1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Гуноҳларнинг қисмлари

12:10 / 28.04.2019 2923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимиз банда содир этадиган гуноҳлар асосан унинг қуйидаги тўрт сифатидан келиб чиқишини таъкидлаганлар:

1. Ҳайвоний сифатлар.

Бу турдаги сифатлардан турли ёмонликлар, қорин ва фарж шаҳватига ҳирс қўйиш, зино, баччабозлик, ўғрилик ва ҳаромдан мол топиш каби гуноҳлар келиб чиқади.

2. Йиртқичлик сифатлари.

Бу хилдаги сифатлардан ғазаб, ҳиқд, одам уриш ва ўлдириш, бировларнинг молини тортиб олиш каби гуноҳлар келиб чиқади.

3. Шайтоний сифатлар.

Булардан ҳасад, макр, ҳийла, алдамчилик, мунофиқлик, бузғунчиликка бошлаш каби гуноҳлар келиб чиқади.

4. Рубубият сифатлари.

Бу сифатларни қўполроқ таржима қиладиган бўлсак, ўзини Роббнинг ўрнида ҳис қилиш маъноси келиб чиқади. Улардан кибр, фахр, мақтовни ёқтириш, иззатталаблик, ўзини юқори қўйиш каби гуноҳлар келиб чиқади. Улар бандани ҳалокатга элтувчи гуноҳлардир. Баъзи ғофил бандалар буларни гуноҳ деб билмайдилар.

Ушбу тўрт хилдаги сифатлар бирин-кетин, даражама-даража ривожланиб боради. Аввал ҳайвоний сифатлар пайдо бўлади, унинг ортидан йиртқичлик сифатлари юзага чиқади. Иккиси қўшилиб ақлни макр, ҳийла ва алдамчилик каби шайтоний сифатларга тортади. Охир-оқибат рубубият сифатлари ғолиб бўлади.

Юқорида зикр қилинганлар гуноҳларнинг оналаридир. Улардан сон-саноқсиз, қум-қум бўлиб болалари туғилади. Гуноҳ қилиш ҳақида фикрлаш ва бидъат ҳамда нифоққа ўхшаш гуноҳлар қалбдаги гуноҳлардир. Шунингдек, кўз, қулоқ, тил, қорин, фарж, қўл, оёқ каби аъзоларга оид гуноҳлар ҳам бор.

Гуноҳлар ҳақ эгаси эътиборидан иккига тақсимланади:

1. Одамларнинг ҳақларига боғлиқ гуноҳлар.

Бу турдаги гуноҳларнинг иши қийин. Ҳақ эгаси бўлган банда кечирмагунича, уларни мағфират қилинмайди.

2. Аллоҳ таоло билан банда орасидаги ҳаққа оид гуноҳлар.

Бу тоифадаги гуноҳларнинг кечирилишидан умидворлик кўпроқ. Аммо гуноҳ Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлса, бу ҳам кечирилмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги девонлар (номаи аъмол) учтадир: Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон, Аллоҳ бирор нарсасини тарк қилмайдиган девон, Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон.

Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон ширкдир. 

Аллоҳ азза ва жалла: 

«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деган.

Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон банданинг ўзи билан Робби орасидаги бир кун тарк қилган рўза ёки намоз каби нарсада ўзига зулм қилишидир. Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, уни мағфират қилиб, кечириб юборади.

Аллоҳ бирор нарсаси тарк қилинмайдиган девон эса бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир. Бунда қасосдан бошқа илож йўқ». 

Имом Аҳмад ривоят қилган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тарихи Димашқ, номли китобида шундай ёзади.Суҳайл ибн Аби Ҳазм айтади.Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ вафот этганидан сўнг уни давоми...

1970 10:30 / 25.10.2021
.Исро, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр давоми...

4820 10:29 / 06 февраль
1. Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким давоми...

1935 14:00 / 27.08.2022
Мушкулотимиз шундаки, бизнинг кўзларимиз оч. Йўқотилган ёки ўзимизда йўқ неъматларни санаб юрамиз. Бор неъматларнинг шукрини қилмаймиз. Қўлимиздаги нарсага эмас, давоми...

2479 11:09 / 31.10.2023