1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ўзинг ихтиёр қил (тўртинчи мақола)

09:30 / 06.11.2019 2370 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос ҳикмат ила иш тутдилар. У зот урушда катта мусибатга учраган аслзода аёлнинг, яъни София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдилар. Унга асирага эмас, бировда ҳаққи бор кишига қилинадиган муомалани қилдилар. Охир-оқибат ўша ҳикматли ишлар ўз самарасини берди ва Ислом иши олға босди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Тобақот»да келтирадилар:

«София Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда у зот унга:

«Аллоҳ отангни қатл қилгунча у менга яҳудийларнинг энг ашаддий адоватлиси бўлди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ Ўз Китобида «Бировнинг гуноҳини биров кўтармайди», деган», деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен ўзинг ихтиёр қил. Агар Исломни ихтиёр қилсанг, сени ўзим учун олиб қоламан. Агар яҳудийларни ихтиёр қилсанг, озод қиламан, бориб, қавмингга қўшилиб оласан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мени даъват қилишингиздан олдин мен Исломни ёқтирганман ва сизни тасдиқ қилганман. Яҳудийларда менинг ҳожатим ҳам, отам ҳам, акам ҳам йўқ. Сиз менга куфр ва Исломдан бирини танлаш ихтиёрини бердингиз. Мен учун Аллоҳ ва Унинг Расули озодлик ва қавмимга қайтишдан кўра маҳбуброқдир», деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларига олдилар».

Абу Яъло ўз китобларида ўша биринчи суҳбат ҳақида София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг ўзлари айтган сўзларни келтирадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб борганимда мен учун у кишидан кўра ёмонроқ одам йўқ эди. У зот «Қавминг у қилди, бу қилди», дедилар. Ўтирган жойимдан турганимда эса мен учун у кишидан маҳбуброқ бирор одам йўқ бўлиб қолган эди».

Бу мўъжизадан бошқа нарса эмас: кечагина отаси, амакиси, эри ва бошқа қариндошларини қатл этиб, қавмининг мағлубиятига сабаб бўлган томоннинг бошлиғига бугун София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо шунчалик муҳаббат қилиб, турмушга чиқишга ва қавмига қайтиб бормасликка рози бўлиб турса, буни мўъжиза демай, яна қандай атамоқ мумкин?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг озод қилинишларини маҳр этдилар. Шундай қилиб, чўрини озод қилишнинг маҳр ўрнига ўтиши шариат ҳукми бўлиб қолди.

София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг бунчалик даражага боришларига бошқа бир сабаб ҳам бор эди. Бу сабаб ҳақида Тобарий ва бошқа тарихчилар қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«У Кинона ибн Робийъга келин бўлиб тушганда уйқусида туш кўрибди. Ясриб томондан бир ой келиб, унинг қўйнига кирибди. Бу тушни эшитган Кинона:

«Бу сенинг Ҳижознинг подшоҳи Муҳаммадни орзу қилишингдан бошқа нарса эмас!» деб бақирди ва унга тарсаки туширди. Ўша тарсакининг изи кейин ҳам қолди».

Бу ҳол ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳога уйланишлари оддий ҳолат эмаслигидан дарак беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ишлари илоҳий ҳикматга боғлиқ бўлганидек, у зотнинг София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо билан бўлган алоқалари ҳам шундай ҳикматга оид эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мўмина қиз, инсоният учун яратилган энг хайрли умматнинг қизи, Аллоҳнинг ҳукмига итоат этишда энг олдинги сафда бўлганидир. Ўраниш мўмина қизга Аллоҳнинг буйруғи. давоми...

1368 20:30 / 01.11.2022
VIРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги давоми...

3114 14:58 / 18.10.2018
VIIХадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо биринчи бўлиб Исломга кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ давоми...

2372 12:10 / 21.10.2018
Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжизаларни санайдиган бўлсак, охирига етиб боролмаслигимиз аниқ. Она сути ҳам ана шундай мўъжизалардан биридир. Агар оналар кўкрак давоми...

3582 21:00 / 07.11.2022
Аудиолар

121550 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43034 14:35 / 11.08.2021