1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасида?

21:10 / 07.04.2019 3741 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Агар «Никоҳ тўйини келин тараф қилиши керак», деган гап айтилса, уларнинг ҳуши бошидан учиб кетиши турган гап. Айниқса, «Ош қиз тарафда бўлади. Куёв тараф, ҳолига қараб, келин тараф қилган тўй ошига икки юз элликтагача, баъзида ундан ҳам кўпроқ одам олиб келади. Агар келин тараф уларни яхшироқ кутиб олмаса, балога қолади», дейилса, мутлақо ишонишмайди. Ҳа, шариат кўрсатмасига амал қилмаслик оқибатда инсон табиатига тўғри келмайдиган ана шундай нарсаларни қилишгача олиб боради.

Аслида, никоҳ тўйини қилиш эр тарафнинг вазифаси. Бунга ҳужжат ҳам, далил ҳам бор:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: «Отангга айт, тўй қилиб берсин», демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. Бунга юқорида ўтган Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу хусусидаги ҳадис мисол бўлади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйи қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганлар.

Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:

«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилиш керак», дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Менда бир қўчқор бор!» деди.

Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...»

4. Ислом уммати ва уламолар жумҳурининг ижмоъси.

Нима учун никоҳ тўйи қилиш эркакка юклатилган?

Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.

Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради.

Қиз тарафдан тўй қилишни талаб қилиш, сеп талаб қилиш, уйни асбоб-анжом билан тўлдиришни талаб қилиш ва бошқа барча талаблар шариатга, мурувватга, инсонийликка ва ўзбекчиликка мутлақо зиддир. Бу талабларнинг барчаси исрофдир, Аллоҳ таоло эса исрофчиларни севмас. Исрофчилар эса шайтонларнинг биродаридир!

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар Жаннатдаги барча дарахтларнинг танаси олтиндандирrdquoТермизий ривоят давоми...

5499 12:03 / 08.12.2018
Кўпчилик одамларнинг мақтовини яхши кўриб, танқидини ёмон кўргани сабабли ҳалокатга учрайди. Уларнинг барча ҳаракатлари одамларнинг розилигини топишга, давоми...

2219 19:45 / 10.02.2019
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам севиб истеъмол қилган ва умматларига ҳам тавсия этган ўнта неьматнинг бири анор ҳисобланади. Қадимий манбаларда давоми...

2267 11:00 / 06.12.2020
Илк бор Катта Лангар Қуръонини 1997 йил йили Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғида кўрган эдик. Ўша пайтда у Катта Лангар қишлоғида Лангар ота давоми...

2849 11:00 / 12.05.2020
Аудиолар

121567 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43044 14:35 / 11.08.2021