1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Набий алайҳиссаломнинг сўзларига таслим бўлмаслик тавҳиддаги нуқсондир

14:30 / 01.08.2019 5997 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсадан қанчалик чиқса, тавҳиди шунча миқдорда нуқсонга учрайди. Чунки, у одам Аллоҳдан бошқани ўзига илоҳ қилиб олган бўлади.

Аллоҳ таоло: «Ҳавосини илоҳи қилиб олган кимсани кўрмайсанми?!» деган («Жосия» сураси, 23-оят).
Яъни, ҳавойи нафсига ибодат қилган одамни кўрмайсанми, дегани.

«Бас, у куфр ва иймон, тасдиқ ва такзийб, иқрор ва инкор орасида васвасага тушган, адашган, шак қилган ҳолида музабзаб бўлур. У мўмин бўлиб тасдиқ қилувчи ҳам эмас, кофир бўлиб ёлғонга чиқарувчи ҳам эмас».
Шарҳ: Яъни, фаҳмини таслимга қониқтира олмаган, холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсилган одам, изтиробга тушиб, иймон ила куфр, тасдиқлаш ила ёлғонга чиқариш, иқрор ила инкор орасида иккиланишга тушади. Ўзини васвасага, ҳайратга, дийнида шак-шубҳага туширади. Мўмин бўлиб, чин қалбдан тасдиқлай ҳам олмайди, кофир бўлиб, тили билан ёлғонга ҳам чиқара олмайди.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ васф қилган ушбу ҳол ҳар бир Қуръон ва суннатдан оғиб нотўғри илми каломда юрган ёки илми калом билан Қуръон ва суннатни жамламоқчи бўлган ҳар бир одамнинг ҳолидир. Улар бир-бирига тўғри келмай қолганда Қуръон ва суннатда келган нарсани таъвийл қилишга ўтади, уни фикрга солиштириб кўради. Иши охир ҳайратга, залолатга ва шак-шубҳага бориб тақалади. 

Мана, файласуфларнинг мазҳабларини ва уларнинг айтганларини энг яхши билган одам Ибн Рушд ўзининг Ғаззолийнинг «Таҳофутул Фалосифа» китобига раддия қилиб ёзган «Таҳфутут-Таҳофут» китобида нима ёзганини олиб кўрайлик: «Илоҳиётда ким бирор ярагулик нарса айтибди?» Яъни, файласуфларнинг илоҳиётда айтган гаплари ҳеч нарсага арзимайди, демоқчи.
Илми каломнинг имомларидан бири имом Ғаззолий охири келиб илми калом масалаларида ҳайратга тушди. Илми калом ҳақида китоб ёзиб, унга «Илжомул авом ан илмил Калом» («Овомни илми каломдан тийиш») деб номлади.
Агар илми калом зарурий нарса бўладиган бўлса, дийн ишида кифоя қиладиган бўлса, нима учун у ўз китобини уламоларга хос қилиб, овом халқни унинг фойдаларидан тийди? Кейин эса, имом Ғаззолий мазкур йўлларнинг ҳаммасидан юз ўгириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига юзланди ва «Саҳиҳ Бухорий» кўксида турган ҳолида вафот этди.
Улуғ имом, катта тафсирнинг соҳиби имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ар-Розий ўз умрининг охирида ёзган китобида: «Умр бўйи қилган баҳсларимиздан фойда олмадик. Деди, дедидан бошқа нарсани жамламадик», деганлар.
Шунингдек, у киши яна: «Агар каломий тарийқатларни ва файласуфларнинг йўлларини тааммул қилиб кўрсанг, дардга даъво, чанқоққа сув бермаслигини кўрасан. Энг яхши тарийқа Қуръон тарийқаси эканини биласан. Ким мен қилган тажрибаларни қилиб кўрса, мен билган нарсаларни билади», деган.
Имоми Ҳарамайни Абул Маъолий ал-Жувайний: «Эй асҳобларимиз! Калом билан машғул бўлманглар! Агар илми калом мени нимага етказишини билганимда, у билан шуғулланмаган бўлар эдим», деганлар.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким дийнни калом ила талаб қилса, зиндиқ бўлади. Ким молни кимё билан талаб қилса, касодга учрайди. Ким ғариб ҳадисни талаб қилса, ёлғончи бўлади», деганлар.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аҳли калом ҳақида менинг ҳукмим, уларни дарахт шохлари ва кавушлар билан уриб, қавм ва уруғлар бўйлаб айлантириб: «Қуръон ва суннатни тарк қилиб, илми каломга юзланганнинг жазоси шудир», деб жар солишдир», деганлар. 

Дорус Салом (Жаннат) аҳлининг кўриш ҳақидаги иймони, улардан ким ваҳмни ва фаҳм ила таъвийлни эътибор қилса, саҳиҳ бўлмайди. Чунки, кўришнинг ва Роббликни изофа қилинадиган ҳар бир маънонинг таъвийли таъвийлни тарк қилишдир. Таслимни лозим тутишдир. Мусулмонларнинг дийни шулдир. Ким (Аллоҳ сифатларини) манфий қилишдан ва ўхшатишдан сақланмаса, тояди ва поклашга эриша олмайди. 
Шарҳ: Яъни, аҳли жаннат Аллоҳни ундоқ сифат ила кўрса керак, деган ваҳм билан иймон саҳиҳ бўлмайди. Шунингдек, менинг фаҳмимча, Аллоҳни кўриш бундоқ бўлса керак, деб, таъвийл қилиш билан ҳам иймон саҳиҳ бўлмайди.
Яна, Аллоҳга тегишли бошқа маъноларни таъвийл қилиш ҳам мумкин эмас.
Хулоса қилиб айтганда, жаннатда Аллоҳни кўриш ҳақидаги иймон мазкур икки йўл билан саҳиҳ бўлмайди. Агар таъвийл маъносини бошқача қилиб айтганда ҳам. Чунки, таъвийлчилар, таъвийл лафзнинг зоҳирий маъносидан бошқага буриш, холос, бунинг нимаси ёмон, дейишади.
Улар ушбу ҳийла билан кўп нарсаларни бузишади. Улар, биз ўз гапимизга тўғри келмаган нарсани таъвийл қиламиз, дейдилар. Ўзлари қиладиган бузғунчиликни «таъвийл» деб номлайдилар. Балки ҳар бир маънони ағдар-тўнтар қилиб чиқадилар.
Аслида эса, улар турли фосид таъвийлларни тарк қилиб, Қуръон ва суннат далолат қилган нарсаларга таслим бўлмоқлари лозим эди. Чунки, ҳақийқий мусулмонларнинг дийни шудир. 

    ТАЪВИЙЛ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ҚИСМЛАРИ

«Таъвийл» сўзи, луғатда «қайтиш» маъносини англатади. Истилоҳда эса, бир лафзнинг маъносини қайтаришдир. Ёки, лафзнинг маъносини кучли маънодан кучсиз маънога қайтаришдир. Агар ўша қайтариш далил ва исбот билан бўлса, таъвийл тўғри бўлади. Далил ва исботсиз бўлса, бузуқ таъвийл бўлади. 

1. Аллоҳнинг китоби ва Унинг Расулининг суннатида таъвийл тушунчаси: Каломни қайтариладиган ҳақийқатга, таъвийл дейилади. Хабарнинг таъвийли берилган хабарнинг айни ўзидир. Амрнинг таъвийли буюрилган ишнинг ўзидир. Бу худди Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги маънога ўхшайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъларида «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, Аллоҳумма иғфир ли», дер эдилар. Қуръонни таъвийл қилар эдилар». Яъни, Қуръонда қилинган амрни бажарар эдилар.
«Улар унинг таъвийлидан бошқа нарсани кутмаяптилар. Унинг таъвийли келган кунда, бундан олдин уни унутганлар:
«Батаҳқиқ, Роббимизнинг Расуллари ҳақ ила келган эдилар», дерлар» («Аъроф» сураси, 53оят).
Яъни: Аллоҳнинг каломининг ҳақийқати ва тасдиғи келган кунда, деганидир.
2. Муфассирлар каломидаги таъвийл тушунчаси:
У, каломни тафсир қилиш, тўғри келадими-йўқми, барибир, маъносини баён қилишдир. Бу маъруф истилоҳдир. Бу таъвийл, худди тафсирга ўхшаб, тўғриси мақталади, ботили ёмонланади.
3. Мутааххир фақиҳ ва мутакаллимлар истилоҳидаги таъвийл тушунчаси:
Лафзни кучли эҳтимолдан кучсиз эҳтимолга буришдир. Бу эса, кучли далолат юзасидан қилинади. Аммо унинг ҳақида низо бўлади. У икки қисмдан иборат бўлади. Саҳиҳ ва фосид.
Саҳиҳ таъвийл, Қуръон ва Суннат таълимотлари далолат қилган маъноларга мувофиқ бўлади.
Фосид таъвийл эса, унга хилоф бўлади.
Муаллифнинг: Ким (Аллоҳ сифатларини) манфий қилиш ва ўхшатишдан сақланмаса, тояди ва поклашга эриша олмайди», дегани, ким таъвийл йўли билан ёки бошқа йўл билан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий(салбий) қилишдан сақланмаса, шунингдек, Аллоҳнинг сифатларини Унинг махлуқлари сифатига ўхшатишдан сақланмаса, ҳақдан тойган бўлади ва ҳеч қачон покланишга эриша олмайди, деганидир. Бу мўътазилийларга ва кўриш масаласида улар билан ҳамфикр бўлганларга раддиядир. Шунингдек, Аллоҳни Унинг махлуқотларидан бирор нарсага ўхшатадиганларга раддиядир.
Аллоҳни Унинг махлуқотларига ўхшатиш куфр эканига далил: «Унга ўхшаш йўқдир» («Шууро» сураси, 11-оят) деган оятдир.
Аллоҳ таолонинг: «У зот ўта эшитувчидир, ўта кўрувчидир» («Шууро» сураси, 11-оят) деган сўзи эса, собит сифатларни манфий қилиш ҳам куфр эканига далилдир. 

Мавзуга оид мақолалар
Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Умму Фазл бинти алҲорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики.Бас, Шомга келиб, уУмму Фазлнинг ҳожатини давоми...

1499 17:00 / 09.05.2020
Ислом динининг одам боласини улуғлагани, уни азиз ва мукаррам қилиб яратгани инсон ҳаётининг барча ҳолатларида намоён бўлади.Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат давоми...

2099 09:10 / 18.10.2018
Мужолид ибн Саъиддан ривоят қилинади .Шаъбийдан .Шурайҳ тулкидан ҳам айёр, деган ибора қаердан келиб чиққан, деб сўрадим. Шаъбий шундай деди .Шурайҳ деган одам вабо давоми...

1021 08:00 / 19.11.2020
Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарур. Тижоратда кўп учраб турадиган шубҳали, ноаниқ, аслини билиб бўлмайдиган, шунинг билан бирга, давоми...

2274 17:00 / 05.01.2019
Аудиолар

118743 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021