1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аллоҳ таоло уни термитларга егизиб юборган

16:00 / 04.03.2020 3457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(нубувватнинг 7-йили, муҳаррам ойи; милодий 615 йил октябрь)

Сийрат илми уламоларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга келишиб олишди. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у зотнинг уруғлари – Бану Ҳошимдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига топширишни талаб қилишди. Ҳошимийлар эса бу талабга рад жавобини беришди.

Ана шундан сўнг мушриклар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, мусулмонларга ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларига таз­йиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилишди. Мусулмонлар билан олди-сотди қилмаслик, қиз олиб – қиз бермаслик, хуллас, улар билан ҳеч қандай алоқа қилмасликка аҳдлашишди. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни қоғозга кўчириб, саҳифани Каъбаи муаззаманинг ичига осиб қўйишди.

Қурайш шу тариқа қамал эълон қилганидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларининг мусулмону кофири Макканинг ташқариси, шарқий тарафидаги Бану Ҳошим дараси – ноҳиясида қамалда қолдилар.

Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлдилар. Маккага савдо карвони келганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун «қут лаа ямут» («ўлмайдиган даражадаги егулик») олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга бирор нарса сотмас эди. Абу Жаҳл ва унга ўхшаш кимсалар савдогарларга: «Нархни оширинглар, қамалдагилар бирор нарса сотиб олишмасин», дейишарди. Қамалдагилар очликдан дарахтларнинг илдизи ва баргини ейишга ҳам мажбур бўлдилар. Шу тариқа кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар ўтиб бораверди. Уларнинг аҳволи борган сари оғирлашар, қурайшликларнинг эса тазйиқи тобора ортиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар Исломга даъватни кучайтирар эдилар.

Мана, қамалнинг учинчи йили ҳам тугаяпти. Аҳвол ўша-ўша. Ҳеч бир енгилликдан дарак йўқ. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга Қурайшнинг аҳдномаси зулм ва жабрдан иборат бўлгани учун Аллоҳ таоло уни термитларга (ёғоч ейдиган чумолига) егизиб юборганининг хабарини бердилар.

Шунда Абу Толиб у зотга қараб: «Бунинг хабарини сенга Роббинг бердими?» деди.

«Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу гапни эшитгандан сўнг Абу Толиб қавмидан бир гуруҳ одамларни олиб, қурайшликларнинг олдига борди. Уларга ўзини худди шартларга рози бўлгандек қилиб кўрсатди. Абу Толиб тўпланганларга қараб: «Менинг жияним хабар бердики, – у менга ҳеч ёлғон гапирган эмас, Аллоҳ таоло сизларнинг саҳифангизга термитни юборибди. У аҳдномадаги жабр ва қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги барча нарсани еб битирибди. Агар гап у айтаётгандек бўлса, кўзингизни очинглар ва ёмон ниятингиздан қайтинглар. Аллоҳга қасамки, биз ҳаммамиз ўлиб кетсак ҳам, уни сизларга топширмаймиз. Агар айтаётгани нотўғри бўлса, биз уни сизга топширамиз, уни нима қилсангиз, ўзингизнинг ишингиз», деди.

«Сен айтган гапга розимиз», дейишди.

Каъба эшигини очдилар. Саҳифада «Бисмикаллоҳумма» («Аллоҳим, Сенинг исминг билан») деган ёзувдан бошқа нарсани қолдирмай термит еб қўйган экан. Ҳолат «Содиқул масдуқ» (ростгўй ва ростгўйлиги тасдиқланган) Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиб чиқди.

Аммо қурайшликлар Абу Толибга: «Бу жиянингнинг сеҳри», деб душманликларини яна ҳам кучайтиришди.

Кофирларнинг ичида ҳам баъзи инсофлилар бир кун олдин бу ноҳақликдан ўзаро норози бўла бошлашган эди. Биринчи бўлиб Ҳишом ибн Амр Омирий қамални қоралаб гапира бошлади. У ўз қавмида обрўли одам эди. Аста-секин баъзи бир мурувватли, инсофли кишиларга бўлаётган ишнинг адолатсиз экани, одамгарчиликка тўғри келмаслигини тушунтира бошлади. Унинг фикрига Зуҳайр ибн Абу Умайя Махзумий, Мутъим ибн Адий Навфалий, Абул Бахтарий ибн Ҳишом Асадий ва Замъа ибн Асвад Асадийлар бирин-кетин қўшилишди. Улар беш киши бўлганларидан кейин аҳдномани бузишга ўзаро келишиб олишган эди.

Бу ишни биринчи бўлиб очиқ эълон қилган одам Зуҳайр ибн Абу Умайя Махзумий бўлди. У аҳдномани бузишга келишилган куннинг эртасига одамлар тўпланиб турган жойга борди-да: «Эй Макка аҳли! Бану Ҳошим ва Бану Мутталиблар ҳалокатга учраб турсалар ҳам, ўзимиз еб-ичиб, кийиниб юраверамизми?! Уларга бирор нарса сотилмай, улардан ҳеч нарса сотиб олинмай турилаверадими?! Аллоҳга қасамки, ушбу золим аҳднома йиртиб ташланмагунича ўтирмайман!» деди. Абу Жаҳл гапга аралашган эди, фойда бермади, чунки Замъа ибн Асвад, Абул Бахтарий ибн Ҳишом, Мутъим ибн Адий ва Ҳишом ибн Амрлар бирин-кетин унга қарши гапирдилар. Шу билан тўлиқ уч йил давом этган бу золим қамал нубувватнинг ўнинчи йили бошида охирига етди.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло одамлар орасига нима учун пайғамбарлар юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади.Одамлар бир давоми...

2918 14:00 / 31.07.2019
Амир Темур болалигиданоқ диний илмларни ихлос билан ўрганди, ёшликдаёқ Исломнинг бош масдари Қуръони Каримни ёд олди. У уч йил ичида Аллоҳнинг Китобини шу давоми...

3614 17:00 / 20.12.2020
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг давоми...

1202 11:30 / 15 февраль
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. У давоми...

1454 11:11 / 12.11.2023
Аудиолар

120643 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42226 14:35 / 11.08.2021