1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Биз билмаган тарих: Амир Темур ва Ислом (учинчи мақола)

15:00 / 23.12.2020 3569 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Соҳибқирон Ислом дини арконларига оғишмай амал қилишда ҳам пешқадам эди. У ҳамиша жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилар эди. Доимо юришларида кўчма масжид олиб юрар, қаерга бориб қўнишса, махсус кишилар дарҳол ўша кўчма масжидни ўрнатишар ва ҳамма Амир Темур бошчилигида жамоат билан намоз ўқир эди. Бу ҳақда «Мен – фотиҳ Темур» асарида шундай келтирилади: «Мен футуҳотларим асносида бир кўчма масжид ясамоқ учун усталарга амр қилдим. Бу кўчма масжид яғочдан солиниб битказилди. Йигирма беш аравага юклатиб юрар эдим. Арава юра олмайдиган жойларга эса, тўрт юз от ёки хачирга юкланар эди. Масжиднинг икки минораси бор эди. Бириси ранги кўк бўлуб, маънода Аллоҳнинг қудратнамолигига таъбир бўлса, иккинчиси қирмизи бўлуб, ер юзи ва бани башар ҳокимиятининг белгиси эди. Худди шу каби масжид ҳам икки хил ранг билан бўялган эди. Бориб тушган ерларимда муаззин минорага чиқиб азон айтар, мен эса жамоат билан масжидда намозимни ўтар эдим. Ҳозир ушбуни, ҳаётимда кечирган воқеотларни ёзиб турган вақтимда Чин юртларига бормоқ қасдидадурман. Чин бутхоналарини масжидларга айлантирарман, иншооллоҳ! Мен билан бирга урушда ўлганларнинг шаҳидлар даражасида эканлигига ишонаман. Уларнинг мартабалари садри Ислом шаҳидлари билан баробардур. Чунки мен Ислом динининг тавсиаси (кенгайиши) учун урушмоқдаман. Мен билан бирга урушганлар албатта мужоҳиди фийсабилиллоҳдурлар (Аллоҳ йўлида холисона курашувчилардир)».

Ёки Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ёзиб қолдирган мана бу мисолни олиб кўрайлик: «Соҳибқирон сафарларидан бирида бир шаҳар билан танишаётиб, ўша ернинг раҳбари билан юрган пайтида намозга азон айтиб қолинади. Раҳбар бориб, жамоат билан намоз ўқиб келишга изн сўрайди. Шунда Амир Темур «Мен ҳам жамоат билан намоз ўқийман», деб бирга жўнайди. Бошқа бир жойга жума куни боришади. Жума намози яқинлашишига қарамай одамлар кўринмаётганини сезган Соҳибқирон таажжубга тушиб, ўша ернинг диний раҳнамосини топиб келишга амр қилади. Салла кийган бир кишини олиб келадилар. Амир Темур ундан аҳоли қайси динга эътиқод ва амал қилишини сўрайди. У одам «мусулмончиликка», деб жавоб беради. Амир Темур: «Намоз ўқийсизларми?» деб сўрайди. У: «Ҳа, ўқиймиз», дейди. Амир Темур: «Бугун жума, аммо ҳеч ким кўринмайди, нима, жума намози ўқимайсизларми?» дейди. Ҳалиги одам: «Ҳар ким ўз уйида ўқийди», деб жавоб беради. Шунда Соҳибқирон гап нимада эканини тушуниб етади-да, ҳалиги одамни дин орқали қорин тўйғизишни одат қилиб олганликда айблаб, анча койийди. Аллоҳ жума намозини жамоат билан ўқишга амр қилганини айтиб, Қуръони Каримдан бу ҳақдаги оятни ўқиб тушунтиради. Кейин азон айттириб, ўзи одамларга жумъа ўқиб беради».

Амир Темур дин уламоларини ҳаддан зиёд ҳурматлар, уларни ўзига яраша тақдирлар эди. Бу борада Амир ўзи амал қилган Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламоларидан ташқари шиа, рофизий мазҳаблари вакиллари, ҳатто насронийлик ёки бошқа динларнинг уламоларга ҳам марҳаматлар кўрсатиб турарди. У уламолар зиёратини канда қилмас, уларга сахийлик кўрсатар, мукофот ва ҳадялар берар эди. Қаерга борса, машҳур устозлар, ўзи китобини ўқиган уламоларнинг қабрини ҳам зиёрат қилар эди. Соҳибқирон ҳатто уруш бўлган жойларда яшайдиган уламоларнинг уйига кирган фуқароларга омонлик берар, уларга тегмас эди. Амир Темурнинг ўзи ҳам олим сифатида даврининг машҳур китобларини ўқиб, таҳлил қилиб борарди. Ўша ўзи китобини ўқиган уламолар тирик бўлса ҳам, вафот этган бўлишса ҳам баравар ҳурматларини жойига қўярди. Соҳибқирон Фирдавсийнинг «Шоҳнома»сини ҳам ўқиган эди. Унинг юртига борганида қаровсиз қолиб кетган қабрини излаб топиб, зиёрат қилади.

Соҳибқироннинг уламолар фикрини ҳамиша эътиборга олгани борасида шундай воқеани келтиришади: бир пайтлар Амир Темур Дамашқда ўша вақтнинг машҳур уламоларига таклифнома юбориб, катта йиғилиш ўтказади. Бу йиғилишда ўша даврнинг атоқли олимларидан Имодиддин Мағрибий, Сирож Искандарий, Баҳоуддин Ҳалабий, Ибн Халдун, Низомиддин Шомий ва Ибн Арабшоҳ кабилар қатнашишади. Амир Темур йиғилиш аввалида уламоларни қутлаб, уларнинг ҳар бирига алоҳида саволлар бериб синаб кўради. Сўнгра асосий масалага кўчиб, Қуръони Карим оятларини нозил бўлиш тартибига кўра қайта ёзиб чиқишни таклиф қилади. Уламолар бу масалани бир неча кун баҳс қилишиб, охири ҳозирги тартибни ўзгартириб бўлмайди, деган қарорга келишади ва буни охирги йиғилишда Амир Темурга етказишади. Соҳибқирон ўз фикрини қувватлаб, уламолар билан тортишади. Кейин эса уламоларнинг гапларидан қониқиш ҳосил қилиб, фикридан қайтади ва Қуръон оятлари тартиби бундан кейин асл ҳолида қолажагини ҳаммага эълон қилади.

Очиқчасига айтиш керак, Амир Темур қурган давлат соф исломий салтанат бўлган эмас. Соф исломий давлат хулафои рошидин (тўғри йўлдаги тўрт халифа) даврида ва юзинчи ҳижрий йилларда қисқа муддат халифа бўлган Умар ибн Абдулазиз замонида бўлгани Ислом оламида маълум ва машҳур. Шундан кейин бу давлатнинг соф исломийлиги бузилиб, оилавий мулкка, меросхўрликка айланган. Вақт ўтиши билан кўпроқ бузилиб бораверган. Ўз замонасининг одами сифатида Амир Темур ҳам ўзи қурган давлатда ўша замоннинг услубларидан фойдаланади. Шу билан бирга, ўша давр одати ва ўз илмига биноан исломий омиллардан ҳам фойдаланади. У қурган салтанатнинг ривожи ва зафарларида айнан ушбу исломий омиллар асосий аҳамиятга эга бўлгани сир эмас.

Аввало, Амир Темур эътиқод масаласида маҳкам туради. Аҳли сунна вал жамоа ақийдасини маҳкам тутар, турли бузғунчи фикрларни қаттиқ қоралар эди. Соҳибқирон ўз юришлари давомида учраган турли динларга эътимод қилувчилар билан гаплашар, уларнинг эътиқодлари ҳақида сўрар ва хатоларини баён қилар эди. Турли бузуқ мазҳабларга нисбатан ҳам шундай йўл тутар эди. У киши эътиқоднинг соф бўлиши, турли бидъат-хурофотлар бўлмаслиги тарафдори эди.

Амир Темур ўз тасарруфларини Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўғри келган жойларини эслатиш билан Қуръон ва Суннатга мувофиқ иш кўришга ҳаракат қилганини баён этади. У урушлардан бирида «Ким шайх Ҳисомиддин Сабзаворийнинг уйига кириб олса, омонда қолади» деган фармон чиқаради. Ҳолбуки, ўша шайх Ҳисомиддин Сабзаворий шиа эди. Соҳибқироннинг «унинг уйига кирганлар омон бўлади» дейиши эса Шайх учун катта обрў эди. Табиийки, ўша давр ўлчовига кўра, бир шиа одамга нима учун шунчалик ҳурмат, деган савол пайдо бўлади. Амир Темур буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига мослаб қилганини баён этади. Темур: «У зот алайҳиссалом Маккани фатҳ қилган кунлари «Ким Абу Суфённинг уйига кирса, омон қолади» деб эълон қилган эдилар. Абу Суфён ўша пайтда мушрик-кофир эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйини омонлик жойи деб эълон қилдилар. Мен бир шиа одамнинг уйини омонлик жойи десам, нима бўлибди?» дейди».

(Давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 12(21) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яман аҳлидан бўлган ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ давоми...

5367 05:00 / 11.03.2017
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва давоми...

946 15:25 / 08.06.2023
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи катта хизматлари ndash инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдасини армуғон қилганларидир. Бу ақийда инқилобий ва давоми...

1001 16:00 / 30.06.2023
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан тўртинчиси умидсизлик ва шумланишга қарши кураш, инсонда орзуумидни ва ўзига давоми...

2113 11:00 / 20.07.2023
Аудиолар

120825 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42394 14:35 / 11.08.2021