1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қурбон байрами Ислом уммати учун хос қилинган

20:30 / 24.07.2020 1565 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أُمِرْتُ بِيَوْمِ الْأَضْحَى عِيدًا جَعَلَهُ اللهُ لِهَذِهِ الْأُمَّةِ، قَالَ رَجُلٌ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ أَجِدْ إِلَّا مَنِيحَةً أُنْثَى أَفَأُضَحِّي بِهَا؟ قَالَ: لَا، وَلَكِنْ تَأْخُذُ مِنْ شَعَرِكَ وَأَظْفَارِكَ، وَتَقُصُّ شَارِبَكَ وَتَحْلِقُ عَانَتَكَ، فَتِلْكَ تَمَامُ أُضْحِيَتِكَ عِنْدَ اللهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар. Бир киши:

«Айтинг-чи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди. У зот:

«Йўқ! Лекин сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартирасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами ҳақида, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтдилар:

«Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир...»

Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. Одамлар ўзларича маслаҳат қилишиб, қарор қилмаган эканлар. Ҳаттоки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг фикрлари ёки қарорлари ҳам эмас, балки Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган амри экан. Аллоҳ таоло Ислом умматидан бошқа уммат учун бунга ўхшаш байрам қилмаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу баёнотларни эшитган саҳобалардан бирлари рағбати қўзиб кетиб, савол берди:

«Айтинг-чи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?...»

«Манийҳа» – биров томонидан соғиб, ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвондир.

Афтидан, савол берувчи киши қурбонлик қилишга ўта қизиққан одамга ўхшайди. Имкони бўлса, бировнинг молидан бўлса ҳам, қурбонлик қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан урғочи манийҳани бўлса ҳам қурбонлик қилиш ҳақида сўраб олмоқда. Агар у зот «Бўлади», десалар, бировнинг ўзига соғиб ичиб туриш учун берган соғин ҳайвонини қурбонлик қилиб юбормоқчи. Албатта, бировнинг мулкини қурбонлик қилиб бўлмайди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга:

«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва ортидан қурбонлик қилишга моддий имкони йўқ кишиларнинг кўнгилларини кўтарувчи ажойиб гап айтдилар:

«Лекин сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартирасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Албатта, қурбонлик қилган кишилар ҳам ушбу шахсий тозаликка оид ишларни байрамдан олдин қиладилар. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан қурбонлик қила олмай, кўнгли ўксиган камбағал кишиларнинг кўнгилларини кўтариш учун уларнинг ушбу ҳамма учун лозим бўлган шахсий тозалик ишларини қурбонлик ўрнига ўтадиган даражага кўтардилар. Бу эса унча-бунча илми нафс мутахассисининг хаёлига ҳам келмайдиган ишдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунга ўхшаш масалаларни жуда ажойиб услуб билан ҳал қилганларига ҳамма тан беради.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қурбон байрами кунини ийд қилиш Аллоҳ таолонинг амри эканлиги.

2. Қурбон байрами Ислом уммати учун хос қилинганлиги.

3. Биров соғиб, ичиб туриш учун берган ҳайвонни қурбонлик қилиш мумкин эмаслиги.

4. Эркак кишилар байрамга тайёргарлик қилиш жараёнида сочини олдириб ёки текислатиб, мўйлабини қисқартириб, тирноқларини ва ҳаром мўйларини олиши кераклиги.

5. Мазкур ишларни амалга ошириш қурбонлик қила олмайдиган камбағаллар учун қурбонлик қилган ўрнига ўтиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ибн Иброҳим Давриқий айтади .Намоз вақти бўлди. Маъруф Карҳий Абу Тавбага .Бизга имомликка ўтиб бер, деди. У .Ҳозир сизларга ўқиб берганим билан кейингисини давоми...

1598 08:17 / 09.05.2020
Мункар ва Накир билан банда ўртасида бўладиган саволжавоб инсоннинг руҳий оламида бўладими ёки бевосита қабрнинг ичидами Бу вақтда инсонга яна жон киргизиладими давоми...

16278 13:50 / 10.12.2018
Савол Ўзим Қуръони Каримдан ҳар куни аранг бир пора ўқишга имкон топаман. Ўтмишдаги салафларимизнинг Қуръонни кунига бир ёки икки марта, баъзилари ҳафтасига, давоми...

2688 15:05 / 05.06.2020
Муҳаммад ибн Каъб айтади .Умар ибн Абдулазиз амир бўлгач, менга одам юборди. Мадинада эдим, унинг олдига бордим. Ҳузурига кирганимда уни таниёлмай, таажжуб билан давоми...

1641 07:10 / 29.05.2019
Аудиолар

121464 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42958 14:35 / 11.08.2021