1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Қудачилик алоқалари (учинчи мақола)

20:05 / 14.09.2019 2214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барра бинти Ҳорис бу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллани топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. Шунинг учун ҳам ҳеч иккиланмасдан, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Ё Расулаллоҳ, мен муслима аёлман, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат келтирганман. Мен ўз қавмининг саййиди – Ҳориснинг қизиман. Бошимга сизга махфий бўлмаган бало тушди. Мен Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг чекига тушдим. У мен билан тоқатим ҳам, қўлим ҳам, қудратим ҳам етмайдиган нарсага аҳднома тузди. У тўққиз увқия тилладан иборатдир. Менинг ўшанга рози бўлишим сиздан умид қилганим учун бўлди. Аллоҳ сизга саловот юборсин. Сизнинг ҳузурингизга тузган шартномамни адо этишда ёрдам сўраб келдим», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенга бундан кўра яхшироқ бўлишини хоҳлайсанми?» – дедилар.

«У нима, ё Расулаллоҳ?» – деди у.

«Сенинг шартномангни адо қилиб, ўзингга уйланаман», – дедилар У зот.

«Хўп! Ё Расулаллоҳ!» – деди у.

«Ўшандоқ қилганим бўлсин», – дедилар у зот.

Буниси қандай бўлди, дейиш мумкин. Ҳақиқатда бундай бўлишига ақл бовар қилмайди. Бу гап-сўзлар кечагина қирғинбарот уруш қилган икки тарафнинг икки вакили ўртасида бўлиб ўтмоқда. Қандай аёл кеча ўз эрини қатл қилган томоннинг бошлиғининг бир оғиз сўзи ила унга хотин бўлишга рози бўлиши мумкин?!

Яна қавмининг тирик қолган барча аъзолари асир қилиб, тақсимлаб олинган бўлса?

Яна ўша аёл ўз қавмининг улуғининг қизи – аслзода бўлса?

Барра бинти Ҳориснинг бундай қилишига сабаб бор эди. Бу сабабни ундан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.

Бу сабабни билиш учун имом Байҳақий у кишининг ўзидан қилган ривоятни келтирамиз:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келишларидан уч кеча олдин тушимда Ясрибдан бир ой келиб, қучоғимга тушганини кўрдим. Буни бировга айтишни истамадим. Асирга тушганимизда тушим ўнгидан келишини орзу қилдим. Бас, у зот мени озод қилиб, никоҳларига олдилар».

Ҳа, гап бу ёқда экан. Ҳамма нарса олдиндан аён бўлган экан. Шунинг учун ҳам Барра бинти Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дастлаб мурожаат қилганда:

«Ё Расулаллоҳ, мен муслима аёлман, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб ва сизни Аллоҳнинг Расули деб шаҳодат келтирганман», – деган экан.

Энди Барра бинти Ҳориснинг тутган иши тушунарли бўлди. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган ишларини қандай тушуниш мумкин? У зот дунёдаги энг карамли зот эдилар. Бир асира аёл ёрдам сўраб келса, ёрдам беришлари турган гап эди. Шарт қўймай, пулни бериб юбораверсалар бўлмас эдими? Нима учун шартномадаги маблағни тўлаш билан бирга уйланишни ҳам айтдилар экан?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни у зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.

(Давоми бор)

 

«Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Таълим, арабча .аллама, феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда давоми...

4921 19:50 / 14.04.2020
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 619. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан яна бири ndash уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш давоми...

1659 13:30 / 15.09.2020
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир.Бунда талоқни ҳам, бошқа маънони ҳам англатадиган лафз хотинига нисбат бериб ишлатилади..Бас,, давоми...

1709 16:00 / 02.02.2023
.Маҳр, ақди никоҳ ёки эрхотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан .садоқ,, давоми...

5214 18:10 / 06.01.2019