1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Итоатнинг олий мукофоти

16:00 / 20.03.2020 2707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жулайбиб ансорлардан кичик жуссали, уй-жой ва мол-мулки йўқ камбағал бир киши эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биронтасида турмушга чиқадиган аёл бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириб, у зотнинг унга ҳожати бор ёки йўқлигини билмасдан олдин турмушга бермас эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишига: «Қизингни менга турмушга бергин», дедилар.

У: «Жоним сизга фидо, бу билан бошимиз осмонга етади», деди.

Шунда у зот: «Мен уни ўзим учун сўрамаяпман», дедилар.

Ҳалиги киши: «У ҳолда кимга?», деди.

Расулуллоҳ: «Жулайбибга», дедилар.

У: «Онаси билан маслаҳат қилиб кўрай», деди.

У киши хотинининг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингга совчи бўляптилар», деди.

Онаси: «Қандай ҳам яхши, бу билан бошимиз осмонга етади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (қизимизни) турмушга беринг», деди.

У киши: «У зот қизимизни ўзларига сўрамаяптилар», деди.

Хотини: «Ундай бўлса, кимга?», деди.

У киши: «Жулайбибга», деди.

Хотини: «Шўрим қурсин, Жулайбибгами? Асло, Жулайбибга асло. Йўқ, Аллоҳга қасамки, Жулайбибга бермаймиз», деди.

Қизнинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бу гапни айтиш учун ўрнидан турганида, қиз чодирида онасига: «Менга ким совчи қўйибди?», деди.

Онаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», деди.

Шунда қиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини қайтарасизларми?! Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширинг, чунки у зот мени зое қилмайдилар», деди.

Отаси Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: «Қизимни сизнинг ихтиёрингизга топширдим», деди.

У зот қизни Жулайбибга турмушга бердилар. (Бошқа бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: «Эй Аллоҳ, унга хайр-барака ёғдир! Унинг ҳаётини оғир ва машаққатли қилма!» деб дуо қилдилар).

Ғазотларидан бирида Аллоҳ таборака ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга (баъзи нарсаларни) ўлжа қилиб берган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кимсани қидиряпсизларми?» дедилар.

Улар: «Фалончи ва фалончиларни қидиряпмиз», дейишди.

У зот: «Мен эса Жулайбибни қидиряпман. Уни ўликлар орасидан қараб кўринг», дедилар. Улар қараб, етти киши ўлдирган, сўнг ўзи ҳам уларнинг ёнида жонсиз ётган ҳолатда ётган Жулайбибни топишди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «У етти кишини ўлдирган эди, сўнг улар ҳам буни ўлдиришди. Бу мендандир, мен эса унданман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларининг икки муборак билакларига қўйиб кўтардилар. Унинг тобути Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки билакларидан бошқа нарса эмас эди. Қабр кавлангач, у зот ўз қўллари билан уни лаҳадга қўйдилар.

Собит раҳматуллоҳи алайҳ Жулайбибнинг аёли ҳақида: «Ансорлар орасида ундан кўра бадавлатроқ бева аёл йўқ эди», деган (Аҳмад ривояти).

Юқоридаги ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга меҳрибонликлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг ишларида ўзлари бевосита иштирок этиб, уларнинг яхши-ёмон кунларида шодлик ва қайғуларига шерик бўлишлари ҳамда муаммоларини бирга ҳал қилишлари;

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мезонида инсоннинг қадри – унинг иймони, тақвоси, солиҳ амали ҳамда дини учун қилган фидокорлиги билан ўлчаниши. Бунда унинг камбағаллиги, жисмонан кўримсиз бўлиши, насаби пастроқ бўлишининг аҳамияти йўқлиги;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини рад қилиш мумкин эмаслиги. Қуръони Каримда бу ҳақда: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир» (Аҳзоб сураси, 36-оят) дейилган.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларининг баракаси.

"Ҳилол" журналининг  8-сонидан

Қудратуллоҳ тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, давоми...

1931 19:02 / 11.05.2020
Сафвон ибн Амрдан ривоят қилинади .Язид ибн Ҳусайн Сукуний Ҳимс шаҳрига волий бўлганда Язид ибн Майсарага шундай мактуб йўллади .Эй Абу Юсуф, бу султондан давоми...

1528 07:10 / 03.06.2019
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсага фойда келтиради. Эй Аллоҳнинг давоми...

2244 11:10 / 16.03.2019
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг дуо қилса қабул бўлишига сабаб давоми...

4357 10:00 / 21.05.2021