1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1430

Зулм (воқеий ҳикоя)

21:48 / 19.04.2017 7141 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“ Эй одам фарзандлари!
Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва
уни сизларнинг ўрталарингизда ҳам
ҳаром қилдим, бас, бир-бирларингизга
зулм қилманглар”
.

(Қудсий ҳадисдан)

Сезиб турибман: бу воқеага ишонмаслигингиз ҳам мумкин. Тўғрисини айтсам, эшитиб ўзим ҳам ишонмаган, узоқ кунлар ўзимга келолмай юрган эдим. “Зулм надир?-деб ўйлар эдим.-Фақат бировга азоб бериш, уриб ўлдиришми? Ёмон сўз айтиб, кўнглини хира қилишми? Ўзининг энг яқин одамига ўлим тилашми?” Бу воқеани айтиб берган врачдан қайта-қайта “Гапларингиз чинми? Ошириб юбормадингизми?” деб ҳам сўрадим. Врач ишона қолмаганим учун мендан ранжиди. Бу воқеани айта туриб “албатта ёзинг, шундай ярамаслар борлигини ҳамма билсин”, деб ўтинди. Ўша одамнинг исмини ҳам айтди. Аммо ўша дамларда ёза олмасдим. Ҳозир ҳам ўша одамнинг исмини очиқ айта олмайман. “Балки ўша одам қилиб қўйган иши учун энди виждон ўтида қийналаётгандир?”-деб сўрайман ўзимдан ва жавоб бераманки: “Йўқ, унда виждоннинг уйғонганига ишончим камроқ. Лекин унинг бўйи етган икки қизи бор. Оталарининг қилмишларидан дарак топсалар уларга қийин бўлади. У кишининг исмини яшираётганим сабаби шунда (ҳикояда унинг исмини “Олим” деб қўйдим-ки, шу исмли кишилардан узр сўрайман).
Бу воқеани нима учун ўша дамларда эмас, орадан йиллар ўтиб ҳикоя қилишимнинг сабабини кейинроқ маълум қиламан...

***

Бу дунёда оёғи оғримаган одам бор эканми?
Муниса дардга енгил қаради. Оғриқ кучайиб, ҳушидан кетишини, “Тез ёрдам” замбилида кўтариб чиқиб кетишларини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Улғайиб, кўзга яқин бўлиб бораётган икки қизига ҳам меҳр, ҳам умид-ла боқиб, сеп сандиғини тўлдириш ҳаракатида юрган эди. Қизларини келинлик либосида кўз олдига келтириб, юраги шодликка тўларди. Айни чоқда “қизларим қандай хонадонга тушаркин?” деган ўй қалбини ҳавотирга соларди. “Ишқилиб инсофли қайнона қўлига тушсин”, деб Худога илтижо қиларди. Ширин орзулар булутида учаётган лобар аёлга бу дард балоси қайдан ёпиша қолди?
Эри ҳам кутмаган эди, ота-онаси ҳам...
Айниқса врачларнинг ҳукмини...
Олтмиш бешни қоралаган Шариф шу ёшга киргунича турли хасталиклар ҳақида кўп эшитди. Қайси хасталикнинг давоси осон кечишини, қайси бири эса беморни олиб кетишини кўп қатори билади. Қизининг бундай дардга чалиниши уни гангитиб қўйди. Айниқса, врачнинг гаплари...
Доктор Асилов уни ўрнидан туриб кутиб олди. Бувалари қанотида кирган қизлар билан ҳам кўришгач, “опоқ даданглар билан гаплашгунимча сизлар даҳлизда ўтира туринглар”, деб уларни елкаларидан меҳрибонлик билан ушлаганича кузатиб қўйди. Сўнг текширув хулосаларини баён қилди. Агар “Сиз шундай касалликка йўлиқибсиз, тақдирингизга ўлим ёзилган экан”, деганида Шариф талвасага тушмаган бўларди. Юрагининг бир парчаси бўлмиш фарзандининг қисматини билиш... У бир оз гангиб ўтирди. Кейин Асиловга нажот кўзлари билан боқди:
-Дўхтир...
“Балки адашгандирсизлар, балки унақа эмасдир?” демоқчи эди, томоғига нимадир тиқилиб гапиртирмади. У гапиролмаган бўлса ҳам Асилов унинг нима демоқчи бўлганини англади.
-Ҳозирча аниқ бир қарорга келолмадик, ака...-деб Шарифнинг кўнглига ҳотиржамлик бермоқчи бўлди. Лекин пораланган юракни бу каби мужмал гап билан ҳотиржам қилиш мумкин эмасди. Шарифнинг кўзларида ёш милтиллади, аммо ёноғига оқиб тушмади.
-Касали ростданам шунақами... ростданам аниқладингизми?
-Аниқлашга аниқладик,-деди Асилов қатъий оҳангда.-Лекин қандай усулда даволаш масаласида аниқ бир қарорга келганимизча йўқ.
-Шунчалик оғирми?
-Қизингиз касални ўтқазиб юборганлар.
-Билмаган-да...
Асилов бунақа гапларни кўп эшитган. Ҳар сафар одамларнинг бепарволигидан жаҳли чиқади, ғашланади. Ўзининг ёки яқин кишисининг саломатлигига қайғурмайдиган одамлардан баъзан нафратланиб ҳам кетади. Айрим давраларда шу мавзуда сўз очилса “Булар қандай одамларки, кўйлаги ёки шимини эҳтиётлаб асрайди. Саломатлигини эса ўша матоларчалик авайламайди”, деб бўғилади. Ҳозир ҳам унда шундай нохуш хис уйғонди. Лекин қаршисидаги кишининг дардини сезиб, ўзини босди.
-Шунақа деб ўзимизни овутамиз,-деб енгил хўрсинди. Кейин оҳисталик билан тушунтирмоқчи бўлди.-Бу касаллик билинтирмай келмайди. Қаттиқ оғриқлар билан бошланади. Эътиборсиз бўлганларини, “ўтиб кетади”, деб ўйлаб бепарво юраверганларини тан олгимиз келмайди. Сиз билмаган бўлишингиз мумкин. Ўзи биз ўзбеклар шунақамиз: то касал йиқитмагунча “ўтиб кетар” деб кутамиз. Касал ўзи келиб, ўзи кетаверадиган меҳмон эмас. Шуни тушунишимиз қийин.
-Шунақа дейсиз-у, одам бола-чақа, оила ташвишига ўралашиб, сезмай ҳам қолади-да,- Шариф шундай деб қизини оқламоқчи бўлди.
Бу гап Асиловга малол келди. Қошларини чимирди:
-Сиз ҳам шундай дейсиз. Боласининг бахтини ўйлайдиган одам энг аввал ўзининг соғлиғи ҳақида қайғуриши керак. Касалванд одам боласини бахтли қилганини ҳеч кўрганмисиз?
-Дўхтир, энди бўлар иш бўлди. Биз нима қилишимиз керак?
-Сизми?-Асилов ажабланди.-Сиз умид билан кутишингиз керак. Қизингизни дуо қилиб, Худодан шифо тилашингиз керак. Қандай шифолашни эса биз ўйлаймиз. Ҳақиқатни ҳозирча ўзингиз билсангиз кифоя. Бошқалар ваҳима қилиб юришмасин. Менинг бу масалада фикрим аниқ ва қатъий: энди дори-дармоннинг ўзи билан даволаб бўлмайди. Операциядан ўзга чора йўқ. Сиздан яширмайман, консилиумда операциясиз даволашга уриниб кўриш ҳақида ҳам гап бўлди. Лекин бу вақтни бой беришдан бошқа нарса эмас. Майли, бир оз кутайлик, қўлдан келганча уриниб кўрайлик. Сиз ҳам куёвингиз билан маслаҳатлашинг. Хўп, десангизлар, тилхат берасизлар.
-Тилхат?!-Шариф чўчиб тушди.-Шунчалик... оғирми?
-Оғирлигини айтдим... Ҳаётини сақлаб қолишнинг бошқа йўли йўқ. Иккала оёғини кесиш керак...
...иккала оёғини кесиш керак...
Секин айтилган бу гап Шарифнинг назарида момақалдироқ каби гумбирлаб, вужудини ларзага солди. Бу ҳукм ҳисобсиз найзаларга айланиб, ярадор қалбига санчилаверди.
-Сиз ўзингизни босинг. Ваҳима қилманг. Бизнинг тажрибамизда бунақа ҳоллар кўп учрайди. Болаларга билдирманг.
-Ҳа... ҳа, албатта,-Шариф шундай деганича бош ирғади.
-Операцияни сизнинг розилигингсиз қилмаймиз,-Асилов Шарифдан кўз узмаганича яна таъкидлади:- Фақат сиз рози бўлсангизгина...
Саросима тўрига ўралиб чорасиз қолган Шариф бу таъкидни эшитиб, бош чайқади:
-Мен... йўқ, мендан эмас, аввал эридан сўраш керак. Агар у рози бўлса... майли, Худога таваккул қилаверамиз...
-Шу гапингиз дуруст бўлди: биз – бандамиз. Дардни берувчи ҳам, шифо берувчи ҳам Яратганнинг Ўзи, биз бир воситачимиз. Шифони биздан эмас, Худодан сўраш кераклигини яхши айтдингиз. Невараларингизнинг бахтига қизингиз шифо топиб кетади.
Шариф бу гапдан таскин олиб, қаддини кўтарди. Доктор Асилов яраланган кўнгилга малҳам бўлувчи сўзларни айтиб, уни саросима тўридан қутқаришга урингани билан, оёқни кесиш ҳақидаги гапни куёвига етказиш осон эмасди. Қизининг хасталанишига ўзини айбдордай хис қилиб, баттар қийналди.
Шумхабарни эшитган куёви нима деб жавоб қайтаради? “Ҳаммаси Аллоҳдан, умидимиз ҳам Аллоҳдан”, дейдими ё “Қизингиз касалванд экан, нима қилардингиз эрга бериб, менинг бахтимни қора қилиб?” деб оғриқ юракка яна бир ханжар урадими? Ҳа... Куёвнинг ўйламай гапирворадиган одати бор... Шундай деган тақдирда у “Қизимни сизга узатганимда соғлом эди”, деб ўзини оқлайдими? Йў-ўқ... жим туравергани маъқул... Бўлмаса, “қизингизни мен касал қилибман-да”, деб гапни чувалаштириб юборади. Бунақа машмашани Шарифнинг юраги кўтара олмайди...
Шариф қизларни бошлаб келиб, оқшомга қадар куёвини кутди. Қўнғироқ қилиб “уйга барвақтроқ қайтинг”, деса ҳам бўларди. Куёвнинг “ваҳма ҳам эви билан-да”, деган маломатини эшитишдан кўра кутишни маъқул кўрди. Мошхўрда пишириб, набираларини ичишга мажбурлади. Ўзи икки қошиқ татиган бўлди, томоғидан таом ўтмади. Шомга яқин уйига отланди. Юзма-юз туриб айтгандан кўра, телефонда билдириб қўйиш унга осонроқ туюлди.
Тўртинчи марта қўнғироқ қилганида куёви гўшакни кўтариб “Ҳа”, деб қўйди. Гарчи у ҳамиша шундай жавоб қайтарса-да, бу сафаргиси қайнотага қўполроқ оҳангда бўлиб туюлди.
-Бу менман...-деди Шариф айбдор одамнинг овозида.
-Танидим,-деб куёв салом берди.
-Қизлар мошхўрда қилиб қўйишувди,-деди Шариф.
-Ҳа, кўрдим,-деди куёв.
-Қизларнинг қўли бирам ширин, кўз тегмасин,-деди қайнота мақсадга ўтишга қийналиб. Унинг мушкулини куёв осон қилди:
-Баннисага ўтишга вақтим бўлмаяпти, сиз бордингизми, дўхтир нима деяпти?
Учтагина сўзнинг тилдан учиши наҳот бунчалик машаққат бўлса?!
Ота-она фарзандига меҳр бериши мумкин, юрак қўрини ҳам бериши мумкин...
Оёғини ёки қўлини бериши мумкин эмас....
Оёқ ёки қўл нима экан, бу сўзларни айтгандан кўра жонини бериб юборса осонроқ кечарди...
Олим шумхабарни эшитиб жим қолди. Қайнотасининг қийноғини ҳис қилмади. Шариф нафас ютганича куёвидан сўз кутди. Орадаги сукут тасаллига бўлган умидни бўғиб ўлдирди. Шариф куёвининг бақириб беришига ҳам рози бўлиб қолди. Нима деса ҳам майли, жим турмаса бас... Унинг жим туриши ўтмас пичоқ билан сўйишдан баттар эди.
Сукутни Шарифнинг ўзи бузишга мажбур бўлди:
-Бу ҳозирча таҳмин экан... Сиз розилик бермасангиз ҳеч нима қилишолмайди...
-Дўхтир дегани тахмин қилмайди. Кесадиган бўлса кесаверади,-Олим шундай деб яна бироз сукут сақлади-да, телефондаги суҳбатга ғоят совуқ оҳангда якун ясади:- Бўпти, ўйлаб кўрарман...
Телефонни деворга ургиси, тепкилаб пачоқлаб ташлагиси келди. Бир сўкинди-да, меҳмонхонага кириб жавонни очди. Асабини босиш мақсадида конъяк қўйиб ичди. Қизлари узун столнинг бир томонига дастурхон тузаб кетишган эди, очиб ҳам қарамади. Оромкурсига чўкди. Асабини босиши, тинчлаштириши шарт бўлган ичимлик ичини баттар куйдирди. Катта хона уни ютворай деди. Қайнотасининг гаплари қулоқлари остида акс-садо бергандай жаранглайверди:
“...Операциясиз бўлмас экан... Оёқларини кесмаса бўлмас экан... Кесмаса бўлмас экан... Оёқларини... оёқларини... Сиз розилик бермасангсиз... розилик... кесмаса... рози...”
Шашт билан ўрнидан туриб кетди. Жавонга яқинлашиб, яна қуйиб ичди.
“Наҳотки шу гаплар рост бўлса?-деб ўйлади.-Бу қанақа латта дўхтир экан, оғриган оёқни шартта кесиб ташлайверса... Бекор айтибди! Рози бўладиган аҳмоқ йўқ. Оёқсиз хотин... Биттаси бўлса ҳам майли эди... Яна иккаласини бараварига...”
Хонага сиғмай ҳовлига чиқиб у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Сўнг бир қарорга келиб ҳовузча олдида тўхтади-да, чўнтагидан телефон чиқариб, керакли рақамни терди. У томондан овоз келгач, гапни калта қилди:
-Собит, ўзингмисан? Ҳамдамни топиб келгин. Гап бор. Ланжлик қилмай, тез келларинг.
-Ваҳмангдан ўлгирдим,-деди Собит.-Шу пайтда бориб нима қиламиз?
-Нима қилардинг, куйдиргингга мошхўрда ичиб кетасан. Кел, дегандан кейин келавермайсанми?
-Тинчликми, хотининг яхшими, ишқилиб?..
Олим жавоб бермай, телефонни ўчирди.

***

У ҳовли бўйлаб асабий равишда юрган пайтда хотини Муниса каравотида унсиз йиғлаб ўтирган эди. Ҳамхонаси, ёши ўтиброқ қолган Рисолат унга қараб-қараб қўйди-ю, аввалига индамади. Ўзини ухлаганга солиб ётаверди. Жувоннинг ҳолати ўзгармагач, қаддини кўтарди:
-Яна кўзингиз ёшланяптими, қўйинг-е...-деди.
Муниса кафти билан кўзларини артди.
-Ўзим етим ўсганман, опажон,-деди йиғламсираб.-Қизларимни ўйласам, болалигим эсимга тушади. Ўгай онам ўгайлик қилиб хўрламаганлар мени. Лекин... ҳар ҳолда ўзингнинг онанг бўлгани бошқа-да... Ўгай онам бошимни силаганларида онамнинг қўлларини қўмсардим. Тўйимда...иккала қудани ўртага чақиришганда онамни эслаб, ҳушимдан кетиб қолай деганман. Энди қизларим ҳам...
-Э, қўйинг-е, ғирт ваҳимачи экансиз,-деди Рисолат унинг гапини шарт бўлиб.-Менинг оёғим ўн беш йилдан бери оғрийди. Ҳар йили икки марта касалхонага ётаман. Худога шукур, ўлмай юрибман. Сиз ҳадеб бемаъни хаёлларни ўйлайвермай, Худодан умр сўранг. Худо яхши кўрган бандаларига дард бераркан. Дард берганидан кейин шифосини ҳам Ўзи беради-да.
-Ҳали кирган дўхтирлардан биттаси “касални ўтказиб юборибди”, деди. Ўзим эшитдим,-деди Муниса умидсиз оҳангда.
-Воей, шуни ўйлаб ўтирибсизми? Ўнта дўхтир ўн хил гапиради. Мени “икки ҳафтадан кейин ўлади”, деб кафан бичишганига тўққиз йилдан ошди. Бунақа бетаъсир гаплар у қулоғимдан киради-ю, бунисидан чиқиб кетаверади. Парвойим палак! Худо менга узоқ умр бериб қўйган бўлса, иккита дўхтирнинг гапи билан ўлиб кетавераманми? Сиз бунақа жойга биринчи марта келганингиз учун қўрқиб кетяпсиз. Бу ерда сизданам баттар касаллар бор. Худо ўшаларга ўхшатиб қўймасин, ишқилиб. Эртага қизларингиз келганда ҳам кўз ёши қилиб ўтирманг-а. Худо хоҳласа, тўйларига ўзингиз бош бўласиз. Мен ҳам бориб бир ўйнаб берайин. Назарга илиб айтсангиз бас...
-Вой, нимага унақа дейсиз, нега назарга илмас эканмиз!
-Энди айтаман-да... Бировлар айиққа ўхшаб лапанглаб юрадиган бу беўхшов хотинга тўйда нима бор, деса ҳам керак. Лапанглаб юрсам ҳам ўйинга тушганимда унча-бунча нозанинларни доғда қолдирвораман. Худонинг қудратини қаранг-а, тўйга борсам оёқларим оғримай қолади-я!
-Доимо тўйда юринг бўлмаса,-Муниса шундай деб жилмайишга ҳаракат қилди. Бу жилмайиш юзидаги маъюслик пардасини кўтара олмади.
Рисолат гапни атайин бошқа томонга бурган эди. Муниса докторнинг фақат бир гапини эшитиб қолганди. Даҳлизда юрган Рисолатга эса кўпроқ нарса маълум бўлган, ҳамхонасига астойдил ачинган эди. Ўзининг ўлими ҳақида башорат қилинганини Мунисани овутиш учун ҳозирнинг ўзида тўқиганди. Гаплари жувонга таъсир этаётганини сезиб, “ҳаммага фақат тўйлар буюрсин”, деб тўй хангомаларини бошлаб юборди. “Одам тафтини одам олади”, деганларидек, Мунисани эзаётган руҳ азоби сал нари кетгандек бўлди...

***

Рисолат тўй ҳангомаларини бошлаганда Олим чорловига биноан тез етиб келган икки дўсти билан маишатни бошлаб юборган эди. Дўстлар конъяк устидан совуб қолган мошхўрдани ичиб олишгач, таналари бироз яйради.
-Хотининг баннисада, қизларинг қайнотангникида, бехит маишат қиладиган хонаси келибди-ку, шумшайиб ўтираверасанми?-деди Собит Олимни елкасига туртиб.-Иккита зўри бор, чақирайми?
-Биз учтамиз,-деди Ҳамдам ҳиринглаб.
-Сен ўзингнинг мошак кампирингни чақиравер.
Собит шундай деб телефонини олиб, рақам тера бошлади.
-Тўхта, чақирма,-деди Олим, телефони устига кафтини қўйиб.
-Ҳа, юракка сиғмаяптими? Хотинига бунақа ачинган эрни энди кўришим. Ўв, сал қовоғингга тиргович қўй. Аслида Худо сенинг раҳмингни ебди, “шу бандам озгина яйраб олсин”, деб хотинингни баннисага ётқизиб қўйибди. Ҳозир қушчаларим учиб келсин, онадан янги туғилгандай енгил бўлиб қоласан. Ичингдаги дардлар бир пасда чиқиб кетади.
-Чақирма, бу ерда бўлмайди.
-Тўғри айтяпти, бу ерга чақирма, уйни ҳаром қилишмасин. Ўзлариникига борамиз,-деди Ҳамдам Олимни қувватлаб.
-Об-бо, ўргилдим сенлардақа покиза фаришталардан.
Собит яна рақам термоқчи эди, Олим яна телефони устига кафтини қўйди. Собит ўрнидан туриб сал нари борди-да, керакли рақамини терди. Жавоб эшитилгач, юзи мамнунликдан ёришди.
-Оҳ-оҳ, “лаббай” деган ширин тилчангни акагинанг тишлаб олсин. Ярим соатдан кейин уч оға-ини ботир жам бўлиб уйингга борамиз. Ҳаракатингни қилиб қўй. Нима? Ҳа, яна битта дугонангни чақирасан-да, шуни ҳам мен ўргатишим керакми? Нима дединг? Хўп-хўп, ўтган кунгидан ҳам аълороқ бўлади. Жийда халталаринг пулга тўлиб кетмаса мен номардман. Ҳа, сен ҳаппайи ҳалол ўзимникисан, бегона қилган – ўғри!
Собит оламга татигулик зўр ишни дўндириб қўйган каби керишиб олиб, сўнг дўстларига қаради-да “Қани, кетдик!” деб амр қилди.
-Мен бормайман. Бир пас шу ерда ўтирларинг,-деди Олим пешонасини тириштириб.
-Вей, эркак! Сенга нима бўлди? Битта сенинг хотининг баннисадами?
Собит шундай деб зарда қилди-да, Олимга яқинлашиб, елкасига енгил мушт урди.
-Бунга осилаверма,-деди Ҳамдам.-Хотин касалванд бўлсаям ёмон-да.
-Нимаси ёмон? Касал бўлса тузалади,-деди Собит унга норозилик билан боқиб.-Тузалмаса... кетворади. Кетворса янгиси бўлади-да! Хотининг қанақа касал эди? Оёғи оғрирмиди? Қайтага яхши-ку! Оёғи оғриса уйда ўтираверади, орқангдан судралиб юрмайди. Сен эркин қуш бўлиб учиб юраверасан. Хоҳлаган шохингга қўниб сайрайверасан.
-Бўлди қил!-деди Олим овозини кўтариб.-Билиб-билмай чулдирайвермагин. Аҳволи чатоқ. Дўхтир иккала оёғини кесармиш.
“Кетворса янгиси бўлади”, деб турган Олим бу гапни эшитди-ю, масхарабозлигини бас қилиб, жимиб қолди. Ҳамдам “яна бир нарса маълум қилармикин” дегандай Олимга тикилиб қолди. Бир неча нафаслик жимликдан сўнг “Қўйсангчи, ҳазиллашяпсанми?” деб сўради.
-Дўхтир қайнотамга шунақа дебди.
-Бошқа илож йўқ эканми?-деди Ҳамдам меҳрибонлик билан. Кейин далда бериш мақсадида қўшиб қўйди:-Дўхтир узил-кесил шунақа демагандир, бошқа шифоси бордир. Қайнотанг сал оширворгандир.
-Оширвормади. Розилик беришим керак экан.
-Унда... чинданам чатоқ экан,-деди Ҳамдам афсус билан.
-Розилик берма,-деди Собит гапга аралашиб.-Энди умрингнинг бу ёғи оёқсиз хотин билан ўтадими?
-Агар кесмаса...
Олимнинг қолган гапи оғзида қолди, Собит унинг сўзини савол билан узди.
-Ўладими? Умри қисқа бўлса, кесса ҳам ўлади, кесмаса ҳам. Сен ўзингни ўйла. Ўттиз бешга кирган эркаксан! Сенга ҳар қанақа қиз ҳам “жон-жон акажон!” деб тегади. Нимага сиқиласан? Хотинни сен касал қилдингми? Пешонасида бор экан, касал бўпти. Яна бу ёғига Худо пошшо! Қани, тур, сўррайма! Кетдик!
-Бормайман,-деди Олим ўжарлик билан.
-Бормасанг мушукка ўхшаб бўкиб ўтиравер. Қани, Ҳамдам, кетдик. Худо бизни маишатдан қисмасин. Бу кунларам ғанимат. Эртага қариб, судралиб қолганимизда бизга ит ҳам қарамай қўяди.
Икки оғайни ғанимат деб билган шу кунларида гуноҳ балчиғига обдон ботиш олиб учун чиқиб кетдилар. Олим яна ёлғиз қолди. Улар келгунига қадар қайнотасининг сўзлари қулоқлари остида акс-садо берган бўлса, энди Собитнинг гаплари жаранглай бошлади:
...умри қисқа бўлса, кесса ҳам ўлади, кесмаса ҳам ўлади...
...кесса ҳам ўлади...
Собит беихтиёр “Йўқ!” деб бақириб юбориб, икки қулоғини кафтлари билан беркитиб олди.

***

Уч кунлик чақалоқ онасини таний оладиган бўлса, бўй етиб бораётган қиз онасининг аҳволига тушунмас эканми? Шариф, гарчи хонадон осмонига ёпирилиб келаётган бало булутини яширишга уринса ҳам, бу булутнинг юзига ташлаб турган сояси аҳволни ошкор қилиб қўйган эди. Ақида “ойимга нима бўлди?” деб сўраган тақдирда ҳам тўғри жавоб ололмаслигини билгани учун ҳам бобосини саволга тутмади. Фақат, тонг отгач, шифохонага боришга қистайверди. Шарифнинг “Пешиндан кейин бора қоламиз”, деганига икала қиз ҳам кўнмади.
Қуш уйқусида алақ-чалақ туш кўриб, руҳи баттар эзилиб уйғонган Муниса болаларини соғиниб, шифохонадан қочиб кетишга ҳам тайёр турган эди. Эшик очилиб қизлари кўрингач, юзига урилган шодлик шабадасидан кўзларига умид нури қайтди. Назарида эшик очилиб нажот кириб келгандай бўлди.
Ҳаммасини унутди:
...оёқдаги оғриқни ҳам...
...қалбдаги азобни ҳам...
Бугун-эрта тузалиб кетишига ишонч туғилди. Рисолат “қизлар келганда йиғламанг”, дегани билан кўзлари ёшланди. Буни кўриб Ақида ўзини тутди, Сожида тутолмади – онасига қўшилиб йиғлай бошлади. Шариф маънодор равишда томоқ қириб қўйгач, Муниса шодланганини ошкор қилиш учун:
-Бугун бирам тиниқиб ухладим-ки,-деди жилмайиб,-дўхтирнинг дорилари энди таъсирини бошлаганга ўхшайди. Дори таъсир қилса, уч кунда чиқиб кетасан, дейишган...
Шариф “рост гапиряпсанми?” дегандай қизига савол назари билан қаради. Муниса ёлғонини яшириш учун кўзларини олиб қочди. Унинг ёлғонига қизлари ишонишди. Сожида кеча мошхўрда ичиб, бувасиникига боришганини айтганда Муниса норозилик билан бош чайқади:
-Буважонингникига бориб яхши иш қилмабсизлар. Уйда адажонга қараб туришларинг керак эди. Кечқурун чой ичиш одатлари бор. Ким дамлаб беради?
-Адажоним ўзлари айтдилар, “ойинг чиққунича бувангникида турасанлар”, дедилар.
Ақида айбини бўйнига олган каби бошини эгди.
-Адажон сизларни аяганлар-да,-деди Муниса уни бағрига тортиб.-Қиз бола адасига меҳрибон бўлиши керак. Адажон кўчадан келганларида дарров пойабзалларини тозалаб, четга олиш керак. Қўл артишларига тоза сочиқ бериш керак. Ишга кетаётганларида “адажон, яхши бориб келинг”, дейиш шарт, деб ўргатувдим-ку? Сизлар уйда бўлмасангиз адажонни ким ишга кузатади, ким салом бериб кутиб олади?
-Хўп, ойижон, бугун уйга борамиз,-деди Ақида.
-“Нега гапимга кирмадиларинг?!” деб урушсалар-чи?-деди Сожида бувасига бир қараб олиб.
-Урушмайдилар,-деди Муниса унинг ёноғидан ўпиб.-Адажонимизга ўхшаган адажон йўқ бу дунёда. Агар озгина урушсалар аразламанглар. Адажонимиз ишда чарчайдилар, бир ҳил пайтларида асаблари бузилиб келади. Шунинг учун бақириб юборсалар, сираям ранжиманглар. Хўп, ўқишлар қанақа бўляпти?
-Матем менга яна уч қўйди,-деди Сожида лабини буриб.
-Ким дединг?-Муниса гап ким ҳақида кетаётганини билса ҳам атайин шундай деб сўради.
Сожида бошини онасининг кўкрагига қўйганича индамай тураверди. Унинг ўрнига опаси изоҳ берди:
-Математика ўқитувчисини “матем” дейишади.
Муниса қизининг бошини силади. У қизининг математикага тоқати йўқлигини, дарс тайёрлашни хоҳламаслигини, “уч”дан юқори баҳо олмаслигини ҳам биларди. Билса ҳам ҳозир уни жиддийроқ айблагиси келмади. “Дарсни яхши тайёрламаган бўлсанг уч қўйгандир”,-деб қўя қолди.
-Ҳечам унақамас,-деди Сожида ўжарлик билан.-Ҳаммаданам яхши жавоб бердим. Ўзи мени ёмон кўради.
Ақида “бўлди, бунақа шикоятинг билан ойимни қийнама”, деган маънода синглисининг билагини аста чимчилаб қўйди. Эркалиги тутаётган Сожида кучли оғриқдан азоблангандай қўлини силтади:
-Чимчилама, нега чимчилайсан? Матем ўзи барибиргаям ёмон хотин.
-Унақа дема, қизим, ўқитувчининг ёмони бўлмайди. Бу ердан чиққанимда бориб, ўзим гаплашаман. Опангни яна сансираяпсанми? Ваъда берувдинг-ку?
-Ўзи нега чимчилайди. Чимчиламаса сизлардим.
-Энди чимчиламайди...
Ҳамшира кириб қолди-ю, эркалигини давом эттириш ниятидаги Сожиданинг ҳафсаласи пир бўлди. Шариф кечки пайт яна олиб келишга ваъда қилгач, онаси билан қучоқлашиб хайрлашди. Мунисанинг “кечки пайт овора бўлиб юрманг, ада”, деган эътирози уччовлари томонидан кескин рад этилди. Қизларнинг ўжарлиги Шарифга ёқди. Бу ўжарлик бўлмаса кечки пайт келишга баҳона тополмаган бўларди. Ўзига қолса куни бўйи шу ерда ўтирарди. Қизининг сиқилиб сарғайишига йўл қўймасди. “Агар онаси тирик бўлганида ёнидан жилмай ўтирарди”, деган ўй унинг қалбини куйдирарди.
Ҳамшира эм игнасини томирга санчиб, томчидорига улаб қўйгач, чиқиб кетди. Рисолат бундай муолажадан озод эди. Дори томчиларига тикилиб ётган Мунисани бадбин ўйлардан чалғитиш учун уни гапга тутди:
-Кичигингиз сал эркароқ экан-а?
-У адажонимизга тортяпти,-деди Муниса маҳзун жилмайиб.-Озгина ўжарлиги бор. Ўзиникини маъқул деб туриб олса, фикридан қайтариш қийинроқ. Опаси билан жанжаллашган бўлса адажонимиз “бувангларникига бориб айланиб кела қолларинг”, дегандирлар. Адажонимиз қизларга жуда меҳрибонлар. Қизлар ярим соат кўринмаса ҳам дарров зерикиб, ичикиб қоладилар...
Кўп мақталган одамнинг яхши фазилатлари кам бўлишини билган Рисолат ҳамхонасининг гапларини индамай эшитди.

***

Олим кеча лаънати шайтонни енггандай бўлган эди. Дўсти маишатга чорлаганда бу ҳаром ишнинг гуноҳи катта эканини ўйламаганди. Шунчаки кўнгли ғашлиги учун уйдан чиққиси келмаганди. Бугун шайтоннинг ғолиб келиши қийин бўлмади. Куннинг иккинчи ярмида Олим дўстига қўнғироқ қилиб, “кечаги маишатни давом эттириш мумкинми?” деб сўради.
-“Ми?”сини олиб ташлагин-у бозорга тушиб ҳаражат қилиб чиқ,-деди Собит.
Собит мақтаган хотин Олимнинг кўнглини хушлади. Олим эса шайтон амрини тўла тўкис бажарди. Қоронғу тушганда хотин яқин орада эри сафардан қайтишини маълум қилгач, Собит “бугунга етар, хоҳласанг, эртага келаверасан”, деб кетишга отланди. Ростдан ҳам эри сафардан қайтаётганмиди ё навбатдаги хуштори билан аҳду-паймони бормиди – Олим суриштириб ўтирмади. Унинг кайфияти яхшиланди – муҳими шу!
“Собит бало, қанақасини топишни билади,-деб ўйлади у уйи томон борар экан.-Хотин дегани шунақа бўлса-да! Ҳам чиройли, ҳам қувноқ... Бунақа нози билан темир одамни ҳам эритиб юборади. Пешонам шўр бўлмаса куним икки оёқсиз хотинга қолармиди?! Аслида, иккинчи қизни туққанидаёқ “яна қиз туғдинг” деган баҳонада қўйиб юборсам бўлар экан. Ўғлим бўлмагандан кейин ота деган ном ҳам хайф. Энди икки қизу бир чўлоқ хотин билан куним ўтадими? Ҳозир-ку, қизлар онасига қараб турар, иккаласи узатилгандан кейин-чи? Шу хотин билан битта ўзим қоламанми? Опичлаб юраманми? Собит нима деди? “Кесса ҳам ўлади, кесмаса ҳам...”ми? Тўғри, кесмаса ўлади, кесса-чи? Агар рози бўлмасам-у кесилмагани учун ўлиб қолса, ҳамма мени айбдор қилади. “Кесса тирик қоларди”, дейишади. Майли, кесадиган бўлса кесаверсин. Кессин-у... шуни дўхтирга шама қилиб қўйишим керак экан...”
Олим хаёлига келган фикрдан қувонди. Унга пўртанали ҳаёт уммонида нажот кемаси кўрингандай бўлди. Бу кемани иблис бошқараётганини эса ўйлаб ҳам кўрмади.

***

У маишатдан кўнгли тўлиб уйига қайтаётганида онасининг амрини бажарган икки қиз айвонда қўрқиб ўтиришарди. Ақида қўрқувини яширишга уринарди, енгил титраётган Сожида эса тобора опасининг пинжига кириб борарди.
-Опа, уйқум келяпти,-деди у йиғламсираб.
-Майли, кириб ухлайвер,-деди Ақида.
-Йўқ, қўрқаман...
Уйга киришга қўрқаётганини яшириш учун Ақида синглисини бағрига босди.
-Унда бир пас чида, ҳозир адажон келадилар.
-Қоронғу бўлиб кетди-ку, нимага келмаяптилар?-Сожида энди пиқиллаб йиғлай бошлади.
-Ишлари кўп-да... Йиғлама, йиғлаганингни ойижон билиб қолсалар ҳафа бўладилар. Ким йиғласа, ойиси тез тузалмас экан...
Сожида опасининг гапига ишониб, ўзини йиғидан тийишга куч топди. Шу онда кўча эшиги очилиб, иккови умид билан тикилишди. Олимни кўргач, биринчи бўлиб Сожида “Адажоним келдилар!” деб қувонч билан хитоб қилди. Остона ҳатлаган Олим югуриб келаётган қизларига қучоғини очмади. Тик турганича қошларини чимирди:
-Ақида? Нега келдиларинг? Мен сенларга нима девдим?
Унинг қаҳрли овози учиб келаётган полапонларнинг қанотларини шарт узиб ташлади – иккала қиз унга яқинлашмай тўхтаб қолишди. Жавдираган кўзларини унга тикиб марҳамат кутишди.
-Ойижон айтувдилар,-деди Ақида қўрқув билан.
-Ойингнинг калласи йўқ, лақиллайверади. Олдига бордиларингми?
-Бордик... сизга салом дедилар. “Адажонга чой дамлаб бериб туринглар”, дедилар.
-“Адажоннинг туфлиларини артиб қўйинглар”, дедилар,-Сожида шундай деб опасини қувватлади.
Қизларининг бу гаплари Олимни шаштидан туширмади. Яна совуқ оҳангда:
-Дўхтир нима дебди?-деб сўради.
-Биз сўрамадик... Сиз... бормадингизми?-деди Ақида ажабланиб.
Олим сўраганидан афсусланди. Докторнинг болаларга ҳақиқатни айтмаслигини била туриб сўрагани ўзига малол келди. Қизининг саволи эса баттар зардасини қайнатди:
-Ҳа, бормадим! Онангнинг ўрнига энди сен терговчи бўл! Онанг ўргатиб юбордими?
-Йў-ўқ,-деди Ақида титроқ овозда.
-Борларинг, кириб ухлаларинг!
Яқингинада уйга киришга қўрқиб ўтирган қизлар бошларини эгканларича тобелик билан бу амрни бажардилар. Уйда чироқ ёниб турган бўлса ҳам уларнинг назарида ажинами ё шунга ўхшаган алланима баломи қайси бир тирқишда яшириниб ётгандай эди. Киришлари билан худди чанг соладигандай ёки ямламай ютадигандай эди. Адажонлари бақириб бергач, бу қўрқувни унутдилар. Олимнинг қовоқ солиши, бақириши улар учун ажина балосидан ҳам қўрқинчлироқ эди.
Олим ҳовлининг ўртасида турганича телефон рақамини терди. Шарифнинг овозини эшитгач, салом беришни ҳам унутиб, совуқ оҳангда гап бошлади:
-Алло, ада, қизларни нимага қайтариб юбордингиз? Оғирликлари тушдими?
-Унақа деманг, Олимжон,-деди Шариф ҳижолатли оҳангда.-Муниса айтувди...
-Бу уйда хўжайин менманми ё қизингизми?
-Сиз, Олимжон, албатта сиз хўжайинсиз. Фақат... Муниса қизлар иссиқ-совуғингиздан хабар олиб туришсин, девди.
-Иссиқ-совуғим жойида. Эрталаб келиб, олиб кетинг. Ўша ёққа ўрганиб туришсин.
“Ўша ёққа ўрганиб туришсин”?
Бу гапнинг айтилишидан мақсадни англаган Шарифнинг баданига муз югургандек бўлди. Бир зум жим қолди. “Астағфируллоҳ! Нега совуқ нафас қилади бу бола?!” Жаҳли чиқди. Лекин ғазаб ўқларини отишга шошилмади. Бунақа пайтда қайнотанинг ён босиши афзаллигини билгани учун ҳам аламини ичига ютиб, хирқироқ овозда деди:
-Хўп, ўғлим, эрталаб бораман. Сиз... мабодо дўхтирга учрамадингизми?
-Вақтим бўлмади.
-Дўхтир ҳар кунни ғанимат, деяпти.
-Бўпти, эртами индин борарман...
Шариф куёвидан нолиса ношукурлик бўлади. Хотинини урадиган ёки нашавандликка берилганидан Худо сақласин! Отаси одоб ўргатмаганини ҳисобга олмаса, бип-бинойи эр! Шариф ҳар нарсага бошини эгиб тураверадиган муте одамлардан эмас. Гап келса отасини аямайдиган феъли ҳам бор. Лекин куёвига қаттиқ гапира олмайди. Куёвнинг кўнглини оғритса, калтакнинг бир учи қизига тегишини билгани учун ҳам дардини юзага чиқаришдан ожиз. Ҳозир гўшакни сиққанича ўша ожизлик тутунида бўғилиб тураверди.

***

Нонушта пайти Муниса яна эрини мақтай бошлаганда Рисолат пичинг оҳангида деди:
-Бунақа эрни яхши кўриш камлик қилади. Бошда кўтариб юриш керак. Фақат... сал камнамороқмилар?
Бу саволни эшитиб, чой хўплаётган Муниса қалқиб кетди.
-Раззоқ, раззоқ!-деб қўйди Рисолат худди ёш болани эркалаётгандай.
Қалқиш баҳонасида Муниса жавобдан бўйин товламоқчи эди, Рисолатнинг савол назарига дош беролмади:
-Адажонимизнинг ишлари оғир... Ўзим “ҳадеб келаверманг”, деб илтимос қилганман... Вақт топишлари қийнроқ-да...
-Эркак зотининг энг яхши баҳонаси - шу! Ҳали келсалар, сиз индамай турасиз, ўзим би-ир бураб қўяман.
Бу гапни чин фаҳмлаган Муниса чўчиб тушди:
-Йўқ, йўқ, опажон ундай қилманг!-деди ялиниш оҳангида.
Шу пайт эшик очилиб Олим кўриниши билан Муниса Рисолатга ҳавотир назарида қараб қўйди. Олимнинг саломига алик олган Рисолат “би-ир бураб қўйиш” фикридан қайтиб, хонадан чиқиб кетди.
-Келинг, ўтиринг, яхши юрибсизми?-деди Муниса ёлғиз қолишгач.-У ёқда опажоним яхши юрибдиларми?
-Юргандир... Ўн кундан ошди бормаганимга.
-Вой, нега унақа қиласиз?-деди Муниса ранжиб.-Боринг. Опам дарров гина қиладилар-а! Ойижон раҳматли уч-тўрт кунда бир бормасангиз уришардилар. Арвоҳ хотира, бормасангиз, ойижонимнинг руҳларини ранжитган бўласиз.
-Ҳа, хўп, бўпти, ақл ўргатаверма. Сендан дарс олгани келмадим. Ўзинг яхшимисан? Дўхтир нима деяпти?
-Дўхтир... нима дерди?.. “Даволаймиз”, деяпти...
-Яхши, даволасин. У-бу нарса керак эмасми?
-Раҳмат, ҳамма нарса бор. Фақат... дўхтирнинг гапига қараганда...
-Чайналмасдан айт гапингни.
-Касалим сал чўзиладиганга ўхшайди...-Муниса маъюсланиб шундай дегач, нигоҳини эридан олиб қочди.
-Чўзилса чўзилар. Тузалсанг бўлди.
-Шунақаку-я... лекин... сизга қийин бўлади...-деди Муниса эрига қарашга ботинолмай.
-Бир гап бўлар,-деди Олим ҳафсаласизлик билан.
-Қизларимиз... ҳадемай бўйига етади...-Мунисанинг овози титради.-Уларнинг кўнглига қаранг-а, адажони... Сожидага ширин гапиринг. Ҳафа бўлса боши оғриб қолади...
-Нима, менга васият қиляпсанми?-деди Олим овозини баландлатиб.-Йиғиштир, вижи-вижингни!
-Йў-ўқ, унақамас, энди... айтаман-да...
-Бўпти, бошқа маънилироқ гапинг бўлмаса, мен кетдим, ишим кўп. Сенга термилиб ўтирганим билан чўнтак қаппаймайди.
Олим ўрнидан туриб, эшикка етганда Муниса ялиниш оҳангида деди:
-Дўхтирга учрар экансиз...
-Учрасам учрарман...
Эри шундай деб чиқиб кетгач, Мунисанинг икки ёноғига икки томчи ёш думалади. “Айтолмадим...-деб ўйлади у ўкиниб.-Қандай айтаман? Кўнглим сезиб турибди: бу ердан соғ чиқмайман. Дўхтир яширмоқчи бўляпти. Лекин қарашидан биламан: касалим бедаво. Адажонига қандай қилиб бўлса ҳам айтишим керак: мендан кейин йил ўтишини кутмай уйланаверсинлар. Лекин қандай айтаман? Тилим айланмай қоляпти... Оғирлашиб, эсимни йўқотмай туриб ёзиб қўйсаммикин? Ҳа, шундай қилганим маъқул...”

***

Олим учрашиши зарур бўлган доктор Асиловнинг эшиги қулф эди. У нима қиларини билмай турганида чап томондаги хона эшиги очилиб, хушрўйгина аёл чиқиб келди.
-Даврон Асиловични кутяпсизми?-деб сўради Олимга қараб.
-Ҳа, учрашсин, деган эканлар.
-Кутиб овора бўлманг, бугун иккита диссертация ҳимояси бор. Кечгача банд бўладилар. Бирор кишингиз касалми? Бошқа врачга учрай қолинг.
-Хотиним шу ерда ётибди. Асилов акамизга розилик беришим керак экан.
-Операциягами? Хотинингизнинг фамилиялари нимайди?
Олим айтди. Аёл негадир қўлидаги қоғозга қараб олди.
-Ҳа... биламан... операцияга тайёрлаяпмиз. Тилхат беришингиз керак.
-Опажон, сиздан бир нарса сўрасам майлими?
-Сўранг...
-Операциядан олдин касалга наркоз берилади, а?
-Касал енгил бўлса, кесиладиган жойнинг ўзига берилади, бемор ухлатилмайди. Оғир операцияда умумий наркоз берилади.
-Ўша наркозни ким беради?
-Нима эди?-деб ажабланди аёл.
-Қайси ҳамшира беришини билиб қўймоқчи эдим.
-Наркозни ҳамшира эмас, анестизиолог врач беради.
-Ўша дўхтир кимлигини олдиндан билсам бўлармикин?
-Жарроҳнинг кимлиги аниқ бўлса...
-Асилов акамнинг ўзлари кессалар керак...
-Унда... балки ёнларида мен бўларман. Буни билишнинг сизга нима кераги бор?
-Опажон, наркоздан одам ўлиши мумкинми?
-Қўрқманг, бунақаси бўлмайди. Ҳозир янги дорилар чиққан, юракка салбий таъсир этмайди.
-Раҳмат, опажон, маслаҳат чиқиб қолса, сизни қандай топаман?
-Ҳар куни шу ердаман. Диёра опа, десангиз чақириб беришади.
Аёл шундай деб кетгач, Олим ҳовлига чиқди-ю, ўйга толиб тўхтаб қолди.
“Шу хотин билан гаплашиб қўя қолсам-чи? Гапга кўнадиганга ўхшаб турибди. Юзталик “кўк”ни кўрса унга етарли. Дўхтирга нисбатан шуни илинтириш осонроқ. Дўхтирнинг димоғи осмони фалакдадир, тўрттага ҳам кўнмас...”
Олим ўйлай-ўйлай кечки пайт келишга қарор қилди. Оқшом тушишини кутмай, пешиндан кейиноқ келиб, аёлни ҳовлига чақиртирди. Диёра уни кўриб ажабланди:
-Сиз чақиртирдингизми?
-Ҳа, мен. Маслаҳатли зарур гап чиқиб қолди. Хотинимга наркозни ўзингиз берсангиз, деб илтимос қилгани атай келдим. Қўлингиз енгил экан, сизни мақташди.
Диёрага унинг гапи ёқмади. Қошини чимириб, кескинроқ оҳангда гапирди:
-Бу ерда ёмон врач йўқ, ҳаммасининг қўли енгил. Ташвишланманг.
Олим кафтида яшириб турган буклоғлиқ пулни унга узатди:
-Шуни олиб турсангиз...
Пора олишнинг хатарли томони бор. Шунинг учун кўпчилик чўчийди. Пора талаб қилишда айёрликнинг минг бир кўчаларига кириб чиқади. Айниқса пора беришни эплолмайдиган ландовурга учраб қолса, азобланиб кетади. Бу ўринда Диёра пора талаб қилувчи айёрлардан эмас, Олим эса пул узатишда қўли қалтирайдиган ношудлардан эмасди. Тижорат ишларига аралашиб тургани учун бунақа пайтда саросимага тушмай, муддаога дангал ўта қоларди.
Диёрага Олимнинг бу қилиғи сурбетлик бўлиб кўриниб, ачиқланди:
-Нима бу?-деди унинг мақсадини англаб турса ҳам.
-Ҳозирча хамир учидан – патир. Кейин яна бераман.
-Керак эмас.
Диёра изига қайтмоқчи эди, Олим уни тўхтатди:
-Сиз, тортинмай олаверинг, гап бор.
-Қанақа гап? Агар “дўхтир билан орамизда даллоллик қилинг”, десангиз, овора бўласиз. Менинг бунақа одатим йўқ.
-Дўхтир билан ўзим алоҳида гаплашаман, бу ёғидан ҳотиржам бўлинг. Ҳали учрашганимизда сиздан бир нарса сўрадим-ку?..
-Нимани сўрадингиз?
-Наркоздан одам ўладими?-деб сўровдим.
-Сўраган бўлсангиз, жавобини ҳам эшитгансиз: ҳавотир олманг, дедим-ку?
-Ҳавотир олаётганим йўқ,-деди Олим. Диёранинг қўпол оҳангда гаплашаётганидан мақсад нима эканини аниқлай олмай бир оз гангиди. “Ростдан олмайдими ё нархини оширяптими?” деб ўйлади. Чуқур мулоҳаза қилувчи тоифадан бўлмагани учун “нархини оширяпти” деган тўхтамга келди.
“Ҳозир индамай кетиб, эртага келсам, пастроқ тушар. Пулни кўрди, эртагача юраги ўйнаб туради. “Олаверсам бўларкан”, деб ўзини ўзи еб адо қилади...”
-Майли, опажон, ҳафа қилган бўлсам, кечирасиз...
Шундай деб аёлга маънодор қараганича хайрлашди.
Эртасига эрталаб барвақтроқ келиб, Диёрани кўчада қаршилади.
-Яна сизми?-деди Диёра унинг саломига алик олмай.
-Кеча бир нарсани охиригача билмай кетворибман,-деди Олим, шундай деб кафтини бир очиб-ёпди. “Юз долларни кўрганда ҳар қандай одамнинг кўзи ўйнайди” деб ишонувчи Олим мақсадга ўта бошлади:-Биласизми, опажон... гап шундаки... агар наркоз керагидан кўпайтириброқ берилса-чи? Чиқимидан қочмас эдим... Қаттиқроқ ухласа девдим... Ухласа-ю... қаттиқроқ ухлаб қолса...кейин ўшанақаси кетвориши мумкинми?
-Бу нима деганингиз? Эсингиз жойидами?
-Эсим жойида. Томи кетганларданмасман. Хотинимнинг азоб чекишига ҳотиржам қараб туролмаяпман. Бу азоблардан... нима десам экан... Чет элда рухсат берадиган қонун бор экан-ку? Хотинимнинг азобдан қутулишин истайман. Бир ухласа-ю...
Диёрага “қўл ҳақи, ҳадя”, деб миннатдорчилик билдирадиганлар ҳам топилиб турарди. Лекин бунақа хизматни талаб қилиш?! Диёра қўлидаги сумкаси билан унинг башарасига уриб юборгиси келди.
-Аҳмоқ экансан!-деди нафрат билан.
Олим яна кафтини очди:
-Таранг қилмай шуни олсангиз-у, наркоздан сал кўпроқ берсангиз. Ҳеч ким билмайди, мен даъво қилмайман.
Диёра уни уриб юборишдан ўзини тийди-ю, бироқ, нафратини тил билан баён қилишдан тийила олмади:
-Башаранг қурсин, ваҳший! Беномус! Одаммисан ўзинг!? Ер ютсин сени!!
Олим унинг астойдил қарғаётганини англаб, чўчиди, атрофига аланглаб олди. Ҳеч ким йўқлиги учун у ҳам овозини баландлатди:
-Қарғаманг опажон, нега қарғайсиз?
-Сенга битта қарғиш кам. Сени ахлатхонага тириклайин кўмиб ташлаш керак. Нима деганингни биласанми ўзинг!?
-Нима дебман?-деди Олим пулни чўнтагига солиб.-Операция пайтида уйғониб кетмасин, наркозни кўпроқ берсангиз қийналмасмиди, деб маслаҳат сўрадим. Шунга шунчами?
-Ҳо-о... мени гўл, калтафаҳм деб ўйлаяпсанми? Турқинг қурсин сенинг! Иккинчи қадам босма, бу ерга.
Олим яна атрофга аланглаб олгач, баланд келиб, сенсирашга ўтди:
-Онангнинг уйими бу ер, э, шаллақи! Мен сени синамоқчи эдим. Тўғри ишлаш-ишламаслигингни билмоқчийдим. Агар хотинимга бир нима бўлса, оналарингни кўрсатаман!
Диёра яна қарғаганича қолаверди. Ҳар қандай ҳолатда ғазабни енга олиш одам учун гўзал фазилат саналиши Диёрага ҳам маълум. Лекин ҳозирги ҳолатда ким ва қандай қилиб ғазабини енга олиши мумкин экан – Диёрага шу қоронғу. Ёмонларни ер ютмаса, аблаҳлар устига тоғ қуламаса, золимларни чақмоқ куйдирмаса, шундай ярамасларга дуч келганида аёл боши билан у нима қилсин?
Ишнинг бу даражада чаппасига кетишини кутмаган Олим сўкина-сўкина шифохонадан узоқлашди. Ишга боргиси келмай, анҳор бўйидаги қаҳвахонага ўтиб, телефонда Ҳамдамни чақирди. Дўсти келгунига қадар бир шиша пивони бўшатиб, ҳовури сал босилгандай бўлди.
-Тинчликми, хотининг тузукми?-деб сўради Ҳамдам ҳавотирланиб.
-Тинчлик...
Ҳамдам телефонда ҳам шундай деб сўраб, шу жавобни эшитган эди. Бу сафар жавобга илова тарзида унга бир шиша пиво узатилди. Ҳамдам шишани қўлига олди-ю, бироқ, ичмай четга суриб қўйди.
-Ҳамдам, ошна, бир маслаҳат бор,-деди Олим эзгин бир оҳангда.-Индинга хотинимни операция қилишмоқчи. Лекин хаёлимга бир гап келиб, миямни ғовлатиб юборди. Тинчимни йўқотиб қўйдим.
-Ичингда гап сақламай, айт, ошна. Шунақа пайтда ёнингда турмасам, дўст демасанг ҳам бўлади.
-Мен...-Олим дўсти суриб қўйган шишани қўлига олиб, икки қултум пиво ичди-да, лабини кафти билан артди.-Наркоз кўпроқ берилса-ю, азоблардан бира тўла қутулса, девдим.
-Шуни гап деб гапиряпсанми? Бунақа аҳмоқона фикрни қаердан топдинг?-Ҳамдам шундай дегач, “бошқа ичмасин”, деган мақсадда шишани унинг қўлидан олди.
-Эсингдами, Собит айтувди: кесса ҳам ўлади, кесмаса ҳам... Хўп, кесди, тирик қолди, дейлик. Нима бўлади? Яримта одамга айланади. Унга ким қарайди? Яримта ҳолича яна қанча яшайди?
-Билиб турибман, сенга оғир бўлади. Лекин... қанча яшаса ҳам яшаши керак. Ўзинг қаролмасанг, отаси бор, ўгай бўлса ҳам онаси бор.
-Ота-онаси эрта-индин олдинма-кетин ўлиб берса-чи? Бир-иккта дўхтир билан маслаҳатлашдим. Тирик қолиши қийин экан. Яримта бўлиб яшагандан кўра...
-Яримта бўлса ҳам... ҳар ҳолда...-Ҳамдам дўстини фикридан қайтариш чорасини ўйлаб, топгандай бўлди:-Қийналсанг, бошқасига уйланарсан...
-Уйланишга-ку, сен айтмасанг ҳам уйланаман. Лекин яримта кундошини боққан хотинни ҳеч кўрганмисан ё шунақаси борлигини эшитганмисан? Гап шу: ё бугун ё эртага дўхтир билан гаплашиб берасан.
Ҳамдам ошнасининг мақсадини англаган бўлса ҳам “адашмадиммикин?” деган хаёлда сўради:
-Нимани?
Олим шишани яна қўлига олди. Аммо ичмади. Дўстига синовчан тикилди:
-Операциядан чиқмасин...
Ҳамдам бош чайқади. Ҳудди қочишга жой излагандай атрофга аланглади.
-Хотинимнинг ўзи ҳам шуни истаётганга ўхшайди. Гапларидан сездим...
-Йўқ, оғайни, бу фикрингдан қайт.
-Ҳозир наркоз берадиган хотин билан гаплашувдим. Аҳмоқроқ экан, келиша олмадим. Мўлжалдан кўпроқ сўради. Ундан кўра дўхтирнинг ўзига бериб қўя қолганим маъқул. Пул одамни ҳамма нарсага кўндиради. Сен менга тушунмаяпсан: мен хотинимга яхшилик қилмоқчиман. Азоблардан қутқармоқчиман. Киноларда кўрганмисан: урушда яраланганлар ошналарига “отиб ташла, азобдан қутулай”, деб ялинишади.
-Энди ошна, кино бошқа нарса. Хотинингнинг уволига қоласан.
-Хотиним билмайди.
-Унда қизларингнинг қарғишига қоласан.
-Қизларим ҳам билмайди.
-Қизларинг билмаса – Худо билади-ку?
-Сени одам деб гапирсам... Собит бўлганида сен “доно”га ялинмасдим. Эрталаб етиб келса, дўхтирга Собитни рўпара қиламан. Келмаса, сен борасан. Йўқ десанг, тамом, ошна-оғайнигарчилик куйиб-кул бўлади!
Ҳамдамнинг бахтига Собит шомдан кейин етиб келди. Олимнинг илтимосини эшитиб бир оз ўйланди. Ҳатто бош чайқаб ҳам қўйди. Аммо Ҳамдамга ўхшаб эътироз билдирмади, ақл ҳам ўргатмади. Эрталаб биргалашиб шифохонага бордилар. Олим кўчада қолди. Доктор Асиловга Собитнинг ўзи рўпара бўлди. Мақсадни, берилажак пул миқдорини эшитгач, Диёрадан фарқли ўлароқ, Асилов бирдан портлаб кетмади. Столи устини бармоқлари билан дўмбира қилиб чертганича ўйланди. Собит бу сукутни ўзича тушунди: “Номи чиққан бунақа дўхтирларинг нархи ҳам баланд юради. Олим тентак хасислик қилди. “Йўқ” деб қайсарлик қилса, барибир қўшиб беришга мажбур бўлади”.
-Акахон, менинг айтганим – аванс. Ошнамизнинг бели бақувват, ишдан кейинги миннатдорчилигимиз бошқача бўлади,-деди ҳотамтойлик билан.
Асилов унга тикилиб қаради:
-Пулни “кўк”ида нақд берасанларми?
Пулдан гап очилгунча “сиз”лаб гаплашаётган Асиловнинг бирдан сансирашга ўтиши Собитни ажаблантирди. Буни ҳам пулнинг камлигидан норозиликка йўйиб, қўлини кўксига қўйганича жавоб қилди:
-“Ми?”сини олиб ташланг, акахон, биз насияга иш юритмаймиз.
-Оти нима эди, ошнангнинг?
-Биз “Олим” деб ўрганиб қолганмиз, асли - Олимбек.
-Ҳм...-Асилов яна столни черта бошлади:-Олим... Олим... Золим...
-Тушунмадим?
-Валломат ошнангнинг ўзи қани? Мен пул берадиган одамнинг ўзи билан гаплашишим керак.
-Ўзи кўчада қолувди.
-Кўчада нима қилади, чақир.
-Савдо пишдими, акахон?
-Пишди ҳисоб, чақир.
Собит шифохона дарвозаси яқинида турган Олимни имлаб чақирди-да, “атаганига яна озгина қўшишни” тайинлади. Олим Асиловнинг хонасига пулни тайёр қилган ҳолда кирди.
-Демак... сен Олимбексан? Атаганинг қани?
Олим чап қўлидаги пулни унга узатди. Асилов қўлига олди-ю, аммо санаб ҳам кўрмади.
-Чўғи камроқми?-деди норози қиёфада.
-Ҳаммаси юзталик...-деди Олим.
-Сен... Асилов деган дўхтирнинг довруғини аввал ҳам эшитганмидинг?
-Эшитганмиз, акахон,-деди Собит енгил таъзим билан.-“Дўхтирларнинг додахўжаси” деб эшитганмиз.
-Сен жим тур,-деди Асилов жеркиб.-Мен харидор билан гаплашяпман. Мени сотиб олаётган буми ё сенмисан? Хўш, Олимбек, айт, эшитганмидинг?
-Сизни “зўр” деб эшитганман.
-Ўша “зўр дўхтир”нинг нархи шугинами? Менинг нархим шунчалик пастлигини билмаган эканман.
-Дўхтир ака, бу бошланиши, кейин яна бераман.
-Ҳа... шунақами?! Менга қара бола!-Асилов шундай деб шарт ўрнидан турди-да, Олимни ёқасидан олди.-Сен Асилов пасткаш одам, арзон-гаровга сотилади, деб эшитувдингми?
Унинг кутилмаган бу ҳаракатидан саросимага тушиб қолган Олим тисарилиб, ёқасини бўшатмоқчи бўлди. Собит ёрдамга шошилди. Асиловнинг қўлига ёпишди:
-Яна бераман, деди-ку, акахон!
-Нари тур, ҳароми!-Асилов уни тирсаги билан туртиб юборди-да, Олимни бир-икки силтади:-Сен, ит эмганмисан ё одам боласимисан? Ўз хотинингга ўлим тилайсанми? Мен одам ўлдириш учун қўлимга тиғ оламанми? Ундан кўра ўзингни ўлдирсам савобга қоламан.
Собит бу сафар астойдил ёпишиб, дўстини унинг чангалидан қутқариб олди.
-Ўзингизни босинг-е,-деди Олим ҳансираб.-Биз сизни синамоқчи эдик. Агар хотиним операциядан яхши чиқмаса, кўрадиганларингни кўрасанлар!
Олим шундай деб эшик томон юрди.
-Шунақа, акахон, бу бир ҳазил эди. Ёмон ниятда бўлганимизда буёқ суртилган пулдан узатардик. Ҳозир кишанда ўтирган бўлардингиз. Энди... қўлингиздагини берасизми?
Асилов пулни ғижимлаб унинг башарасига отди. Собит ерга сочилган пулларни олиб, шошилмасдан тахлаб, чўнтагига солди-да, гап оҳангини ўзгартирмай хайрлашди:
-Худо омадингизни берсин, хайр, акахон!
Улар чиқиб кетишгандан кейин Асиловга хона тордек туюлиб, бўғила бошлади. Деразани ланг очиб юбориши ҳам фойда бермади. Ҳовлига чиқмоқчи бўлиб турганида эшик очилиб, Диёра кўринди. Асилов ҳозирги савдони унга маълум қилгиси келмади. Асабийлашаётганини яшириш учун жилмайишга ҳаракат қилди. Диёранинг сергак нигоҳи унинг рангидаги ўзгаришни кўрди.
-Кечирасиз, бемаврид кирдим шекилли?-деб изига қайтмоқчи бўлди.
-Йўқ, йўқ, кираверинг, сал чарчаганга ўхшаб турибман.
-Мен бир илтимос билан кирувдим. Айтаману фақат ҳафа бўлмайсиз-да.
-Айтаверинг, мен билан биринчи йил ишлаётганингиз йўқ-ку...
-Ҳа... биринчи йил ишлаётганим йўқ... Ага ҳафа бўлмасангиз эртанги операцияга мен кирмасам. Бошқа аснестизиолог кирса...
-Нега?
-Шунақа бўлиб қолди...
-Нима, бешик тўйингиз борми?
-Йўқ... илтимос... суриштирманг... Қўлим бормайди.
-Тушунарли...-Асилов унинг яширин сирини ўқиб олишга қасд қилгандай кўзларига қаттиқ тикилди.-Тушунарли... Ҳозир хонамдан икки киши чиққанини кўрдингизми?
-Ҳа, кўрдим... Тўғрисини айтсам... киришаётганини ҳам кўрувдим.
-Менга нима деб кетишганини тасаввур ҳам қилолмассиз? Дарвоқе... агар киришаётганини ҳам кўрган бўлсангиз, демак уларни танийсиз. Мендан олдин сизга учрашишмадими? Фақат тўғрисини айтинг.
-Биттасини танийман... касалнинг эри...
-Қойилман! Нима учун мендан олдин сизга рўпара бўлган, билмайсизми?
-Мени гўл деб фаҳмлагандир-да, афтинг қурғур.
-Қарғиш даражасига етибсиз, демак, суҳбатларингиз дўстона бўлмабди. Агар сиз рози бўлганингизда ишлари арзонроққа битарди. Менинг нархим баландроқ бўлса керак.
-Ер ютгурнинг бети қандай чидади экан шундай дейишга?-Диёра яна қарғаб юборганидан ҳижолат бўлиб узр сўради.
-Бунақаларни қарғаганда узр сўрамаса ҳам бўлади. Қарғишлар қабул қилиниб, қанийди, ҳаммасини ер ютиб адо қилса. Лекин афсуски... бунақалардан ер ҳам ҳазар қилади, ютгиси келмайди. Ҳайронман, шунча йил ишлаб бунақанга ҳаромиларни сира учратмаганман. Одамлар “тузатиб беринг” деб пул беришмоқчи бўлишади. Булар эса... Бировдан эшитсам, ишонмаган бўлардим. Биласизми, мен нимадан ғазабдаман? Уларнинг таклифидан эмас. Мен билан сизнинг шу ишга қодир, деб ўйлашганини ҳазм қила олмаяпман. Бизнинг ўрнимизда бошқа врачлар бўлишганда кўнишармиди? Бунга ақлим бовар қилмайди! Сиз фикрингиздан қайтинг. Биз бу аблаҳларни жазолашимиз керак.
-Қандай қилиб?-деб ажабланди Диёра.-Гувоҳларсиз гапиришди, гувоҳларсиз пул узатишди...
-Нега гувоҳ бўлмас экан? Виждон-чи? Худо-чи? Биз уларни жазолаймиз. Беморнинг ҳаёти учун курашамиз. Беморнинг тирик қолиши улар учун жазо бўлади.
-Оёғи... кесилмайдими?
-Афсуски, бошқа чорамиз йўқ. Лекин у тирик қолиши керак. Зарур! Биз уни ўлимдан сақлаб қоламиз. Агар қўлимдан келса, унга яна юз йил ҳаёт инъом этган бўлардим. Биз касаллик олдида ожизмиз. Лекин ҳаётини бир неча ойгами ё йилгами узайтиришимиз мумкин.

***

Доктор Асиловнинг хонасида шу можаролар бўлиб ўтаётган дамда Муниса яқинларига билдиролмай қийналаётган гапларини ҳамхонаси Рисолатга айтаётган эди:
-Опажон, сиздан илтимосим бор, мени олиб чиқиб кетишгандан кейин адажонимизга айтиб қўйинг: агар бир нарса бўлсам...
-Қўйинг-е, сизга ҳеч нарса бўлмайди, яхши нафас қилинг. Худо “яхшиликни истаган кишига яхшиликни бераман, ким ёмонликни ўйласа ёмонликни бераман”, деган экан. Шунча кундан бери ётиб бу баннисада одам ўлганини эшитдингизми? Бу ер тузатадиган жой, ўлдирадиган эмас. Қирқ йил қирон келсаям ажали етган ўлади. Ўн гулингиздан бир гулингиз очилиб турган пайтда шунақа гапларни айтишга уялишингиз керак. Ўлимни ҳечам ўйламанг, оповси ўргилай.
Рисолат кўз ўнгида тобора сўлиб бораётган бу хушсурат жувонга ич-ичидан раҳми келаётгани учун ҳадеб дардини ўйлайвермасин, деган ўйда шу каби гаплари билан далда беришга уринаётганди. Муниса унинг мақсадини англаб турарди. Ҳозир ҳам миннатдорлик билдиргандай жилмайишга ҳаракат қилди.
-Мен унақа ўйлаётганим йўқ, опажон,-деб ўзини оқлади.-Лекин иссиқ жон, билиб бўлмайди-да... Адажонимизга айтиб қўйинг, илтимос, мен у кишидан мингдан минг розиман. Адамдан ҳам, ўгай онамдан ҳам, қизларимдан ҳам... хуллас, ҳамма қариндошларимдан, қўшниларимдан... кимники танисам, билсам, ҳаммаларидан розиман. Яна айтинг-ки, адажонимиз “одамлар фисқу фасод қилади”, деб ҳижолат тортмай, кун санаб юрмай уйлансинлар. Қанча тез уйлансалар шунча яхши. Фақат... қизларни ўкситмасинлар. Жойлари чиқиши билан тез узатсинлар. Худонинг раҳми келиб, болаларимнинг бахтига тирик қолсам ҳам барибир уйлансинлар. Буни мен ўзларига айтолмайман, сиз етказиб қўйинг.
-Нега унақа дейсиз? Нега тирик хотин устига яна хотин олиши керак экан? Бунақа эркалатманг эржонингизни.
-Опа, уйланишлари шарт. Оёқларимни кесиб ташлашса, мен у кишига қарай олмайман. Қўл-оёқларини ипсиз боғлаб қўяман-ку? Ҳали ёшлар... у кишига яхши қаров керак... Сиз ёмон хаёлга борманг, опажон, уйланганлари билан бизларни ташлаб қўймайдилар. У киши шунақа меҳрибонларки...
Муниса яна эрини мақтаб кетди.
Ҳаётда кўпни кўрган Рисолат бу масалада уни қувватлаб, кўнглига далда беришни истамай жимгина ўтираверди.

***

Мазкур ҳикояга асос бўлган воқеа шундан иборат. Доктор Асилов Мунисанинг ҳаётини сақлаб қолди. Шариф оёқлари кесиб ташланган қизини уйига олиб кетмоқчи эди, куёви қаршилик билдирмади. Муниса салкам бир йил яшади. Бу сатрларни ёзаётган онларимда тобут ортидан чирқираб қолган қизларининг фарёди қулоқларим остида жаранглаб тургандай бўлаверди. Қизлар оталарининг операция арафасидаги қилғилиқларини билишмайди. Билмаганлари ҳам маъқул. Муниса қизларига “адажонимиз бизга жуда меҳрибонлар”, деб кўп таъкидларди. Майли, қизлар оталарини ҳафталаб кўришмаса ҳам, “адажон меҳрибонлар”, деб ўйлайверишсин.
Дарвоқе... Рисолат Мунисанинг гапларини Олимга етказмаган эди. Шуни сезибми, Муниса васиятини қоғозга ёзиб қўйганди. Ёстиқ остида сақланган бир варақ қоғозни олиб ўқиган Ақида аввалига йиртиб ташламоқчи бўлди. Кейин онасининг қўллари теккан бу қоғозни азиз деб билиб яшириб қўйди. Васиятни ҳеч кимга билдирмади. Фақат... адаси уйланганида йиғлаётган синглисини овутиш учун “Ойижон шунақа васият қилганлар”, деб қўйди.
Энди сиз бу воқеа қаерда содир бўлган, деб сўрарсиз? Қаерда содир бўлганининг нима аҳамияти бор? Бундай разиллик ҳар биримизнинг маҳалламизда содир бўлиши мумкин-ку? Фақат биз – бандалар бунга эътиборсизмиз, лоқайдмиз. Энди бундайларнинг жазоси қанақа бўлади, дерсиз? Жазоси тайин: бундайлар қора ниятларини, аблаҳликларини одамлардан яширишга уринганлари билан Яратган Аллоҳдан яшира олмайдилар. Шундай экан, уларга дўзах азоби тайёрлаб қўйилган. Унга қадар, яъни ўлим фариштасига дуч келгунларича тортадиган бу дунё азоблари ҳам бор. Зотан, Аллоҳ дерки: “Эй Одам фарзанди! Яхши эшитиб олгинки, бандаларимдан ҳеч бири ўзининг зулми, макр-ҳийласи, чақимчилиги, тажовузкорлиги ва ғаразу ҳасадидан одамларни тинч қўймагунича, ўзи ҳам Менинг азобларимдан тинч ва омонда бўлмайди”.
Мазкурни ўқиб, биз билан ҳамфикр бўлган азизларга тинчлик ва омонлик тилайман.

Дебоча ўрнида

Ўғлининг зулмидан азият чеккан ота нима қилиши керак? Дардини бировга дарров айта олмаса... Ҳа, сабр қилади. Аммо пичоқ бориб суякка қадалса-чи?
Бу қария ҳам узоқ кунлар эмас, ойлар сабр қилди. Ўғлимга инсоф кириб қолар, деб кутди. Бироқ, умиди ушалмади. Ўғли хўкиз ҳайдайдиган таёқ билан ураверди. Охири у муфтийга арз қилиб борди:
-Ҳазратим, ҳузурингизга бир олам дард билан келдим. Юрагимдаги ярага фақат сиз малҳам қўя оласиз,-деди у йиғламсираб.
-Сўзланг, биродар, ҳар қандай ярага шифо фақат Аллоҳдан.
-Ҳазратим, мен ўғлимнинг ёмонликлари хусусинда арз этиб келдим.
-Ўғил хусусинда? Қани сўзланг-чи?
-Ўғлим сўзларимни мутлақо қулоғига олмайди. Мени назар-писанд қилмайди, ўғиллик ҳаддида турмай, менга бақираверади. Бу ҳам етмагандай хўкиз ҳайдайдиган таёғи билан елкамга тушириб қолади. Кўп изтироб чекаман, кўп қийналаман. У туғилган чоғида қанчалар қувонган эдим. Қўй сўйиб, биродарларимга зиёфатлар берган эдим. Шароб ичиб сархуш бўлган эдик. Қариганимда мени азобга қўйсин, деб қувонган эдимми?
Бу гапларни эшитиб муфтий ўйга толди. “Ҳақиқатни айтсамми ё айтмасамми?” деб иккиланди. Агар ҳозир қариянинг зардобга тўла кўнглига қараса, ҳавойи гаплар билан овутса, фойдаси йўқ, эрта-индин яна арз-дод билан келаверади. “Кўнглига қанчалик оғир ботмасин, ҳақиқатни айтиш керак, зора тўғри хулоса чиқарса”, деган қарорга келган муфтий асат сўз бошлади:
-Биродарим, мен сени яхши биламан. Ўзинг ҳам мени энди кўриб турганинг йўқ. Болалигингндан бери танийсан мени. Лекин ҳеч қачон менга юзланишни ўйламагансан. Йигит чоғингда, уйланишни истаган кезларингда менга маслаҳатга келиб эдингми? “Шаръий оила қурмоқ қандай бўлар?” деб сўраб эдингми? Ё никоҳ ўқиб қўйинг, деб келдингми? Айтмасанг ҳам эсимда, ўғлинг туғилганида қўйлар сўйдинг, дўстларинг билан шаробхўрлик қилдинг. Аммо “ўғлимга чиройли исм қўйиб беринг, қулоғига азон айтиб қўйинг”, деб келдингми? Ҳа, келмадинг! Болалик кезларида “ўқитинг, тарбия беринг”, деб ўғлингни ҳузуримга бошлаб келдингми? Келмадинг, а?! Хўп, менга-ку йўлиқмадинг, ўзинг унга дин ўргатдингми? Ота-она ҳақи буюклигини, волидайн ҳурмати икки марталаб фарз эканини бирон марта бўлсин тушунтирдингми? Ўғлингга ахлоқ дарсларини бердингми?
Бу танбеҳдан юраги зириллаган қария муфтийнинг сўзларини қалбан тан олса-да, ўзини оқлаш учун баҳона излади. Ортиқча ўйламади, кўпчилик тилидан учувчи баҳонани айтди:
-Ҳазратим, қишлоқ аҳволи ўзингизга маълум, биз доимо иш билан бандмиз. Тирикчилик ташвишидан ортмаймиз.
Бу баҳонани эшитган муфтий танбеҳлари ҳавога учганини англаб, афсус билан бош чайқади:
-У ҳолда ўғлингдан ранжима. Ҳамиша хўкиз ортидан юравергани учун, сени ҳам хўкиз фаҳмлаб, таёғин билан уриб қолар экан. Чунки илмсиз ўғлинг онги учун сене билан хўкиз орасинда ҳеч бир фарқ йўқдир. У хўкизни уряпман, деб сени уриб юборса керак.
-Ҳазратим, сиз бу гапларингиз ила қалбим ярасини баттар тирнаяпсиз. Бу ерга ўғлимга жазо буюрарсиз, ҳеч бўлмаса насиҳат қилиб қўярсиз, деган илинжда келиб эдим.
-Жазодан не фойда? Насиҳат вақти эса ўтган...
-Агар сиз иложсиз бўлсангиз, мен ҳазрат халифага арзга боражакман.
-Иҳтиёр ўзингдадир. Бормоқ истасанг, ўғлингни ҳам қанотингга олвол. Ҳазрат ҳалифамиз одилдурлар, одил ҳукм чиқармоқлари аниқдир.
Қария малолланиб изига қайтди. Муфтийнинг танбеҳидан сўнг ўз зиммасида ҳам айб юкини сезиб, гарчи ҳалифа “Умар ул-одил” номи ила шуҳрат топган бўлса-да, унинг ҳузурига арз ила бормоққа журъат қилолмади. Елкасидан яна бир-икки таёқ егач, йўлга отланди. Ўғлини даъват этган эди, у қаршилик билдирмай, ҳамроҳ бўлди. Қария савлатли саройни, унда тилла кўшкда ўтирган подшоҳга рўпара бўлишни хаёл қилган, тилла кўшк сари таъзим билан бориб, подшоҳ оёғини ўпишни ният қилган эди. Оддий уй саҳнида, бўйра устида ўтирган кишини кўриб, унинг ҳалифа эканига ишонгиси келмади. Таъзимни ҳам, оёқларни ўпишни ҳам унутиб, довдираб қолди. Зотан, бунга саъй қилган тақдирда ҳам ижозат берилмаган бўларди. Қария бўйра устда ўтирган кишининг ҳалифа эканига ишонч ҳосил қилгач, дадилланиб, мурожаат қилди:
-Эй менинг улуғ ҳалифам!
Бу мурожаат ҳалифага ёқмай бош чайқади:
-Мен мусулмонларнинг ҳалифасиман, улуғлик ёлғиз Аллоҳга хосдир. Сен дабдабани қўй-да, муддаога ўт. Нима арзинг бор, айт. Кўзарингда бир дард кўряпман.
-Ҳазартим, арзим ўғлим хусусинда. У мени ота ўрнида кўрмайди. У мени ота ўрнида кўрмайди. Оқибат шу бўлди-ки, хўкиз ҳайдайдиган таёғи билан мени урди.
Бу арзни эшитган ҳалифа қошларини чимириб, ўғилга норози қиёфада боқиб деди:
-Эй фарзанд, бу не ҳол? Аллоҳ-таоло сенинг бўйнингга фарз қилган отанг ҳақини билмайсанми? Ота-она ҳузуридаги бурчингни англамайсанми?
-Дуруст англайман, эй амиралмуслимин,-деди ўғил айбига иқрор бўлгандай бош эгиб.
-У ҳолда нечун отангга қўл кўтаришга журъат этдинг? Ҳақ таоло ўзининг расули Иброҳим алайҳиссаломга отаси кофир бўлса-да, иззатини жойига қўймоқликни буюрганида сен нечун фарзандлик ҳаддини буздинг?
-Сўроғингизга жавоб қайтармоқдан аввал, ижозат этинг, мен сиздан бир нарсани сўраб олай,-деди ўғил бошини кўтармаган ҳолда. Ижозат бўлгач, ҳалифага қарамоқликка журъат этди:-Эй амиралмуслимин, фарзанднинг ота-она олдида бурчлари зиёдадир ва мен буни англайман. Бироқ, отанинг гарданида ҳам фарзанд ҳақи борми?
-Шубҳасиз, бор!-деб хитоб қилди ҳалифа.-Аввало ота бўлмиш солиҳа, покиза, насли-насаби тоза аёлга уйланмоғи керак. Токи, фарзанд ўз онасининг ўтмишидан уялиб юрмасин. Иккиламчи, ота фарзандга гўзал исм қўймоғи лозим. Токи, фарзанд ўз исмидан ҳижолат чекиб юрмасин. Сўнг фарзандга Аллоҳни танитмоғи шарт. Токи, Ҳақ йўлини билсин, фарз амалларни бажармоқни одат қилсин. Сўнгра касб-ҳунар ўргатмоғи жоиз. Токи, ҳалоллик билан тирикчилик ўтказишда қийналмасин. Ниҳоят, солиҳа бир қизга уйлантириб қўймоғи зарур. Англадингми?
-Эй амиралмуслимин, мен-ку англадим. Энди отамдан сўранг-чи, бу ҳақларнинг қай бирларини адо этдилар экан?
Ҳалифа савол назари билан қарияга қаради. Қария иложсиз равишда бош эгди. Орада бир неча нафаслик сукут ҳукмронлик қилди. Ҳалифа йигитга қараб “Гапиравер”, деган ишора қилгач, ўғил тилга кирди:
-Аввало шуки, насл-насабни суриштирмай, ёмон ахлоқни касб қилган, Аллоҳни танимайдиган аёлга уйланганлар. Бутун қишлоқ аҳли ҳалигача надомат қиларлар. Мен ҳануз иснод ўтида ёниб яшайман. Туғилганим ҳамон отамнинг кўзлари саҳронинг қора қўнғизига тушган экан, шу боис, одат бўлиб қолган таомилга кўра менга ўша қўнғизнинг номини бериб “Жуаъл” деб исм бердилар. То ҳануз одамлар мени қўнғизга ўхшатиб майна қиладилар. Менга Аллоҳни танитмадилар. Ҳалига қадар пешонам саждага теккани йўқ. Чунки ўзлари ҳам то ҳануз Яратганни танимайдилар. Касб-ҳунар ўргатишга саъй қилмадилар. Далада хўкиз ҳайдашдан ўзга юмушни билмайман. Ёшим йигирма бешдан ошаётган бўлса-да, уйлантирмоқни ҳалигача ўйлаб кўрганлари ҳам йўқ...
Ўғилнинг хасратга тўла бу маломатларини эшитган ҳалифа энди отага норози қиёфада боқиб деди:
-Эй ўзини ота санайдиган инсон! Сен фарзандингга жазо тилаб келган эдинг. Маълум бўлди-ки, жазога ўғлинг эмас, ўзинг лойиқ экансан. Гарданидаги оталик бурчини бажармаган инсонга қандай жазо лойиқ – ўзинг ҳукм чиқаравер. Алҳол, мен томонимда бирор жазо лозим ҳам эмас. Роббимнинг ўзи сени жазолаб қўйибди. Оҳ-воҳ қилмоғингдан энди не фойда?
Амиралмуслимин тилидан учган бу ҳақиқат сўзлари олдида қария ночор қолди. Жавобга сўз тополмай, бошини эгди.
Азизлар, бу ҳикоямизни бадиий адабиётдаги анъанавий йўлга хилоф равишда бошладик. Давоми ҳам шу тарзда бўлажакким, ажабланмагайсиз. Қалам аҳли эшитган, билган воқеаларига одатда “бадиий тўқима” деб аталмиш ходисалар баёнини қўшади. Биз бу сафар бундай тўқимага эҳтиёж сезмадик. Анъанага хилоф бўлса-да, воқеаларга ўз муносабатимизни билдиришни лозим топдик.
Мазкур ҳикоямизга кичик дебоча ёзиш зарурати туғилиб, баёнимизни чаҳорёрларнинг иккинчиси, ҳазрат Умар (розийоллоҳу анҳу) даврларига оид ривоятни эътиборингизга ҳавола этдик. Бу бежиз эмас, Гап шундаки, биз фарзанд бурчи ҳақида кўп гапирамиз. Ноқобил фарзандлардан нолиймиз, уларни аямай танқид қилаверамиз. Ота ва онанинг бурчлари ҳақида эса кам эслаймиз. Ота-онанинг вазифаси фақат фарзандни дунёга келтириш, едириш-ичириш, кийинтиришдангина иборат эмас, балки унинг зиммасида улуғ бурчлар мавжуд. Бирон бир ўсмир жиноят қилса, қора курсига ўтирса, оқибат қамалиб кетса, айбдорларни излай бошлаймиз. “Мактаб айбдор. Яхши тарбия қилмаган”, деймиз. Кўз ёшлари тўкиб турган ота-онага эса раҳмимиз келади. “Боласи қамалиб кетди-я бечораларнинг!” деб ачинамиз. Ҳолбуки, боланинг қамалишидаги асосий айбдор шу ота, шу онанинг ўзлари эмасми? Кимнинг боласи ёмон йўлга кирибди, кимнинг боласи бемеҳр бўлибди, кимнинг боласи қариган чоғида туққанларини хор қилибди – айбни бошқалардан эмас, ўзидан қидирсин. Бу ҳикоямизнинг мавзуи шу ҳақда. Сиз – азизларга баён этмоқчи бўлганим ҳикояни ота-она меҳри нима эканини билмай ўсган бир қиз менга айтиб берди. Олий ўқув юртларидан биридаги учрашувдан кейин толиба қиз менга яқинлашиб, суҳбатлашиш нияти борлигини билдирди. “Гапларимни эшитмасангиз бўлмайди”, деб таъкидлагач, эртасига кўришдик. Қизнинг гапларини бўлмай эшитдим. Қиз ҳикоясини тугатгач: “Шуларни ёзмасангиз бўлмайди”, деб хулоса ясади. Охирги гапи ўринли эди. Бир неча кунлик ўйлаш, таҳлил қилишдан кейин қўлга қалам олдим ва қизнинг ҳикоясини асл ҳолича сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқни лозим кўрдим. Ортиқча тўқимага, узун шарҳларга эҳтиёж сезмадим. Ўзларингиз танишиб, мушоҳада этмоқликларингизни истадим.

***

Улар якшанба – дам олиш кунини ёмон кўрар эдилар.
Шу кун етимхона гавжум бўлиб қоларди. Кимнингдир отаси ёки онаси, кимнингдир бобоси ёки бувиси, ёки амакисими холасими келиб қувонтириб кетарди. Уларни эса...
ҳеч ким йўқламас эди...
уларга ширинлик керак эмасди...
етимхонада ширинлик етарли эди...
улар ота ёки она ёки қариндошлар меҳри керак эди...
етимхонада шу меҳр етишмасди...
бошларини силашга қариндошнинг бир меҳрибон қўли, қариндошнинг бир оғиз ширин сўзи етишмасди...
Бугун ҳам якшанба. Бугун ҳам улар учун машаққатли кун, қалб тирналадиган кун.
“Болалар уйи” деб аталмиш етимхона ҳовлисидаги тўрта шийпоннинг барчаси банд. Турумшлари бузилиб, ажраб кетган ота ва оналар етимхонадаги фарзандларини кўргани келганлар. Инсофли буви ва бувалар, амаки-тоғалар, амма-холалар ҳам бор. Етимхона пажарасига суянганича шийпондагиларни кузатаётган бола буларнинг қай бири ота, қай бири тоға, қай бири она, қай бири амма эканини билмайди. Буни билишга ҳам қизиқмайди. Қариндошлари елганидан қувониб ўтирган ўртоқларига ҳавас ҳам қилмайди, балки қалбини ҳасад ўти куйдиради, уларга нафрат билан қарайди. Қалбида нима учун нафрат уйғонганини ўзи ҳам билмайди. Билишга қизиқмайди ҳам.
Шийпондагиларга қарай-қарай безган бола юзини ўгириб, кўчага тикилди. Ёнига синфдош қизнинг яқинлашганини сезмади ҳам.
-Журъат, қарагин, янги берилган кўйлакларини кийиб олдим,-деди қиз шодлигини у илан баҳам кўриш учун. Бола ўгирилди, қаради-ю, индамади, “муборак бўлсин, ярашибди” деган гапни кутган қизнинг бундан кўнгли бироз оғриди-ю, ранжиганини сездирмаслик учун гапини давом эттирди:-Байрамни кутиб ўтирмай кийиб олавердим. Қарагин, ярашибдими?
Овози аста бўлган ўсмир қиз боланинг бундай нозли саволидан кейин юраги бир ҳаприқиб, бошдан оёқ суцқланиб қараб олган бўларди. Журъат болалик оламини тарк этиб, ўсмирликнинг лаззатли боғига ўтгани билан ҳозирги кайфияти қиз боланинг қоматидан ҳузурланишга йўл бермасди. Шу боис тўнглик билан: “Ҳа”, деб қўя қолди.
-Сенга нима бўлди? Нимадан жаҳлинг чиқди?-деди Холида аразлаш оҳангида.
-Бор, бошимни оғритма,-деди Журъат янада тўнглик билан.
-Айт, нимадан жаҳлинг чиқпти?-деди Холида ўжарлик билан.
-Ҳеч нима...
Бу сафар Журъатнинг овозида тўнглик эмас, ўкинч оҳанги сезилди. Ўгирилиб олди. Холида унинг елкасидан ушлаб, енгил силтади, ўжарлигини қўймади:
-Йўқ, айтасан!
-Бошимни оғритма, деяпман сенга!
Журъат овозини баландлатган бўлса-да, барибир ўкинч оҳангини яшира олмади. Бундай ўкинч қиз қалбида ҳам бор эди. Шунинг учун Журъатнинг ҳолатини ҳис қилиб, йиғлаб юборай деди.
-Журъат, нимага бунақа қиласан?! Нима учун жаҳлинг чиқаётганини билиб турибман-ку? Сен... Сен...-Холида энди кўз ёшларини тўхтата олмади.-Ойингни кутяпсан!
-Йўқ! Бекор айтибсан!-деб бақириб юборди Журъат.-Кутаётганим йўқ! Кутмайманам... Ҳеч қачон... ҳеч қачон...
Кўкрагини фарёд вулқони куйдираётган Журъат қизга ғазаб ўқларини отиш учун эмас, ожизлигини сездириб қўймаслик учун бақирган эди. Буни англаган Холида ундан ранжимади. Синиқ овозда:
-Кутмайсан...-деди-да, хўрсинди.-Журъат, ахир келишганмиз-ку, кутмаймиз уларни. Улар... барибир келишмайди. Бизнинг уларга керагимиз йўқ. Биз... улар учун ортиқча юкмиз.
Холида хасрат билан апираётган онда панжаранинг у томонида, кўчада келаётган киши тўхтади. Чўнтагидан бир парча қоғиз олиб ўқиди-да сўнг ғижимлаб, панжара томон улоқтирди. Ғижимланган қоғоз панжарага етиб келмай, сувсиз ариқ лабига тушди. Буни кузатиб турган Журъат орқасига ўгирилиб, Холидага қаради, кўзларидаги мунгни яширишга ҳам уринмай, аламли овозда деди:
-Тўғри айтасан, бизларни кераксиз нарсадай ғижимлаб-ғижимлаб четга отишган. Ҳеч кимга керагимиз ҳам йўқ.
-“Ойи” дейдиган хотинларнинг келмагани ҳам яхши. Анавиларга ўхшаб ойда-йилда бир келиб-кетишларидан нима фойда, а?-Журъат бу саволга жавоб беришни истамай, юзини ўгирди. Холида эса гапдан тўхтагиси келмай, давом этди:-Журъат, анавилар болаларини нима учун бу етимхонадан олиб кетишмайди?
-Билмайман, ўзларидан сўра...
-Мен уларга қараб-қараб бир қарорга келдим, айтайми?
-Хоҳласанг айт, хоҳламасанг айтма...
-Бўпти, айтаман, эшит: мен ҳеч қачон эрга тегмайман!
Балоғат ёшининг сурурли ва ширин оламига қадам қўйиб, муҳаббатнинг суюкли ва умидбахш осмонида парвоз қилиб ҳузурланиши лозим бўлган қизнинг бу қарори катталар учун ғалати туюлиши, бу аҳднинг сабабини суриштиришлари мумкин эди. Холида гапини гапириб қўйиб, уялди, Журуъатдан кўзини олиб қочди. Лекин Журъат у томон қарамади. Қароридан ажабланмади ҳам. Кўча томондан кўзини узмай, ҳам тўнг, ҳам киноя оҳангида деди:
-Сенга битта-яримта аҳмоқ уйланмоқчими ўзи?
Болаларнинг “Меҳмон-меҳмон”, “Хола-хола”, “Келин-куёв” ўйинлари бўларди. “Келин-куёв”да Холида – келин, Журъат эса куёв бўларди. Бу ўйинни ўйнамай қўйганларига анча бўлди. Вужудларини ўсмирлик ўти куйдиришни бошламай туриб ҳам Холида бу ўйиннинг ҳаётда амалга ошишини орзу қиларди. Ўзини келинлик либосида, Журъатни эса куёвлик тахтида шодон кулишларини кўп марталаб тушида ҳам кўрган эди. Тушининг ўнгидан келишини дил-дилидан истарди. “Келин-куёв” ўйинини ўйнашдан уялиб, бас қилганларидан кейин ҳам ширин орзулари юрагини куйдираверди. Ҳозир қарорини айтишдан эмас, ўша орзуларига хиёнат қилмоқчи бўлганидан уялди. Гарчи у орзусини йигитчага айтмаган, Журъат ваъда бермаган бўлса-да, қачондир бирга бўлишларига қаттиқ ишонарди. Ҳозирги гапи қатъий қарор эмас, айни дамда Журъатни эзаётган паришонлик булутини ҳайдаш мақсадида айтилган эди. Гап оҳангида озгина эркалик, озгина ноз ҳам бор эди-ки, қизларга хос айёрликни ҳали фарқламайдиган Журъат буни сезмади. Холида қарорини маълум қилганда Жураътнинг ялт этиб қарашини “Эсинг жойидами? Мен-чи?!” дейишини кутган эди. Кутгани содир бўлмагач, киноядан аразлаганини билдириб қўйиш учун йигитчанинг елкасига енгил муштлади:
-Ўша битта-яримта аҳмоқ уйланса – уйланмаса, мен ҳеч кимга тегмайман,-деди лабини буриб.-Бола кўрганимдан кейин номардлик қилса, мен ҳам боламни шу ерга ташлаб кетаманми? Йўқ! Ўзим бахтсиз бўлиб ўтсам ҳам, болам бахтсиз бўлмаслиги керак! Биз бахтсиз бўлиб туғилган эканмиз. Яна бахтсизларни кўпайтириб нима қиламиз? Журъат, сен ҳам уйланмагин, хўпми? Менга сўз бер: хўпми?
-Билмайман...
-Нега билмайсан?
-Балки уйланарман...
-Нима деяпсан?! Сенга ким тегарди? Ҳеч киминг йўқ, уйинг йўқ... Ташландиқларга биров қизини бермайди, билиб қўй!
Бу гапдан кейин Журъат шарт ўгирилди. Қизнинг гаплари унга ҳақорат бўлиб туюлиб, кўзлари ёнди.
-Мен ўз уйим бўлишини хоҳлайман. Жуда-жуда хоҳлайман. Менинг ўз уйим бўлади, эшитяпсанми, бўлади!
Холида унинг важоҳатидан чўчиб, бир қадам тисарилди. Аммо бир гапдан қолишни истамади.
-Ҳа, уйинг бўлади,-деди пичинг билан.-Аданг билан ойингни кутиб туравер, улар келишиб, сени саройларига олиб кетишади!..
Бу гапдан ғазаб олови аланга олиш ўрнига Журъатнинг кўзларидаги ўт ўчиб, ёшлангандай бўлди. Киприклари пирпиради.
-Пичинг қилма...-деди-да, ютинди. Холида ярани тирнаб, туз сепиб қўйганини билиб, энди овутиш учун сўз излади. Журъат бир неча нафаслик сукутдан кейин аламли овозда гапини давом этди:-Анави куни берган китобингда зўр гап бор экан, Қамариддин деган боланинг орзуси эсингдами? Ўша жойни уч марта ўқувдим ёдимга михланиб қолди: “Ҳозир қўлимга милтиқ беришса-ю, дарвозадан отам билан онам кириб келишса, шартта отиб ташлардим. Ана ундан кейин ўзимни отиб ташлашса ҳам майли. Йўқ, аввал суд бўлиши керак. Судда гапиришим керак. “Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси шу!” дейман. “Тирик етимлар! Ҳаммангиз аблаҳ ота ва онангизни топиб отиб юборинг! Ёлғон гаплар тўқиб, уларни бир-бирингизга яхши одам қилиб кўрсатманг. Уларни аямай, отиб ташланг!” дейман. “Тирик етимларга милтиқ беринглар!” деб ҳайқираман. Ана шундан кейин мени отишса ҳам майли...” –Журъат шундай дегач, хўрсинди. Аламини ютиб, бўғиқ овозда сўради:-Сенга милтиқ беришса отармидинг?
Холида бу гапни эшитиб чинакамига чўчиб тушди. Вужудига енгил титроқ югурди. Худди кимдир рўпарасида номард ота-онасини боғлаб ташлагандай, сўнг қўлига милтиқ бериб “Отиб ўлдир, уларни!” деб ҳайқиргандай бўлди. Бир ҳафта илгари кутубхоначи янги олиб келинган китобни бериб, “жуда қизиқ экан”, деб мақтаб қўйган, Холида китобни қўлдан қўймай, кечаси ухламай ўқиб чиққан эди. Икки-уч кун шу китобда баён қилинган воқеалар таъсирида юриб, яна бир марта ўқиган, сўнг “Ўзимизга ўхшаган етим боланинг тақдири бор экан”, деб уни Журъатга берган эди. Журъат аниқ фанларга қизиқар, лекин бадиий китобни ўқишга ҳуши йўқ эди. Холида зўрласа, бирон-бир китобни нари борса ярмигача ўқирди. Буни ўқибди. Ўқибди-ю... тўғри хулоса чиқара олмабди. Холида китобни ўқишга берганидан афсусланди.
Журъат саволимга жавоб беришга мажбурсан, дегандай унга тикилиб тураверди.
-Жиннимисан!-деди Холида зарда билан.-Китобда унақа мақсад йўқ. Қамариддин деган бола онасини отишни хоҳлагани билан отмайди... отолмайди. Ташландиқ бўлгани билан унинг юраги тоза эди... Шунисини пайқамабсан.
-Пайқадим... Унинг ўрнида ўзим бўлганимда ҳам отолмасдим. Лекин афтига тупуришни истардим.
-Тупуролмасдинг...-деди Холида энди синиқ овозда.-Ота-она ёмонлик қилгани билан юзлари... иссиқ бўлади...
Холида йиғлаб юбормаслик учун шарт бурилди-ю, тез-тез юрганича изига қайтди. Кўнглининг пораланишига шу янги кўйлак айбдордай, хонасига кириши билан ечиб, бурчакка улоқтирди.
Янги кўйлакни байрам куни ҳам киймади. Журъатнинг ўзи янги костюмни кийди, лекин Холиданинг янги кўйлак киймаганига аҳамият бермади...
Уларнинг кийим-кечакда, емоқ-ичмоқда бошқа болалардан камчиликлари йўқ эди. Агар бахт тушунчаси фақатгина ширин таомларни емоқ-ичмоқ, чиройли либосларни киймоқ билан белгиланса эди, уларни биз “бахтли болалар”, деб атаган бўлур эдик. Афсус шуки, бахтиёрлик саройи бутунлай ўзга пойдевор устига қурилади. Бола фақатгина ўз ота ва онаси бағридагина бахтиёр бўлиши мумкин. Болалик бахти ота ва она меҳри булоғидан сув ичади. Журъат ҳам, Холида ҳам, улар каби яна юзлаб болалар айнан шундай булоқ сувидан бебаҳра ўсдилар. Афсус ери шундаки, етимликда ўсган айрим болалар катта ҳаёт оламига аламзадалик билан билан қадам қўядилар. Уларнинг кўзларига ҳар бир аёл, ҳар бир она ўз оналари каби бемеҳр бўлиб туюлаверади. Уларнинг айримлари бунданда баттар ҳолга тушадилар – ҳаётдан нафратланаверадилар.
Уларнинг бунга ҳақлари борми?
Уруш йиллари бўлганида етимлик жарига улоқтиргани учун шу урушдан, душмандан нафратланган бўлардилар. Тўкин ва тўкис ҳаёт кечирилаётган даврда тирик етим бўлиб ўсайтганлари учун кимлардан нафратлансинлар? Агар кунларнинг бирида ана шундай етимлик билан ўсган бирон йигит ва қиз билан учрашиб қолсангиз уларнинг гапларини диққат билан тингланг, дардларини тушунишга ҳаракат қилинг ва бизнинг саволимизга жавоб топишга уриниб кўринг.
Воқеан, паришонлик кунлар билан хурсандчилик кунлар ўрин алмаша - алмаша йиллар ўтди, Журъат билан Холида мактабни битирдилар. Етимхонани тарк этиш фурсати ҳам етди. Мактабни битириш кечасида барчага “катта ҳаёт қўйнига оқ йўл тилашди”. Шундай тилак билдириш одат тусга айланган. Лекин тилак билдирувчиларнинг ҳеч бири “катта ҳаёт қўйнида” ёшларни нима кутаётганини ўйлаб кўрмайди. Катта ҳаёт нима – пўртанали денгизми? Йўлида ҳар бир нарсани суриб кетувчи сел оқимими? Ер устидаги барча нарсани гугурт қутисидек ўйнатиб юборувчи зилзилами? Буларни хаёлларига келтиришмайди, ёшларни бу фалокатларни енгиб ўтишга тайёрлашмайди. “Катта ҳаёт, мустақил ҳаёт” ҳамманинг назарида жаннат боғидир. Истаганингча еб-ичасан, ҳузурланасан... Кавсар сувини симирасан...
Етимлик билан ўсган, етимхонани ўз уйи деб билган, катта ҳаёт бағрига чиқиб ҳеч нарсасиз қолганларнинг жаннати қанақа бўлади?..
Ўзларига тегишли кийиму китоб-дафтарларни олиб етимхона билан хайрлашган Журъат билан Холида поездга ўтиришганда Тошкентга йўл олишганини билишарди. Аммо ҳаёт поезди уларни қай манзилга элтишини тасаввур ҳам қилиша олишмасди. Етимхона мудираси уларга бўлган меҳрини ифода қилмоқ учун умумий вагонга эмас, купега чипта олиб берган эди.
Вагон оғаси чиптани текшириб “иккинчи купе, бешинчи олтинчи жой. Ичкарида ўтирган кампирнинг жойи тепада экан, алмашсаларинг савоб бўлади”, деди. Поездга биринчи марта чиқаётганлари сабабли улар бу гапга унча тушунишмади. Иккинчи купенинг эшиги очиқ эди. Рўмоли елкасига тушган, сочлари оппоқ оқарган хотин иссиқдан беҳузур бўлиб, елпиниб ўтирарди. Журъат ҳам, Холида ҳам уни кўриб ичкарига қадам қўйишга иккиланиб тўхтаб қолишди. Ёшларнинг тортирниб турииб қолганалрин сезган хотин ўрнидан турди-а, худди азиз меҳмонларни кутаётгандай уларни қаршилади:
-Вой, айланайлар, келинглар, болажонларим. Ўтиринглар. Ёлғиз ўзларингмисизлар ё ота-оналаринг билан бирга кетяпсизларми?
Хотиннинг лутфи ёқа бошлаган онда, сўнгги саволи улар устидан бир челак совуқ сув қўйиб юборгандай бўлди. Журъат жавоб бермай, ичкари кириб юкларини ўриндиқ устига қўйди. Холида эса аёлларга хос одат бўйича хотин билан кўришгач, синиқ овозда: “Ёлғизмиз”, деб қўйди. “Ёлғизмиз”, деган сўзни “ота-оналаримиз уйда қолишган, сафарга ўзимиз чиқдик”, деган маънода тушуниш ҳам мумкин эди. Алҳол, Холидага нотаниш бу хотин шундай англади:
-Вой, омон бўлгурлар-ей, сизларни узоқ йўлга ёлғиз юбориб ҳавотир олишмаганини қаранг-а...
Бу хотиннинг меҳр билан қаршилиши-ю тинмай гапириши Холидаги ёқмай кескинроқ гапирди:
-Бизнинг ҳавотир оладиган ота-оналаримиз йўқ...
Бу гап худди пешонага теккан тарашадай бўлди, хотин ортиқча гапириб юборганини сезиб, пастки лабини аста тишлади. Қиз билан йигитчанинг ярасини тирнаб қўйганидан ҳижолат бўлиб, энди овутишга сўз излади. “Йўлга чиқишлари учун ота-оналари руҳсат беришмаган бўлса, аразлаб шундай дедимикин?” деган ўйда ҳар иккисига бир-бир қараб олди-да:
-Вой, болам, бу нима деганингиз?-деди айбдор одам овозида.
Холида унга жавоб бергиси келмай, жомадонини қўйишга жой излагандай аланглади. Бегона хотиннинг гаплари Журъатга ҳам ёқмаётган эди. Шу сабабли қиз ўрнига ўзи жавоб қайтарди:
-Етиммиз биз, ғирт етиммиз. Болалар уйида ўсганмиз...
Бу гапдан кейин хотин росманасига сесканди. Журъат ундаги ўзгаришни сезиб, гапини давом эттирди:
-Холажон, нимага ҳайрон бўляпсиз? Ғирт етимларни ҳеч кўрмаганмисиз?
Бу хотин энди нима десин? “Дунёнинг оқ-қорасини кўравериб, аччиқ-чучугини тотавериб бу сочлар оқарди, юрак толиқди, юзни ажин қоплади”, десинми? Дунё ташвишларини булар тушунишармикин? Тўғри, етимлик қисмати оғир, етимлик оши ғоят аччиқ. Лекин дунёни ўргумчак тўри каби ўраб ётган адолатсизликлар олдида уларнинг кўрганлари ҳали ҳеч нима эмас. Шуларни айтсинми буларга? Йўқ... айтолмайди... Буларнинг юраги қандай ярадан азобланаётганини билмай туриб, бир нима дейиши қийин. Лекин, гап бошладими, энди нимадир дейиши керак.
-Ота-онанглар... ўлиб кетишганми?-деб сўради.
-Билмаймиз,-деди Журъат яна кескин оҳангда.-Балки тирикдир... Биз уларни кўрмаганмиз. Оналаримиз бизларни туғишган-у ташлаб кетишган. Бизларни “ғирт етим”, демай, “ташландиқ” десангиз ҳам бўлаверади,-Журъат нотаниш хотиннинг ранги оқара бошлаганини сезди, гапи таъсир этаётганидан бироз қувониб, давом этди:- Сиз оналаримизни “инсофсиз”, деб қарғамоқчимисиз? Йўқ, қарғаманг. Улар инсофсиз эмас. Инсофсиз бўлишганида чақалоқлигимизда халтага солиб, ахлатхонага ташлаб кетишарди.
Журъат ўзларини очиқ чеҳра билан кутиб олган бу хотинга нисбатан бу онда адолатсизлик қилган эди. Аниқроғи, ўзи билмаган ҳолда бу хотиннинг кўп йиллик ярасини темир тирноқлар билан тирнаб, сўнг туз сепганди.
-Унақа деманг... болам... “астағфируллоҳ”, денг...
Хотиннинг титроқ овози Холидага таъсир қилиб “шу гапларни айтишинг шартмиди?” деган маънода Журъатга қараб олди. Хотиннинг тилидан учган “болам...” деган сўз алоҳида бир оҳангда эди. Қиз буни сезишди. Уларни шу пайтгача биров тил учида бўлса ҳам “ўғлим”, “қизим” деб алқамаганди. Нотаниш бу хотин тилидан “болам...”ни чинакам она каби меҳр билан айтганди. Нечундир Журъат буни сезмади, ўз ҳақиқатини охиригача баён қилиш мақсадида ўзига ҳос бўлган тошбағирлик билан гапини давом қилди:
-“Астағфируллоҳ”ни бизларни ташлаб кетишганлар айтишсин. Шунақа, холажон, бизнинг оналаримиз анча инсофли экан. Мени йигирма кунлигимда топширишган. Мен Холидадан бахтлироқман. Ҳар ҳолда онамни йигирма кун эмганман. Буни эса онаси туққан-у туғруқхонага ташлаб кетворган. Бу бечора онасининг ҳидини ҳам билмайди.
-Балки... бир сабаб бўлгандир...
Хотин бу гапни ҳудди ўзини ўзи ҳимоя қилаётгандай, гуноҳкор аёл овози билан айтди.
-Сабабми? Билмаймиз... билганимиз – етимхона!
Ҳа, уларнинг билганлари етимхона эди. Уларнинг кунлари соғинч ташналиги билан ўтди. Улар бирон марта кўрмаган бўлсалар ҳам ота ва оналарини соғинар эдилар. Улар умид либосини кийиб яшадилар. Йиллар ўтиб, улғайишгани сайин бу либос титилаверди, титилаверди. Оқибат, умид либосидан холи бўлдилар. Болаларнинг гапларидан изтиробга тушган бу хотиннинг қалбидаги яра эса тирналди...
Норози қарашлари таъсир қилмагач, Холида гапга аралашишга мажбур бўлди:
-Журъат, бўлди қил, холамнинг бошларини қотираверма!-деди жеркиб.
-Вой қизим-ей, бошим нимага қотаркан? Қариганда лақиллаб қоляпман, шу гапларни сўрамасам ҳам бўларди. Ҳаётда одамнинг бошига ҳар хил савдолар тушади. Ўкинманглар, ҳали бахтли-саодатли бўлиб кетасизлар. Мен сизларнинг исмларингизни билиб олдим. Мени Кўпайсин хола, деяверинглар. Отам раҳматли болани яхши кўрараканлар. Бош фарзанд бўлганим учун Худодан кўп бола сўраб, менга “Кўпайсин”, деб от қўйган эканлар. Худо ростданам кўп бола берибди-ю, лекин ҳаммасини битта-битта олибди. Ёруғ дунёда ёлғиз ўзим қолганман. Журъат боламнинг сўзи билан айтганда, менам “ғирт етимман”, “ўхшатмасдан учратмас”, деб шуни айтадилар-да...
Кўпайсин шу гапларни айтаётганида кўз олди хиралаша бошлади. Боши айланди. Бу томонларга келмай туриб ҳам шундай аҳволга тушган, кейин анча даволанган эди. Врач “узоқ йўлларга юрманг, сира-сира асабийлашманг, ҳаяжонланманг”, деган эди. Қадрдонларини зиёрат қилгиси келиб, унинг биринчи амрига итоат этмади. Иккинчи амрнинг бузилишига у айбдор эмас, болалар билан бўлган иҳтиёрсиз суҳбат асаб торларига темир тирноқларини урди. У аввалгидай беҳуш йиқилмади. Ўзи ҳам билмаган қандайдир куч тутиб қолди. Кўз олдини босган қоронғулик пардаси йиртилиб, ёришди. Аммо рўпарасида етим болалар кўринмади. Унинг кўз олдида аввал бир боғ гавдаланди. Бир қиз ва йигит сурурли дамлардан маст ҳолда ўтирибди. Ажаб! Йигит биринчи муҳаббати-ку?! Ҳа, ўша! Кўзларида сеҳри бор, хушсурат йигит... Унга жонини беришга тайёр эди. Қиз... унинг ўзи...салкам йигирма йил аввалги Кўпайсин... Киприклари қайрилма гўзал қиз... Йигит унинг биргина карашмаси учун жонини беришга тайёр эди...
Кўайсиннинг кўз олдидаги манзара бирдан ўзгарди. Сурурли гулшан ўрнини дўзаҳ алангаси олгандай бўлди.
Сўнг...
...уй,
йигирма кунлик чақалоғини бағрига босиб маъюс ўтирган жувон...
қайрилма қошларни гўё жон тарк этган. Жон олғувчи ўтли қараш ҳам йўқ...
Эшик очилиб, йигит кирди. Бармоқлари қалтирайди. Хумор боқувчи кўзлардан ёвузлик учқуни чақнайди. Чақалоқни жувоннинг бағридан юлиб олиб, чойшабга ўраганича чиқиб кетади...
У жувон бағридан болани юлиб олмади, балки унинг жонини суғуриб олгандай бўлди. Жувон беҳуш йиқилди. Бети иситгич қиррасига урилиб қонади...
...кўз олдини энди қонли парда қоплади.
Кўпайсин бу манзарани тушида ҳам ўнгида ҳам кўп кўради. Ҳар кўрганида юрагининг бир томири узилгандай бўлаверади. Ўзига келганда “мен темирлан яралган эканман, аллақачон юрагим ёрилиб ўлишим керак эди”, деб қўяди.
Ҳозир ҳам шундай бўлди. Қонли парда дарров кўтарилмади. Вагон ғилдиракларининг тақира-туқири йлда кетаётганини эслатиб турибди, болалар эса кўринмайди. Қулоқлари остида эса ўзининг аламли овози жаранглайди:
“Худонинг қаттиқ жазо беришини билардим. Бефарзанд ўтяпман, тирноққа зорман... Энди Худо нима учун мени бу етимларга рўпара қилди? Юрагимдаги ярамни тирнаб, дардимни янгилаш учунми? Ахир бу дард мени бирон кун бўлсин ҳоли қўймади, бирон соатга бўлсин эскирмади-ку? Журъатни йигирма кунлигида етимхонага топширишган экан. Ўшанда... менинг ўғлим ҳам йигирма кунлик эди... Тўхта... тўхта... ўйла, фикр қил: шу бола менинг ўғлим эмасми? Қош-кўзлари худди отасига ўхшайди... Йў-ўқ... ўғлим ҳаёт бўлганида ҳозир ёши қирқдан ошарди... Бу бола менга набира қатори... Ўғлим ҳаёт бўлганида... Балки ростданам ҳаётдир? Ахир аниқ билмайман-ку? Боламни бағримдан юлиб олиб чиқиб кетгандан кейин аввалига уни етимхонага топширганман, девди. Кейинчалик эса “бўғиб, сувга ташлаб юборганман”, деди. Ишонмайман... бунақа ёвузлик унинг қўлидан келмайди. Бевафо эди, лекин ёвуз эмасди... Жаҳл устида айтганди бу гапни. “Боладан қутилсанг уйланаман”, деди. Гапига ишондим. Барибир уйланмади. Номард эди... Ҳа, қотил эмас, номард эди... Айб ўзимда. Шунинг учун Худо менигина жазолади. У даврини суриб, ялло қилиб юрибди. Оиласи тўкис, болалари улғайяпти. Мен-чи? Мен ҳам шу бечора болалар каби ташландиқман. Ташландиқман... Ташландиқ эканимни шу пайтгача ўйламабман. Ёлғизлик бошқа, ташландиқ бўлиш бошқа...”
-Ҳа, холажон, нега менга тикилиб қолдингиз?
Журъатнинг овози узоқдан келгандай бўлди. Шу нафасда Кўпайсиннинг кўз олдидаги қонли парда йўқолди. Йигитчага тикилиб қолганини ўзи ҳам сезмаган эди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай турганида Холида “бировга ўхшатдилар шекилли” деб, уни ҳижолатликдан қутқарди.
-Ҳа, ҳа ўхшатдим, болам,-деди қизнинг тахминини маъқуллаб.
-Кимга?-деб сўради Журъат.
-Кимга, дейсизми?-Кўпайсин довдираб қолди. Нима деяётганини ўзи ҳам билмай гапирди:-Ўғлимга... ўхшар экансиз. Тирик бўлганида...
-Ўғлингиз ўлганми? -деб яна сўради Журъат.
-Ҳа...-Кўпайсин қалби тўрида тирик сақлаётган боласини “ўлган” дея олмади.
-Неча ёшда эди?-деб қизиқишини давом эттирди Журъат.
-Йигирма...-Кўпайсин “йигирма кунлик” деб юборай деди-ю, тилини тилади.
-Йигирма ёшдамидилар?-деб Холида унинг мушкулини осон қилди.
Кўпайсин бош ирғаб тадиқ ишорасини қилди-ю, ичида ўзини лаънатлай бошлади:
“Нега ёлғон гапиряпман? Нимадан умид қиламан? Қанча қидирдим... Изи ҳам йўқ... Агар шу онда бу йигит менинг ўғлим бўлиб чиқсами... Нима қилади? “Онажон!” деб ўзини бағримга ташлайдими? Ё афтимга тупурадими? Ҳа... тупуради! “Айб менда эмас”, деб уни ишонтира олмайман. Тупуради... тупуришга ҳаққи бор...”
Унинг безовта юрагида санчиқ турди. Бундан баттар ҳолга тушмаслик учун, сумкачасидан хапдори олиб тили остига ташлади.
-Холажон, нима бўлди, мазангиз қочяптими?-деди Холида, меҳрибонлик билан.
-Йўл уринтириб қўйди, шекилли...
-Унақада бир ўзингиз юрманг-да,-деди Журъат. Унинг овозида ҳам меҳр оҳанги сезилиб, Кўпайсиннинг кўнгли равшанлашди.
-Бир ўзим юрмайман... Худойимнинг Ўзи асрайди... атрофимда яхши одамлар кўп. Мана, Худойим сизларни менга йўлдош қилди...
Шундай деб жилмайди. Тирналган юрак дарди бироз чекингандай бўлди. Шундан сўнг уччовлари ҳам тақдир шумликларини эсламай, яхши гаплардан гапиришга ҳаракат қилдилар. Купега тўртинчи йўловчи чиқмагани учун Холида ҳам пастки ўриндиққа жойлашди. Кеч киргач, вагон чироғи хиралашди. Етимхона тартибига кўниккан болалар ухлашди. Ёшларнинг руҳ азобидан тўлғониши ҳам осон, овуниши ҳам осон. Кўпайсин ундайлардан эмас. Ётгани билан кўзига дарров уйқу кела қолмади. Киприлкиалрига уйқу илинган дамда ўша мудҳиш манзара кўринаверди:
...боласини бағрига босиб ўтирган жувон...
...чақалоқни юлиб олиб, чиқиб кетаёган йигит...
Назарида бу тун аввалгиларига қараганда чўзилгандай туюлди. Кун ёйилганда манзилга етиб, вагондан тушдилар.
-Раҳмат болларим, йўлда менга анча далда бўлдинглар, барака топинглар,-деб дуо қилди Кўпайсин.
-Юкингиз оғир экан, уйингизга олиб бориб қўя қолайлик. Кейин бизга институтга олиб борадиган йўлни кўрсатиб қўярсиз,-деди Журъат.
Кўпайсин бунақа меҳрибонликни кутмагани учун бироз довдиради:
-Вой, сизларни уринтираманми... раҳмат, болам... Мени сийлаяпсиз, сизни Худо сийласин. Аслида йўлимиз деярли бир... институтинглар бизникига яқин. Юрақолинглар...
Биргалашиб кетдилар. Ҳовлига киришгач, Журъат жомадонни гулзор ёнига қўйди. Холида остона ҳатлади-ю, тўхтади.
-Хола, хайр, энди биз борайлик,-деди Журъат.
-Шошилманг, болам, бир пиёла чойимни ичмай кетсанглар рози эмасман.
-Институтга вақтлироқ учраша қолайлик,-деди Холида.
-Вой қизим-ей... институтга бориш қочмайди, ҳали эрта, улгурасизлар. Кечгача ҳужжат қабул қилишади. Ҳужжатни имтиҳонгача топширсангиз бўлди-да, ҳали орада бир ой вақт бор.
Кўпайсин шундай деб, Холидага яқинлашди-да, билагидан ушлаб, худди ўжар қизчани етаклагандай сўри томон бошлади. Улар кўпам ноз қилиб туришмади, иккови Кўпайсинга ёрдам бериб, нонушта тайёрлашди. Етимхонадаги навбатчиликларда бунақа ишларни батартиб қилишга ўрганишган эди. Кўпайсин уларнинг ҳаракатларини кузатиб, қувонди. Назарида Худо унга меҳрибон йўлдошларни эмас, бир ўғил ва бир қизни бергандай бўлди.
Нонуштадан кейин Холида чаққонлик билан дастурхонни йиғиштирди. Ёрдамга турмоқчи бўлган Журъатни ҳам, Кўпайсинни ҳам жойига қайтарди.
Холида йиғиштириб бўлгач, кетишга руҳсат сўради.
-Болам, юкларингиз шу ерда тура турсин. Аввал боринглар, учрашинглар. Ҳужжатни топширинглар. “Журъатбек билан Холидахон қачон келишаркину, биз қачон уларга ётоқхона эшигини очиб бераркинмиз?” деб илҳақ ўтиришмагандир. Сизлар бориб келаверинглар-чи... Меникида бир кеча меҳмон бўлмасангизлар, рози эмасман.
Холанинг бу меҳрибончилигини қабул қилсакми ё йўқми, дегандай улар бир-бирларига савол назари билан қараб олдилар. Холида бош чайқаб “йўқ” ишорасини қилди-да, жомадонини кўтарди. Журъат бир оз ўйланиб тургач, жомадонни унинг қўлидан олиб, айвонга қўйди. Кўпайсин институтга бориш йўлини тушунтириб қўйгач, “келганинглардан кейин шаҳарни ўзи айлантираман”, деди.
Болалар кетишгач, хаёлида ғимирлаб, тинчлик бермаётган фикр забтига олди. Кўнгил сирини кимгадир айтгиси келиб турганида ён қўшниси чиқиб қолди. Қўшни кўришиб бўлгач, болаларнинг жомадонларига ажабланиб қолган эди, Кўпайсин ҳаяжонини яшира олмади:
-Айланай Саврихон, юрагим би-ир ғалати бўлиб кетяпти, би-ир ғалати бўлиб кетяпти-ки...-деди.
-Тинчликми, нима бўлди? Уч кун олдин қайтишингиз керак эди, роса ҳавотир олдик.
-Айланай овсин, сизга юз марталаб телпон қилдимов, ҳеч уланмаса-я! Норбувини биласиз-ку, соғинганман, деб ҳеч қўйвормаса-я! У томонларнинг одати ҳам қизиқ-да. Қўни-қўшниларникида галма-гал меҳмон бўлмасангиз жуда қаттиқ ранжишади. “Мени менсимади”, деб гинахонлик қилишади.
-Эсон-омон қайтибсиз, шунисига шукр,-деди Саври.
-Овсин, йўлда келаётганимда Худо менга би-ир меҳрибонлик қилганга ўхшайди.
-Меҳрибонлик? Қанақа меҳрибонлик?
Кўпайсин гапни бошлашга бошлаб қўйиб, охирига етказишга иккиланди. Уч-тўрт нафас сукут сақлади-да, жавобни қизиқиш билан кутаётган қўшнисидан нигоҳини олди. Айтадиганига ўзи ҳам аниқ ишонмагани учун ишончсизлик билан деди:
-Худо ўғлимни қайтариб берганга ўхшайди...
Айтгувчининг ўзи ишонқирамаган гапга эшитгувчи ишонармиди? Саври қўнисига ажабланиб қараб қолди. Кўпайсин ундан “Худога шукур-ей, бу бахтли кунни кутавериб юракларингиз толиқди, қайтиб бергани рост бўлсин!” деган хитобни кутган эди. Хитоб ўрнига савол эшитди:
-Нима? Ўғлингизни... топдингизми?
-Шунақага ўхшайди...
-Тушунмаяпман? Топдингизми ё топганга ўхшайсизми?
-Шошилмай туринг,-деди Кўпайсин нафас ростлаб.-Ҳаҳ, гапимдан ҳам адашиб кетаман-а... Шу десангиз... ўзимники эмас, лекин ўрнига ўрин, десаммикин...
Кўпайсин йўлдаги воқеани сўзлай бошлади. Ҳам ҳаяжон, ҳам йиғи, ҳам умидли кулгу билан сўзлади. Гапларини шунчаки тил учида айтмади. У йўлда келаётганидаёқ “Худо ўғлимни қайтариб берди”, деган фикрга ўзини ишонтира бошлаган эди. Ҳозир қиёматли қўшниси, кўпгина сирлардан воқиф бўлган Сарвини ҳам шу фикрига ишонтирмоқчи бўлди. Сирдошидан “Ҳа, овсин, тўғри айтасиз, бу бола қўйиб қўйган ўғлингизнинг ўзгинаси, Яратганга шукр қилинг, Аллоҳ чиндан ҳам сизга мерибонлик қилибди”, деган тасдиқ гапини кутди. Сарви эса унинг бу ҳолатини тушунолмай гарангсиди. У дилпора қўшнисининг қувон-у ташвишларидан хабардор бўлса-да, унинг қалб ярасини, бу яранинг азобини хис эта олмади. Ёлғиз аёлнинг дардини фақат тирноққа зор одамгина хис эта олади. Фарзанду набиралар бағрида яйраб яшаёган Саври бу дардга бегона. У “кўчада учраган бегона болани ҳам “ўғлим” дейиш мумкинми?” деган муаммога жавоб қайтаролмай гаранг. У қанча ўйламасин, саволига тўғри жавоб топа олмади. Ноўрин жавоби билан қўшнисининг яримта кўнглига яна озор бериб қўйишдан чўчиб, фикрини ғоятда қисқа баён этди:
-Ўзингиз биласиз... бир нарса дейишим қийин...
-Бир кун олдин туш кўрувдим. Суви тип-тиниқ дарё эмиш. Дарёда бир чақалоқ оқиб келаётганмиш. Нуқул қийқириб кулиб, менга қараб талпинармиш. Тутиб оламан, десам тутолмайман. Шунда оппоқ соқолли бир одам болани баланд кўтариб: “Мен Ҳизр бувангман, мана ўғлинг, қараб қўй - у тирик! Ол, бу сенинг боланг!” деди. Гапларини аниқ эшитдим. Болани қўлимга олиб, бағримга босдим. Эмизмоқчи бўлган эдим, кўкрагимга сут келди... Айланай овсин, бу тушимда бир ҳикмат борга ўхшади...
Сарви бу гапларни эшитиб, енгил хўрсинди-да, яна:
-Ўзингиз биласиз,- деб қўйди.
Бу жавобдан Кўпайсин қониқмади.
-Гапингиз бирам мужмал-ки, овсин, “синалмаган бола” демоқчисизда, а?
-Энди... билиб бўлмайди-да... “Одам оласи – ичида”, дейиади-ку?
-Биламан, овсинжон, биламан. Уни дарров “ўғлим”, деб уйимнинг тўрини бериб қўя қолмайман. Аввал бир-ики ой шу ерда яшасин, ўқишга кириб олсин. Унгача... ҳаҳ, нима дерди... ҳа, ижарадчи бўлиб туради. Ҳозир ҳужжатларини топшириб келгунича кичик уйни бўшатиб қўйсаммикин? Шунақа қила қолай. Қиз менинг хонамда ёта туради. Ўғил болага алоҳида хона керак.
Ҳужжатларни топшириб келган Журъат билан Холида Кўпайсиннинг таклифини эшитиб, иккиланишди. Кўпайсин уларни тезроқ кўндириш учун ҳазил тариқасида “ижарачи бўлиб турасизлар” дегач, бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.
-Ижара ҳақи тўлашга пулимиз йўқ,-деди Холида.
Кўпайсин ҳазили ўхшамаганидан ҳижолат бўлиб, унинг бошини силади:
-Ҳазиллашдим, қизим, яхши ўқиб, одамларга яхши хизмат қилиб юрсангизлар ўша ижара ҳақи бўлади, яхшиликларингизнинг савоби менга ҳам тегади,-деди.
Шундай қилиб, улар Кўпайсиннинг уйида яшай бошладилар. Холида тез кунда у билан она-боладай бўлиб кетди. Бу уйда яшашга дарров унаган Журъатнинг эса кўникиши қийинроқ бўлди. Кўпайсиннинг назарида меҳр қучоғини очиб яқинлашгани сайин ўғил ўрнини босиши лозим бўлган бу йигитча ундан ўзини олиб қочаётгандай эди. Кунлар ўтиб борар, Кўпайсин йигитчадаги фазилатларни ўзича кашф этаверарди. Иллатларидан эса кўз юмарди. “Етимлик, тарбиясизлиқ оқибати”, деган баҳона билан уни оқларди. Бу интилишлар ўз самарасини бера бошлади – Журъатга нисбатан бўлган меҳри ошса ошдики, камаймади. Оқибат - она-бола тутинишни, маҳаллага ош бериб, маълум қилиб қўйиш нияти борлигини айтди. Унинг асл мақсади Журъатни элга “тутинган ўғил” деб таништириш эди. Холида Журъат билан ака-сингилдай бўлгани сабабли уни “қизим” деб атади. Сарвига ниятини айтиб, маслаҳат сўраган эди, у “Шошяпсиз, аввал яхшилаб синанг”, дея олмади. “Балки Худо чиндан ҳам бахтини бергандир”, деб ўйлади.
Янги йил арафасида Кўпайсин муддаосига етди: маҳаллага ош бериб, тутинган фарзандларини таништирди.
Кўпайсиннинг ҳам, Журъат билан Холиданинг ҳам тақдиридаги адолатсизликка шу тарзда барҳам берилгандай бўлди. Барчалари бахтиёр эдилар. Бахтсизлик ортда қолгандай эди...
Лекин... тақдир этагига илашган бахтсизлик дарров чекина қолмайди.
Холида дарсдан кейин тўғри уйга келарди. Бу сафар ҳам одатига хилоф қилмади. Яхши кайфият билан остона ҳатлаб ҳовлига кирди-да, баланд овоз билан салом бериб:
-Ойижон мен келдим!-деди.
-Келдингми, қизим, “ойижон!” деган тилларингдан айланай. Аканг шу пайтгача келмади-я?
-Дарслари кўпдир-да...
-Ишқилиб бошинглар омон бўлсин. Тўйларингни кўрайин. Аммо... кўнглим бир нарсадан ҳавотирда-да, қизим.
-Нимага ҳавотир оласиз, ёш бола эмас-ку?
-Сен шунақа деяверасан-да. Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада бўларкан. Сезмаяпсанми, акангнинг машқи анча паст. Нимадандир сиқиляпти.
-Сизга шунақа туюлгандир. Ҳозир имтиҳон пайти, кўнглига бошқа гап сиғмайди.
-Имтиҳонлари ҳам бор бўлсин. Болаларни мунча қийнашмаса! Ё... домлаларига бориб би-ир учраймикин-а?
Бу гапни эшитиб Холида кулиб юборди.
-Бориб нима дейсиз? Эркатойимни қийнаманглар, дейсизми?
-Жудаям унақа демасман. Ҳар ҳолда бир учраб қўйсам ёмон бўлмайди.
-Менинг домлаларимга ҳам борасизми?-деди Холида қувлик билан.
-Боринг, десанг боравераман. Болаларимнинг жонлари темирдан эмас, инсоф қилинглар, дейман.
-Қўйинг-е, ойижон, борсангиз уят бўлади. Ҳамма биздан кулади.
Холида шундай деб турган онда кўча эшик очилиб Журъат кириб келди. Кайфиятсиз ҳолда салом бериб, хонасига кириб кетди. Бундан ажабланган Кўпайсин билан Холида кўз уриштириб олдилар. Холида Журъатнинг кўнглида бир дард борлигини олдинроқ сезган, Кўпайсинни ортиқча ташвишга солмаслик мақсадида “имтиҳонлари кўп”, деган баҳона билан чалғитмоқчи бўлганди. Журъатнинг ҳозирги қилиғидан кейин тутинган онасини овутадиган сўз тополмай қолди. Кўпайсин бир оз ўйланиб тургач, Журъатнинг изидан хонасига кирди.
-Эсон-омон келдингми, болам,-меҳрибонлик билан шундай дегач, Журъатнинг пешонасини ушлади.-Тобинг қомадими, ишқилиб? Жон болам, дардингни айт, билиб турибман, сиқиляпсан. Сенга қараб туриб, мен ҳам эзилиб кетяпман. Дардингни менга айтмасанг, кимга айтасан?
Бу саволни эшитиб, Журъат беиҳтиёр уфлаб юборди. Энди “ҳеч қанақа дардим йўқ”, дейишга баҳона топа олмади. Кўпайсин саволини такрорлагач, эзгин овозда:
-Имтиҳонлар кўп... топишириш қийин... домлалар эзворишди...-деди.
-Домлаларингга борайми?
-Бориб нима қиласиз?
-Боламни ортиқча қийнаманглар, дейманда...
-Шугинами?-Журъат шундай деб истеҳзо билан кулди.-Қизиқсиз... улар қуруқ гапга қулоқ солишмайди.
-Қуруқ гапга?-Кўпайсин ажабланди.-Нима, у-бу нарса бериш керакми?
-Томоқларини мойлаб туриш керак. Бошда билим йўқ, аммо чўнтаги тўла бойваччалар уларни ёмон ўргатиб қўйишган. Энди улар билимли-билимсиз, бой-камбағалга қарашмайди.
-Вой ўлмасам, ўанақа жойда ҳам олишадими?
-Қизиқсиз... Бу ерга бошқа дунёдан келганмисиз? Олишларини ростданам билмасмидингиз?
-Шундай мўътабар жойда-я!-Кўпайсин “аттанг!” дегандай бошини сарак-сарак қилди.-Эшитардим-у... ишим тушмагани учун унча ишонмасдим...
-Ишонаверинг, бизда биттаси бор. Наҳанг балиқнинг ўзгинаси. Чайнаб ўтирмай, лиққа-лиққа ютади. Тўймайди. Ҳозир ўшанга рўпара келиб қолганман. Минг билимингиз бўлсин, унга сариқ чақа. Бошқаларида унча-бунча инсоф бор. Уларнинг имтиҳонидан ўтаман. Буниси томоққа қадалган қилтаноққа ўхшаб туриб олган.
-Баднафс бўлмай ўлақолсин. Шунақа экан, ўзингни қийнама болам, сўраганини бериб қўя қол. Қанча сўраяпти?
-Нима деяпсиз?! Бир тийин ҳам бермайман! Билими бор, яна бир уриниб кўрай-чи...
-Пулга ўрганган бўлса, у ергина ютгур олмагунича қўмйади. Айтавер болам, пулим бор, қанча сўраяпти?
-Керакмас...-Журъат шундай деб бошини эгди.
-Айт болам, мени кўп қийнама.
-Бир ҳил болалар беш “кусок”да беришибди.
-Кусогинг нима?
-“Минг” дегани.
-Вой ўлмасам, беш мингми? Беш минг сўрайдими, а? Вой қорингинанг ёрилгур-а...
-Менга учтага қўйиб беради, ҳар ҳолда билимим бор.
-Қачон бериш керак?
-Бугун... охирги муддат...
Журъат кейинги гапини худди ажалга рўпара турган бечоранинг аламли овозида айтгани учун Кўпайсин шошиб қолди:
-Ҳозир болам, ҳозир. Бераман сўраганини. Сенларни қийнайдиган нафси гўрда чирисин-а...
Кўпайсин жаврай-жаврай, ўзи кўрмаган муаллимларнинг гўрига ғишт қалай-қалай, сандиқ тубидаги пулдан олиб берди. Пулни олаётганда Журъатнинг бетлари сал қизаргандай бўлди, лекин Кўпайсин буни сезмади. Журъат уялганидан унинг куўзларига қарай олмади. Кўпайсин буни ҳам сезмади. Алҳол унинг бутун ўй-хаёли адолатсиз ва ноинсоф домлаларда эди.
Кўпайсиннинг қарғишлари шамолга қарши қичқиришдай каби, эгасини топиб боролмайдиган бир гап эди. Чунки Журъатдан ҳеч ким пул талаб қилмаган, дарсларни яхши ўзлаштиргани учун имтиҳонлардан ўтиб бўлган эди. Гарчи пул олаётганида салгина уялган бўлса-да, ёлғон гапириш унинг учун янгилик эмасди. Етимхонада бирон ёмонлиги учун жазодан қутилишнинг бирдан-бир чораси – ёлғонни усталик билан гапириб, тарбиячиларни ишонтириш эди. Унда айбини яшириш учун айтарди ёлғонни. Энди эса... гуноҳ орттириш учун ишлатди бу маҳоратини. Ишлатди-ю... қандай гуноҳга ботганини фаҳм этмади. Унинг учун энг муҳими - пул унди! Гапига бу содда хотин ишонди!
Пулни олиши билан “инсофсиз домла билан ҳисоб-китоб қилиш учун” шошилганича уйдан чиқди.
Унинг дарди институтдаги имтиҳон эмас, юрагини ишғол қилган қиз ҳузуридаги синов эди. Ўтган ойда сабоқдош ўртоғининг зўри билан дискотекага борди-ю, унда қошлари қалин, кўзлари шахло бир қизни кўрди-ю, тинчини йўқотди. Ўртоғи буни билиб, қиз билан таништириб қўйди: Наргиза! Агар бошқа бир одам Холида билан Наргизани ёнма-ён турганини кўрса, чиройни қиёсларди-ю, шубҳасиз, Холидага ишқи тушарди. Лекин кўнгилга ҳукм ўтказиб бўлмайди. Наргиза билан танишгандан бери, унинг билагини ушлагандан бери Журъат ақл-ҳушидан айрилган. Уни бир томондан жиловсиз севги ўти куйдирса, иккинчи томондан бу қизга етишишнинг мушкуллиги азобларди. Энг охирги таомилда кийиниб юрувчи, пулдор бу қизнинг ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ бир етимга тегиши мумкин эмаслигиги Журъат қаттиқ ишонар ва бу ишонч уни иложсизлик ботқоғига тобора ботирарди.
Бугунги учрашувга қуқруқ боришдан иснод қилди. Сандиқда пул борлигини биларди. Бир куни сандиқ тепасидаги кўрпаларни олиб, Кўпайсинга ёрдам берганда кўрган. Пулни яширинча олмоқчи ҳам бўлди. Ҳа, айнан: “ўғирласаммикин?” деб эмас, “бекитиқча олсаммикин...” деб ҳам ўйлади. Лекин бунга виждони йўл қўймади.
Ўйлаб топган ёлғони натижасида бугун қиз кўнглини овлашга ишонч билан кўчага чиқди. Йўлдан гулдаста сотиб олиб, белгиланган жойда Наргизани кутди. Олдинги учрашувларида қиз кечикмаганди, бу сафар ҳаяллагани учун у ташвишланди. Наргизанинг қаерда яшаши унга маълум эмасди, келмай қолган тақдирда қаердан излашни ҳам билмасди. Кутиш билан ўтган ярим соат унга ярим йилдай туюлди. Ниҳоят қиз келди! Орқа томондан келиб, кафти билан Журъатнинг кўзларини беркитди. Қизнинг кўкраги йигитнинг курагига тегиб, юраги ўйнаб кетди. Ўгирилди-ю, беихтиёр равишда қўлини қизнинг белига юборди. Наргиза нозланиб, ўзини четга олди.
-Журъатчик, кечир. Энди чиқаман, деб турувдим, уйга папамнинг родственниклари келиб қолишди. Бунақа пайтда овқат сал не то бўлса, папам ваабше бушеват қилиб ташлайдилар. Мамамга азгина қарашвордим. Так что, извини,-деди лабини нозли чўччайтириб.
-Хафа бўлганим йўқ...-деди Журъат жилмайиб.-Сиз... овқат қилишни биласизми?
-Короче, унча-бунча могу. Слушай, сен нимага яна сизлаяпсан? Келишганмиз-ку, на “ты”. О, кей?
-Хўп, о, кей! Кетдикми?
-Сен - кавалер, значит, нима десанг – шу! Қаерга борамиз?
-Ўзинг айта қол,-деди Журъат, ўзини қул чоҳига тушириб, қизни эса қулдор мартабасига кўтариб. Бунинг учун уни айбламаслик керак. Чунки қизнинг билагига тирсаги тегса ҳам юраги ўйнаб кетадиган ҳар бир йигит ўзини қиз оёғига ташлашга тайёр туради.
Журъат ўзини пастга олмаса ҳам, Наргиза ўзининг мартабаси баланд эканини биларди, шу боис йигитга ҳукм ўтказа олишига амин эди. “Ўзинг айта қол”, дейилгач, ўйлаб ҳам ўтирмай деди:
-Ваабше, бугун мен сени мамамга кўрсатмоқчи эдим. Анув противнийлар келиб қолишди. Ну ладно, короче, дискотекага борамиз. О, кей?
-Хўп, хоккей,-деди Журъат кулиб.
Буни эшитиб, Наргиза қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Унинг жарангдор кулгиси йигит кўнглини баттар ўртади.
-“Хоккей” эмас, ну деревня! О, кей!-деди Наргиза кулгидан тўхтамай.
-Ай эм сори, мисс Наргиз,-деди Журъат енгил таъзим қилиб.
Унинг бу ҳазили қизга ёқиб, қўлтиқлаб олди.
-Сен неисправимий болтунсан,-дедид-да ҳамёнини кавлади.-Ваабше, ресторанга борсак ҳам бўлади. Мамам бугун шедрий бўлиб кетдилар.
-Бўпти, ресторанга борамиз,-деди Журъат уни қувватлаб.-Лекин шартим бор: менинг ҳисобимга ўтирамиз. Бугун мен ҳам бойваччаман.
-О, шундайми, мистер миллионер, гап йўқ!-деди Наргиза киноя оҳангида.-Адашмадимми? Эҳтимол, “мистер миллардер”сиз? Сир бўлмаса, айтинг-чи, пулни қаердан олдингиз, студент жаноблари?
-Топдим-да...
-Қаердан?-Наргиза шундай деб қошларини чимирди.
-Ишлаб топдим, “МардУ”да дарс бердим,-деди Журъат қувлик билан.
-“МардУ”? Что за “МардУ”?-деб ажабланди қиз.
-Эшитмаганмисан? “Мардикорлар университети” Бўш пайтимда чиқиб, унча-бунча ишлаб тураман.
Бу гапнинг ҳазил эканини тушунмаган қиз аччиқланди.
-Чтоб, мен буни бошқа эшитмай. Билдинг? Пока мен борман, ҳаммаси за мой счет. Сен студентсан. Так что, ўқишингни бил!
-Студентман, тўғри,-деб эътироз билдирди Журъат,-лекин энг муҳими – эркакман! Бир қизга боқиманда бўлишни истамайман.
Нагиза унинг эътирозини эшитишни ҳам хоҳламай, гапини бўлди:
-Забуд это! Бизнинг орамизда бунақа гап бўлмайди, о, кей? Қани, кетдик. Сен пулингни мелкий расходларга асраб қўй.
Ресторандаги ўтириш Журъат орзу қилгандан ҳам афзалроқ бўлди. Ярим кечада қизни уйига кузатиб қайтгач, тонгга қадар ухлай олмади. Кўзи илинганда Кўпайсин кириб, уни уйғотди.
-Болам, тура қол, чоқ совуб қолди. Ўқишингдан кеч қолмагин. Холида қизим шошилиб кетди.
Журъат қимирлашга ҳам эриниб, битта кўзини очганича соатига қараб олди-да, “барибир биринчи соатга кеч қолдим”, деб туришга ҳаракат ҳам қилмади.
-Унақа дема, болам, тура қол. Чойингни ичгину таксида бўлса ҳам етиб олгин. Ўқишдан қолмагин. Бир марта бормасанг, кейин одатланиб қоласан.
Бу гапдан кейин Журъат енгил уф тортиб, қаддини кўтарди. Лекин туролмади, яна ётиб олди.
-Нима бўлди, болам?-деди Кўпайсин ҳавотирланиб.
-Бошим айланиб кетди,-деди Журъат, кўзларини чирт юмиб олиб.
У алдамаётган эди. Қаддини кўтараётган дамда кўз олдидаги бара нарсалар чир-чир айлана бошлаганди. Кўпайсин унинг рангсиз юзига боқиб қўрқиб кетди. Кафтини пешонасига қўйди.
-Вой, ўлмасам, иситманг баланд-ку? Ёта қол, қимирлама!-деди.
Аслида Журъат турганидан кейин “кеча баҳо қўйиб берадиган домланг билан ярим кечагача гаплашдингми, нега кеч қолиб кетдинг?” деб сўрамоқчи эди. Унинг аҳволини кўриб, тергашни ҳам унутди. Тўрт хонадон нарида яшовчи қўшни врачни чақирди. Табобатдан ҳам хабари бўлган врач Журъатнинг томир уришини кузатиб, кафтидаги чизиқлардан ниманидир ўқигандай бўлди.
-Терлаб туриб совуқ сув ичганга ўхшайсиз-а, азамат? Ҳеч қиси йўқ, бир-икки кунда югуриб кетасиз. Эрталабки бадантарбия билан озгина чиниқишингиз керак. Фақат сиз эмас, ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги шу масалада танбал бўлиб қолишган, иродалари ҳам қувватсиз,-деб маслаҳатлар берди. Кўча эшигига қадар кузатиб чиққан Кўпайсинга бошқа гапни ҳам айтди:
-Шамоллаши-ку, бугун-эрта ўтиб кетади. Лекин болангиз анча заиф. Иштаҳаси қанақа?
-Кам овқат ейди, жудаям чимхўр.
-Шамоллаши тузалсин-чи, яна маслаҳат қилармиз. Гиёҳлардан дори тайёрлаб берарман,-шундай деб кўчага чиқди-да, ёдидан кўтарилган асосий гапни эслагандай ўгирилди:-Болангизнинг ҳатти-ҳаракатини сал сергакроқ кузатишингиз керакка ўхшайди.
Врач Журъатнинг кафтидаги чизиқларга қараб унинг феъл-атворини, хусусан, ёлғонга ва худбинликка мойиллигини ўқигандай бўлган эди. “Сергакроқ кузатинг” деганда “ҳамма гапларига лаққа тушиб ишонаверманг”, демоқчи эди. Кўпайсин унинг огоҳлантиришга кўпам эътибор бермади. Уни Журъатнинг ҳозирги аҳволи, заифлиги кўпроқ ташвишлантирарди. “Сергакроқ кузатиш”ни ҳам унинг саломатлигига нисбатан айтилган гап сифатида қабул қилди.
Врач айтганидай, Журъат кўп ётмади. Учинчи куни дарсга борди. Ундан нари учрашувга ошиқди. Ҳолсизланиб, деворга суяниб турганида қиз ял-ял ёниб, унга яқинлашди.
-Ҳело, мистер Журъатчик,-деб ёноғидан ўпиб қўйди:-Ну как, сенга нима бўлди. Бурга тепди что ли?
-Озгина шамоллабман.
-Вой, бу пустяк,-шундай деб қўлтиқлаб олди. Бир икки-қадам босгач, тўхтади:-Мунча шалвирайсан, нима бўлди?
-Ҳолим йўқ. Иситма пачоғимни чиқариб ташлади. Дўхтир ўқишдан бир йилга таътил оласан, деяпти.
-Серъёзно?-Наргиза йигитнинг кўзларига тикилди.-Раз шунақами, унда где-нибудь у моря отдихат қилиш керак. Давай, сени мамам кўриб қўйсинлар. Давай, эртага, а? Кўриб, может бит путевка ҳам тўғирлаб берадилар. О, кей?
Эртасига Журъат ўқишга бормади. Тўйиб ухлаб турди. Нонушта қилиб бўлиб кийинаётганида Кўпайсин “Қаёққа отланяпсан, болам?” деб қизиқди.
-Дўхтирга. Крсдошимни онаси зўр дўтир экан, кўриб қўймоқчи.
-Тўхта, менам бирга борай,-деди Кўпайсин.
Журъат “ўзим бораман”, деб унамади. Кўпайсин эса аҳдида қаттиқ туриб олди:
-Унақа дема, бир ўзингни сираям юбормайман. Кеча кўчага ёлғиз чиқиб ҳавотирга қўйдинг мени. Қайтганингда рангингни кўриб, қўрқиб кетдим.
Она-бола шу масалада тортишиб турган онда Наргиза онасига бугунги режасини баён қилаётган эди:
-Мама, бугун Журъат приемингизга боради. Осмотри его ладно? Какой-то чокнутий дўхтир “дам олгин”, дебди. Ваабше бу идея! Мен ҳам дам олишим керак. За одно иккита путевка устроит қилишингиз керак.
Лабига бўёқ суртаётган Зубайда қизининг топшириғини ҳеч бир эътирозсиз қабул қилди:
-Без проблем. Қаерга Чимёнгами?
-Что ти, издеваешься?!-деди қиз лабини буриб.- Фақатгина у моря. Или Кавказ или Крим. Ти жес сама обешат қилгансиз-ку?
-Обешат қилганман, тўғри, лекин иккита путевка қанча туради, представляеш?
-Ну, мамул, сиз папамга ўхшаган зануда эмассиз-ку!-Наргиза шундай деб онасининг ёноғидан ўпди.-Сизга айтганман-ку, бола что надо! Его қўлдан чиқармаслик керак. У него прекрасний уй бор. Понимаеш? Почти в центре, свой дом. Он ёлғиз ўғил. Кампир такая дряхлая. Бугун или эртага помрет. Уй сотилса, знаеш, сколько будет? Сразу “Мерс” сотиб оламиз. Это же целий бойлик!
-Бўпти, ну ладно, аввал кўрай-чи, а дальше посмотрим.
Аҳдида қаттиқ турган Кўпайсин Журъат билан бирга келди. Зубайда уларни кутиб олиб, Журъатни ичкарига бошлад, Кўпайсин даҳлизда қолди.
-Аҳволингиз ничего, унақа угрожаюший эмас. Но, яхши ҳам эмас. Коридордаги онангизми?
-Ҳа... шунақа деса ҳам бўлади.
-Как?-Зубайдага қизи Журъатнинг асранди ўғил эканини айтган эди. Бу ҳақиқатни йигитнинг ўз оғзидан эшитиш учун сўради:-Бу нима деганингиз?
Журъат “боқиб олган онам”, дея олмади. Шу боис қийналиб бўлса-да, “Ҳа... онам...” деб ерга қаради.
-Сиз чиқиб туринг, онангизга бир-икки гапни тайинлашим керак.
Журъат чиқиб, кўпайсин киргач, Зубайда унга қараб лол қолди. “Наргиз онасини “чужой” деган эди. Чужойга ўхшамайди-ку? Қош-кўзлари точ-точ ўзи-ку?” деб ўйлади. Кўпайсин билан кўришиб, ўтиришга таклиф этмай, тик турганича гап бошлади:
-Ўғлингизни осмотрет қилдим. Касали опасний эмас. Но, вақтида олдини олиш керак. Унга срочний отдих керак. Дам олмаса бўлмайди. У денгиз бўйидаги курортга обязательний бориши шарт.
-Денгиз бўйига?-Кўпайсин ўйланиб қолди.-Ҳозир бунинг иложиси бўлармикин?..
-Иложсиз нарс борми, бу дунёда? Конечно... если хоҳласангиз... помоч қилишимиз мумкин. Коллегаларим путевка топиб беришади.
-Путевка?.. Қанча тураркин?..
-Пока точна билмайман,-Зубайда шундай деди-да, стол устига эгилиб, бир парча қоғозга телефон рақамини ёзди-да, унга узатди:-Ҳали по позже звонит қилинг. Мен справка наводит қилиб, кейин точнасини айтаман. Путевка пулиниям, самолёт кирасининиям уточнит қилиб қўяман.
Йўлланма ва кира ҳақларининг осмон баравар бўлишини ҳозирнинг ўзидаёқ чамалаган Кўпайсинни ваҳима босди. “Шунча пулни топиб бера олармикинман?” деб ҳавотирланди. Лекин ташвишини юзага чиқармай, Зубайдани дуо қила кетди:
-Барака топинг, синглим, ўғлим соғайиб кетса бас. Пул топиладиган нарса. Соғлиқ топилмайди. Ҳозир дори-дармон ёзиб бермайсизми?
-Йўқ, пока керакмас. Унга свежий воздухда отдих зарурроқ.
Кўпайсин унинг гапларига ишониб, дуо қилганича чиқиб кетди. Зубайда оқшомда уйига қайтиб, унинг ҳолатини қизига кула-кула айтиб берди. Журъатни кечки таомга таклиф қилганини ҳам айтди. Қошини тераётган Наргиза кўзгудан кўз узмай кулиб, онасини мақтади:
-Ваабше ти умница, мамуль. Балванни уйга чақиртириб умний иш қилибсиз. Ўзимам пригласит қилмоқчийдим.
-Вақтида аралашмасам, буниям қўлингдан чиқариб юборасан.
-Ну нет, мама, бу балван никуда и никогда не улетит. Мен уни шунақанги окутат қиламанки, до конца жизни оёғим остида путат қилади. Вот увидеш. Старухасига нима дедингиз?
-Все, что надо. Курортга обязателний борсин, дедим. Путевкасини топиб бераман, дедим. У бир пас туриб звонит қилади. Путевка билан заодно самолёт пулини айтаман.
-Ну мама, пулсиз дедим-ку? Хоть раз одамга доброта керакми? Пусть он болван, лекин у меники-ку! Завтра он ваш куёв в конце-да концов.
-Бўлди, болтат қилаверма. Прекрасно тушунаман. Ўзинг понимат қилишни хоҳламаяпсан. Бесплатно тўғрилаш ваабше мумкинмас. Сразу подозрит қилишади. Лучше пока пулини оламиз. Сен беспокоится қилаверма, тўйингдан кейин ҳамма пулини до копейки ўзингга возврат қиламан.
Она-боланинг баҳси ниҳоясига етай деганда эшик қўнғироғи чалинди.
-Қара-чи, наверно куёв бола келгандир?-деди Зубайда.
Наргиза онасига эркаланиб қараб олиб, ноз билан бурилди-да, кўча эшик томон юрди. Дам ўтмай уйга Журъатни бошлаб кирди-да, уни нонуштадан бери йиғиштирилмаган дастурхон тўрига ўтқазди.
-Хуш келибсиз, Журъатжон, келганингиздан... ну вообшем очен рада. Энди буни обмиват қиламиз.
Шундай деб жавондан конък олиб, қадаҳларга қуйди.
-Мен ичмайман,-деди Журъат бу мулозиматдан ҳижолат тортиб.
-Сизга бу фойдали,-деди Зубайда.-Буни как врач айтяпман. Буни специально сиз учун купила.
-Журъатчик, менинг мамамнинг қўлларини ҳали ҳеч ким қайтармаган. Даже висший чиновниклар ҳам,- Наргиза шундай деб қадаҳни унинг қўлига мажбурлаб тутқазди.
Журъат қадаҳни олгач, жавон устидаги суратга тикилиб қолди.
-Бу менинг папам,-деди Наргиза.- Ҳозир служебний командировкадалар. Заграницада юрибдилар. Мен сенга айтганман, он у нас важний персона.
Журъат бу уйда сархуш бўлган онда Кўпайсин Сарвини йўқлаб чиққан эди.
-Айланай овсин, бағрим тўлиб, Худога шукр қилиб юрганимда Журъатжоннинг хасталиги кўнглимни яримта қилиб қўйди. Болам дам олиши шарт экан. Дўхтирлар “курортга юборинг”, дейишяпти. Болам шўрлик етимлик тузини ичиб анча қийналган-да.
“Синамай туриб асраб олган болани бунчалик эркалатиб юборманг”, дейишга Сарвининг тили бормади. Билинар-билинмас бош чайқаб:
-Ўртоқлари билан тоғу-тошларга чиқса, ҳаво алмаштириб кўнгли ёзилади. Бу ёғи баҳор...-деб қўйди.
-Тоққа чиққани билан фойдаси кам экан. Денгиз бўйидаги курортга бориши шарт эмиш. Дардига даво фақат ўша ерларда топиларкан. Дўхтирлар билмаса бир нима демайди, денгизнинг ҳавоси бўлакча-да.
Бу гапдан Сарвининг ғаши келди. Қўшнисига тикилиб қолди: “содда деса – содда эмас, лақма деса – лақма эмас. Қандай балога учраб, эс-ҳушини йўқотди бу хотин?” Сарви қўшнисининг кўзларини очиш учун қаттиқроқ гапиришни маъқул кўрди:
-Намунча! У ёққа бориб-келишнинг ўзи бўларканми? Жуда ҳам эркалатворманг бу болангизни. Нима деса, хўп, деб ҳовлиқтирманг.
-Вой, унақа деманг,-деб қўшнисидан гина қилди Кўпайсин.-Курортга боришни ўзи айтмади, дўхтирларнинг гапи бу.
Кўпайсиннинг бу изоҳи ҳам Сарвига ёқмади:
-Мен бир нима деёлмайман, ўзингиз биласиз,-деди ҳафсаласизлик билан.
-Айланай овсин, аввал ҳеч кимим йўғиди. Ўлсам ким кўмаркин, деб ташвишланардим. Худога шукр, энди болаларим бор. Бир амаллаб тепкилаб-тепкилаб кўмишар. Бу ёғидан энди ҳотиржамман. Курорт сал серчиқим экан. Уйдаги пулим етмаса керак, шунинг учун сизни безовта қилдим.
-Қарз керакми? Хўп, адалари келсинлар, маслаҳат қилиб кўрармиз.
Сарви бу гапни кескинроқ оҳангда, “биздан қарз сўрамаганингиз маъқул эди”, деган маънода айтди. Кўпайсин унинг мақсадини тушуниб, маъюс кулимсиради:
-Йў-ўқ... қарз керакмас... Ўлимлигимга аталган пулни сизга бериб қўйган эдим. Шуни бера қолсангиз... Кўнглим сезиб турибди, ҳали-бери ўлмайман. Бултурги касалим бутунлай тузалиб кетди.
Бу талабни эшитиб, Сарви лабини тишлади:
-Ўзингиз биласиз... Лекин... аталган нарса-я...
-Ҳа энди, аталса-аталмаса, бир пул-да. Бултур оғриганимда кўнглимга ваҳима тушиб бериб қўйган эдим. Энди ваҳима ҳам йўқ. Ўзим, Худойимга шукр, соппа-соғайиб кетдим.
“...соппа-соғайиб кетдим...”
“Айтган гапига ўзи ишонармикин?..-деб ўйлади Саври.-Омонатини топширгудай бўлса шу икки етим кўмармикин? Ўлик кўчада қолмайди, маҳалла ўраб-чирмаб, охирги манзилига олиб бориб қўяди. Лекин... бунча тор ўйлайдиган бўлиб қолди, бу хотин?”
Ўтган йили айвонида чалажон ётган Кўпайсиннинг аҳволи кўз олдига келиб юраги куйди. Кўпайсин қишин-ёзин барвақт туриб кўча супиришни канда қилмасди. Қўни-қўшнилар ҳазиллашиб “ибратли келин”, деб ҳазиллашишарди. Кўпайсин уларга жавобан “мен қайнонамнинг дуоларини олмаганман, маҳалланинг дуосини олай”, деб кулиб қўярди. Сарви ўғлини уйлантиргач, “сиз энди кқчага супурги кўтариб чиқманг, бу ишни келинимга қўйиб беринг”, деганда ҳам Кўпайсин одатини тарк этмади. Ўтган йили, кунларнинг бирида келин қўшни томонга супурги тегмаганига ажабланиб, Сарвига айтди. Бу хабардан юраги ғашланган Сарви шошилиб қўшнисиникига чиқди. Кўпайсин айвонида узала тушиб ётарди. Сарви уни ўлиб қолган, деб гумон қилиб, қўрқиб кетди. Йўқ, юраги уришдан тўхтамаган экан, врач вақтида келиб, жонини сақлаб қолди. Касалхонадаги врач “юраги заифлашибди, эҳтиёт қилмасангиз, охири яхши бўлмайди”, деб Сарвини огоҳлантирган эди.
Сарви шуларни эслаб, бош чайқаб қўйганича уйга кириб кетди-да, беш-олти дақиқадан сўнг тугунча кўтариб чиқди.
Зубайданинг ҳаракати билан иккита йўлланма ҳам топилди, самолёт чиптаси ҳам олинди. Йигирма тўрт кунда қайтиши керак бўлган ёшлар уйларига бир ойдан кейин кириб келдилар. Кўпайсин денгиз офтобида қорайган асранди ўғлининг бетларини меҳр билан силайди. Тўлишиб қолган Журъатнинг яхши кайфият билан қайтганидан хурсанд.
Зубайда ҳам ҳурсанд. Қизининг қайтишига тайёргарлик кўриб, дастурхон устини ноз-неъматларга тўлдириб қўйган. Меҳмон кутишга тоқати йўқлиги учун дастурхон атрофида иккови ўтирибди. Зубайда ҳам хурсанд, у ҳам қизининг тўлишган қоматига меҳр билан боқди. Унга конъяк қуйиб узатди.
-Ичмайман, что-о не хочется,-деди Наргиза қадаҳга қўл узатмай.
-Озгина ичавер, напряжениянгни олади. Йўлда устало, наверно.
Наргиза бир оз иккиланиб тургач, қадаҳни олиб, конъякдан икки қултум ҳўплади.
-Ана энди расскажи, нималар бўлди?-деб сўради она.
-Нима бўларди? Ну, он как миленький: ёт, десам – ётади; тур, десам – встанет и все! Хоть эртага с утра ЗАГСга борсак ҳам бўлади. У лично меники! Никуда не денится. Энди у моя собственност!
Наргиза келганида отаси ухлаб ётган эди. Она-боланинг овозидан уйғониб, ўрнидан турди. Лекин меҳмонхона остонасига келганда, тўхтаб, ичкаридаги гапга қулоқ солди. Эрининг уйғониб, гап пойлаётганидан бехабар Зубайда насиҳатини бошлади:
-Насчет ЗАГСа сал шошилмай тур. Аввал уйни решат қилиб олиш керак.
-Как?-деб ажабланди Наргиза.
-Как, деганинг нимаси?! Ўзинг думат қилиб кўр-чи? Унинг онаси сен айтгандай “дряхлая старуха” эмас. Яна юз йил будет жить. Сен унга как служанка бўласанми? Ну, йўқ! Сен у меня единственная! Надо сделать так: сен унга скажи, чтоб у уйни ўз номига ўтказиб олсин. Ўз номингда уй бўлмаса сенга замуж тегмайман, деб айт. Даже миллионерларнинг ўғлига ҳас соглашаться қилмаганман, деявер. Подумай, у ҳали студент. Уни яна неча йил кормит қилишим керак?
-Мама, кормит деганингиз нима?-деб лабини бурди Наргиз.-Ахир у чужой эмас, эрим.
-Допустим, эринг. Но, ейди, ичади, кияди. Кимдир уни обеспечит қилиши керакми?
-На счет уй айтдим уже. Уйни ўзининг номига оформит қилади. Свадьбадан кейин сотамиз. Старухага бир хонали квартира купим. Шаҳарнинг окраинасида арзон квартиралар бор.
-Буни хорошо придумали. Яна бир арзон вариант бор. Бунисини потом айтаман. Сен энди кўришганингда суюнчи ол.
-Қанақа суюнчи?
-Айтгин-да, что беременная. Ну... как там... “ҳомиладорман”, дегин.
-Как?-Наргиза онасига ҳайрат билан боқди.-Беременний эмасман.
-Сен шунақа деб айтавер. Иш шунда ускорится қилади. Уйни тез оформит қиламасанг, бу судебний иш, деб қўрқит.
Она-боланинг фитнасидан ғазабланган Мурод йўталиб қўйиб, ичкари кирди. Наргиза туриб, уни ёноғидан ўпди. Мурод қизи билан нохуш кайфиятда сўрашди.
-Папажони уйғондингизми?-деди Зубайда ўрнидан қимирламай.- Турганингизни билмабсиз. Бунча тез турдингиз?
-Уйғонмаслигим керакмиди?-деди Мурод дағал оҳангда.
-Ну почему так? Просто сўрадим. Садись. Чой ичасизми?
-Овқат қилмадингми?
-Что-то мазам йўқ. Наргизканинг келганини ресторанда отмечат қиламизмикин, дегандим. Уже стол заказ қилиб қўйганман.
-Ўзларинг бораверларинг, мен чарчаганман, шовқинга тоқатим йўқ.
-Заграницада юрганингизда ресторанларнинг шовқини ёққандир?-деб пичинг қилди Зубайда.
-Ну папа, мен сизни так соғинганман-ку?-деди Наргиза эркаланиб.
-Наргизкамизда яхши новост бор, обмиват қилсак ҳам бўлади: қизимизни бир йигит... ну, короче, яхши кўриб қолибди. И полюбил очень и очень крепко.
Мурод аввал хотинига, кейин қизига норози қиёфада қаради-да, ғазабли оҳангда деди:
-Эшитдим гапларингни... Бола бечорани тинч қўйларинг.
-Папажони, ви что!-Зубайда шундай хитоб қилиб, қошларини чимирди:-Нима деяпсиз? Ви в своем уме?
-Менинг ақлим жойида. Сенларники жойидамас шекилли?
-Яна мен виноватами? Сиз қизингизнинг бахти ҳақида совсем ўйламайсиз!-деди Зубайда овозини янада баландлатиб.
-Мен-ку етарли ўйлайман, сен калта ўйлайсан. Наргиз қизим, сенга кўп айтдим: онангнинг ноғорасига ўйнайверма. Ҳали ҳам бўлса эринг билан яраш.
Бу насиҳатни эшитган Наргиза сапчиб кетаёзди:
-Ти что, папа!-деди кўзларини чақчайтириб.-Гап бўлиши мумкинмас! Мен черномазий таксист билан турмайман!
-Яна шу гапми?-деди Мурод уф тортиб.-Ахир ўғлинг бор. Айтсак, Сардор таксичилигини ташлайди. Ўша “черномазий”ни мен топмаган эдим. Ўзинг яхши кўриб теккан эдинг.
-Унда любила. Ҳозир уни яхши кўрмайман.Биз Журъатчик билан уже договорились.
-Оти Журъатми у бечоранинг. Сенинг болалик хотин эканингни биладими?
-Конечно йўқ.
-Кейин сир очилса-чи? Тўйдан бир ҳафта ўтмай сени ташлаб кетса-чи? Учинчи марта эр қидирасанми?
-Папажони, это уже слишком!-деди Зубайда гапга аралашиб.-Худога шукр, қизим – красавица! У бошқаларга ўхшаб эр қидирмайди. Эркакларнинг ўзлари влюблятся қилишади.
-Ўйлаган ишларинг барибир амалга ошмайди.
-Негайкан?
-Мен руҳсат бермайман.
-Папа сиз чересчур феодалсиз!-деди Наргиза йиғламсираган бўлиб.-Шу мировозрениянгиз билан юз кишилик коллективни қандай руководит қиласиз? У нас любовь. Мен болалик хотинманми или қиз боламанми, Журъатчик учун не имеет значения, ваабше фарқи йўқ.
-Ҳар ҳолда мен Журъатинг билан гаплашишим керак,-деди Мурод ўжарлик билан.
-Почему?-деди Зубайда чимирилиб.
-Мен унга ҳақиқатни айтаман. Агар ҳақиқатни билиб туриб уйланишга кўнса, майли, билганларингни қилаверларинг.
-Йўқ, этого делать нельзя!-эрининг гапларидан тоқати тоқ бўлган Зубайда ўрнидан туриб кетди.-Бу ишни ёшларнинг ўзлари решать қилишсин.
-Мен аввал Журъат билан гаплашаман. Ана ундан кейин тақдирларини ўзлари ҳал қилаверишади.
-Ах так!-деди Зубайда худди юлишга чоғлангандай эри томон бир қадам босиб.-Если сиз бунга решатся қилсангиз, мен министрингизга чиқаман.
Зубайда нозик жойдан тутган эди. Мурод ҳориж сафаридан қайтгач, вазир унинг фаолиятидан хурсанд эканидан айтиб, муовинлик ўрнига унинг номзодини кўрсатганини билдирган эди. Оилавий можаро юқори идорага етиб борса, бу мансабдан қуруқ қолиши ҳеч гап эмасди. Мурод шуни ўйлаб, жаҳл билан қўл силтади:
-Энди қизингнинг турмушига министрни аралаштиришинг етишмай турувди. Билганларингни қилларинг!

***

Журъат гарчи ўзини хурсанд қилиб кўрсатишга уринса-да, юраги тубида бир дарди борлигини Холидадан яширолмади. Кўпайсин бозорга кетиб, ёлғиз қолишгач, Холида уни сўроқ тутди:
-Яхши дам олдингми? Қайтганингга уч кун бўлди, очилиб гаплашгинг ҳам келмайди.
-Нимага унақа дейсан? Гаплашяпман-ку?-Журъат шундай деб унинг ўткир нигоҳидан кўзларини олиб қочди.
-Тўғри, гаплашяпсан, лекин ичингдагини яширишга уриняпсан. Ойим ҳам сезиб юрибдилар. Сени касал, деб эзилиб кетдилар. Дардинг бўлса – айт, ўзингни ҳам қийнама, бошқаларни ҳам чиқма.
-Холий... сенга айтсам, тушунарсан, лекин... хола тушунармикин?
-Яна “хола” дейсан-а! Юзларига айтолмасанг, ҳеч бўлмаса орқаларидан “ойи” деб қўйгин. Сени “ўғлим”, деб жонларини беришга тайёрлар. Мени ҳам сен туфайли “қизим” дейдилар. Мен “ойи”, деб чақирганимда қанақанги қувонадилар. Шу хотиннинг бир марта хурсанд бўлиши учун бир мартагина “ойи” деб қўйсанг, тилинг узилиб тушадими?
-Холий, тилим келмаяпти, нима қилай? Айтолмаяпман... Шу пайтгача бировни “ойи” демаганман... Тилим қотиб қолган... Агар ўзимнинг онам келиб қолса ҳам “ойи” деёлмасдим.
-Тошбағир экансан...
-Бунга мен айбдор эмасман...
-Хўп, бу гапларни қўя турайлик. Сен барибир ўзингникини маъқуллайсан. Сен менга дардингни айт. Ойимга айтишни хоҳламасанг, ўзим секин тушунтираман.
-“Дардинг, дардинг...” деб жудаям оширвординг. Дард йўқ менда. Фақат... уйланмоқчиман...
Бу янгилик қизни лол қолдирди.
-Уйланмоқчиман?

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Романир РоҳиймСутнинг хосил бўлишиЧорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан давоми...

17943 22:42 / 19.04.2017
Қуръон қиссалари асосидаОДАМ АТО ВА МОМО ҲАВОЖуда қадим замонларда ҳозир биз яшаб турган ер юзида ҳеч ким яшамас эди. Аллоҳ таоло, Мени таниб ибодат қилсинлар ва давоми...

5992 21:45 / 19.04.2017
Онангдан бош товлама, ошмасин дарди.Ҳаёт тожи эрур оёғин дарди...Рудакий.Дераза тиқиллади. Назир ёзиб турган ишини қўйиб, ўрнидан турди. Елкасига тўнини ташлаб, давоми...

5303 21:48 / 19.04.2017
Balki mendadur aybning hammasi, Axtarish shart emas yiroqlardan hech.Kezgim kelib yolg`iz bog`larni bugun,Uzoq o`yga tolgim, tark etgim kelar.Bulbul sayroqilar, olamni lahzaga solib,Allohim kechirgin bu xonishlarim.Men ham bulbuldek shu bog` ichra bugun,Nechun xonish qilolmay, o`taman давоми...

6544 21:47 / 19.04.2017
Аудиолар

118751 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40710 14:35 / 11.08.2021