1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Васият учдан биргадир

11:00 / 14.07.2020 1171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَعْتَقَ سِتَّةَ مَمْلُوكِينَ لَهُ عِنْدَ مَوْتِهِ لَمْ يَكُنْ لَهُ مَالٌ غَيْرَهُمْ، فَدَعَا بِهِمْ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فَجَزَّأَهُمْ أَثْلَاثًا، ثُمَّ أَقْرَعَ بَيْنَهُمْ فَأَعْتَقَ اثْنَيْنِ وَأَرَقَّ أَرْبَعَةً، وَقَالَ لَهُ قَوْلًا شَدِيدًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан:

«Бир киши ўлими олдидан олтита қулини озод қилди. Унинг ўшалардан бошқа моли йўқ эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чиқариб, учга бўлдилар. Сўнгра ораларида қуръа ташладилар. Кейин иккисини озод қилиб, тўрттасини қул бўйича қолдирдилар ва у кишига қаттиқ гап айтдилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Ўлим келганда банданинг кўзига бошқа ҳеч нарса кўринмай, охират ташвишини қилиб қолади.

Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам шундай қилган, олтита қулдан иборат бор мулкини Аллоҳнинг йўлига атаб, уларни озод қилиб юборган.

Аслида қул озод қилиш жуда ҳам яхши иш. Лекин бу сафаргиси ўлим тўшагида ётган киши томонидан қилинганлиги учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмаган. У зот мазкур олти қулни чақиртириб келганлар. Ўлим олдидан қилинган қул озод қилишни васият ўрнида кўриб, қулларни иккитадан, учга бўлганлар. Васиятнинг мол-мулкнинг учдан бирига ўтиши эътиборидан уч гуруҳдан қайси бирига қуръа тушса, озод бўлишини айтиб туриб, қуръа ташлаганлар. Қуръа тушган икки қулга «Озод бўлдингиз», деганлар. Қолган тўрттаси қул ҳолида меросхўрларга қоладиган бўлган. Шундай тариқа, васият молнинг учдан бирига ўтган.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган нотўғри иши учун ҳалиги кишини койиб, қаттиқ гап айтганлар.

Демак, вафотдан олдин молнинг ҳаммасини хайр-эҳсонга атаб, қилинган васиятга фақат молнинг учдан бир қисмида амал қилинади, холос.

Бу қоидага ҳеч ким хилоф қилган эмас. Агар меросхўрларнинг ҳаммаси рози бўлсагина, учдан бир қисмдан кўпида ҳам васиятга амал қилиш мумкин.

Агар меросхўрлардан баъзиси ўз улушидан воз кечмоқчи бўлса, фақатгина мерос тақсим қилинганидан кейингина воз кечиши мумкин. Тақсимдан олдин воз кечса, мерос бўлишнинг табиий ва адолатли ҳоли бузилган бўлади.

Ушбу ривоятдан баъзи бир қийин ҳолатларда қуръа ташлаш жоизлиги ҳам билинади.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Фуруъ, сўзи усулнинг муқобилига ишлатилиб, .шохобча, деган маънони англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса давоми...

5831 10:00 / 03.01.2019
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

4683 14:00 / 29.07.2019
Бошқа илмлардаги каби фиқҳ илимда ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша давоми...

3542 05:00 / 18.01.2017
Халқимизда маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса адо этасизмиrdquo, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач давоми...

3472 05:00 / 18.01.2017