътиборингизни ибодатларга қаратинг.

Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» деганларида, хотин тасдиқ жавобини берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деганлар.

Ҳажнинг нафақат фарз ва вожиб амалларини, балки суннат ва мустаҳаб бўлган амалларини ҳам тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилинг. Аммо суннатни қиламан деб бирорта мусулмонга азият етказиб қўйманг.

Ўзингизни ниҳоятда ҳокисор ва ҳалим тутинг. Гуноҳлардан эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳажнинг мабрур бўлишининг асосий шарти маъсиятлардан узоқ бўлишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (бегуноҳ) қайтади», деяётганларини эшитдим».

Бухорий ривояти.

Зикрларни кўпайтиринг. Талбияни овоз чиқариб кўп-кўп айтиб юринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаждаги энг афзал амал сўралганда, у зот: «(Талбияда) овозни кўтариш ва қон оқизиш», деб жавоб берганлар.

Ҳаждан қайтгач, ибодатларга янада ҳарис бўлинг. Чунки уламолар ҳажнинг мабрур бўлганлик аломатларидан бири ҳаждан сўнг ҳожининг ибодатларни янада кўпроқ қилишидир, дейишган.

Хуллас, ким ниятини холис қилиб, ҳаж амалларининг арконларини, суннату мустаҳабларини жойига қўйиб, бирор гуноҳ қилмасдан, ҳусни хулқ ва тавозеъ билан ҳаж ибодатини адо қилса, «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» ҳадисидан насибадор бўлади, иншаАллоҳ.

Аллоҳ ҳар биримизнинг қилажак ҳажимизни мабрур ҳажлардан қилсин!

Шамсиддин Садриддин

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муътамир ибн Сулаймоннинг мажлисида бир аъробий одобни шундай васф қилди .Ҳақиқий одоб дин одобидир. У тавфиққа чақиради, саодатга сабаб бўлади ва тақвони зиёда давоми...

1803 07:00 / 29.12.2018
1калит. Аллоҳга тақво қилиш. Тақво ndash Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш, ман этган ишларидан сақланиш. Аллоҳ таоло ўз Китобида марҳамат қилади .Кимки Аллоҳга тақво давоми...

4355 11:25 / 18.06.2019
Савол Кўзга оқ тушганидаги касалликка операция ёки томчилардан бошқа муолажалар топилмайдимиЖавоб Илмий қўлланма ва илмий назоратларда умумий уринишлар бор. давоми...

1679 11:01 / 18.09.2020
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом1 ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва аёллар шаҳватини давоми...

1839 09:05 / 25.08.2019
Аудиолар

121340 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42848 14:35 / 11.08.2021