1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Лайлатул қадр

18:08 / 15.05.2020 4679 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган («Қадр» сураси, 1-5-оятлар).

Шарҳ: Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган. 

Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси – «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси – «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар ана шу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттасидир.

Чунки худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.

Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Шу ўринда сиз азизларга «Қадр» сурасининг батафсил шарҳини баён этишни лозим топдик.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

1. «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».

Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони Каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. 

Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганлигини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди. 

Қуръони Карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.

Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди?»

Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир».

Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оятнинг тафсирида аллома Ибн Касийр жумладан қуйидагиларни ёзганлар: 

«Бир кишининг силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилганлиги ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: 

«Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.

«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазийлати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».

Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазийлати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир».

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. 

Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1 сони. Ва илоҳингиз бир илоҳдирrdquo. Бақара сураси, 163оят.2 сони. Туядан иккитани, қорамолдан иккини пайдо қилдиrdquo. Анъом сураси, 144оят.3 сони. Аёлларингиздан ҳайздан давоми...

2115 11:20 / 14.09.2021
Бир куни Шақиқ Балхий шогирди Ҳотам алАсомдан .Ҳузуримга келганингдан бери мендан нима ўргандинг, деб сўради. Ҳотам алАсом шундай деди .Олти нарсани давоми...

795 08:00 / 24.10.2020
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кўчадан ўтиб қолди. Кўчада ўйнаб юрган болалар ҳазрати Умарни кўриб, тирқираб қочиб кетишди, лекин битта бола қочмай, жойида давоми...

2830 07:00 / 21.01.2019
Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур. Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон гапириш, нарсаларнинг баҳосини давоми...

2003 19:00 / 27.06.2019
Аудиолар

121360 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42867 14:35 / 11.08.2021