1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Рисолат ва нубувват ила ваҳий нозил бўлишининг бошланиши

10:30 / 26.11.2019 2153 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси; милодий 610 йил, август)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди.

Сўнг у зотнинг кўнгиллари холи қолишни тусаб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳли оилаларининг олдига тушишдан олдин бир неча кун таҳаннус ибодати қилар эдилар. Бунинг учун озиқ-овқат ғамлаб олар эдилар.

Сўнг Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли озиқ-овқат олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.

(У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар)

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени тутиб, сиқди. Ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени иккинчи марта тутиб, сиқди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени учинчи марта тутиб, сиқди, ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юборди ва: «Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!» деди.

(Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша оятлар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар, Хадийжа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадийжа: «Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.

Сўнг у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулъуззонинг олдига борди (у Хадийжанинг амакисининг ўғли эди). У жоҳилият даврида нас­ронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Аллоҳ хоҳлаганича Инжилдан ибронийчасига ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Хадийжа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, қавминг сени ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қанийди, ўшанда тирик бўлсам!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарадиларми?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша (даъват) кунингга етсам, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди.

Кўп ўтмай, (иккинчи ваҳий келмасидан олдин) Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Соҳибқирон Ислом дини арконларига оғишмай амал қилишда ҳам пешқадам эди. У ҳамиша жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилар эди. Доимо юришларида кўчма масжид давоми...

3585 15:00 / 23.12.2020
Қуръони каримда бу пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари Анъом сурасида бир марта, Сод сурасида бир марта зикр қилинган.....ва Исмоил, АлЯсаъ, Юнус ва Лутни ҳам. давоми...

4461 15:30 / 18.03.2019
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва давоми...

1558 11:00 / 15.08.2019
Уҳуд ғазотида Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг отасидир. Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу давоми...

2160 09:00 / 09.01.2022
Аудиолар

121444 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42940 14:35 / 11.08.2021