1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ёлғон гувоҳлик бериш

19:30 / 03.07.2019 4572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар»(Фурқон сураси, 72-оят).

Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).

Мусанниф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи одам бир қанча улкан гуноҳларни содир этади:

1) Ёлғон ва уйдирма;

Аллоҳ таоло айтганки:

«Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас»(Фотир сураси, 28-оят).

Ҳадиси шарифда эса: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти);

2) Зулм. Кимнинг зарарига ёлғон гувоҳлик берса, унга зулм қилган бўлади. Чунки шу гувоҳлик сабабли ўша кишининг мол-мулки ёки обрўси ва ё жони кетади;

3) Шунингдек, кимнинг фойдасини кўзлаб ёлғон гувоҳлик берса, унга ҳам зулм қилган бўлади. Зеро, унинг гувоҳлиги туфайли у киши ҳаром мол-мулкни эгаллайди ва дўзахга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, батаҳқиқ, унга дўзахнинг бир парчасини бўлиб берган бўламан» (Мутафаққун алайҳ);

4) У Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаган ўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажовуз қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини хабар қилайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: «Қанийди, сукут қилсалар», дедик (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Аллоҳ таолодан барча балолардан омон сақлашини сўраймиз.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, хамр маст қиладиган ичимлик ичиш,қимор ўйнаш, бутлар яъни, уларга сиғиниш ва чўплар яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш шайтон давоми...

3928 15:02 / 13.07.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни давоми...

5292 21:10 / 04.01.2019
Аллоҳ таоло айтади .Эй мўминлар, ароқ маст қилувчи ичкилик ичиш, қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва чўплар билан фол очиш шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, давоми...

4928 12:10 / 31.05.2019
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар .Қиёмат олдидан олти нарсани давоми...

4053 10:06 / 09.06.2022