Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 25 зулқаъда | 2024 йил 02 июнь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (51-дарс). Қуръони Карим халқлар орасида очиқ-ойдин

19:40 / 17.09.2019 5697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқ-ойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин бўлган нарсаларга ёзилди. 

Бугунги кунда ушбу маълумотлар одамлар орасида, хусусан, Қуръон илмларини илк бор ўрганувчиларда бир оз ҳайратланишни юзага чиқариши мумкин. Чунки кўпчилик энг улуғ Китоб бўлмиш Қуръони Карим осмонлардан ҳам юқорида туриши керак, деб тасаввур қилади. Кўриб ўтганимиздек, дастлаб тери, пўстлоқ ва ясси тош каби нарсаларга ёзилиб, кейинчалик уларнинг барчаси тўпланиб, китоб ҳолига келтирилганини ва буларнинг барчаси табиий равишда, сиз билан биз каби одамлар томонидан бажарилганини ўзларига сингдира олишмайди. Инсонларнинг Қуръонга бўлган бу каби эъзозлари эҳтиромга сазовор бўлса-да, лекин Аллоҳнинг Китоби айнан шу инсонлар учун нозил қилинганини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. Қуръон нозил бўлган уммат ўзидан олдинги умматлар қила олмаган шарафли, шу билан бирга, ниҳоят даражада масъулиятли ишни ўта жиддият, дақиқлик ва эҳтимом билан амалга оширди. 

Бошқа дин вакиллари ўзларининг илоҳий китобларини ёддан ўқиб бера олишмайди. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари Қуръони Каримни бошидан охиригача ёддан ўқиб бера олиш фазилатига эришганлар. Ҳамма асрларда Қуръонни тўла ёд олган қорилар етарли даражада топилган ва бу ҳолат Аллоҳнинг хоҳиши ила қиёматга қадар давом этади. 

Охирги ўрганган оятимизнинг ҳаётдаги кўриниши хаёлий эмас, балки ҳаётий тарзда, одамлар орасида ёзиш, ёдлаш, жамлаш каби ишлар орқали намоён бўлади. Ислом динининг ҳаётийлиги ҳам шундадир. Биз ўрганаётган «Қуръон илмлари» фанининг муҳим жиҳати Қуръони Каримнинг ер юзида илмий асосда жамланганлигини тушуниш ва тушунтиришдадир. Бошқа дин вакилларининг муқаддас китоблари каби, Қуръони Карим хаёлий суратда, кимдир ўзи уйига кириб олиб, менга илҳом бўляпти, деган тарзда эмас, балки ҳамманинг кўз ўнгида, дўст-душманнинг гувоҳлигида нозил бўлган, ёзилган ҳамда жамланган. Буни ҳеч ким инкор қила олмаган ва «бу иш бўлиши мумкин эмас», дея олмаган.

Шундай қилиб, Қуръони Карим йигирма уч йил давомида нозил бўлди, ёд олинди ва ёзиб бўлинди. Аммо бу даврда ёзилган нарсалар – ҳар бир суранинг оятлари ўз тартиби ила алоҳида жамланган бўлса ҳам, суралар жамланиб, китоб шаклига келтирилмади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. Имом Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига охирги оят нозил бўлганидан тўққиз кун ўтиб, бу фоний дунёни тарк этганлар. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ҳар бир суранинг оятларини алоҳида саҳифаларга жамлаб қўйиш ва Қуръони Каримнинг ҳаммасини икки жилд орасидаги бир мусҳафга жам қилиб қўйиш учун сабаб топмадилар. Чунки қорилар ва Қуръонни ёд олувчилар кўпчилик эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса яна ваҳий нозил бўлишини кутиб турар эдилар. Баъзи аҳкомларнинг насх бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримнинг барчаси бир мусҳафга жамланмаган бўлса-да, лекин ёзилгани аниқ эди. Саҳобаларнинг қалбларида Қуръони Каримнинг ёд бўлиши уни бир мусҳафга жамлашга эҳтиёж туғдирмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга оятлар ва сураларни Аллоҳнинг тавқифи ила кўрсатар эдилар. Бу хусусда Заркаший шундай дейди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мусҳаф ёзилмади. Чунки унинг исталган пайтда ўзгариш эҳтимоли бор эди. Шу сабабли мусҳафни китоб ҳолига келтириш Қуръони Каримнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари ила тугал бўлишига қадар кечиктирилди».

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

4637 15:50 / 18.06.2019
Мазкур ишлар бўлиб турганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У кишининг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли давоми...

4329 16:43 / 26.12.2017
7. Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас.Яъни, инсон Исломга давоми...

4572 05:00 / 23.01.2017

4039 17:04 / 08.01.2017
Аудиолар

122310 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43652 14:35 / 11.08.2021