1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлиги эълони

11:30 / 15 февраль 1201 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир.


Бу инсоннинг шарафи ва қадари олийлиги эълонидир. Рисолаи Муҳаммадиядан аввал инсон хорлик ва зорликнинг энг паст даражасига тушган эди. Ер юзида ундан кўра кичикроқ ва ҳақирроқ нарса йўқ эди. Баъзи бир турли афсона ҳамда эътиқодлар ила қамраб олинган «муқаддас» ҳайвон ва дарахтлар ҳам ўз «банда»лари наздида инсондан кўра улуғ эди. Уларга инсонлар қони ва гўштидан, виждонлар қийналмаган ҳолда, қурбонликлар қилинар эди. Бу нарсаларнинг баъзи манфур намуналарини йигирманчи асрда Ҳиндистонга ўхшаш тараққий этган юртларда кўрдик.


Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга унинг шарафини ва кароматини қайтариб бердилар. У зот унга унинг эътиборини ва қадр-қийматини қайтардилар. У зот ушбу борлиқдаги энг азиз мавжудот инсон эканини, унинг бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар эканини эълон қилдилар. Инсондан кўра муҳаббатга, муҳофаза қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқ ҳеч нарса йўқдир. Исломда инсоннинг мартабаси энг юқори нуқтага кўтарилди. У Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш даражасига эришди. Аллоҳ оламни унинг учун халқ қилгандир. У ёлғиз Аллоҳнинг халқидир.


«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган...» (Бақара сураси, 29-оят).


«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик, уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик, уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).


Инсоннинг мукаррамлиги ва унинг улуғлиги эътирофига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидан кўра яхшироқ далил йўқ: «Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У Зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир».


Инсоннинг улуғворлигига, унга хизмат ва меҳрибонлик қилиш Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш эканига энг кучли далил қуйидаги ҳадиси шарифдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй Одам боласи, мен бемор бўлдим, кўргани келмадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди.


Аллоҳ азза ва жалла: «Ахир фалон бандам бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг», дейди.


Сўнг: «Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сенга таом берайин? Ахир Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди.


Аллоҳ азза ва жалла: «Фалон бандам сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Агар унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди.


Сўнг: «Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, Менга сув бермадинг!» дейди. Банда: «Эй Роббим, қандай қилиб Сенга сув берай? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди.


Шунда У Зот: «Фалон бандам сендан сув сўради. Сен унга сув бермадинг. Агар унга сув берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди».
Муслим ривоят қилган.


Инсоннинг улуғворлигини, унинг мартабаси олий эканини ушбу эълондан кўра равшанроқ ва фасоҳатлироқ эълон қилиш мумкинми?! Инсон қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ҳеч бир диёнат ёки фалсафада ушбу олий мартабага ва шарафга етганми?!


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун Бану Одамга раҳм кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар.


У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳмон раҳм қилувчиларга раҳм қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳм қилсангиз, сизга осмондаги Зот раҳм қилур», деганлар.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният бирлиги ва каромати ҳақидаги ушбу даъват ила чиқишларидан ҳамда бу ғоя йўлида керакли жиҳод қилишларидан олдин оламнинг ижтимоий ва сиёсий ҳолати қандай бўлганини биласизми?


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилишларидан олдин бир одам шаҳватининг, ҳавои нафсининг баҳоси минглаб, юз минглаб одамларнинг жонидан кўра қимматроқ ва юқорироқ турар эди. Бир подшоҳми ёки императорми, кўнглига келиб қолса, юртларни кул, халқларни қул қилиши ҳеч гап эмас эди.

У ўзининг пасткаш ниятига эришиш йўлида одамларни чопиб, наслларни ва ҳосилларни янчиб, ҳўлу қуруқни пайҳон қилиб битириши ҳеч гап эмас эди.


Искандар дегани чиқиб, Ҳиндистонга етгунича ўз йўлидаги барча цивилизация ва маданиятларни маҳв этди. Кисро дегани эса одамларни ҳайвон овлагандек овлади.


Бизнинг замонимизда икки марта жаҳон уруши бўлди. Уларда бир неча ўн миллионлаб одамлар қурбон бўлди. Буларнинг барчаси ирқчилик, шахсий манманлик, ҳокимият шаҳвати ва бозор талашиш натижасида содир бўлди.


«Ислом тарихи» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди
 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва давоми...

1987 13:00 / 18.08.2019
14 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигитқизларга ўсмир, ўспирин сўзи ишлатилади.Аслида арабчада муроҳиқ, ўзбекчада ўсмир, ўспирин деб аталган сўз ғарб истилоҳи бўлиб, давоми...

847 21:00 / 24.10.2022
873ndash950Файласуфлар шайхи, ҳаким Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Авзалағ Туркий Форобий Мантиқий. Заковат соҳибларидан бири.Машҳур асарлар давоми...

2573 18:00 / 30.01.2019
Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий аслида коҳин эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида пайғамбарлик даъвосини қилди. Унга ўз қавмидан ва давоми...

1923 18:37 / 25.10.2023
Аудиолар

120596 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42189 14:35 / 11.08.2021