1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Устозим илм дунёсининг қуёшидир!»

13:10 / 22.02.2019 2614 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салафи солиҳларимиз ҳикматни қаерда ё кимда кўрса, уни ғанимат деб биладиган, илмнинг қадрига етадиган ҳимматли зотлар бўлишган. Уларда ўзларидан ёши кичик олимларга нисбатан адолатсизлик бўлмаган. “Менинг ёшим катта, кеча тухумдан чиққан бу жўжахўроз уч-тўртта китоб ўқиб олиб, ўзича ақлмирзалик қиляпти. Сенда илм бўлса менда тажриба бор” – деб ҳасад қилишмаган. Илм кимда бўлса, у ёшми ё қарими бунисига аҳамият бермасдан ундан фойдланиб қолиш пайида бўлганлар.

Аслида ҳақиқий мўмин шундай бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

الكلمة الحكمة ضالة المؤمن فحيث وجدها فهو أحق بها

«Ҳикматли сўз мўминнинг йўқотиб қўйган нарсасидир. Қаерда кўрса уни олишга ҳақдордир» (Термизий, Ибн Можа ривоят қилишган).

Лекин, минг таассуфки бугун биз умматлар Расулуллоҳнинг бу ҳадисини қўйиб, арабларнинг қуйидаги:

علم الصغير محقور و جهله معذور

“Ёши кичикнинг илми ҳақир, билмаслиги эса маъзур” – деган мақолига амал қилиб юрибмиз. Ёшларнинг илмини, салоҳиятини қадрламаяпмиз, қадрига етмаяпмиз. Улардан фойдаланишнинг ўрнига, довруғини чиқармасдан, оёғидан чалиш ҳаракатида юрибмиз.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (164–241) раҳимаҳуллоҳни ҳаммамиз кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Шу зот 300 000 (уч юз минг)дан зиёд ҳадисни ёддан билган ҳофиз, ўз даврининг кўзга кўринган олими эдилар. Тўрт фиқҳий мазҳабдан Ҳанбалийлик мазҳабига асос солганлар. Шунга қарамасдан, у киши ўз даврида ўзидан анчагина кичик 25 ёшли (ҳанафий мазҳаби олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (131–189) бўлиши мумкин) олимдан ҳам сабоқ олган эканлар ва устозининг уйларида хизматларини қилиб юрар эканлар. Бир куни Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг баъзи яқинлари у кишига эътироз билдирди:

  • – Ҳазрат, сиз ёшингиз ҳам улуғ, илмингиз ҳам кўп, катта олимсиз. Нега ўзингиздан 25 ёш кичик  одамга шогирд бўлиб юрасиз? Унинг олдида қуллуқ қилиб турасиз? Шунда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал жавоб бердилар:
  • – Тўғри, мен у кишидан кўра кўпроқ ҳадис ёд олганман. Аммо у зот ҳадисларнинг маъносини, фиқҳини мендан яхши тушунади. Агар шу йигит бўлмаганда биз илм-маърифат уйининг ичига кира олмай, эшик олдида қолиб кетган бўлардик. Аллоҳ унга ўзгача иқтидор ато қилган. Ҳадис ва хабарларнинг асл мағзини жуда яхши фаҳмлайди. Бу устозим илм дунёсининг қуёшидир!

Авазбек Мўминов,

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Усмон Сақафийдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулshyазизнинг бир хизматчилари бўларди. У эшагида юк ташиб, ҳар куни бир дирҳам топиб келарди. Бир куни у бир ярим давоми...

1831 08:02 / 07.12.2019
Али ибн Мадинийдан ривоят қилинади .Тушимда Холид ибн Ҳорисни оқ либосда кўрдим. .Аллоҳ сизга қандай муомала қилди, дедим. .Аҳволимиз қийин, деб кўп айтганим учун давоми...

2076 09:17 / 06.10.2019
ndash Маълумки, Рамазон ойи ойлар орасида энг фазилатлисидир. Шундай экан, бу ойнинг файзу баракотидан баҳраманд бўлиш учун алоҳида тайёргарлик кўрган афзал. Ана шу давоми...

1695 11:04 / 14.05.2020
САВОЛ Аллоҳ илмингизга янада барака берсин. Биз Украинада савдо билан шуғулланамиз, у ерда .Аҳбош, деган фирқа бор. Улар бозорларга кириб, ўзбекларни ўзини йўлига давоми...

3326 20:48 / 25.04.2016