1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

80-боб. Ёш боласи вафот этган одамнинг фазли (иккинчи мақола)

18:30 / 18.03.2020 1836 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб:

«Бунинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин учтасини дафн қилганман», деди.

«Батаҳқиқ, сен дўзахдан мустаҳкам қўрғон билан ҳимояланибсан», дедилар».

Худди ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадис аввалроқ ҳам кўриб ўтилган эди. Яъни унда ҳам бир аёл янги туғилган гўдагини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб келиб, «Уни дуо қилиб қўйинг», деб сўрагани, «Бундан аввал учтасини кўмганман», дегани, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «У ҳолда дўзахдан мустаҳкам қўрғон билан ҳимояланибсан», деганлари айтилган эди.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз мажлисингизга ҳар доим келишга қодир эмасмиз. Шунинг учун бизга бир кунни белгилаб беринг, ўша кунларда ҳузурингизга келайлик», деди.

«Ундай бўлса, учрашадиган жойларингиз фалончининг уйи», дедилар.

Бир куни ваъдага биноан ўша ерга келиб, уларга айтган гапларининг ичида «Қайси бир аёлнинг учта фарзанди вафот этса, ўша аёл бунга савоб умидида сабр қилса, албатта ва албатта жаннатга киради», деган гап ҳам бор эди.

Шунда бир аёл:

«Иккита бўлса ҳамми?» деб сўради.

«Ҳа, иккита бўлса ҳам», дедилар».

Бу жуда ибратли бир ҳолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги мўмина, муслима аёлларнинг, саҳобияларнинг илмга, динларини ўрганишга бўлган иштиёқлари бизга ўрнак бўлиши лозим.

Саҳобия аёллардан бирининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бизнинг эркакларга ўхшаб Сизнинг мажлисингизда ҳар доим ҳозир бўлишга имконимиз йўқ, бизга алоҳида мажлис ўтказинг», деб талаб қилиши ҳақиқатан ҳам катта бир шижоатдир.

Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари, бунга осонлик билан рози бўлганлари, аёлларнинг илтимосига алоҳида эътибор берганлари, «Фалон жойга боринглар», деб, ўша ваъда қилинган жойга борганлари, аёлларнинг таълими билан машғул бўлганлари, уларга дин, диёнат, эътиқод масалаларини ўргатганлари очиқ-ойдин кўринади.

Айни пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мажлисларда аёлларга хос гапларни ҳам гапирганлар. Жумладан, юқоридаги гап эркаклар ҳақида айтилмаган. Аксинча, «қайси бир аёлнинг учта фарзанди вафот этса», деб алоҳида таъкид билан айтилмоқда. Бу улкан синовга савоб умидида сабр қилган муслималарга жаннат ваъда қилинмоқда.

Мўмина, муслима аёлларимиз бундай ҳадислардан ниҳоятда катта ибрат олишлари, динимизни ўрганишга ҳаракат қилишлари ва Аллоҳ асрасин, бундай мусибат бошларига тушиб қолса, жаннат умидида сабр қилишлари керак бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муслима аёлларнинг олим ва раҳбар шахслардан ўзлари учун алоҳида мажлис қуришни талаб қилишга ҳақлари борлиги.

2. Раҳбар ва олим кишилар аёллар учун алоҳида мажлис тайин қилишлари яхши экани.

3. Уч ёки икки фарзандининг ўлимига сабр қилиб, савоб истаган аёл жаннатга ҳақдор бўлиши.

Умму Сулаймдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. У зот:

«Эй Умму Сулайм, икки мусулмоннинг учта фарзанди вафот этса, албатта ва албатта Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ва раҳмати ила бу ота-онани жаннатга киритади», дедилар.

«Иккита бўлса-чи?» дедим.

«Иккита бўлса ҳам», дедилар».

Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ҳам ёш боласи ўлган эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига тасалли беришни ирода қилган бўлсалар, ажаб эмас.

Соъсоъа ибн Муовиядан ривоят қилинади:

«У Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг бир мешни кўтариб кетаётганларини кўриб:

«Эй Абу Зарр, фарзандинг йўқми?» деди.

«Сенга бир ҳадис айтиб берайми?» деди.

«Ҳа», деди.

У шундай деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Қайси бир муслимнинг балоғатга етмаган учта фарзанди ўлса, албатта, Аллоҳ таоло у бандани ана шу вафот этган фарзандларига раҳмати фазли туфайли жаннатга киритади.

Қайси бир одам мусулмон қулни озод қилса, албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўша қулнинг ҳар бир аъзоси эвазига уни озод қилган кишининг ҳар бир аъзосини дўзахдан қутқаради».

Ушбу ҳадиси шарифда вояга етмаган, кичик ёшдаги болаларнинг ўлимига сабр қилган ота-оналарга жаннатга кириш ваъда қилинмоқда.

Яна қул озод қилиш канчалик яхши иш экани ҳам баён этилмоқда. Қул озод қилиш жаннат калитларидан бири экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Олим кишиларни учратиб қолганда уларнинг илмидан фойдаланиб қолишга уриниш жоизлиги.

2. Норасида болаларнинг ўлимига сабр қилиш жаннатга киришга сабаб бўладиган ишлардан бири экани.

3. Қул озод қилган киши дўзахдан озод бўлиши.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг балоғатга етмаган учта фарзанди ўлса, Аллоҳ таоло уни ҳам, вафот этган фарзандларини ҳам Ўз фазли ва марҳамати билан жаннатга киритади», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда аввалги ривоятларда келган маъноларни таъкидлаш билан бирга, ўлган болалар ҳам жаннатга кириши зиёда қилинмоқда.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салмондан ривоят қилинади.Гумондан хавфсираб, ходимимга суякни ҳам санаб бераман,.Салмондан ривоят қилинади.Гумондан қўрқиб, суякни санаб бераман,.Шарҳ Ушбу икки давоми...

1829 15:02 / 13.06.2020
Ижтимоий тармоқларда ушбу қисқагина сарлавҳага кўзимиз тушиб қолди. Ушбу гап қисқа бўлсада, чуқур маъноларни ўзида ифода этар, ўқувчини жалб қиларди. Ушбу саволга давоми...

1744 09:00 / 23.02.2023
намоз ибодатларнинг онасидир18. Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, давоми...

2275 12:16 / 06.11.2018
83. Абу Раввоъдан ривоят қилинади.Ибн Умарнинг олдида бир киши бор эди. Унинг қизлари бўлиб, у уларнинг ўлимини тилади. Шунда Ибн Умар ғазабланиб.Уларга ризқни сен давоми...

1920 14:30 / 07.06.2019