1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзада ман қилинган ишлар (жимоъ ҳақида)

20:30 / 22.05.2019 2124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.

«Рамазонда хотинимга яқинлик қилиб қўйдим», деди.

«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди. 

Сўнгра кутиб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир замбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):

«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, унинг (Мадинанинг) икки лава (майдони) орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Ҳатто тишлари(нинг оқи) кўриниб кетди. Сўнгра:

«Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Рўзадор жинсий яқинлик қилса, унинг рўзаси очилиши.

2. Рўзасини бузган рўзадор каффорот бериши вожиблиги.

3. Энг аввалги каффорот қул озод қилиш эканлиги.

Бу Исломда қулдорликка қарши курашнинг яна бир кўринишларидан биридир. Мусулмон кишининг гуноҳини ювишга қул озод қилишнинг шарт қилиб қўйилиши шуни кўрсатмаса, бршқа нимани кўрсатар эди?! Фақат гуноҳкор одам қул озод қилишга қодир бўлмасагина унга қарши бошқа чоралар кўрила бошлайди.

4. Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай, олтмиш кун рўза тутиши лозим.

Бу ҳукм эса рўзадор Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилганлиги сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун жорий қилинган.

Албатта, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш осон эмас, бунга қодир бўлиши мумкин кишиларга эса бошқа чора ҳам йўқ. Лекин ушбу биз ўрганаётган қиссанинг қаҳрамони, аъробийлардан бўлмиш Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳу олтмиш кун кетма-кет рўза тутишга қодир эмас эдилар. Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» деганларида, «Рўзани деб шу ҳолга тушиб турибман-ку!» деган.

5. Рамазонда жинсий алоқа қилиб, рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинга таом улашади. Ҳар бир мискинга бир мудд (1 мудд – 1843 грамм) миқдорида таом беради. Бу эса ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир. Ислом дийни мискин-фақирларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ҳар бир қулай имкониятни тўлиқ ишга солган.

Ҳадиснинг охирида Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг аъробийларга хос соддалик ва очиқликларига гувоҳ бўламиз. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ҳадя қилиб келтирилган хурмо қобиғидан тўқилган занбилдаги олтмиш мискинга етадиган, олтмиш мудд миқдоридаги хурмони олтмишта мискинга бериш ҳақидаги гапларини эшитиши билан Мадинада ўзидан кўра мискинроқ аҳли байт йўқ эканлигини эслатади. Бу эса «ўзим еб қўйсам бўлавермайдими?» дегани эди. Шундай ҳам бўлди. Лекин буни рўзасини бузгани учун мукофот маъносида тушунмаслик керак. Бу ҳодиса Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳунинг ўзига хосдир. Бошқаларга мумкин эмас. Қолаверса, бунда «ҳозирча ўзинг еб тур, кейин топганингда каффоротни берасан», деган маъно ҳам бор.

Жумҳур уламолар «Жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради», деганлар.

Гарчи воқеликдаги ушбу мисолдан иш бир оз енгилроқ бўлиб кўринса ҳам аслида иш ўта оғирдир. Рамазон рўзасининг бир кунини узрсиз ўтказиб юбориш улкан гуноҳ бўлиб, унинг ўрнини тўлдириш жуда ҳам мушкулдир. Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган каффоротлар бир кун тутилмай қолган, хато туфайли очилган рўзанинг каффоротидир. Агар ўша миқдор икки ёки уч кунга ўтса, бир ой ёки бир умрга ўтса, нима бўлишини яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Узрсиз бир кун рўза тутмаган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам ўша куннинг ўрнини тўлдира олмайди», деганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда «Бир кун рўза тутмаган одам қирқ йил жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди», деганлар. Шунинг учун Аллоҳ етказганига шукр қилиб, рўзани канда қилмай тутиш керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яъло ибн Убайддан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Савқанинг олдига кирдик. У шундай деди .Сизларга бир гапни айтаман. Шояд, Аллоҳ сизларга у билан манфаат берса, давоми...

1349 07:10 / 28.05.2019
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом1 ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва аёллар шаҳватини давоми...

1843 09:05 / 25.08.2019
Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саховати ўз даврида тилларда достон бўлган. У киши тижорат билан кун кўргани, тижоратида ҳалоллиги давоми...

2275 09:10 / 27.02.2019
Абдуллоҳ ибн Муборак икки йилда бир ҳаж қилар эди. У шундай ҳикоя қилади .Ҳаж қиладиган йилим беш юз динор олиб, туя сотиб олиш учун Кўфадаги туя бозорига чиқдим. давоми...

2478 11:11 / 14.10.2020
Аудиолар

121596 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43062 14:35 / 11.08.2021