1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Лаънат айтиш

18:10 / 01.04.2019 4333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Дардодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Лаънатловчилар қиёмат кунида шафоатчи ҳам, гувоҳ ҳам бўлмайдилар» (Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар банда бирон нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Бироқ осмон эшиклари унинг қаршисида ёпилади. Сўнг ерга қайтади. Бироқ унинг қаршисида ер эшиклари ҳам ёпилади. Кейин ўнгга-сўлга юради. Агар бирон имкон (қўнимгоҳ) топмаса, мабодо лаънатланган киши муносиб бўлса, унга қайтади. Муносиб бўлмаса, айтган одамга қайтади» (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини лаънатлаган аёлни туясидан маҳрум қилиш билан жазолаганлар.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтадилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бир вақт ансорий аёллардан бири аччиқланиб, миниб келаётган туясини лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитдилар-да: «Устидаги нарсаларни олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Зеро, у малъун-лаънатлангандир», дедилар. Ўша туя одамлар орасида юргани-ю, унга ҳеч ким тегмаганини мен ҳозир ҳам кўриб тургандекман» (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Киши биродарининг ор-номусига тажовуз қилиши энг катта судхўрликдир» (Баззор ривояти).

Амр ибн Қайс айтган эканлар: «Агар киши уловига минса, улови: «Эй Аллоҳим, уни менга меҳрибон ҳамроҳ қилгин», дейди. Агар уни лаънатласа: «Аллоҳ ва расулига осий бўлганларимизга Аллоҳ азза ва жалланинг лаънати бўлсин», дейди.

Фасл

Гуноҳлардан сақланган мусулмонни лаънатлаш ҳаромлигига мусулмонлар «ижмоъ» қилишган. Бироқ қораланган сифат эгаларини лаънатлаш жоиз. Масалан, «Аллоҳ золимларни лаънатласин», «Аллоҳ кофирларни лаънатласин», «Аллоҳ насоро-ю яҳудларни лаънатласин», дейиш мумкин.

Ўғри, золим, зинокор, судхўр ёки яҳудий бўлган муайян бир инсонни лаънатлаш, ҳадислар зоҳирига биноан ҳаром эмас. Имом Фаззолий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари эса бунинг ҳаромлигига ишора қилганлар ва Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Фиръавн, Ҳомон каби кофир ҳолида ўлгани маълум кимсаларнигина лаънатлаш жоиз деб билганлар. «Чунки лаънатлаш – Аллоҳ раҳматидан четланиш деганидир. Биз фосиқ ёки кофирнинг хотимаси қандай бўлишини эса билмаймиз», дейдилар.

Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган муайян кимсаларни лаънатлаш жоиз. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг кофир ҳолида ўлишларини аниқ билганлар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган Раъл, Заквон ва Усайя (ёки Асийя) қабилаларини лаънатлагин», деганлар (Муслим ривояти).

Бирор кишини дуоибад қилиш ҳам қарийб лаънатлаш билан баробардир. Ҳаттоки, золимни «Аллоҳ жисмини соғ қилмасин» «Аллоҳ саломат қилмасин» каби сўзлар билан дуоибад қилиш дуруст эмас. Буларнинг барчаси қоралангандир.

Шунингдек, жонли-ю жонсиз барча мавжудотни лаънатлаш ҳам ножоиз. Айрим уламолар айтганларки: «Кимда-ким лаънатга муносиб бўлмаган кишини лаънатласа, дарҳол сўзини қайтариб олсин...»

Фасл

Амри маъруф-наҳий мункар қилувчи ва ҳар бир насиҳатгўй қаршисидаги кишига: «Ҳолингга вой бўлсин» «Эй ҳоли заиф», «Эй лоқайд», «Эй ўзига золим» каби сўзларни айтса жоиз. Бунда фақат ёлғонга ўтиб кетмаслиги ва рост бўлса-да, қўпол, беҳаё сўз сўзламаслиги даркор. Одоб бериш, ёмон хулқлардан қайтариш ва сўз таъсирчан бўлиши учун юқорида зикр қилинган жумлаларни сўзлаш мумкин, холос. Валлоҳу аълам.

Эй Аллоҳим, қалбларимизни ўзингдан бошқага боғланиб қолишдан покла, бизни Ўзинг яхши кўрган ва Ўзингни яхши кўрган қавмдан қил. Бизни, ота-онамизни ва барча мусулмонларни мағфират айла.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлардан бири Зайд ўз идораларида порахўрлик бадалисиз ишлай олмайди ва одамларнинг илтимосларини усиз бажара олмайди. Бу иш порахўрлар билан масъуллар давоми...

3507 13:00 / 12.03.2020
Ислом динида мўминмусулмонларга нафақат зарари бор бўлган нарса, балки ўша зарарга олиб борадиган нарсалар ҳам ҳаром этилган.Аллоҳ таоло зинони ҳам, зинога олиб давоми...

2337 08:59 / 18.10.2021
Аллоҳ таоло айтади.Одамлардан мутакаббирлик билан юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибрҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас, давоми...

3807 17:30 / 07.01.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ҳамиймўта қайноқ сув уларнинг бошларидан қуйилур ва тешиб қорнига етиб давоми...

2604 11:09 / 09.01.2020