1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Биз учун азиз ва мўътабар инсонлар

05:00 / 02.03.2017 4200 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир дин ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.


Ислом таълимотидан хабардор ҳар бир киши пок ва олижаноб динимиз инсонларга, хусусан ота-оналарга яхшилик қилишга чорлаши ва унга катта аҳамият беришини яхши билади.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бундай марҳамат қилади:

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир”. (Луқмон сураси, 14-оят)

Ояти карима мазмунига кўра ота-она ким бўлишидан қатъи назар уларга яхшилик қилиш барча фарзандларнинг муҳим бурчи эканини билдик. Оят мазмунига мувофиқ кексайиб қолган вақтларида уларга янада кўпроқ аҳамият бериш ва ғамхўрлик кўрсатиш лозимлиги маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг Асосий қонуни бандларида ҳам ота-она кексайиб қолганларида фарзандлари эътибор билан парвариш қилишлари шартлиги алоҳида қайд этилган.

Ота-оналарни ҳамиша табаррук ва муқаддас инсонлар сифатида улуғлаймиз. 

Чунки улар бизга ёрқин ҳаётни бахш этишган. Биз ана шу қадри баланд инсонлар ардоғида ўсиб, улғайиб, камол топамиз.

Буюклардан бири шундай ёзади: "Дунёдаги энг бахтли инсонлар - ота-онаси бор инсонлардир".  

Ҳа, ёнимизда бахт бўлиб, порлаб турган меҳригиё, пиру-бадавлатларимиз ҳаёт эканлар, демак, биз чинакамига бахтлимиз.

Сўз мулкининг султони ҳазрат Навоийнинг қуйидаги ҳикматли байти ҳам айни ота-оналарни эъзозлашга қаратиб айтилгандир:

Бошни фидо қилғил ато бошиға,

Жисмни қил садқа ано қошиға...

Дарҳақиқат, динимиз таълимоти ва йўл-йўриқлари ота-оналарга яхшилик қилиш, уларга итоатда бўлиш, ҳурмат-эътиборини ўрнига қўйиш, уларга ҳеч қачон осийлик қилмаслик, айниқса ёшлари улғайиб, кексалик палласига етганларида чиройли парвариш ва ғамхўрлик кўрсатишга чорлайди. Ота-она фарзандни вужудга келишига сабабчи бўлган улуғ зотлардир. Ҳар икковлари кечалари ухламай уни вояга етказадилар ва бу йўлда катта қийинчилик ва заҳматларни бошдан кечирадилар. Ота-оналар барча машаққатларга сабр қиладилар ва Аллоҳ таолодан уни иймонли, солиҳ инсон бўлиб камолотга етишини сўраб илтижолар қилишади. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ва ҳурматларини жойига қўйиш, уларнинг ҳузурларида қалблари азият чекиб, диллари вайрон бўладиган бирон-бир сўзни айтмаслик, уларга яхшилик қилишнинг Ўзига ибодат қилиш билан бир даражада эканини таъкидлаб, бундай дейди.

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 23-24 оят)

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳга шукр айтишни ота-онага шукр-раҳмат айтиш билан бир ўринда зикр қилиб, бундай дейди:

«Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир». (Луқмон сураси, 14-оят)

Ояти карима мазмунига мувофиқ Аллоҳ таолога шукр айтишимиз билан бир қаторда ота-оналарга ҳам шукр айтиш, уларга итоат қилиш лозимлигини англатади .

Саҳобалардан бири ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммаддан (с.а.в.) “Аллоҳ таолога қайси амал севимлироқ?”-деб сўради. У зоти шариф: Ўз вақтида ўқилган намоз ва ота-онага яхшилик қилиш, деб марҳамат қилдилар. Нақадар сермаъно ва инсон қалбига яқин сўзлар.

Буюк фақиҳ, Абу Лайс Самарқандий (Аллоҳ раҳмат қилсин) айтади: “Ибн Аббос дейдики: “Қайси бир мўминнинг ота-онаси бўлсаю икковларига яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки дарвоза очади. Икковларидан бири ғазабли бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмайди, токи у рози бўлмагунча”. Сўради: “Агар золим бўлса-чи?”. “Агар золим бўлса ҳам!”

Ислом дини биз, фарзандлардан ота-оналаримиз қартайиб, ёшлари кексайган вақтда яхшилик қилиш ниҳоятда аҳамиятли эканини алоҳида қайд қилади, зеро бу маҳалда ёшлари улғайган ота-оналаримиз бизларнинг меҳрибончилигимиз, раҳм-шафқатимиз ва риоямизга муҳтож бўлишади. Шу вақтда уларнинг ҳатти-ҳаракатлари ва тасарруфотлари бизларни гўзал сабр-тоқатли бўлишга ундайди. Улуғ ёшдаги ота-оналарга чиройли, юмшоқ ва гўзал сўзлар билан муомалада бўлишимиз, бизни боқиб, тарбия қилишдаги олижанобликларини эслашимиз айни мақсаддир. Расул акрам (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб, бундай деганлар:

“Ким ота-онасидан бири ёки икковларини ҳурмат қилмай ва уларга яхшилик қила олмасдан жаннатга кира олмаган бўлса, бурни ерга ишқалансин,  бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”.

Динимиз таълимоти ота-оналаримиз ҳатто вафот этганларида ҳам уларнинг улуғ фазилат соҳиблари эканлиги изҳори давом этиши кераклиги уқтирилади. Бир киши ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммаддан (с.а.в.): “Ота-онаси вафотларидан кейин ҳам улар ҳақида бирон-бир яхшилик қилишим керакми?”-деб сўради. У жаноб жавоб бериб айтдилар: “Ҳа, уларнинг ҳақларига Худонинг раҳматини сўраб, дуолар қилиш, аҳду-паймонларини бажариш, дўст ва дугоналарини ҳурмат қилиш”.

Дарҳақиқат, узоқ умр кўриб, пиру бадавлат бўлган ота-оналаримизнинг уйимиз тўрида ўтиришлари ҳеч нарса билан қиёслаб, бўлмайдиган катта бахтдир. Халқимиз: “Қариси бор уйнинг фариштаси бор, қари билганни пари билмас”,-деб бежиз айтмаган. Чиндан ҳам, илмли, маърифатли, зиёли, нуроний ота-оналаримизнинг хонадонимиз зийнатидир. Уларни муносиб равишда иззат-икром қилиш, бой ҳаётий тажрибалардан унумли фойдаланиш, доно панду насиҳатларига қулоқ тутиш ва хайрли ишларни амалга оширишда уларга итоат этиш ҳар бир имонли ва эътиқодли ўғил-қизнинг фарзандлик бурчи ҳисобланади. Ёши улуғ ота-оналаримиз туфайли оилада барака бўлиши бахтли ҳаёт аломатидир, иншоаллоҳ.

Афсуски, орамизда ёнидаги бахт шукуҳини ҳис қилмайдиган кимсалар ҳам кўп учрайди. Шундай ноқобил кимсалар борки, қалблари мисоли тошдан яралгандай, гўё. 

Айниқса, айрим ёшларимиз бирга яшаб турган ота-онасига бефарқ муносабатда бўлишмоқда. Кўп ҳолларда уларни ҳурмат қилишмайди, илтимосларини бажаришмайди. Ҳаттоки, имкониятлари бўла туриб, ота-оналарини қаровсиз қолдиришади.

Бундайларни четдан кузата туриб, виждонинг қийналади, киши. Аслида, ота-оналар фарзандлари учун яшашади-ку! Болаларининг эркин камол топишлари учун куч-ғайратларини сарфлашади. Шунинг учун уларнинг бу хизматларини билиш, қадрига етиш ва уларга итоатда бўлиш фарзандларнинг бурчидир. Демак, ана шу бурчга ҳар бир инсон содиқ қолиши керак. Бу эса фарзанддан кўп нарса талаб қилмайди. Фарзандлари меҳрини соғинган ота-оналарни бирров йўқлаб қўйсак ёки ширин сўзимизни аямасак, шунинг ўзи кифоя.

Демак, динимиз ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларга итоатда бўлиш лозимлигини кўп бор таъкидлаган, зеро улар бизларни ҳаётга келишимиздаги энг улуғ фазилат эгаларидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни биз учун энг мўътабар, азиз ва ҳурматли ота-оналаримизни рози қиладиган ва уларга доимо яхшилик қилиш фазилатларига эриштириб, уларнинг дуоларини олишга мувоффақ айласин.


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом соғликни сақлашни борасида катта аҳамият берган насалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч қандай тузум ва дин тозаликка риоя давоми...

3569 05:00 / 01.03.2017
198387 йиллар Ислом институтида таҳсил олдим. Талабалик даврларининг бир кунида бир курсдошим билан шаҳар айланиб, Миробод эски Госпиталная бозори ёнидаги давоми...

3221 05:00 / 03.03.2017
118. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор каshyлима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар давоми...

3500 18:25 / 26.07.2017
Биринчи марта, Мисрлик олим профессор Абдулбосит Саййид Муҳаммад, Юсуф сурасидан таъсирланиб катаракта кўз гавҳарининг хира тортиши касаллигига тер томчиларида давоми...

4913 11:00 / 11.09.2020