1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маййитнинг қарзи қандай адо этилади?

15:30 / 05.07.2020 3085 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан «Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса, адо этасизми?» деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач, жаноза намози ўқилишига гувоҳ бўлганмиз. Бу ишнинг шариатимизда ҳукми қандай?

Жавоб:

Ушбу ҳолатни шаръий нуқтаи назардан баҳолашдан олдин Ислом фиқҳидаги «Кафолат» ва «Ҳаволат» мавзуларига қисқача мурожаат қилишга тўғри келади: кафолат – талаб этишда зиммани зиммага қўшиш, яъни қарзни талаб қилишда кафилнинг зиммасини қарздорнинг зиммасига қўшишдир. Бу билан қарз кафилнинг зиммасида собит, қарздорнинг зиммасидан эса соқит бўлмайди; ҳаволат – талаб этишни қарздор зиммасидан мултазим (тўлаш мажбуриятини олган)нинг зиммасига кўчиришдир. Кафолатда талаб этишда зиммани қўшиш эди, кўчириш эмас. Унда қарзни қарздордан ҳам, кафилдан ҳам талаб этса бўларди. Аммо ҳаволатда эса кейин қарздордан қарзни талаб этилмайди.

Шуларни мулоҳаза қилганда мавзумиз кафолат масалаларига тегишлидир. Чунки маййитнинг ўз моли бўлса, қарзи ўшандан адо этилади, кафилдан эмас. Агар моли бўлмаса, шунда кафилдан талаб этилади. Қарздорнинг вафоти қарзни кафилдан соқит этмайди. Ҳаволатда эса қарзни фақат мултазимдан талаб этиларди. Демак, маййитдан қарзни адо этиш масаласини баҳс этишдан олдин қисқача кафолат мавзусига тўхталамиз.

Юқорида кафолатнинг таърифини келтирдик. Унинг машруъ бўлиши Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собитдир. Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 72-оятида: «Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман», дейди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «вакилман»ни «кафилман» деб тафсир қилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кафил бурчлидир», деганлар (Термизий, Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Одамларнинг эҳтиёжи борлиги ва қарздордан зарарни кеткизиш учун мусулмонлар кафолатнинг жоизлигига ижмоъ қилишган. Воқеъликда «Кафилликнинг боши маломат, ўртаси надомат ва охири ғаромат (қарздорлик)» бўлишига қарамай, яхши ният билан кафил бўлган киши ибодат қилган даражадаги савоб олади.

Кафолатнинг машруъ бўлиш ҳикматига келсак, у ҳақларни мустаҳкамлаш, одамлар ўртасида ўзаро ёрдамни юзага келтириш, қарз олиш ва иора (вақтинча фойдаланиш) битимларида енгиллик пайдо қилиш ва одамлардан қийинчиликни олишдир. Унинг рукни кафилдан ийжоб ва қарздордан қабулдир. Урф-одатда кафолатга далолат қиладиган «кафилман, жавоб бераман, тўлаб қўяман» каби лафзлар билан боғланади.

Кафолатнинг кафил оқил, болиғ ва озод киши бўлишлиги, қарздор эса кафолатланган нарсага қодир, кафилга таниш бўлиши, ҳамда ҳақдор битим қилинаётганда ҳозир бўлиши каби шартлари мавжудки, уларнинг ва кафолатнинг бошқа ҳукматлари тафсилоти учун фиқҳий китобларга мурожаат қилинади.

Энди мавзумиз – маййитнинг зиммасидаги қарзга кафил бўлишининг шаръийлиги масаласига қайтсак. Мулла Алий Қорий айтадилар: «Синган (яъни мол ва кафил қолдирмаган, лекин қарзи бор) маййит номидан кафил бўлиш дуруст эмас. Кафил хоҳ бегона бўлсин, хоҳ меросхўр бўлсин, фарқи йўқ. Бу имом Абу Ҳанифа наздларида. Аммо Абу Юсуф, Муҳаммад, Молик, Шофеъий ва Аҳмадлар бу кафиллик дуруст дейишади. Улар ўз ҳукмларига қуйидагини далил қилишади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир ансорийнинг жанозаси келтирилганда: «Соҳибингизнинг қарзи борми?» дедилар. Шунда: «Ҳа, икки дирҳам ёки икки динор», дейишди. Айтдилар: «Соҳибингизга (ўзингиз) намоз ўқинг». Шунда Абу Қатода розияллоҳу анҳу: «Улар менинг зиммамга», деганларида унга намоз ўқидилар». Агар кафиллик дуруст бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан кейин намоз ўқимаган бўлардилар. Чунки у тўланиши вожиб бўлган қарзга кафилликдир. Шундай бўлгач, тириклик чоғида бўлганидек, ҳозир ҳам дурустдир. Чунки қарз тўлаш, ё кечиш ёки вожиб бўлиш сабаби фасх бўлгандагина соқит бўлади. Ўлим туфайли бу ишларнинг бирортаси юзага келмайди. Шунинг учун ҳам қарз туфайли охиратда жазоланади. Тириклигида кафил бўлган ҳам унинг ўлими туфайли кафилликдан қутулмайди. Агар бирор инсон ихтиёри билан уни адо қилмоқчи бўлса дурустдир».

Имом Абу Ҳанифанинг далиллари шуки, синган маййитга кафиллик қилиш зиммадан соқит бўлган қарзга қафолат беришдир. Соқит бўлган қарзга кафил бўлиш ботилдир. Чунки кафолатнинг дуруст бўлиши дунё ҳукмлари ҳаққида қарз мавжуд бўлишини тақозо қилади. Шунда «Талаб этишда зиммани зиммага қўшиш» деган кафиллик маъноси юзага келади. Тириклигидаги кафилнинг қарздор ўлганда қарздан қутилмаслигининг сабаби эса, уни тўлаб беришда қарздордан ўринбосар бўлгани учундир. Шу туфайли унинг (кафилнинг) ҳаққида қарз боқийдир. Бу маййитнинг моли бўлган ҳолга ўхшайди. Ихтиёрий равишда қарзни тўлаб бериш эса дуруст. Чунки бировни мулкдор қилишнинг саҳиҳ бўлиши қарз мавжуд бўлишига тааллуқли эмасдир.

Жумҳур ўзига далил қилган ҳадисга бундай жавоб қилинади: «Ҳадис олдин юзага келган кафолатнинг эътироф этилганини эҳтимол қилади. Зеро, кафолатда олдинги иқрор ва кейинги эътирофлар баробар «кафилман» лафзи билан ифодаланаверади. Бу ўринда кафолат эмас, ваъда бўлгани ҳам эҳтимолдан холимас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга жаноза ўқишдан бош тортишлари эса маййит зиммасидаги қарзни адо этиш йўлини кўрсатиб қўйиш учундир. Ваъда бўлгандан кейин эса унга жаноза ўқидилар».

Баъзилар имом Абу Ҳанифа ҳадисга хилоф қилганларини, у ҳадис у кишига қарши ҳужжат бўлишини айтганларида, уларга имом Бадриддин Айний ўзларининг «Саҳиҳул Бухорий»га қилган шарҳларида бундай раддия берганлар: «Кирмоний Абу Ҳанифанинг маййитдан кафил бўлиш дурустмас, деган сўзларига қарши ҳадис ҳужжат бўлади дейди. Ибн Мунзир эса Абу Ҳанифа ҳадисга хилоф қилдилар дейди. Бу одобсизликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит ҳадисга Абу Ҳанифининг хилоф қилишлари мутлақо мумкин эмас. Балки бу ҳадисга амални тарк қилдилар дейиш одобдан бўларди. Сўнг у зотнинг ўша ўринда ҳадисга амални тарк этишларининг сабаби; ё ҳадис наздларида собит бўлмаган, ё насх бўлгани кўринган. Тўрт бобдан кейин келадиган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис унинг насх бўлганига далолат қилади. У ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарздор бўлиб вафот этган киши келтирилса: «Қарзидан ортиқ нарса қолдирибдими?» деб сўрардилар. Агар қарзига тўлайдиган нарса қолдирибди дейилса, унга намоз ўқирдилар. Акс ҳолда мусулмонларга: «Соҳибингизга (ўзингиз) намоз ўқингиз», дердилар. Аллоҳ таоло фатҳларни насиб қилганда: «Мўминларга ўзлариданам мен яқинроқман. Мўминлардан ким вафот этиб, қарз қолдирса, уни тўлаш менгадир. Ким мол қолдирган бўлса, меросхўрларигадир», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Башр Юнус ибн Ҳабиб айтадилар: «Абу Валиднинг шундай деганини эшитдим: «Қарзи бор кишига намоз ўқимаганлари тўғрисидаги ҳадисларни бу ҳадис насх қилувчидир». Лекин аллома Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий юқорида зикр қилинган раддияларга қўшилмайдилар ва ўзларининг «Эълоус-сунан» китобларида бундай дейдилар: «Тўғри жавоб шу: «Бу ерда хилоф қилинаётган иш қарз берганга кафиллик масаласи бўлиб, ҳақдорга берган қарзини маҳкамланиши, яширишдан муҳофаза этилишига кафолат берилиши ва унга талаб қилиш ҳаққини берилиши масаласидир. Ҳукм шу: «Зиммаси соқит бўлгани учун қарз маййитдан талаб этилмайди. Чунки соқит бўлган зиммага бошқа зиммани қўшиш дуруст эмасдир».

Аммо ухровий талаб этилишида унинг зиммаси соқит бўлмагани учун маййитнинг қарзини адо этишга кафилликни Абу Ҳанифа инкор қилмаганлар. Ҳадис иккинчи ишнинг жоизлигига далолат қилади, биринчисига эмас. Абу Ҳанифанинг ҳадисга хилоф қилганлари собит бўлмаган. Икки кафолатнинг ўртасидаги фарқ шуки, биринчисида зиммани зиммага қўшилмоқда. Бу эса зимма мавжуд бўлишини тақозо қилади. Иккинчиси бундай эмас. Чунки унда зиммани маййит зиммасига қўшиш йўқ, балки унда ихтиёрий равишда унинг қарзини бўйинга олиш билан, унинг зиммасини ухровий талаб этилишидан халос этиш бор. Шунинг учун ҳам бу кафолат дуруст бўлиши учун қарз берганнинг қабул этиши шарт қилинмайди. Биринчисидан фарқли ўлароқ унинг рад этиши билан ҳам рад бўлиб қолмайди. Шунинг учун биринчиси эмас, иккинчи кафолат дуруст бўлади».

Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, мухолиф томон ўзига далил қилган ҳадисни «насх бўлган» ёки ундаги кафолат «оддий ваъда бўлган» дея жавобдан қониқмаган аллома Таҳонавий ҳадисни қуйидагича изоҳламоқдалар: «Ҳукм қазоан ва диёнатан бўлади. Имом Абу Ҳанифа маййитнинг қарзига кафолат қазоан эмас, балки диёнатан дуруст дейдилар. Яъни бу кафолатнинг дунё ҳукмларида ўрни йўқ, балки қарздорни қиёматдаги жавобгарликдан қутултиради. Шундан имом Абу Ҳанифа бу ҳадисни инкор қилмаётганлари маълум бўлади».

Юқоридаги баҳслардан шундай хулоса қилсак бўлади: Маййитнинг қарзига қариндоши ёки бегона киши кафолат бериб, бўйнига олиши мумкин. У қарзни адо этса, маййитни ухровий жавобгарликдан қутқарган бўлади. Аммо қазоан бу кафолат дуруст эмас, шундан ҳақдор кафилдан тўлаб берасан деб талаб этиши жоиз ҳисобланмайди (Аллоҳ янада билувчироқдир).

Мударрис: Алишер Турсунов

«Ҳилол» журналининг 5(14)сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим ndash бу Аллоҳнинг Ўз қулларига кўрсатган чексиз Раҳмати бўлиб, у илоҳий бир муждадир. Бу Китобни ўқиган сари янгиянги маънолар очилаверади ва давоми...

6409 12:40 / 30.05.2019
Булардан ташқари, яна бир қанча разил хислатлар ҳам борки, улар туфайли мунозара қилаётганлар ўзларини тия олмай, мунозара охирида муштлашиш, ёқалашиш, кийимбош давоми...

1385 19:40 / 26.05.2019
Аллоҳ таоло.Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш бор. Ким куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир, Оли Имрон сураси, 97оят давоми...

1520 17:00 / 06.08.2019
Ҳеч шакшубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6107 14:30 / 01.08.2019
Аудиолар

121341 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42849 14:35 / 11.08.2021