1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳдан бошқасига дуо қилинмайди

19:00 / 03.03.2019 4375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иборали дуо ва феълий дуо

Аллоҳ ер юзида юзага чиқарган барча воқеаларни маълум сабабларга боғлаган. Дунёдаги ва атрофдаги барча воқеалар Аллоҳнинг низоми асосида рўй беради. Аллоҳ иборали дуо билан ёнма-ён одамларнинг ўз ҳаракати билан дуоларининг қабулини қанчалик истаётганларини кўрсатишларини истайди. Бу феълий дуодир. Феълий дуо кишининг бирор орзусига етиш учун Аллоҳга дуо қилиб, кейин имкони борича ҳаракат қилишдир. Масалан, имтиҳондан муваффақиятли ўтишни истаймиз. Бунинг учун фақат дуо қилиш билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Аллоҳга дуо қилиб имтиҳонларга тайёрланишимиз зарур. Тайёрланишдан аввал Аллоҳдан бизга ўткир зеҳн беришини исташимиз, тайёрланиб бўлгач эса имтиҳонларни осонлаштиришини сўрашимиз иборали дуодир. Имтиҳонга тайёрланиш эса иборали дуони қувватловчи феълий дуодир. Феълий дуо иборали дуо билан бирга қилиниши керак бўлган ибодатдир. Иборали ва феълий дуога яна бир мисол тавбадир. Кишининг бирор гуноҳ учун тавба қилиши, Аллоҳдан мағфират тилаши иборали дуодир. Лекин бу билан унинг масъулияти тугамайди. Гуноҳлари учун тавба қилган одам, бундай кейин ҳаракатларини, амалларини, сўзларини назорат қилиши, қисқаси ўз устидан ўзи ҳоким бўлиши лозим. Қисқаси тавба қилган нарсаларига асло қайтмаслик учун имкониятининг охирги даражасигача ҳаракат қилиши лозим. Бу унинг феълий дуоси бўлади.

Бирор ишнинг юзага чиқиши учун фақат иборали дуо билан чекланиб қолган кишининг ҳаракати қанчалик нотўғри бўлса, ишлари амалга ошиши учун ҳаракат қилиб, бу ишни ўзим бажардим деб дуо қилмаган кишининг ҳаракати ҳам шунчалик нотўғри.

Аллоҳдан бошқасига дуо қилинмайди

Шерик қўшиш, яъни ширк Аллоҳдан ўзга бошқа илоҳ бор дейиш энг катта кечирилмас гуноҳдир. Унинг нақадар улкан гуноҳ эканлиги ҳақида Қуръонда шундай дейилган:

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришларини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (Нисо, 48-оят).

Ширк тарихнинг ҳамма даврларида мавжуд бўлган. У ҳозирги яшаб турган давримизда ҳам йўқ эмас. Кўпчилик ўзининг ширк ичида яшаётганидан бехабар ҳолда, уни ёмон кўради. Аллоҳнинг сифатларини бошқаларга боғлаш, уларни баъзи одамларга тадбиқ этиш ҳам ширкнинг бир туридир. Мисол усун одам Аллоҳдан бошқасининг розилигини топиш, уни хурсанд қилиш учун яшаётган бўлса, ундан мадад кутса бу ширк бўлади.

Одамлар учун бу улкан гуноҳдан сақланишнинг ягона йўли дуо қилишдир. Чунки дуо қилувчи одам Аллоҳнинг биру борлигини, Унинг қаршисида ожизлигини, исташ мумкин бўлган Зот фақат У эканлигини, ёлғиз мададкори ҳам Аллоҳлигини тан олган бўлади. Шу сабабли дуо мўминни ширкдан асрайди. Зеро бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дуо мўминнинг қуролидир», деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда:

«Эй Набий, сенга ва сенга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир» (Анфол, 64-оят) билдирган оятга кўра мўминлар мадад сўралишга лойиқ Зот ягона Аллоҳ эканини биладилар. У ҳар соҳада энг устун, чексиз қудрат соҳиби, эшитувчи ва билувчи Зотдир. Шундай экан ёрдам фақат ва фақат ҳамма Унга муҳтож бўлган, Ўзи эса ҳеч кимга муҳтож бўлмаган Аллоҳдан сўралиши керак. Қуръон каримда Аллоҳдан ўзгага дуо қилиш хатолиги ва дуога лойиқ Зот фақат Аллоҳ эканлиги шундай баён қилинган:

«Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Йўқса, азобланганлардан бўласан» (Шуаро, 213-оят).

Бошқа оятларда Аллоҳдан ўзгага дуо қилувчиларнинг ҳолати ҳақида шундай дейлилган:

«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлари ҳеч нарсани ярата олмаслар. Ҳолбуки, ўзлари яратилурлар. Ўликлардир, тирик эмаслар ва қачон қайта тирилишларини билмаслар» (Наҳл, 20–21-оятлар).

Буларни билган мўмин асло ва асло Аллоҳдан бошқасига дуо қилмайди. Фақат Унга илтижо қилиб, фақат Ундан истайди. Шу сабабли «Фотиҳа» сурасида иймон келтирганларга қуйидаги оятлар дуо тарзида таълим берилган:

«Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас» (1–4-оятлар).

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бани Исроилда бир обид киши бор эди. Унинг жундан тўқилган жуббаси билан одамларга сув ташийдиган мешидан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўлими яқинлашгач, у шогирдларига давоми...

1515 08:00 / 18.09.2020
Сув Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан бири. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринга Уни ёмғирли давоми...

2432 17:00 / 13.06.2022
Муоза Адавийя Басрийя раҳимаҳаллоҳ ўзи эмизган фарзандларига ҳаром ейишдан четланишни буюрган эди. Абу Абдурраҳмон Сулламий айтади .Умму Асвадни ҳам Муоза давоми...

1661 08:00 / 10.01.2021
Бобби Лич исмли киши ўз номини Ниагара шаршарасидан биринчи бўлиб сакраган инсон сифатида тарихда қолди. Сакраганидан ўн беш йил ўтиб апельсин пўстлоғига давоми...

3903 11:06 / 09.08.2020