1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага яхшилик қилишнинг фазли

18:03 / 02 май 855 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Китабул бирр вас-сила»сида мусулмон маданияти, яъни махлуқотлар ва аввало инсон зоти билан бўладиган муомала одоби рўйхатининг биринчи сатрида ота-онага яхшилик қилиш бобини очиш ила Ислом динининг бу масалага қанчалар аҳамият билан қарашини билдирган.

Ота-она ҳар бир инсон учун энг мўътабар, эъзозли кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган таълимот йўқдир.

Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.

Ота-онага яхшилик қилиш энг фазлли ишлардандир. Ушбу бобда худди шу маънони акс эттирувчи маълумотлар ўрганилади.

عَنْ عَوْنِ بْنِ عَبْدِ اللهِ: أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ ابْنَ مَسْعُودٍ: أَيُّ الْأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ فَقَالَ: سَأَلْتَنِي عَمَّا سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: «الصَّلَاةُ لِوَقْتِهَا وَبِرُّ الْوَالِدَيْنِ..».

Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Бир киши Ибн Масъуддан: «Амалларнинг қай бири афзал?» деб сўради.

«Сен мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган нарсамни сўрадинг. У зот: «Вақтида ўқилган намоз, ота-онага яхшилик қилиш…» деганлар», деди».

Шарҳ: «Китабул бирри вас-сила»нинг матнида ровийдан то муаллифгача келган кишилар номи зикр қилинган силсила бор. Биз фақат саҳоба ёки тобеъиннинг номини келтириш билан чегараланамиз.

Саҳобалар ва тобеъинлар авлодининг афзалликларидан бири амалларнинг афзалини қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқлари эди. Улар доимо афзал, савоби кўп амални қилиш пайидан бўлар эдилар. Бу нарсани билишнинг энг тўғри ва осон йўли саҳобалар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, тобеъинлар учун саҳобалардан сўраш эди.

Биз ўрганаётган ушбу ривоятда ҳам тобеъин қайси амал афзал эканини саҳобийдан сўрамоқда, саҳобий эса худди шу саволга ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган жавобни такрорламоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал амал ҳақидаги жавобларида битта амални зикр қилиш билан кифояланиб қолмай, бир йўла учта амални таъкидлаб айтмоқдалар.

1. «Вақтида ўқилган намоз».

Намоз Аллоҳ таолога ибодатнинг энг ёрқин мисолидир. Бу энг улуғ ибодатдир. Унинг вақтида ўқилиши энг афзал амал бўлиши ҳам шундан. Шунинг учун у биринчи ўринга қўйилмоқда.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга Ўзим «Ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман», деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир», деди», деб айтдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

2. «...ота-онага яхшилик қилиш...»

Ривоятнинг биз ўрганаётган бобга боғлиқ жойи айни шу жумладир. Бу жумладан ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таолога ибодат қилишда намоздан кейинги энг муҳим ва афзал амал эканлиги тушуниб олинади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишидан одоб билан савол сўраш ўтган азизларимизнинг одати экани.

2. Жавоб бераётган одамнинг ўзи ҳам бу саволни сўраб, жавоб олганини айтиши яхши экани.

3. Амалларнинг афзали ҳақида сўраш жоизлиги.

4. Намозни вақтида ўқиш афзал амал экани.

5. Ота-онага яхшилик қилиш афзал амал экани.

6. Ота-онага яхшилик қилиш ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг узвий бир қисми экани.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الْأَعْمَالِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «الصَّلَاةُ لِمِيقَاتِهَا». قُلْتُ: ثُمَّ مَاذَا؟ قَالَ: «بِرُّ الْوَالِدَيْنِ». ثُمَّ سَكَتُّ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِي.

 

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Амалларнинг қайси бири афзал?» деб сўрадим. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин нима?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (ҳеч нарса сўрамай,) сукут сақладим. Агар яна сўраганимда, жавоб бераверар эдилар».

Шарҳ: Иккинчи ривоятнинг маъноси ҳам худди биринчисига ўхшайди. Лекин лафзлари бироз бошқача, озгина қўшимча ҳам бор. Шунинг учун такрор сифатида келтирилган. Ҳадис ва бошқа диний матнларнинг такрор келтирилиши таъкид ва аввалги маънони қувватлаш учун бўлади. Бу муҳаддисларнинг тутган қоидасидир. Қуръони Каримда ҳам баъзи ояти карималар такрорланади. Бу маънонинг кучли чиқишига хизмат қилади.

Ҳозирги кундаги исломий услубдан бехабар, ҳадис услубидан бехабар, Қуръон услубини мутлақо билмайдиган баъзи кишилар бу нарсани тушунишмайди, бу нарсалар улар учун бегона. Улар аҳли Исломдан бошқаларнинг шогирди ҳисобланади. Ўшалардан ўрганган услубнигина билишади ва ана шу устозларигагина тақлид қилишади. Шунинг учун улар баъзи такрор келган ҳадиси шарифларни «Такрор бўлиб қолибди» деб, буни ўзларига сингдира олишмайди.

Мўмин-мусулмон учун бу такрор таъкиддир, яна ҳам кучлироқ амал қилишга чорлашдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадисдан ҳам намознинг қанчалар улуғ ибодат эканини ва ота-онага яхшилик қилиш қанчалар фазилатли амал эканини билиб оламиз. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллар ичида биринчи навбатда намозни зикр қилишлари ва ота-онага яхшилик қилишни иккинчи ўринда зикр этишлари бунга далилдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолога маҳбуб ишлар бир-биридан афзал бўлиши.

2. Ўз вақтида ўқилган намоз Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал экани.

Шу билан бирга, бошқа ҳадисларда таом бериш, давомли эзгу иш ёки бошқа амаллар Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан экани ҳам айтилган. Чунки Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг мақсадига ёки унинг ҳолига қараб, ўзига мувофиқ жавоб берганлар.

3. Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳод қилиш энг афзал амаллардан экани.

4. Бир вақтнинг ўзида бир неча савол сўраш мумкинлиги.

5. Савол беришни кўпайтириб юбормаслик кераклиги.

Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бошқа саволларга жавоб беришга тайёр эканларини билиб туриб ҳам саволни кўпайтирмаганлар.

Ушбу ҳадисга амал қилишга ғоятда муҳтожмиз. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амални қилиб, Унинг розилигига эришмоқчи бўлсак, намозимизни ўз вақтида ўқийлик. Ота-онамизга яхшилик қилайлик. Доимо энг афзал ишларни қилиш пайида бўлайлик.

«Яхшилик ва силаи раҳм» 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Иккинчиси Мен ўзимга ёққан қилични олволган эдим. .Эй Аллоҳнинг Расули, буни менга ҳиба қилинг,, дедим. Шунда .Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар, ояти нозил бўлди,.Саъд давоми...

2451 10:00 / 01.12.2018
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Олдимга икки етим қизини олиб, бир аёл кириб келди. .Бир нарса беринг,, деб давоми...

1639 17:04 / 21.01.2020
Язид ибн Абдуллоҳ ибн Қусайтдан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Умар ўзининг бир ғуломини тилла ёки кумуш билан бир жойга юборди. Ғулом эса уни алмаштирди. давоми...

1960 11:00 / 03.07.2020
Шумайса Атакийядан ривоят қилинади.Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди. Шунда у .Мен беодоб етимни адабини егунча ураман,, давоми...

1712 16:05 / 28.02.2020
Аудиолар

121543 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43027 14:35 / 11.08.2021