1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Зинога яқинлашманг!

10:58 / 19.09.2017 34666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (1-ҚИСМ)

Зинонинг ҳаром экани:

Зино луғатда “фужур”, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. Таърифларнинг барчасини кўриб чиқилганда зинонинг умумий таърифи қуйидагича эканлиги мулоҳаза қилинади: “Ораларида никоҳ бўлмаган ва никоҳ бор деб гумон қилмаган ҳолда, эркак ва аёлнинг бир–бирларига жинсий қўшилишлари зинодир”.
Зино ҳаромдир. У Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш каби энг катта гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтган: ”Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар ва зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир” (Фурқон сураси, 68-70-оятлар).
Аллоҳнинг барча шариатларида зино ҳаром иш бўлиб, унга қарши турилган, унга қарши курашилган. Самовий шариатларнинг энг охиргиси шариатимизда ҳам зинодан қайтаришда, ундан огоҳ этишда қаттиқ турилган. Зеро, зино сабабли насаблар тартибсиз аралашиб кетади, наслга зарар етади, оилалар бузилади, алоқалар узилади, касалликлар тарқалади, шаҳватларга берилиб тубанликка кетилади, гўзал ахлоқлар завол топади.
Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган:
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Оятда “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Маълумки Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Аллоҳ айтади: ”Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмасдирлар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 1 – 7).
Аллоҳ ушбу оятларда мўминларнинг энг асосий сифатларини зикр қилганда мўмин ва мўминаларлар ўз фаржларини ҳаром ишлардан сақлашларини айтган. Оятга биноан ким иффатини сақламаса мўминлигининг катта қисмини йўқотган ва улуғ бойликдан ажраган бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам зинонинг ҳаромлиги таъкидланиб, ҳалок этувчи гуноҳи кабиралардан деб саналган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф (қуёш тутилганда ўқилувчи) намоз вақтида минбарда туриб: “Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, Унинг эркак ёки аёл бандаси зино қилганида Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ! Аллоҳга қасамки мен билганларимни билганингизда эди, кам кулиб кўп йиғлаган бўлар эдингиз!” дедилар, сўнгра қўлларини кўтариб:”Аллоҳим (омонатни) етказдимми?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўлишича Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч зот йўқ экан. Албатта рашк Исломда мақталган хислатлардан. Бандалари зино қилганларида ҳам Аллоҳ уларни рашк қилар экан. Агар бандалар Аллоҳ ҳақида, охиратдаги ҳисоб–китоб ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билган нарсаларини билганларида эди, зинодан четланиш у ёқда турсин, балки кам кулиб кўп йиғлайдиган, Аллоҳни ҳеч вақт ёдидан чиқармайдиган бандалардан бўлар эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Банда зино қилганда ундан иймон чиқиб бошининг устида соябон каби бўлиб туради. Четлангач иймон унга қайтади” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Иймон ва унинг сабабидан бўлувчи ҳаё билан зино ҳеч қачон бирга бўлмайди. Зино қилган одам мусулмонликдан чиқмаса ҳам иймонсизларнинг амалини бажарган бўлади. Аммо кимки зино қилиш ҳалол деб тасдиқласа, шубҳасиз куфрга кетган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, ҳатто уни эълон қилсалар, уларда ота–боболарида бўлмаган ўлат (инфекцион касаллик) ва юқумли касалликлар тарқалади” (Ибн Можжа ва Ҳоким ривоятлари).
Исломда қайси бир амал инсонга ва инсоният жамиятига моддий ёки маънавий зарар келтирадиган бўлса, албатта у ҳаром қилинган. Зино ҳам одамларга моддий ва маънавий зарарлар келтиради ва улар орасида турли ҳил олдин кузатилмаган касалликларни келтириб чиқаради. Албатта бунга ҳамма гувоҳдир. Зинонинг ҳаром деб эълон қилиниши ва унга қарши курашишнинг ҳикматларидан бири ҳам шудир. Яна бир узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёл зинокорлар қиёматгача қабрларида азобланаётганларини икки фаришта ҳамроҳлигида кўрганларини айтганлар:
“...Биз яна юрдик ва оғзи тор, туби кенг бўлган тандирга ўхшаш нарсанинг олдига келдик, унинг ичидан овозлар, бақир–чақир эшитилар эди. Биз унга қарадик. Унинг ичида яланғоч эркак ва аёллар бўлиб уларнинг тагидан аланга келиб уларни юқорига отарди. Мен: ”Эй Жаброил булар кимлар?” деб сўрадим. У: ”Булар зинокор эркак ва аёллар” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Албатта ҳаром нарсаларнигина уқубати шу кўринишда бўлади, зино эса энг катта ҳаром амаллардандир.
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарсалар йўлдан урувчи шаҳватлар, қорин шаҳватлари, фарж шаҳватлари ва залолатга кетказувчи фитналар” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисда ҳам мўмин одам четланиши шарт бўлган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Зинога етакловчи фарж шаҳвати Аллоҳ розилигини топаман деган инсон учун тақводор бўлиши йўлида катта тўсиқдир. Бу тўсиқни ошиб ўтиш фарж шаҳваларини Ислом рухсат берган кўринишда қондирган ҳолдагина мумкин бўлади.
Ислом уламолари ва Ислом уммати зинонинг ҳаромлигини тасдиқлайдилар. Зинонинг ўзи, унга таъаллуқли ишлар барча кўринишларида буткул ҳаром эканига ижмоъ қилинган. 


Зинога олиб борувчи йўлларнинг барчаси ҳаром:

Айтиб ўтилганидек Ислом бирор нарсани ҳаром деб эълон қилса, унга боғлиқ бўлган, унга олиб борувчи нарсаларнинг барча кўринишларини ҳам ҳаром деб эълон қилади. Масалан маст қилувчи ичимликни ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром, уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, умуман маст қилувчи ичимликка алоқадор барча ишлар ва кўринишлар ҳаром. Ёки масалан рибонинг ҳам барча кўринишлари, унга олиб борувчи йўлларнинг ҳаммаси ҳаромдир.
Биз бу ўринда зинога олиб борувчи йўлларнинг барчаси ҳаром эканлигини баён қилишга, уларни имкон борича санаб ўтишга ҳаракат қиламиз, улар:
Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик.
Номаҳрамлардан кўзни тиймаслик.
Номаҳрамлар билан холи қолиш.
Фаҳш нарсаларни - телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали кўриш, фаҳшга доир адабиётларни ўқиш.
Ўзини чиройли қилиб кўрсатиш.
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва
фаҳш мавжуд жойларга бориш.
Имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юриш.
Эр аёлини, аёл эрини рашк қилмаслиги.
Ушбу санаб ўтилган нарсалар ҳақида бирма–бир сўз юритишдан олдин жинсий яқинликнинг даражалари ҳақида баҳс қилсак. 


Жинсий муносабатнинг тўрт даражаси:

Ислом олимларидан бўлган доктор Аҳмад Сакр ўзининг “Исломда никоҳ ва оилавий ҳаёт” китобида ҳалол ёки ҳаром бўлишидан қатъий назар жинсий муносабатнинг тўрт даражасини санаб ўтганлар. Ушбу даражалар зино ва унга олиб борувчи йўлларнинг барча кўринишларини ўз ичига олгани учун уларни билиш муҳимдир.


Жинсий муносабатнинг тўртинчи даражаси:

Ушбу турдаги жинсий муносабатларда инсон жинсий алоқага доир нарсаларни кўради, эшитади ёки ҳис қилади. Биологик аъзолар эса бу нарсаларга ўзига хос жавоб беради. Бош миянинг остида жойлашган гипофиз жинсий гармонлар ажратиб чиқаради ва гармонлар бутун танага тарқаган ҳолда кўриш, эшитиш, ҳис қилиш натижасида юзага келган импульсларга ўзига хос таъсир ўтказади. Ушбу даражадаги жинсий муносабатлар ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Аммо бир нарса аниқки, ушбу даражадаги жинсий алоқага киришган киши кейинги, яъни учинчи даражадаги жинсий алоқага ўтиб кетиши мумкин.


Жинсий яқинликнинг учинчи даражаси:

Ушбу турдаги жинсий алоқаларда ўзаро тегиниш, қучоқлаш ва ўпишдан нарига ўтилмайди. Турли хил рақсларни ҳам шу даражага киритилса тўғри бўлади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон учинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши жуда мушкул бўлади. 


Жинсий яқинликнинг иккинчи даражаси:

Ушбу турдаги жинсий алоқалар жинсий қўшилишдан бошқа барча ҳаракатларни ўз ичига олади. Ушбу даражадаги жинсий алоқалар ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади. Инсон иккинчи даражадаги жинсий алоқаларга киришса, биринчи даражадаги жинсий алоқаларга киришишдан ўзини тутиб туриши деярли мумкин бўлмай қолади.


Жинсий яқинликнинг биринчи даражаси:

Ушбу турдаги жинсий алоқа бу жинсий қўшилишдир. Бунда инсон жинсий алоқага бутунлай киришган ҳисобланади. Ушбу даражадаги жинсий алоқа ҳам ҳалол йўл билан бўлса ҳалол, ҳаром йўл билан бўлса ҳаром бўлади.
Исломда ушбу тўрт даражанинг энг енгилига, яъни тўртинчи даражага ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ёки аёл фаҳш бўлган суратлар, фильмларни кўриши, турли фаҳш воқеъаларни эшитиши ва ўқиши, фаҳш мусиқа ва қўшиқларни тинглаши мутлақо ҳаромдир. Шунингдек учинчи даражага кирувчи муносабатларга ҳам ҳаром йўл ила киришиш ҳаром қилинган. Мусулмон эркак ва аёл фаҳш бор йиғинлардан, рақслардан узоқда бўлиши, фаҳшга берилган инсонларни ўзидан четлатиши шартдир. Инсон бу даражаларга қанчалик кириб борар экан ўзини тўхтатиб олиши шунчалик қийин бўлади.
Аллоҳ таоло бежизга: ”Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” деб айтмаган (Исро 32).
Оятда Аллоҳ зино қилмасликка эмас, зинога яқинлашмасликка буюрган. Зинога яқинлашиш ҳаром, унга яқинлашгач ундан қутилишга Аллоҳнинг ёрдами ва катта иродали куч керак бўлади.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (2-ҚИСМ)

Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик:

Ҳар қандай инсон ва жамият ҳаётидаги муаммоларнинг асоси бу - диний ҳақиқатларни билмаслик ва уларга амал қилмасликдандир. Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бандани мусулмонликдан чиқариб кофирликка киритиб қўйиши мумкин. Куфрга олиб бориши мумкин бўлган ҳар бир нарса эса ҲАРОМдир.
Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бирор инсоннинг фаҳшга берилиши ёки фаҳш жамиятда тарқалишида ҳам кўринади. Агар инсонлар Аллоҳни таниганларида, У Зот кўрсатган динни билганларида ва унга оғишмай амал қилганларида икки дунё бахтига эришган, хусусан жинсий ҳаётларини ҳам гўзал суратда йўлга қўйган бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган: ”Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди” (Бақара сураси, 103 оят).
Ушбу ояти каримада инсонлар агар билсалар бу дунёдаги Аллоҳ кўрсатмаларига зид нарсалардан кўра охиратдаги савоб ва мукофот яхшироқ эканлиги айтилмоқда. Бу дунёдан кўра охират яхшироқ ва абадий эканлигини билган инсон унга ҳаракат қилади, аммо Аллоҳни танимаса, динни билмаса ҳеч нарса қила олмайди. Демак у ҳалол ва ҳаромни, фарз нима, вожиб нима, суннат нима, макруҳ нима билиши зарур. Оятларда Аллоҳдан олим бандаларгина қўрқишлари, билган инсонлар билан билмаган инсонлар тенг бўла олмаслиги айтиб ўтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларини илм олишга, хусусан динни таълим олишга буюрганлар ва ҳар бир мўмин ва мўминага Ислом дини асослари, банданинг намоз, закот, рўза, ҳаж, ҳалол ва ҳаром ҳақида илм олиши фарз ва қарз эканлигини эълон қилганлар. Ушбу санаб ўтилган нарсаларни билиш ўзини мусулмон ҳисоблаган киши учун ихтёрий эмас мажбурийдир.
Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кимга яхшилик беришни ирода қилса, уни динда фақиҳ (чуқур билимдон) қилиб қўяди” деб марҳамат қилганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бой қилиб қўяди, машҳур қилиб қўяди, соғлом қилиб қўяди демаганлар. Демак энг катта яхшилик ўз динини билишда экан, бу яхшиликнинг олдига ҳеч нарса туша олмас экан.
Агар зино ва унга боғлиқ ишларни қилувчи, уларга боғланиб қолган ёки қилмоқчи бўлган банда Аллоҳ зино ва унга боғлиқ ишларни ҳаром қилганини, бу нарса дунё ва охиратда бахтсизликка олиб боришини, Аллоҳ учун ўз шаҳватларини жиловлаган инсон учун жаннатда тайёрланган абадий роҳатлар, шаҳватини жиловламаганларга жаҳаннамда тайёрланган чексиз азобларни билганида эди...! Агар у Роббисининг қанчалар улуғ эканлиги, унга нисбатан қанчалар меҳрибон эканлигини ва унинг дини нақадар олий, юксак инсоний фазилатлар эканини, Аллоҳ учун ўзига зарарли ишдан воз кечиш нақадар буюк қаҳрамонлик эканлигини билганида эди...!
Киши ўз динини билиб унга амал қилса, биз юқорида санаб ўтган фаҳшга олиб борувчи йўлларни айтиб ўтиришга ҳожат қолмаган бўлар эди. Зеро барча муаммоларнинг боши ўз динини билмаслик ва унга амал қилмасликдир.


Номаҳрамлардан кўзни тиймаслик:

Зинога олиб борувчи йўлларнинг энг кенг тарқалгани, жамият ҳаётида чуқур илдиз отгани бу номаҳрамлардан кўзини тиймасликдир. Бу нарса ҲАРОМдир.
Номаҳрам деганда эркак бўлсин ёки аёл бўлсин маҳрам бўлмаганларнинг барчаси киради (номаҳрамлар кимлар экани ҳақида кейинроқ сўз боради). Бунда эркак ўзига номаҳрам бўлган аёлларга шаръий узрсиз қараши ва аёл ўзига номаҳрам бўлган эркакларга шаръий узрсиз қараши ҳаром бўлади.
Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидагича марҳамат қилган: “Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир.
Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур 30, 31).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўминлар номаҳрам аёллардан кўзларини тийишларини, зино ва унинг кўринишларидан узоқда бўлишни буюрмоқда. Албатта ҳар қандай фаҳшнинг боши назар ташлашдан бошланади. Мана шу ҳаром ишни, яъни номаҳрамга назар ташлашни қилган одам даражама-даража бошқа ишларга ҳам қўл уриши мумкин бўлиб қолади. Банда доимо мени Аллоҳ кўриб турибди деган фикр билан юрса, бундай ишларга қўл урмайди. Шунингдек Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда.
Муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади.
Аллоҳ бандаларининг ҳар бир ишидан, шу жумладан кўз хиёнатидан ҳам доимо хабардор эканлигини қуйидаги оятда баён қилиб айтган: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур” (Ғофир сураси, 19 оят).
Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билиб, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар.
Улуғ Аллоҳ яна бундай марҳамат қилган: “Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар” (Исро сураси, 36 оят).
Ушбу оятдан инсон ҳар бир амалига, шу жумладан ҳар бир кўзи ила солган назарига масъул эканлиги айтилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уматларини кўчаларда ўтиришдан қайтаришларининг сабабларидан бири уларнинг кўзлари номаҳрамларга тушишининг олдини олиш бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлларда ўтиришдан четланинглар” деганларида саҳобалар: “Бунга бизнинг ҳожатимиз бор. Биз кўчада бир–биримиз билан суҳбатлашамиз” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, кўчада турганингизда йўлнинг ҳаққини адо этинглар” дедилар. Саҳобалар: “Йўлнинг ҳаққи нима ё Расулуллоҳ?” деб сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўзни номаҳрамлардан тийиш, озор беришдан тийилиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш” дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан номаҳрамга кўз тушиб қолиши ҳақида сўраганимда у киши кўзимни олиб қочишимга буюрдилар”.
Имом Амад ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Номаҳрамларга назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳ учун кўзини номаҳрамлардан қуйи тутса, Аллоҳ унинг қалбида Ўзига йўлиқадиган кунгача ҳаловат пайдо қилади”.
Эй муслим ва муслима дўстим! Шайтоннинг заҳарланган ўқи ёки Аллоҳга йўлиқадиган кунгача қалбингда бўладиган иймон ҳаловатини ўзинг танла.
Баъзилар номаҳрамларга қарашга одатланиб қолган бўладилар. Улар бу нарса ҳаром эканлигини билганларида ҳам назар қилишга одатланиб қолганлари учун тийилишлари қийин бўлади. Аммо номаҳрамларга назар солишга одатланган кўз номаҳрамлардан ўзини буришга ҳам одатлана олади. Фақат бу йўлда Аллоҳдан мадад сўраш ва жидду жаҳд қилиш керак. Улуғ ишлар тиришқоқлик талаб қиладида!
Энди номаҳрамларга назар солишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
Эркак киши назар солиши жоиз бўлган аёллар:
1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам.
2. Қиз, қизнинг қизи, қанча пастласа ҳам.
3. Опа–сингиллар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.
4. Амма ва холалар.
5. Ака–укалар ва опа–сингилларнинг қизлари.
6. Хотинининг онаси, яъни қайнона.
7. Жинсий яқинлик қилган хотинининг бошқадан бўлган қизи, яъни ўгай қиз.
8. Ўғлининг хотини, яъни келин.
9. Отасининг хотини, яъни ўгай она.
10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.
11. Вояга етмаган қизчалар.
12. Қариб қолган кампирлар.
Ушбу кўрсатиб ўтилган аёллардан бошқа бирортасига эркак киши учун жиддий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади.
Аёл киши назар солиши жоиз бўлган эркаклар:
1. Ота ва отанинг отаси, қанча юқориласа ҳам.
2. Ўғил, ўғилнинг ўғли, қанча пастласа ҳам.
3. Ака–укалар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.
4. Амаки ва тоғалар.
5. Ака–укалар ва опа–сингилларнинг ўғиллари.
6. Эрнинг отаси, яъни қайнота.
7. Эрнинг бошқадан бўлган ўғли, яъни ўгай ўғил.
8. Қизининг эри, яъни куёв.
9. Онасининг эри, яъни ўгай ота.
10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.
11. Вояга етмаган ўғил болачалар.
12. Қариб қолган чоллар.
Ушбу кўрсатиб ўтилган эркаклардан бошқа бирортасига аёл киши учун шаръий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади.
- Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай аёлга шаҳват назари билан қараш ҳаром.
- Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай эркакка шаҳват назари билан қараш ҳаром.
- Номаҳрамнинг авратига шаҳватсиз бўлган ҳолда ҳам назар солиш ҳаромдир.
Аёлнинг аврати: юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма аъзолари.
Эркакнинг аврати: киндигидан тиззасигача, тиззаси аврат.
- Номаҳрамнинг аврат бўлмаган жойига (масалан аёлнинг юзи ва икки кафтига) шаҳват ила, лаззатланиш учун қараш ҳаром.
- Ўзига маҳрам бўлганларга (эр-хотин мустасно) шаҳват назари ила қараш ҳаром.
- Ўзига маҳрам бўлганларнинг уятли жойларига назар солиш ҳаром (эр-хотин мустасно).
- Балоғатга етишига оз қолганларга ҳам эҳтиётан балоғатга етганлардек ҳукмлар жорий бўлади.
- Бирор аёлни бошқа эркакка ва бирор эркакни бошқа аёлга тана тузилишлари ва жинсий аъзоларини васфлаб бериш ҳаром.
- Эркак эркакка, аёл аёлга шаҳват назари ила қараши ҳаром.
- Аёл киши аёл кишига - эркак ўз маҳрамларига (хотинидан ташқари) қараши мумкин бўлган жойларига қараши мумкин.
- Муслима аёллар ёмон аёлларга ўз авратларини кўрсатишлари жоиз эмас.
- Ўзининг жинсий аъзоларига заруратсиз назар солиш макруҳдир.
- Назар солиш мумкин бўлмаган номаҳрамга кўз тушганда кўзни дарров олиб қочилади. Агар кўзини узмай қараб тураверса ёки қайта–қайта қараса, ҳаром бўлади.
- Фаҳш бор видео, фото суратларга, турли ҳил рекламаларда суратга тушган номаҳрамларга назар солиш - ҳаром.
- Фаҳш бор видео, фото суратлар, турли ҳил рекламаларни суратга олиб уларни тарқатиш ҳам ҳаром амаллардандир. Зеро ҳаром ишга йўл очувчи, унга ундовчи амаллар Исломда ҳаром қилингандир. Буюк Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур 19).
- Номаҳрамларга кўзи тушиши аниқ бўлган ҳолатларга мўмин киши ўзини ўзи тушириши жоиз эмас. Бу ҳолатнинг кўринишлари кўп. Масалан, сиртидан Исломга зид бўлмаган бир кўрсатув ёки фильмни кўраётганингизда кўзингиз номаҳрамларга қайта-қайта тушаверса, сиз “номаҳрамларга кўз тушиши ҳаром эмас, уларга назар солиш ҳаром” дея олмайсиз. Зеро, ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “назар кетидан назарни эргаштирма” деб марҳамат қилганлар. Шунингдек инсон кўчада, жамоат жойларида юрганида кўзини қуйи тутиб юриши ва номаҳрамларга назар солиш у ёқда турсин, кўз тушишидан ҳам огоҳ бўлиши лозим. Кўз тушганида ҳам ҳаёл бузилади, кўз тушганида ҳам шаҳват қўзиши мумкин ва бу нарсалар иккинчи маротаба қарашга олиб бориши, иккинчи маротаба қараш эса бошқа кўпгина бир-бирини келтириб чиқарувчи ёмонликларга олиб бориши мумкин.
- Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари – вожибдир.
Номаҳрамларга назар солиш жоиз бўлган ҳолатлар:
- Зарурат ва ҳожат юзасидан ҳаддан ошмаган ҳолда, шаҳватсиз аврат бўлмаган жойига назар ташлаш - жоиз.
- Бўлажак келинни бўлажак куёв юзи ва икки кафтига назар солиши мустаҳаб (мақталган) ишдир. Никоҳлангунга қадар бўлажак келиннинг авратига қараш жоиз эмас. Зеро никоҳ ақди бўлмагунча у ҳам номаҳрам ҳукмидадир. Икковининг бир-бирлари ила холий қолишлари жоиз эмас. Жуда бўлмаса, олдиларида яхши-ёмонни ажратадиган ёшдаги бола бўлиши ёки исталган вақт очиш мумкин бўлган шаффоф ойна ортида улардан бирининг маҳрами туриши керак.
- Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо–сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди–бердида, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга ҳизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида назар солиш жоиз. Бу ҳолатларда юзга назар солинади ва заруратдан ортиқ қаралмайди. Зарурат сабабидан назар солганда лаззатланиш ва шаҳват ила қараш - ҳаром.
Шунингдек номаҳрамларга кўз қисиш, гап отиш каби ишлар ҳам ҳаром.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (3-ҚИСМ)

Номаҳрамлар билан холи қолиш

Зинога олиб борувчи йўлларнинг энг хатарлиси номаҳрам бўлган аёл ва эркакнинг икковлари холи қолишидир. Бу нарса ҲАРОМдир. “Холи қолиш” деганда ўзлари кўринмайдиган, овозлари эшитилмайдиган жойда ёлғиз ўзлари бирга қолишлари тушунилади.
Аксар фаҳш ишлар номаҳрамларнинг ўзаро холи қолишлари сабабидан юзага келади. Шайтон ҳам бундай пайтда бор кучини холи қолганларни фаҳш иш қилишга ундашга сарфлайди. Бу нарсани уларга зийнатлаб кўрсатади ва улар ҳиссиётларини жиловлай олмайдилар.
Агар инсон бундай ҳолатда ўз ҳиссиётларини жиловлаб олишига бутунлай, мутлақо ишонса ҳам унга номаҳрам билан холи қолиш ҳаром бўлади.
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Бирортангиз маҳрами олдида бўлмаган аёл ила холи қолмасин!”
Имом Аҳмад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эркак ва аёл холи қолсалар учинчилари шайтон бўлади” деб айтганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳеч бирингиз никоҳида бўлмаган ёки бирорта маҳрами бўлмаган аёл ила бир уйда (бошқа хонада бўлса ҳам) тунаб қолмасин”.
Шунингдек номаҳрамлар бир-бирларига тегишлари ва қўл бериб кўришишлари ҳам ҳаром. Бу ҳукмга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллар билан қўл бериб кўришмасликларини таъкидлаб айтганлари ва қуйидаги икки ҳадис далолат қилади:
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Номаҳрамлар билан холи қолишдан эҳтиёт бўлгин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки бирор эркак номаҳрам аёл билан холи қолса, улар орасига шайтон киради. Бир эркак ўз елкасини номаҳрам аёлнинг елкасига текказганидан кўра лой ёки балчиққа қорилиб ётган чўчқани қучоқлагани яхшироқ” дедилар” (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадисдан жамоат жойларида, транспортларда ва навбат кутиш жойларида номаҳрамлар бир-бирларига тегиб туришлари жоиз эмаслиги ва бундай ҳолатларни олдини олиш вожиб эканлиги ҳам аён бўлади.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз ўзига номаҳрам бўлган аёлни ушлагандан кўра бошига темирдан бўлган катта игна суқилгани яхшироқдир” дедилар” (Тобароний ривояти).
Энди номаҳрамлар билан холи қолишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
-Эркак ёки аёл ўз маҳрами билан холи қолса ўзини тутиб тура олмаслиги мумкинлигини билса, холи қолиш ҳаром бўлади.
-Эркак ва аёл холи қолганларида олдиларида оқ-қорани ажратмайдиган ёш бола бўлса ҳам улар холи қолган ҳисобланадилар.
-Никоҳдан ўтмаган бўлажак келин ва куёв холи қолишлари ҳаром. Жуда бўлмаса, олдларида оқ-қорани ажратадиган бола бўлиши шарт.
-Бир аёл, икки ва ундан кўп номаҳрам эркак билан қолса ҳаром, фақат улар ёмонликка қўл урмайдиган даражада бўлган солиҳ инсонлар бўлса, зарурат бўлганда жоиз.
-Бир эркак кўп номаҳрам аёллар билан холи қолиши - агар улар ёмон аёллар бўлмаса - жоиз. Бўлмаса ҳаром.
-Даволаш ишларида холи қолиш мутлақо жоиз эмас, маҳрам ёки ҳамшира бўлиши шарт. Аёл киши аёл шифокор бўла туриб эркак шифокорга учрамайди ва эркак киши эркак шифокор бўла туриб аёл шифокорга учрамайди. Аммо касали жиддий бўлиб шифокор ўта тажрибали бўлганда ва ўз жинсидан тажрибали шифокор топилмаганда зарурат юзасидан жоиз.
-Талоқ қилган аёлини ражъий талоқ қилган бўлса, холи қолиш жоиз. Боин талоқ қилган бўлса, холи қолиш жоиз эмас.
Юқорида айтиб ўтганимиздек номаҳрамлар бир-бирларига тегишлари, шаҳватларини қўзғатувчи ҳолатларга йўл қўймасликлари шарт.
-Жамоат транспортлари, одамлар зич тўпланадиган жойларда икки жинс вакиллари бир-бирларига тегиб туришлари мутлақо жоиз эмас. Улар бир-бирларидан узоқда туришлари ва шаҳватларини қўзғатувчи ҳолатларга йўл қўймасликлари вожиб.
-Кучли зарурат бўлмаса таксига танҳо ўтирмаслик керак ёки бирор киши билан ўтириш керак. Кўпгина уламолар “Ҳайдовчиси номаҳрам бўлган таксига ўтириш – фасод кўпайиб кетгани сабабли –ҳаромдир” деганлар. Аёл киши таксида бир ўзи шаҳардан ташқари жойларга бориши - ҳаром.
-Номаҳрамлар бир-бирлари билан қўл бериб кўришишлари ҳаром.
- Холи қолмасликни таъминлаш, холи қолишни олдини олиш - вожиб. Зеро, ҳаром ишга йўл очиш ҳам ҳаром ишдир.
-Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари – вожибдир.


Фаҳш нарсаларни телевидение, интернет ва бошқа воситалар орқали кўриш, эшитиш, суҳбатлашиш.

Фаҳшга оид турли ёзув ва адабиётларни ўқиш:

Зинога олиб борувчи йўллардан энг кўп тарқалгани ва ҳамманинг қўли етадигани телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали фаҳш нарса кўриш, фаҳшга доир турли ёзувлар ва адабиётларни ўқишдир. Бу нарсанинг ҳам ҲАРОМ эканида шак-шубҳа йўқдир. Зеро, олдин айтиб ўтганимиздек Исломда ҳаром нарсага олиб борувчи йўллар ҳам ҳаромдир. Шунингдек шахс ва жамиятни маънавий ва моддий жиҳатдан бузилишига сабаб бўлувчи ҳар қандай нарса ҳам ҳаромдир. Бу мавзуга номаҳрамлардан кўзини тиймаслик ҳақида баҳс қилганимизда тўхталиб ўтдик. Аммо ҳозирги кунимизда ушбу муаммо жуда долзарб бўлиб тургани учун алоҳида ўрганиб чиқсак катта фойда бўлади.
Турли воситалар орқали фаҳш нарсаларни кўрган, эшитган, ўқиган, суҳбатлашган инсоннинг нияти қандай бўлмасин барибир у Исломда таъқиқланган ҳаром ишни қилган бўлади.
Ушбу мавзуга боғлиқ ҳукмлар:
-Телевидение орқали турли фаҳш кўрсатув ва филмларни кўриш - ҳаром.
-Ҳаётда номаҳрамларга қараш ҳаром бўлган ҳолатлар телевизор, интернет, журнал, суратлар ва турли хил маҳсулотларнинг қадоғида ва реклама баннерларида бўлганда ҳам - ҳаром.
-Интернет орқали фаҳшга чорловчи турли веб саҳифаларга кириш -ҳаром.
-Компьютер ва телефонда интернет орқали ижтимоий тармоқларда номаҳрамлар билан шаръий заруратсиз суҳбатлашиш, “дўстлашиш” ва шу каби ишлар - ҳаром.
-Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари - вожибдир.

Номаҳрамлар билан суҳбатлашишга оид ҳукмлар:

-Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо–сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди-бердида, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга хизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида, заруратан, номаҳрамлар билан гаплашиш – жоиз. Бу ҳолатларда керакли гаплардан нарига ўтилмайди.
-Аёл киши номаҳрамлар билан гаплашганда (телефонда ва биров эшик қоққанда ҳам) овозини майин қилиб, нозланиб гапиририши жоиз эмас.


Номаҳрамлар олдида ўзини кўз-кўз қилиш:

Зинога олиб борувчи йўллардан яна бири бу ўзини номаҳрамларга кўз-кўз қилишдир. Бошқача қилиб айтганда кўчада Ислом чегараларида бўлмаган кийимларни кийиш, безаниш ва хўжакўрсин ишларни қилиш. Бу амал ҳам ҲАРОМдир.
Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидагича марҳамат қилган: “Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31 оят).
Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Кийим - номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади. Аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин. Фитна вақтида аёл киши юзини ҳам ёпиши лозим эканлигини жумҳур Ҳанафий олимлари таъкидлаганлар.
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида, эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган.
Аллоҳ таоло бу масалада ушбу оятни ҳам нозил қилган: “Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Аҳзоб 59).
Бу оятда ҳам мўминалар ўз авратларини тўсиб юришга, номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатмасликка буюрилмоқдалар. Агар аёллар иффатли бўлсалар ва Аллоҳ уларга буюрганидек кийиниб юрсалар, бегона эркаклар уларни кўрганда қандай аёл эканликларини биладилар ва ортиқча ҳаракат қилмайдилар. Зеро баъзида эркак аёлга тегачоқлиқ қилиши ва гап отишида аёлнинг ҳам ўрни бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ҳадис ривоят қилинган: “…Кийим кийган-яланғоч, ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар дўзах аҳлидандирлар. Бошлари туянинг ўркачлари каби бир тарафга оғувчидир. Жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар. Ва ҳоланки, унинг ҳиди жуда узоқ масофадан билиниб туради” (Муслим ривояти).
Ҳадисда хабари келган “кийим кийган-яланғоч” аёллар ҳақида уламолар бир-бирини тўлдириб келувчи тўрт хил фикрларни айтганлар:
1. Аллоҳнинг берган неъмати ила кийиниб, шукр қилмайдиган, яъни шукр қилиш жиҳатидан яланғоч аёллар.
2. Кийим кийган аммо яхшилик қилиш, ўз охиратига эътибор бериш, тоатларни бажариш жиҳатидан яланғоч.
3. Ўз жамолини кўз–кўз қилиш учун баданининг баъзи қисмларини очиб юради. Ҳадисдаги “кийим кийган–яланғоч” дегани шу.
4. Юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб туради.
Аллома Мустафо Адавий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай деганлар: “Менинг наздимда 3чи ва 4чи бандлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган маъноларига кўпроқ тўғри келса керак”.
Ҳадисда хабари келган “ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар” ҳақида уламолар “номаҳрам эркакларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзлари ҳам номаҳрам эркакларга оғиб кетувчи аёллар” деб айтганлар.
“Кийим кийган-яланғоч” ва “ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи” бўлганларга баъзи эркаклар ҳам киради. Эркаклар орасида ҳам юпқа ёки ёпишган кийим кийганидан бадани кўриниб, қомати билиниб турадиган, номаҳрам аёлларни ўзига оғдиришга ҳаракат қилувчи ва ўзи ҳам номаҳрам аёлларга оғиб кетувчи эркаклар бор. Бундай эркаклар ҳам “жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар”. Зеро, бу каби амаллар - эркак бўлсин, аёл бўлсин - ҳар қандай мусулмонга ҳаромдир.
Энди номаҳрамлар олдида ўзини чиройли қилиб кўрсатишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
-Аёл киши фақат эригагина ўзини гўзал қилиб кўрсатиши лозим. Агар аёл киши ўзини эрига чиройли қилиб кўрсатса, бу иши савоблидир.
-Эркак киши номаҳрамларга ўзини кўз-кўз қилиши ҳаромдир. Эркак киши ўз аёлига ўзини чиройли қилиб кўрсатиши савобли амалдир.
-Ота–оналар ўз фарзандларини бундай ишдан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари - вожибдир.
-Эркак аёлга ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, аёллар кийимини кийиши - ҳаромдир.
-Аёл эркакка ўхшашга ҳаракат қилиши, жинсини ўзгартириши, эркаклар кийимини кийиши - ҳаромдир.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (4-ҚИСМ)

Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва фаҳш бор жойларга бориш:

Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга бошлайдиган омил бўлганлиги учун ҲАРОМдир.
Аллоҳ таоло ўз бандаларини Ўзига итоат қиладиган ҳақгўйлар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119 оят).
Инсон табиати шундайки, у ўз атроф муҳитидан катта таъсир олади. Ён атрофидаги инсонларга хоҳласа хоҳламаса ўхшаб кетади. Шундай экан, оятда келганидек банда нафақат ўзи Аллоҳга тақвода бўлиши, балки иймонида сидқидил бўлган инсонлар билан доимо бирга бўлиши, нопок ва Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлардан узоқ бўлиши, уларни яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариши лозимдир. Фаҳшга аралашган эркак ва аёллар шубҳасиз Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлар тоифасига киради.
Яхши дўст ва ёмон дўстнинг васфини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал суратда баён қилиб берганлар: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли хушбўй атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Хушбўй атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё киймингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан қўланса ҳид келиб туради”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Киши ким билан қалин дўст бўлса, у ўшанинг динида бўлади. Ҳар бирингиз ким билан қалин дўст бўлаётганига назар солсин”.
Ёмон инсонлар билан бирга улфат бўлиш манаман деган инсонларни ҳам бадном қилган. Бунга тарихдан ва ҳозирги кунимиздан сон–саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Бундай одамлар беайб инсонларни нафақат фаҳш кўчасига балки бошқа ҳалокат кўчаларига ҳам етаклаб кетадилар. Бундан сақланиш ва ўз атрофидагиларни сақлаш ҳар бир мўминга фарздир.
Инсонни фаҳшга олиб борувчи йўллардан яна бири фаҳш бор жойларга боришдир. Кўмир конига кирган одамнинг кийими ва бадани қора бўлиб чиққанидек, бундай жойларга борган одам албатта гуноҳкор бўлиб чиқади. Бу эса мутлақо ҲАРОМ. Шунингдек фаҳш жойларни ташкил этиш, ундай жойларни ишлашига тўсқинлик қилмаслик ҳам ҲАРОМ.
Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Фаҳш бор жойларга бориш зинога бевосита яқинлашишдир. Банда зинога бирданига тушиб қолмайди. Балки даражама-даража, зинога яқинлашиб боради ва охири зинога қўл уради. Шундай экан зинонинг ўзи ва унга етакловчи барча нарса, хусусан фаҳш бор жойларга бориш ва бошқаларни у ерга боришга ундаш, бошқаларни у ерга олиб бориш Аллоҳ таоло буткул ҳаром қилган ишлардандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзиб қўйилгандир. У бунга хоҳласа |хоҳламаса йўлиқади. Икки кўз зиноси назар солиш, икки қулоқ зиноси эшитиш, тилнинг зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқлар зиноси юриб боришдир. Қалб истайди ва орзу қилади. Фарж эса буни рўёбга чиқаради ёки ёлғонга чиқаради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадисдан билинадики, инсоннинг фаҳш бор жойга юриб бориши оёқлар зиноси экан.
Энди беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва фаҳш бор жойларга боришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
- Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш, яқин бўлиш - ҳаром.
- Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашмаса ҳам улар билан фаҳш ишларни гаплашиш, сўраш - ҳаром.
- Ўз оила аъзоларини ва атрофидаги яқинларини беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашишдан қайтариш - вожиб.
- Фаҳш содир бўлиши мумкин бўлган турли ҳил тадбирлар, бир-бирига номаҳрам эркак ва аёллар аралашадиган йиғинлар, туғилган кун ва шуларга ўхшаш жойларга бориш мўмин инсон учун жоиз эмас.
- Фаҳш содир бўлиши мумкин бўлган турли хил тадбирларни ташкиллаштириш - ҳаром.
- Аёл киши бир ўзи сафарга чиқиши - ҳаром, агар маҳрамлари рози бўлса ҳам, буюрса ҳам.

Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмуш қурмай юриш:

Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмушга чиқишни рад этиб юриш ҳам инсонни зинога олиб бориши мумкин бўлган йўллардандир. Бу ишга баъзи ҳолларда ота-оналар тарафидан ҳам рағбат қилинади. Бунга сабаб қилиб улар: “Болам ёшлигида ўйнаб қолсин”, дейдилар ёки шунга ўхшаш асоссиз баҳоналарни айтадилар. Ёшлар ҳам “ёшлик қайтиб келмайди, кейин эслаб юраман” қабилидаги гапларни гапирадилар. Исломда эса никоҳ ёшига етган ёшлар имконият бўлиши билан никоҳланишлари мақталган ишлардандир.
Улуғ Аллоҳ айтади: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир. Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар” (Нур сураси, 32-33-оятлар).
Никоҳ имконини топгач никоҳлаш ва никоҳланиш катталар ва ёшларнинг бурчидир.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
“Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “уйланишга имкони бўлса” деганлари ҳар тарафлама, яъни жисмоний, моддий, маънавий-руҳий тарафлама тайёр бўлиш тушунилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир” деганларидан никоҳдан ўтганлар никоҳдан ўтмаганлардан кўра фаҳшга кўпроқ йўлиқишлари мумкин эканлигини билдирмоқда. Фаҳшнинг энг каттаси эса зинодир.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: “Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда” деб айтдилар (Термизий ривояти).
Намоз вақтида ўқилиши фарз, маййитни иложи борича тезроқ кўмиш шарт. Ушбу зарурий, кечиктириб бўлмайдиган ишлар орасида аёлнинг ўз тенги чиқиб турганида узатиш ҳам санаб ўтилиши бу ишнинг ўта муҳим, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигига далолат қилади.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ суннатимдир, ким суннатимдан юз бурса мендан эмасдир” деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Энди имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
- Исломда никоҳ суннати муаккада амаллардандир, яъни бажарилиши таъкидланган суннатдир. Аммо, никоҳланишнинг ҳукми ҳолатга қараб фарз, суннат, макруҳ ва ҳаромга ўзгариб туради.
- Зино ва фаҳш ишлардан ўзини тўхта олмаслигига кўзи етган никоҳланмаган инсон учун уйланиш ёки турмушга чиқиш фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уйланмай ёки турмушга чиқмай юрса ҳаром ишни қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади.
- Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслигини билган инсонга уйланиш ёки турмушга чиқиш ҳаром бўлади. “Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслик” дейилганда қуйидагилар тушунилади:
1. Жинсий ожиз бўлган ҳолда билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.
2. Жинсий ёки бошқа хавфли юқумли касали бўла туриб билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.
3. Руҳий ҳасталиги ёки руҳий камчилиги сабабли турмуш ўртоғига жисмоний, моддий ва маънавий-руҳий зарар келтириши мумкин бўлганда оила қуриш.
4. Никоҳланаётганлардан бири никоҳга рози бўлмаган ҳолда, мажбурланаётгани учун оила қураётганини билган иккинчи тараф учун оила қуриш ҳам ҳаром бўлади. Исломда мажбурлаб никоҳлаш йўқ.
5. Жинсини ўзгартирган одамга никоҳланиш мутлақо жоиз эмас. 

Эр аёлини, аёл эрини рашк қилмаслиги:

Зинога олиб борувчи йўллардан яна бири бу рашк қилмасликдир. Яқин одами номаҳрамлар билан шариат белгилаб берган чегараларни бузиб муомала қилганида уни бундан қайтармаслик, рашк қилмаслик фаҳшга олиб бориши мумкин бўлгани учун ҲАРОМдир. Эр аёлини, аёл эрини, ота қизини, ака ва ука ўзининг опа ва синглисини рашк қилиши, шунингдек она ўғлини, опа ва сингил ўзининг ака ва укасини рашк қилиши, бундан қайтариши, Аллоҳни эслатиши зарурдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлларингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Аллоҳ ушбу ояти каримада бандаларини ўзларини ва қўл остиларидаги оилаларини жаҳаннамдан сақлашга буюрмоқда. Ҳўш, ўз аҳли оиласини жаҳаннамдан сақлаш қандай бўлади? Бу нарса уларга Аллоҳ ва Расулини танитиш, дин асосларини ўргатиш, ҳалол ҳаромни билдириш ва уларни Аллоҳга итоат қилмоқдаларми, Аллоҳга маъсият қилмаяптиларми текшириш ва бу нарсада уларни тергаб туришдир. Хусусан, улар фаҳшга йўлиқмасликлари учун уларни рашк қилиш ва уларга эътиборли бўлиш ҳам ўз аҳли оиласини жаҳаннамдан сақлашга киради.
Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Ҳеч ким Аллоҳ бандасининг (хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бўлсин) зино қилаётганини кўрган ҳолидагидан рашклироқ эмас.
Эй Муҳаммад уммати! Агар мен билган нарсаларни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз” (Имом Бухорий ривояти).
Демак ўз яқинини нафақат инсон балки Аллоҳ ҳам рашк қилар экан. Аллоҳдан кўра ҳеч ким кучлироқ рашк қилмас экан. Фаҳшга қўл урган инсон аввало Аллоҳдан ҳаё қилмоғи шарт экан. Бошқа ҳадисда келишича: “Аллоҳнинг рашки – мўмин банданинг Аллоҳ унга ҳаром қилган нарсасини қилганидан бўлади”.
Демак Аллоҳ нафақат бандаси фаҳш иш қилганда, балки умуман ҳаромга қўл урганда ҳам рашк қилар экан.
Бир кун Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: “Агар ҳотиним билан бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим” деди. Шунда Набий соолаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Саъднинг рашкидан ажабланяпсизларми? Мен ундан ҳам рашклироқман. Аллоҳ мендан ҳам рашклироқдир. Аллоҳ ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчироқ зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди” (Имом Муслим ривояти).
Бу ерда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу рашклари кучли эканлигини билдирмоқчи бўлганлар. Ўша саҳобий қанчалар рашкли бўлмасин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кўра рашклироқ эканлар, Аллоҳ эса энг рашкли Зот экан. Ким бўлмасин ҳеч ким эри қилич билан чопиб ташлаши мумкин бўлган аёлга яқинлаша кўрмайди. Лекин Аллоҳнинг рашки ундан ҳам кучлироқ, ғазаби ундан ҳам қаттиқроқ, азоби ундан ҳам шиддатлироқ эмасми?!


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (5-ҚИСМ)

Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқалар:

Ушбу бўлимда биз Исломда қандай турдаги жинсий алоқалар ҳаром қилинганлиги ила бирма-бир танишиб чиқамиз, улар:
Никоҳсиз ҳолда бўлувчи алоқалар.
Икки эркак орасида бўлувчи жинсий алоқалар.
Икки аёл орасида бўлувчи жинсий алоқалар.
Истимно (ўзини ўзи шаҳватини қондириш).
Ўзаро никоҳи ҳаром бўлганларга никоҳланиш.
Вақтинчалик никоҳ.
Эр-хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари:
Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа.
Рамазон рўзасида оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва Ҳаж вақтида яқинлик қилиш.
Орқага яқинлик қилиш.

Никоҳсиз ҳолда бўлувчи алоқалар:

Никоҳсиз ҳолда амалга оширилган жинсий алоқа зино дейилади. Исломда бу кўринишдаги жинсий алоқа мутлақо ҳаромдир.
Аллоҳ айтади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32 оят).
Аллоҳ яна бундай марҳамат қилади: “Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 5 – 7 оятлар).
Аллоҳ яна бундай марҳамат қилади: “Сен: “Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз” деб айт” (Анъом сураси, 151 оят). Ҳадисларда ҳам зино гуноҳи кабиралардан эканлиги, унга яқинлашиш ҳаром эканлиги такрор-такрор баён қилинган. Шундай ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Киши зино қилганда унинг иймони ундан чиқиб боши узра туради. Зинодан бош тортгач иймон унга қайтиб киради” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бошқа ҳадисда: “Ким менга икки оёғи орасидагига ва икки жағи орасидаги (нарсани сақлашга)га кафиллик берса, унга жаннатнинг кафиллигини бераман” деб айтганлар (Бухорий ривояти). Яъни фаржини ҳаром ишлардан сақлашга ва оғзини ҳаром гапириш, ҳаром ейишдан сақлашга кафиллик берса, унга жаннат кафиллиги берилар экан.
Бутун уммат олимлари зинонинг, никоҳсиз жинсий алоқа қилишнинг ҳар қандай кўринишлари мутлақо ҳаром эканлигига ижмоъ қилишган.

Икки эркак орасида бўлувчи жинсий алоқалар:

Исломда эркак эркакка шаҳват назари билан қараши, ўпиши ва бундан ҳам жирканч бўлган жинсий алоқада бўлишини мутлақо ҳаром қилинган. Бундай ишни қилганларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам катта ёмонликлар ваъда қилинган. Бундай ишларга рухсат берувчи, бир жинс вакилларини ўзаро никоҳланишларига имконият яратиб берувчилар ҳам уларга гуноҳда шерикдирлар.
Аллоҳ айтади: “Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: “Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” деганини эсла”.
Лут алайҳиссалом қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари – баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут алайҳиссалом бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: “Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” деб таърифламоқдалар.
“Қавмнинг жавоби: “Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан”, дейишларидан бошқа нарса бўлмади”.
Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан чиқариб юборилар эканлар. Уларнинг “айблари” битта – жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.
“Бас, унга ва аҳлига нажот бердик. Магар хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлди”.
Пайғамбарга фақат унинг оила аъзоларигина иймон келтирдилар. Аммо уларнинг орасидан ҳам энг яқин кишиси – хотини иймон келтирмади. Оқибатда у жинояткор қавмга қўшилиб ҳалок бўлди.
“Ва Биз уларнинг устидан “ёмғир” ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол!”.
Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдирди ва барчалари ҳалок бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида умматни бундай жирканч ишдан қаттиқ қайтарганлар. Бир ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим хусусида қўрққан нарсаларимнинг энг қўрқинчлироғи Лут қавмининг амалидир” деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Али разийяллоҳу анҳу айтган эканлар: “Кимки хоҳиш билан ўзига яқинлик қилишларига имкон берса, Аллоҳ унга аёллар шаҳватини ташлайди ва уни қабрида қиёмат кунигача тошбўрон қилиб ҳайдалган шайтонга ўхшатиб қўяди” (Имом Заҳабийнинг “Кабоир” китобларидан).
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба такрор-такрор қилган ҳолда бундай деганлар: “Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Биз ҳам айтамиз: бундайларни Аллоҳ лаънатласин, лаънатласин, лаънатласин!!!

Икки аёл орасида бўлувчи жинсий алоқалар:

Исломда аёл аёлга шаҳват назари билан қараши, ўпиши ва бундан ҳам жирканчлиси бўлган жинсий алоқа қилишини мутлақо ҳаром қилинган. Бу турдаги жирканч ишни қилганларга ўзаро жинсий алоқа қилган икки эркакка нима ваъда қилинган бўлса, ўша азоб-уқубатлар ваъда қилинган. Бундайларни ҳам Аллоҳ лаънатлагандир ва биз ҳам уларга лаънат айтамиз!
Бундай аёллар қуйидаги ҳадисда таърифлаб берилган аёллар туркумига кирадилар десак адашмаган бўламиз: “Кийим кийган – яланғоч, ўзига оғдирувчи ва ўзи оғувчи аёллар дўзах аҳлидандирлар. Бошлари туянинг ўркачлари каби оғувчидир. Жаннатга кирмайдилар, ҳидини ҳам билмайдилар. Ваҳоланки унинг ҳиди жуда узоқ масофадан билиниб туради” (Муслим ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Эркак эркакнинг авратига қарамасин, аёл аёлнинг авратига қарамасин. Эркак эркак билан бир кийимнинг ичида бўлмасин, аёл аёл билан бир кийимнинг ичида бўлмасин” (Муслим ривояти).
Ҳадисдан маълумки, бирор аёл бошқа аёлнинг авратига қараши, уни ёки ўзининг шаҳватини уйғотувчи ишларни қилиши ҳаромдир.
Бир ҳадисда: “Аёл билан аёл жинсий алоқа қилиши - зинодир” дейилган (Тобароний ривояти).

Истимно (ўзининг шаҳватини ўзи қондириш):

Исломда ўз жинсий шаҳватини ўзи қондириш ҳаром амаллардан ҳисобланади. Бу амал қандай кўринишда бўлмасин, қай тарзда бажарилмасин, уни бажарган эркак бўладими ёки аёл бўладими, уни қилган банда гуноҳкор бўлади.
Аллоҳ айтади: “Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун сураси, 5 – 7-оятлар).
Уламоларнинг кўпчилик қисми ушбу оятни ўзини ўзи шаҳватини қондириш ҳаром эканлигига далил қилиб келтирганлар.
Ибн Аздий раҳимаҳуллоҳ заиф ҳадислар қаторида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида “Аллоҳ қиёмат куни етти тоифа инсонларга қарамайди ҳам, гапирмайди ҳам” дейилган ва улар орасида “ўзининг қўлига никоҳланувчи” ҳам санаб ўтилган.
“Ўзининг қўлига никоҳланувчи”дан мурод ўз қўли ила шаҳватини қондирувчидир.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир” деганлар (Бухорий ривояти).
Бу мавзу бўйича барча далилларни ўрганиб чиққач Ислом олимлари қуйидаги ҳукмларни айтганлар:
1. Истимно қилиш ўз қўли биланми ёки бошқа номаҳрамнинг қўли биланми фарқи йўқ ҳолда ҳаромдир.
2. Ўз шаҳватини қондиришнинг (албатта ҳалол кўринишлари мустасно) ҳар қандай кўриниши ҳаромдир. Бунда истимно қилувчи эркак бўладими ёки аёл бўладими фарқи йўқ.
3. Истимно лаззат олиш учун бўлганда ҳаромлигини уламолар айта туриб узр сабабидан истимно қилиш жоиз ёки жоиз эмаслигида иккига бўлинганлар:
Аввалгилари: “Истимно қилиш ҳар қандай ҳолатда ҳам жоиз эмас. Зинога қўл уриш хавфи бор бўлса, ҳадисда келганидек рўза тутиши керак ва сабр қилиши керак. Зеро ҳаром ишни қилмаслик учун сабр қилиш - вожибдир” деганлар.
Иккинчилари: “Агар зино қилиб қўйишдан ўзини тута олмаслигига ишончи комил бўлса, ҳаддан ошмаган ҳолда, шаҳватга берилмасдан, зинодан қочиш учун истимно қилиш жоиз. Бунда у Аллоҳдан кечиришини сўрайди ва фаҳшга йўлиқтирмаслигини У Зотдан ўтиниб тилайди” деганлар.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (6-ҚИСМ)

Ўзаро никоҳи ҳаром бўлганларга никоҳланиш:

Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқаларнинг яна бир кўриниши ўзаро никоҳланиши ҳаром бўлганларнинг никоҳланишидир.

Улуғ Аллоҳ эркак учун никоҳланиш ҳаром бўлган аёлларни қуйидагича баён қилиб берган: “Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ҳам ёмон йўлдир!

Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир”.

 Никоҳ муқаддас нарсадир. Албатта, бу алоқани тўғри ҳолда ўрнатиш керак. Бунинг учун эса, уйланмоқчи бўлган инсон ўзига мос жуфт танламоғи зарур. Танлаш жараёнида эътибор бериш фарз бўлган шарт – хотинликка танланаётган аёлнинг никоҳи танловчи эркакка ҳалол бўлиши керак. Ислом шариати мусулмон эркакларга айрим тоифа аёлларга уйланишни ҳаром қилган. Мазкур тоифалар ушбу оятда, бундан олдинги ва кейинги оятларда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида баён қилинган.

Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир. Ана ўшалардан бошқаларни поклик ва зино аралаштирмаган ҳолда молларингиз ила талаб қилмоғингиз ҳалол қилинди. Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. Бу фарздир. Фарз маҳрдан кейин ўзаро розилик ила келишганингиз гуноҳ эмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир”. (Нисо сураси, 22‑24‑оятлар).

Ўзаро никоҳланишнинг ҳаром бўлиши икки турлидир:

Аввалгиси: Никоҳланиш абадий ҳаром.

Иккинчиси: Никоҳланиш вақтинчалик ҳаром.

Эркак учун никоҳланиш абадий ҳаром бўлган аёллар:

1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам.

2. Қиз, қизнинг қизи, қанча пастласа ҳам.

3. Опа‑сингиллар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.

4. Амма ва холалар.

5. Ака‑укалар ва опа‑сингилларнинг қизлари.

6. Хотинининг онаси, яъни қайнона (Хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

7. Хотинининг бошқадан бўлган қизи, яъни ўгай қиз (Бунда эркак ўша аёлга уйлангач жинсий яқинлик қилмасдан ажрашган бўлса, ўша аёлнинг бошқа эрдан бўлган қизига уйланиши жоиз бўлади).

8. Ўз сулбидан (яъни пуштикамаридан) бўлган ўғлининг хотини, яъни келин (Ўғил хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

9. Отасининг хотини, яъни ўгай она (Ота хотини билан ажрашгандан кейин ҳам).

10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.

Эмикдош деб ҳисобланиш учун икки ярим ёшдан кичик бўлган гўдакнинг ўз онасидан бошқа онанинг сутини бир маротаба комил суратда ичиши тушунилади. Бундай бўлмаса, эмикдош ҳисобланмайди.

11. Бирор аёл билан зино қилган бўлса ёки унинг фаржининг ичига шаҳват ила қараган бўлса ёки эркак аёлни ёки аёл эркакни шаҳват ила ушлаган бўлса, эркак учун ўша аёлнинг онаси ва қизларига никоҳланиши ҳаром бўлади. Санаб ўтилган ҳолатлардаги аёл киши тўққиз ёшдан кичик бўлиб жуссаси катта бўлмаса, зино қилгандан бошқа ҳолатларда ўша аёлнинг онаси ва қизлари ҳаром бўлмайди.

Аёллар учун турмуш қуриши абадий ҳаром қилинган эркаклар юқоридаги санаб ўтилган эркак учун никоҳланиш абадий ҳаром бўлган аёлларга қиёс қилинади.

Эркак учун никоҳланиш вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар:

1. Токи хотини билан ажрашмагунча хотининг опаси ёки синглисига никоҳланиши ҳаром.

2. Токи хотини билан ажрашмагунча хотининг аммаси ёки холасига никоҳланиши ҳаром.

3. Токи ўз эридан ажраб иддаси ўтмагунча эри бор аёлга никоҳланиши ҳаром.

4. Ўзи уч талоқ қилган аёлни токи у бошқа эрга тегиб, сўнг ўша эрдан ажраб иддаси ўтмагунча унга қайта никоҳланиш ҳаром.

5. Ғайридин бўлган аёлга токи у муслима ёки китобия (Пайғамбаримиздан олдин келган Аллоҳнинг пайғамбарларидан бир пайғамбарнинг динида бўлган аёл. Масалан насрония ёки яҳудия) бўлмагунича никоҳланиш ҳаром. Исломда китобия бўлган аёлга никоҳланиш ҳалолдир. Аммо муслима аёллар китобий бўлган эркакларга турмушга чиқишлари мумкин эмас. Улар фақатгина мусулмон эркакларга турмушга чиқадилар.

Аёллар учун турмуш қуриши вақтинчалик ҳаром қилинган эркаклар, юқорида санаб ўтилган эркак учун никоҳланиш вақтинчалик ҳаром бўлган аёлларга қиёс қилинади.

 

Мутъа ва вақтинчалик никоҳ:

Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқалардан яна бири бу мутъа ва вақтинчалик никоҳ ақди боғлашдир. Араб тилидаги “мутъа” сўзини тилимизга ўгирганда “фойдаланиш”, “ҳузурланиш” маъноларида келиб чиқади.

“Мутъа” никоҳида эркак ва аёл бирор вақт мобайнида бирга яшаб ўзаро фойдаланиб, кейин ажрашиб кетишга ақдлашадилар.

Вақтинчалик никоҳнинг кўриниши ҳам шунга ўхшайди. Бунда эркак ва аёл муайян бир вақт эр-хотин бўлиб яшаш, сўнгра ажралиб кетиш учун никоҳдан ўтадилар.

Никоҳнинг ушбу икки кўриниши Исломда мутлақо жоиз эмас. Зеро, динимизда никоҳ муқаддас нарса бўлиб, унинг муддатини маълум вақт ёки ҳолатгача таъйин қилиш жоиз эмас.

Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рукн билан эшик орасида тик ҳолда туриб: “Эй одамлар! Мен сизларга аёлларнинг “мутъа”сига ижозат берган эдим. Энди эса Аллоҳ бу нарсани то қиёматгача ҳаром қилди. Кимнинг шу тарзда никоҳланган аёли бўлса, унга йўлини очиб қўйсин ва уларга берган нарсаларингизни қайтариб олманглардеганларини эшитдим” (Муслим ривояти).

 

Эр–хотин орасидаги ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари:

Қуйида биз эр–хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритамиз.

Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа:

Хотини ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: “У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт” ( Бақара сураси, 222‑оят).

Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар. Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар” (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.

Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.

Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам таъаллуқлидир.

Рўзада оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва ҳаж вақтида жинсий яқинлик қилиш:

Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.

Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.

Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!” (Бақара сураси, 197‑оят).

Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (7-ҚИСМ)

Исломда ҳаром қилинган жинсий яқинлик қилишнинг яна бир кўриниши бу орқага яқинлик қилишдир.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Сен:…Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт. Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер”. (Бақара сураси, 222, 223‑оятлар).

Ушбу оятлардаги “уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг жумласидан аёлларнинг фақат олд тарафига, яъни фаржига яқинлик қилиш ҳалол бўлиши ва уларнинг орқасига яқинлик қилиш ҳаром эканлиги маълум бўлади. Шунингдек “Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг” жумласидан аёлларнинг олдига, яъни фаржига яқинлик қилинганда олд тарафдан ҳам, орқа тарафдан ҳам келиш жоизлиги билинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хотинининг орқасига яқинлик қилган одам лаънатлангандир” деб айтганлар (Абу Довуд ривояти).

Ўз орқасига яқинлик қилинишига йўл қўйиб берган аёллар ҳам ушбу лаънат остига кирадилар.

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар:

Ислом шахс ва жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида энг тўғри кўрсатмаларни бергани каби эр‑хотин орасидаги жинсий яқинликка оид кўрсатмаларни ҳам берган. Ушбу кўрсатмаларни уламоларимиз Қуръон ва Суннатдан олиб биз умматларга баён қилиб берганлар.

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар қуйидагилардан иборат:

– Аввало инсон ҳожати бўлмаса яланғоч ҳолатда бўлмаслиги керак. Олдида ҳеч ким бўлмаган тақдирда ҳам у Аллоҳдан ҳаё қилиши лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдида ҳеч ким бўлмаганда яланғоч бўлиш ҳақида сўралганда: “Аллоҳ ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳаё қилинишга лойиқроқ Зотдир” деганлар. (Термизий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Зеро қазои‑ҳожат ва эр ўз аёлига қўшиладиган вақтдан бошқа вақтларда сизлардан ажралмайдиганлар бор. Улардан ҳаё қилинглар ва икром этинглар” деганлар (Термизий ривояти).

– Жинсий яқинлик олдидан эр‑хотин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқишлари мустаҳабдир: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилишни ирода қилганда: “Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона, ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа” деса, ўша қўшилишдан Аллоҳ уларга фарзанд насиб қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди” (Бухорий ривояти).

(Дуонинг маъноси: “Аллоҳнинг номи ила. Аллоҳим биздан ва бизга ато этадиган фарзанддан шайтонни четта қилгин).

– Жинсий яқинлик вақтида эр‑хотин ўзлари холи қолишлари, олдиларида ҳеч ким бўлмаслиги шарт. Уларнинг олдиларида фарзандлари ҳам бўлмаслиги ва овозлари эшитилмайдиган бўлиши зарур.

– Бирдан жинсий яқинликка ўтмасдан ўзаро эркалатиш ила даражама‑даража киришиб бориш керак.

– Исломда зўрлаш мумкин эмас. Жинсий алоқа вақтида ҳам қўполлик қилиш, тан жароҳати етказиш каби ишлар жоиз эмас.

– Аёл кишини эри тўшакка чақирганда ҳар қандай ҳолатда бўлмасин ижобат этиши лозим. (Рўзадор бўлган ҳолати бўндан мустасно, бунда рўзадор эканлигини эслатиб узр сўраб қўяди).

– Аёл ҳам, эр ҳам бир‑бирлари учун зийнатланишлари, хушбўйлик ишлатишлари Исломда гўзал саналган амаллардандир.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг жинсий аъзоларига иложи борича қарамасликлари зарур.

– Қайта жинсий алоқага киришишдан олдин таҳорат олиш мақталган ишлардандир.

– Уламолар Исломда “азл” қилиш маълум ҳолатларда жоизлигини айтганлар. “Азл” – эркак ўз уруғлигини аёлининг бачадонидан бошқа ерга тўкишидир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида “азл” қилар эдик. Буни у кишига етказилганда бизни бу ишдан қайтармаганлар” (Имом Бухорий ривояти).

– Уламолар: “Аёл ҳомиладор бўлган ҳолатида унга жинсий яқинлик қилиш жоиз”, деганлар.

– Жинсий алоқадан кейин эр ҳам, аёл ҳам албатта ғусл қилишлари фарздир. Зеро жунуб (жинсий яқинликдан кейин ғусл қилмаган) одамга ғусл қилмагунча намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни амалга ошириш мумкин бўлмайди.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг жинсий аъзоларига оғизлари билан тегишлари, ўпишлари жоиз эмас. Бундан бошқа тана қисмларини ўпишнинг ҳечқиси йўқ.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг тўшакдаги сирларини бошқаларга айтмасликлари, бир‑бирларининг тана тузилишларини бошқаларга васфламасликлари шартдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мартаба жиҳатидан одамларнинг энг ёмони аёли билан, аёли у билан яқинлик қилгандан кейин аёлининг сирини ошкора қилиб юрадиган одамдир” (Имом Муслим ривояти).

– Исломда ҳаром қилинган ҳайз ва нифос вақтида яқинлик қилиш, орқага яқинлик қилиш, истимно каби ишларни қилиш жоиз эмас. Булар ҳақида юқорида гапирилди.

 

Жинсий йўл ила юқувчи касалликлар:

Охирги вақтларда жинсий йўл ила юқувчи касалликлар дунё бўйича бошқа касалликлар қатори инсониятни хавфга солиб келаётган муаммолардан бирига айланди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра ҳар йили 250 миллиондан ортиқроқ киши “гонорея” касаллигига ва 50 миллиондан ортиқ киши “сифилис” касаллигига чалинади. Тадқиқотлар бўйича охирги 35 йил ичида тиббиётга маълум бўлмаган кўплаб жинсий йўл ила юқувчи касалликлар пайдо бўлган.

Ислом олимлари эса бу муаммоларнинг ечими динимизда мукаммал тарзда баён қилиб берганини таъкидлайдилар. Динимизда ҳам моддий, ҳам маънавий поклик иймоннинг бир қисми даражасида эътибор қилинган. Қуръон оятлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мусулмонларни шахсий покликка буюрилган ва турли хил инсон табиатига зид бўлган амаллардан қайтарилган. Мусулмонлар ўз вақтида бунга амал қилганлар ва дунёни тебратганлар. Бунга тарих гувоҳдир! Ҳозир ҳам ўз динининг кўрсатмаларига амал қилаётган мўминлар икки дунё бахтига эриштирувчи йўлдадирлар.

Фаҳшга берилган, ўз шаҳватларини тўғри бошқара олмаган, оила муқаддаслиги ва насл‑насаб поклигини фаҳмламайдиган инсонлар яшайдиган жамиятда бундай касалликлар албатта илдиз отади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, ҳатто уни очиқча қилсалар, уларда ота‑боболарида бўлмаган ўлат (инфекцион) ва юқумли касалликлар тарқалади” (Ибн Можжа ва Ҳоким ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина ҳадис билан бутун дунёни ташвишга солиб турган касалликларнинг келиб чиқиш сабабини ва унинг ечимини айтиб бермоқдалар. Ушбу касалликларнинг сабаби: жамиятда фаҳш тарқалиши ва очиқ бўлишидир. Унинг ечими: жамиятда фаҳш тарқалишини, очиқча бўлишини олдини олиш.

Қисқача қилиб айтсак, ўз жинсий ҳаётини Аллоҳ кўрсатмаларига асосан ташкиллаштириш.

Маълумки Исломда бировга зарар келтириш ҳаром. Шунингдек, билиб туриб ўзига зарар келтириш ҳам ҳаром ишдир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари далолат қилади: “Исломда зарар бериш ва зарарланиш йўқдир” (Имом Молик ривояти).

Демак юқумли жинсий касаллиги бор инсон ўз никоҳидаги жуфтига токи касалидан тўлиқ тузалиб олмагунча жинсий яқинлик қилмаслиги шарт. Шунингдек ўзининг никоҳидаги жуфтида юқумли жинсий касаллик борлигини билган инсон учун у билан жинсий муносабатга киришиши мумкин эмас.

Биз қуйида бир қанча жинсий йўл ила юқувчи касалликларнинг энг тарқалганларини санаб ўтамиз. Буни санаб ўтишимиздан мақсад - жинсий йўл ила юқувчи касаллик ила касалланиш баъзи одамлар ўйлаганидек узоқ нарса эмаслиги ва жинсий касаллик нафақат ўзининг эгасига балки унинг турмуш ўртоғи ва бўлажак фарзандларига ҳам зарар келтиришини ҳар бир мусулмон билишидир:

1. Гонорея.

2. Носпецефик бўлган олат инфекциялари.

3. Сифилис (орттирилган сифилис), (туғма сифилис).

4. Трихомониаз

5. Олат кандидози.

6. Баланопостит; баланит.

7. Проктит.

8. Юмшоқ шанкр (Мягкий шанкр).

9. Венерик лимфогранулема.

10. Чотораси гранулемаси (Паховая гранулема).

11. Олат лишайи (Генитальный лишай).

12. Олат ўсимталари (Генитальные наросты).

13. ОИТС (СПИД).

Ушбу касалликларга жинсий ҳаётини бетартиб олиб борадиган, Аллоҳдан қўрқмайдиган, оила муқаддаслигини билмайдиган, аёл ва эркак зотини ҳайвон даражасида кўрадиган, нафсини қондиришдан бошқа мақсади бўлмаган одамлар чалинадилар.

Ислом – тўлиқ ва барча нарсаларни ўзига қамраб олган ҳаёт йўлидир. Исломда ҳаётнинг ҳар бир соҳасида тўғриликда тенги йўқ кўрсатмалари бор. Ислом дини – инсон ҳаётининг бир қисми эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир қисмидир.

Шу жиҳатдан соғлиқни сақлаш, касалликларга қарши курашиш, шахсий гигиена ва тиббиётнинг бошқа жабҳаларида Исломнинг ўз кўрсатмалари бор. Исломнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилган ҳар бир эркак ва аёлнинг жинсий ҳаёти тўлақонли бўлади.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (8-ҚИСМ)

Ҳомиладор бўлишликни назорат қилиш, сунъий урчитиш ва бола асраб олиш ҳақида:

Шахс ва жамият ҳаётини тартибга солиш, инсониятни икки дунёда бахту саодатга эриштиришга кифоя қилувчи кўрсатма ва меъёрларнинг энг тўғриси Исломдадир. Оилага тааллуқли ҳукмларда ҳам динимиз кўрсатмалари ҳақ эканлигини воқеълик исботлагандир. Энди ҳомиладор бўлишликни назорат қилиш, суний урчитиш ва бола асраб олиш ҳақида Ислом кўрсатмалари билан танишиб чиқсак.

Исломда ҳомиладор бўлишликни назорат қилиш ва ҳомиладорликни чеклаш шаръий узрсиз бўлганда жоиз эмас. Ислом мусулмонларни наслни кўпайтириш ва уларни тўғри тарбиялашга чақиради. Фарзандлар Аллоҳнинг улуғ неъматлари бўлиб, уларнинг сонини чеклаш, мусулмонларнинг сонини чеклашдек бўлиб қолади. Кўпгина Ислом душманларининг ҳам айни истаклари мусулмонларнинг сонини камайтириш ва уларнинг инсоний сифатларини пасайтиришдир.

Исломда иқтисодий тарафларини ўйлаб, таъминлашдан қочиб фарзанд кўрмай юриш, ҳомила бўлиб қолса уни олдириш каби ишлар ҳам мумкин эмас.

Буюк Аллоҳ айтади: “Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир” (Исро сураси, 31‑оят).

Ҳар бир жонга ризқ бериш Аллоҳнинг қўлидаги ишдир. Ҳеч ким ҳеч кимнинг ризқини кўпайтира олмайди ҳам, камайтира олмайди ҳам.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини никоҳланишга, зурриётларни кўпайтиришга ундаган ҳолда бундай марҳамат қилганлар: “Уйланинглар, албатта мен сизларнинг кўплигингиз ила умматларга фахрланаман ва насороларнинг роҳиблари каби бўлманглар” (Байҳақий ривояти).

Ҳар бир мусулмон оила қуриши, ўзидан кўпайиши Исломда мақталган ва улуғ савоблар ваъда қилинган ишдир. Насороларда, роҳиблар оила қуриши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини бундай нарсадан қайтармоқдалар. Насороларнинг кўпгина роҳиблари нималар қилиб юргани ҳақида дунё ҳамжамияти воқиф бўлиб турибди.

Аммо наслни чеклашдан қайтариқ шаръий узрлар бўлганда ўз кучини йўқотади ва ҳомиладорликни чеклаш жоиз бўлади. Исломда ҳомиладор бўлишликни олдини олишга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилган:

– Онага туғиш вақтида зарар етиши мумкин бўлса.

– Ҳомилага туғилиш вақтида зарар етиши мумкин бўлса.

– Она яқинда фарзанд кўрган бўлиб, ўзига бутунлай келиб олмагунча.

– Агар онаси ҳомиладор бўлиб қолса, яқинда туғилган чақалоққа қийин бўлиб қолиши ва эмишдан чиқиб кетиши мумкин бўлса.

Санаб ўтилган бандларни ишончли ва тажрибали тиббиёт ҳодимлари айтиб тасдиқласалар. Бу масалаларда фақатгина уларнинг гапи қабул қилинади.

Ушбу ҳолатларда ҳомиладор бўлишликни манъ қилувчи турли замонавий воситаларни қўллаш жоиз бўлади.

Ислом дини тараққиёт динидир. Инсониятнинг одимлашига энг катта ҳисса қўшганларнинг кўпгинаси ҳам мусулмонлар бўлганлар. Ислом маълум вақт тушкунликка тушгани сабабли охирги асрларда ўша мусулмонларнинг қолдирган илмий меросларидан фойдаланган ҳолда ғарб вакиллари олдимлаб кетдилар. Сўзларимизнинг исботи сифатида бутун инсоният тарафидан “тиббиётнинг отаси” деб тан олинган Ибн Синони эслаб ўтишимиз кифоя.

Инсоният тараққиёти туфайли тиббиёт ҳам сўнгги йилларда кескин ривож топди. Ҳозирги кунда табиий йўл ила фарзанд кўра олмайдиган оилаларни сунъий урчитиш ила фарзанд кўришларини таъминлашга ҳаракатлар қилинмоқда. Бу ўринда “Исломда ушбу масала қандай кўрилган?” деган савол туғилади. Келинг ушбу мавзуга боғлиқ Ислом кўрсатмалари билан танишиб чиқсак:

– Ораларида тўлақонли Исломий никоҳ бўлган ҳолда табиий йўл ила фарзанд кўра олмаётган эр-хотин ўзларини даволатишлари шартдир.

– Эрнинг уруғлигини олиб, унинг хотинининг бачадонига солиб қўйиш йўли ила ҳомила орттириш жоиздир. Бунда эр-хотин ораларида тўлақонли Исломий никоҳ бўлиши шарт.

– Ораларида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл орасида бундай амалиётни бажариш мутлақо ҳаром бўлиб зинога тенглаштирилгандир.

– Сунъий урчитишнинг ҳаром бўлган кўринишларидан яна бири эр-хотиннинг уруғликларини олиб бошқа аёлнинг бачадонига солиб фарзанд кўришдир.

Кўпчиликда савол туғдирадиган масалалардан яна бири “Ислом фарзанд асраб олишга қандай қарайди?” деган саволдир.

Баъзи оилалар бефарзандлик сабабидан фарзанд асраб оладилар. Баъзилари эса фарзандлари бўлса ҳам фарзанд асраб оладилар. Исломда Аллоҳ розилиги учун фаразнд асраб олиш мақталган ва савобли ишлардандир. Аммо асраб олинган болани “менинг пуштимдан бўлган фарзандим” дейиш, у болага ўзининг номини бериш жоиз эмас. Мисол учун асраб олинган болани асраб олган отага нисбат бериб “фалончи ўғли” дейиш мумкин эмас. Зеро Исломда инсониятнинг насл-насабини сақлашга буюрилиб, унинг аралашиб кетиши, эътиборсиз қолдирилишидан қайтарилган.

Шунингдек асраб олинган фарзандга уни асраб олган ота-она Исломий тарбия беришлари, гўзал суратда парваришлашлари лозимдир.

Асраб олинган фарзанд ўғил бўладими, қиз бўладими уни асраб олган ота-онанинг қариндошларига шаръий ҳукмлар жиҳатидан бегона каби бўлади. Маслан асраб олган отанинг синглиси унга номаҳрам бўлади. Аслида эса амма маҳрам ҳисобланади. Асраб олинган фарзанд уни асраб олган ота-онанинг қариндошларига маҳрам бўлиши учун уни асраб олаётган она эмизиши, онанинг эмизиш имконияти бўлмаса бирор бошқа маҳрам эмизиши керак бўлади. Шунда асраб олинган фарзанд эмишлик орқали маҳрам бўлади.

Фарзанд асраб олишни ният қилган оилалар динимизнинг ушбу кўрсатмаларини билиб олгач режаларини амалга оширишлари мақсадга мувофиқдир.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (9-ҚИСМ)

Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллар:

Ҳаром қилинган ишлардан сақланиш ҳар бир мусулмоннинг Аллоҳ олдидаги бурчидир. Хусусан фаҳш ишлардан четланиш ҳам банда учун фарз амаллардан ҳисобланади.

(1) Шундай ишлардан бири ва аввалгиси Аллоҳга сидқидилдан тавба қилишдир.

Тавбанинг луғавий маъноси “қайтиш”дир. Уламолар: “тавба - қилган гуноҳига надомат қилиш, ундан тўхташ ва уни қайтиб қилмасликка азму–қарор қилишдир” деганлар. Ҳар қандай гуноҳдан тавба қилиш мусулмон банда учун фарздир. Зеро кечиримли зот бўлган Аллоҳ Ўз бандаларини тавбага буюрган: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31‑оят).

Ислом олимлари тавбанинг тўрт шарти бор экалигини айтганлар:

1. Ўша заҳоти гуноҳни тарк этиш.

2. Гуноҳ қилиб қўйгани сабабидан надомат қилиш.

3. Гуноҳга ҳеч қачон қайтмасликка қаттиқ, жазм ила азму‑қарор қилиш.

4. Агар гуноҳи бировнинг ҳаққига тааллуқли бўлса, ўша одамга унинг ҳаққини адо қилиш ва ундан розилик олиш.

Тавбанинг энг катта шарти эса у холис Аллоҳ учун бўлишидир.

Фаҳш ишга қўл урган банда билсинки, у Улуғ Аллоҳга осийлик қилди. Энди унга бу ишдан дарҳол тўхташ ва тавба қилиш фарз бўлади. Шунингдек у билсинки, унинг Роббиси бўлган Аллоҳ унинг тавбасидан хурсанд бўлади ва тавбасини қабул қилиб, уни кечиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг қанчалар кечирувчи зот эканлигини қуйидаги ҳадислари орқали баён қилиб берганлар: “Аллоҳ банданинг тавбасини жон талвасасига тушгунга қадар қабул қилади” (Бухорий ривояти).

Демак Аллоҳга тавба қилиш ҳеч қачон кеч эмас экан. Демак банда тавбасида сидқидил бўлса, тавбанинг барча шартларини ўзида мужассам этса, у келажакка яхши умидлар ила қарай олар экан.

Руҳий тарбия устозлари “тавба қилиш қийин иш эмас, лекин холис, сидқидилдан тавба қилиш Аллоҳ осон қилмаса қийин ишдир” дейдилар. Шу боисдан ҳам Аллоҳ мўминларни “холис тавба” қилишга чақирган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса” (Таҳрим сураси, 8‑оят).

(2) Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири - Аллоҳдан фаҳшга тушишдан паноҳ беришини ёлвориб сўрашдир.

Аллоҳ айтади: “Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, деди” (Ғофир сураси, 60‑оят).

Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо ва ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила Унинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қила оладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.

Аллоҳ ўз Пайғамбарига хитоб қилиб қуйидагича марҳамат қилган: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси, 186‑оят).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди”, дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат қилинади. “Дуо қилдим, қабул бўлмади”, демасин”, деганлар.

Банда фаҳшдан узоқда бўлиши учун Аллоҳдан бу нарсани сўрамасдан туриб муроди ҳосил бўлмайди. Ҳар қандай яхши ишга муваффақ бўлиш ва ҳар қандай ёмон ишдан четда бўлиш фақатгина Аллоҳнинг тавфиқи ва У зотнинг қўллаши билан бўлади.

(3) Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири - ўз динини тартибли равишда ўрганишдир.

Исломни тартибли равишда, атрофлича ўрганишни йўлга қўйган инсон буюк насибага, яъни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган нарсаларига эришади. Бу нарсанинг ўрнини ҳеч қандай бойлик, ҳеч қандай обрў ва ҳеч қандай мансаб боса олмайди.

Диний илм катта неъмат эканлигини Аллоҳ қуйидаги оятда баён қилган: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир” (Фотир сураси, 28‑оят).

Аллоҳдан қўрқиш илмсиз кишидан, динини билмаган кишидан содир бўлмайди. Аллоҳни таниган, ўз дини асосларини мустаҳкам билиб эътиқоди тўғри бўлган бандагина қўрқади. Бундай банда фаҳшга ва унга олиб борувчи йўллардан буткул четда бўлади. Агар фаҳш иш содир қилиб қўйса, дарҳол холис тавба қилиб, Аллоҳга ёлвориб дуо қилади ва ўша гуноҳга қайтиб қўл урмайди. Фаҳш ишлар ва гуноҳлардан четда бўлишда иродасини мустаҳкам қилади ва доимо Роббисини ёдида тутади.

Аллоҳни таниш, пайғамбарни таниш, Ислом эътиқодини билиш, ҳалол ва ҳаромни, фарз нима, вожиб нима билиш ҳар бир ўзини мусулмонман деган инсон учун мажбурий ишдир. Ушбу санаб ўтилган нарсаларни билмаслик, уларни ўрганмаслик ёки уларни ўрганишни ортга суриб юриш бандани кофирликка етакловчи нарсадир ва мутлақо ҲАРОМдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деганлар (Байҳақий ривояти).

Яъни зарурий диний илмни ўрганиш ҳар бир эркак ва аёл мусулмонга мажбурий бўлиб, уларни бундан бошқа иложлари йўқдир.

(4) Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири – намозни тўла‑тўкис адо қилишдир.

Намоз ўқиш кунига беш вақтда фарз қилинган бўлиб, у Ислом динининг асосларидандир. Намозсиз Ислом худди асосий устунларидан бир устуни йиқилган бинога ўхшайди. Бундай бинонинг эса қулаши аниқдир. Демак намозсиз банданинг дини ҳам қулаши аниқдир.

Аллоҳ айтади: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103‑оят).

Дўзах аҳллари жаҳаннамга тушишларининг асосий сабабларидан бири ҳам намоз ўқимаганликларидир. Бу ҳақда Аллоҳнинг Китобида қуйидаги оятлар бор: “Сизларни дўзахга нима киритди? Улар: “Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик. Ва мискинларга таом бермаган эдик. Ва ботилга шунғувчилар билан бирга шўнғир эдик. Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарган эдик. Токи бизга ўлим келгунича”, дерлар” (Муддассир сураси, 42‑47‑оятлар).

Ушбу оятда дўзах эгалари азобланишларининг сабабларини санаб туриб намоз ўқимаганликларини биринчи ўринда айтганлар.

Буюк Аллоҳ, тилларида иймон келтириб, қалбларида иймон келтирмаган мунофиқлар ҳам ҳатто намоз ўқишларини айтган: “Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни “алдовчи”дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қиларлар” (Нисо сураси, 142‑оят).

Мунофиқлар албатта дўзах эгаларидир. Лекин улар “намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар”. Улар, яъни мунофиқлар жаҳаннам аҳлидан бўлсалар унда намозга умуман турмайдиган кишининг Аллоҳ ҳузуридаги ҳоли қандай бўлади тасаввур қилиш қийин!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг тутган ўрни ҳақида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Қиёмат кунида банда биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган нарса – намоздир. Агар намози яхши бўлса, қолган амаллари ҳам яхши бўлиб кетади. Агар намози ёмон бўлса, қолган амаллари ҳам ёмон бўлиб кетади” (Табароний ривояти).

Ҳадисдан маълумки, банданинг бахту‑саодати ҳам, бадбахтлиги ҳам намозга боғлиқ экан. Банданинг намози бошқа амалларига ҳам таъсир ўтказар экан.

Намознинг фаҳшдан ва бошқа гуноҳлардан бандани сақлаши ҳақида Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган: “Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур” (Анкабут сураси, 45‑оят).

Намозни тўкис адо эт” деб таржима қилинган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ўгирилса, “намозни тик турғиз” бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга “намоз ўқи” деб эмас, “намозни тўкис адо эт”, деб хитоб қилмоқда.

Мана шу нуқтаи назардан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқиши мумкин, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан албатта қайтади.

Шу боисдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг намози уни фаҳш ишлар ва мункардан қайтармас экан, у намози ила Аллоҳдан фақатгина узоқлашиб боради” деганлар (Тобароний ривояти).

Хулоса шуки, фаҳшдан қутилиш учун албатта намоз ўқиш керак. Ўқиб ҳам ўз вақтида тўла‑тўкис адо қилиш керак.

(5) Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири – ёмонликка буюрувчи нафсга қарши уруш очишдир.

Инсон, фариштадан нафси борлиги ила фарқланади, ҳайвондан эса ақли борлиги ила фарқланади. Ҳайвон ўз нафсини жиловлай олмайди инсон эса ўз ақли ила ўз нафсини жиловлаши ва Аллоҳ кўрсатмаларига асосан нафсини қондириши керак. Нафсни қондиришда ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Лекин ўша нафсни Аллоҳ қайтарган нарсалар ила қондириш катта ёмонликлар сабабчисидир. Нафс табиатан ўз эгасини уни қондиришга ундайди. Нафс ҳалол ва ҳаромни фарқига бормайди. У қонса бўлди, бошқаси билан иши йўқ. Мўмин банда эса ўз нафсини фақатгина Ислом чегараларида турган ҳолда қондиради.

Буюк Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган: “Ва нафс билан ва унинг бекаму-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлади” (Шамс сураси, 7‑10‑оятлар).

У Зот яна: “Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” деб марҳамат қилган (Назиат сураси, 40, 41‑оятлар).

Нафснинг ёмонликка буюришига кўпгина бандалар алданиб қоладилар. Нафсининг ёмонликка буюришига қарши туриш учун аввало Аллоҳнинг ёрдами ва раҳмати кейин кучли ирода керак бўлади.

Юсуф алайҳиссаломни ўзи билан зино қилишга ундаган, кейин тавба қилган аёлнинг қуйидаги сўзлари Қуръонда келган: ”У: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир”, деди..” (Юсуф сураси, 53‑оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини нафсни тергашга, уни тарбиялашга ва ёмонликлардан поклашга доимо ундаб келганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида қуйидагича марҳамат қилганлар: “Зийрак ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейингини кўзлаб амал қилган инсондир. Ожиз нафсини ўз ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсаларни орзу қилган инсондир” ( Термизий ривояти).

Нафс фаҳшга буюрганда, шаҳватлар қўзғалганда Аллоҳ учун ўзини тийиш катта қаҳрамонлик ҳамда Аллоҳ ҳузурида улуғ мақомга эришиш эканлиги ушбу ҳадисда баён қилинган: “Аллоҳ етти тоифани Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда (қиёмат кунида) Ўз сояси остига олади: одил имом; Аллоҳ ибодатида ўсган йигит; Қалби масжидларга боғланиб қолган киши; Аллоҳ йўлида ўзаро муҳаббатлашган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Аллоҳ йўлида тарқаладилар; Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига ундаганда “мен Аллоҳдан қўрқаман” деб бош тортган киши; Садақа қилганда садақасини ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган даражада беркитган киши” (Бухорий ривояти).

Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига чорлаганда “мен Аллоҳдан қўрқаман” деб бош тортиш ўз-ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Бунинг учун аввало Аллоҳни таниш, динини билиш, ўз нафсини Роббига бўйсунтирган бўлиш керак. Бу масалада бизга Юсуф алайҳиссаломнинг ҳаётларида бўлиб ўтган воқеа катта ибрат бўлади. Аллоҳ айтади: “У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган Роббим-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди.

 Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздан” (Юсуф сураси, 23, 24‑оятлар).

Эшиклар беркитилган, ҳеч ким кира олмайди. Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига чорлаб турибди. Юсуф алайҳиссалом эса Аллоҳ учун бош тортмоқдалар. Аёл у кишига интилди. Пайғамбар эса шунда ҳам фаҳшдан четда бўлмоқдалар.

Кўпинча эркаклар аёлларга тегажонлик қиладилар. Шундай ҳолатда ўз иффатини сақлаб Аллоҳдан қўрққан аёл шубҳасизки Юсуф алайҳиссаломнинг қаҳрамонликларини амалда бажарган ва Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда (қиёмат кунида) Ўз сояси остига оладиган бандалардан бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳватларга қарши курашиш кераклигининг сабабларидан бирини баён қилиб қуйидагича марҳамат қилганлар: “Дўзах шаҳватлар билан ўралгандир. Жаннат нафсга ёқимсиз нарсалар ила ўралгандир” (Бухорий ривояти).

Шаҳватларга эргашиш, уларга қарши турмаслик дўзахга олинган чиптадир. Нафсга ёқмаса ҳам унинг ёмонликларига қарши курашиш, фарз ва вожибларга оғишмай амал қилиш жаннатга олинган чиптадир.

Нафсга қарши шунчаки ҳаракат қилиш камлик қилади. Унга қарши тўхтовсиз курашиш, жанг қилиш керак бўлади. Мана шундагина унга бутунлай бўлмаса ҳам, қанчадир миқдорда эга чиқиш мумкин бўлади.

Аллоҳдан ҳар биримизга нафснинг ёмонликларига қарши курашишда қўллашини сўраймиз.


ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ (10-ҚИСМ)

Зино ва фаҳшга йўлиққанларнинг сўзлари ва уларга жавоблар:

Зино ва фаҳш масаласини баҳс қилиш чоғимизда бу мавзуга доир Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ва олимларимизнинг айтганларини келтириш билан бирга зино ва фаҳшга йўлиққан, ушбу жирканч йўлга кириб чиққан ёки киргач чиқа олмаётган инсонларнинг ҳаётларини, афсусларини ва юракдан чиққан сўзларини ҳам келтиришни мақсад қилган эдик.

Маълумки бу кўчага қадам қўйганлар кўп, аммо уларни топиб суҳбатлашиш, ичларидаги гапларни билиш ва қалбларига бирданига кириб бориш мушкул иш. Шу сабабли бундай инсонлар билан касб тақозоси ила таниш бўлиши мумкин бўлган, Аллоҳни таниган бир дўстимизга мурожаат қилдик. Дўстимиз – унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – мақсадимизни дарров англади ва ўзининг Исломдан ҳам, замонавий илмлардан ҳам хабари бор гинеколог таниши бор эканлигини, у инсон бу мавзудан кўп хабари бор эканлигини, ҳатто шахсий тадқиқот ҳам ўтказиб кўрганлигини бизга билдирди.

Биз дўстимиз билан у кишининг олдиларига бордик ва кўп фойдали маълумотлар олдик. У киши тиббиёт ходими бўлганликлари учун бу йўлга кирганлар билан кўп суҳбатда бўлиб, уларнинг ёмон оқибатларга йўлиққанларини ҳаётий мисоллар ила сўзлаб бердилар.

Қуйида биз шу кишидан ва бошқа кишилардан эшитган маълумотларимиз ва ўқиган китобларимиз асосида зино ва фаҳш йўлига кирганларнинг қалбларидан чиққан сўларидан саралаб олинганларини ва уларнинг ҳолатига тушганларга Ислом тарафидан берилган жавобларни келтирамиз.

Зинокор эркак: “Ёшим 31да, 2та болам бор. Уйланганимдан кейин ҳаётим ўзгарди. Аёлим билан яхши чиқишар эдик. Аммо орадан бир неча йил ўтгач аёлимдан жинсий томондан қониқишим бўлмай қолди. Авваллари эътибор бермаган фаҳш нарсаларга эътиборли бўлиб қолдим. Бир марта бир ўртоғимнинг компьютерида фаҳш суратга олинган видеони кўриб фаҳшга талпинишим қаттиқ ортди. Ҳозир ўша кунга, ўша видеога ва ўша “ўртоғим”га лаънат айтишга ҳам тайёрман. Кейинроқ улфатлар даврасида ўтирганимда улардан бири “аёллар”га боришини айтди. Шунда: “мени ҳам олиб бор”, дея олмай гапни айлантирдим. У эса “хоҳласанг сени ҳам олиб бораман” деди ва эртасига телефон қилиб, чақириб, мени у ерга олиб борди. Шундай қилиб зино кўчасига кирдим. Мен зинонинг ёмон ишлигини билар эдим, аммо бундан ортиқча ҳеч нарса билмас эдим. Ҳозир эса зинонинг ҳаром эканлиги, охиратда унинг жазоси қаттиқ бўлишини биламан. Лекин…! Зинодан бир неча марта қайтишга жазм қилдим. Афсуски бир қанча вақт ўтгач нафсим қўймай яна шу ишга қўл уриб қўймоқдаман. Бир тарафда аёлим, фарзандларим ва ота-онам олдида ичим эзилади.

Жавоб: Аввало сиз фаҳш ва зинонинг ва уларга олиб борувчи йўлларнинг мутлақо ҳаром эканлигини билмагансиз. Билмаганингиз эса сизнинг айбингиздир. Билганингизда балки ўртоғингизнинг компьютерида фаҳш бор видеони ҳам кўрмаган бўлар эдингиз. Сўзларингиздан ўша видео сизга катта таъсир қилганга ўхшайди. Шунингдек сиз фаҳш ишларни қилиб юрадиган, ўша ишларни гапириб юрадиган пасткаш одамлар билан улфат тутингансиз. Бундай одамлар билан улфат тутиниш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаган.

Сиз аёлингиздан қониқиш ҳосил қилмай қўйганингизда буни унинг ўзига айтишингиз, икковингиз ўзаро маслаҳатлашишингиз лозим эди. Ахир сизлар эр-хотинсизлар. Жинсий ҳаётингизни қайта кўриб чиқишингиз ва жинсий маданиятингизни оширишингиз зарур эди.

Энди ундай улфатлардан ажралиб чиқинг ва жинсий маданиятингизни ўзингиз ҳам, аёлингиз ҳам оширинглар.

Асосийси, Аллоҳга тавба қилинг ва нафсингизга қарши курашинг ва ўта иродали бўлинг. Нафсингизга қарши қаттиқ курашмаганингиз учун сиз зинога қайта-қайта қўл ураяпсиз. Ушбу кураш давомида тинмасдан Аллоҳдан нафсингизга қарши сабот сўранг.

Зинокор аёл: Мен у билан ижтимоий тармоқларда танишган эдим. Узоқ вақт ёзишиб юрдик. Аввалида дўстлик бўлиб бошланган нарса асталик билан бошқача тус ола бошлади. Бунинг сабаби кўчада уч ёки тўрт марта кўришганимиз деб ўйлайман. Бир куни ишдан қайтаётганимда у телефон қилиб уйида сув қувири ёрилгани ва ҳамма ер сув бўлиб кетганини айтди. Сўнгра уйига яқинроқда бўлсам кириб кўмаклашиб юборишимни илтимос қилди. Уйига бордим. Уйида бир ўзи эди. Сув қувири ёрилган бўлса ҳам сув унчалик тарқалмаган эди. Хуллас у менга тега бошлади мен ҳам ўзимни тўхтата олмадим…

Жавоб: Унинг уйига бораётганингизда ҳаёлингиз қаерда эди!? Ижтимоий тармоқлар орқали шаръий зарурат бўлмаса номаҳрамлар билан суҳбатлашиш ҳаром эканлигини билмасмидингиз? Ўзаро номаҳрам эркак ва аёл холи қолиши ҳаром эканлигини билмасмидингиз?

Сиз ҳозироқ ўша пасткаш эркак билан алоқангизни узишингиз, унинг қўнғироқларига жавоб бермаслигингиз шарт. Аллоҳга холис тавба қилинг ва нафақат фаҳшнинг ўзидан балки унга олиб борувчи йўллардан ҳам узоқда бўлинг.

Зинога қўл урган талаба: Ўқишга чет давлатга кетдим. У ерда ўқишим, ҳаётим бир маромда борар эди. Ўқишдагилар билан ҳам яхши чиқишар эдим. Ҳатто гуруҳимдаги бир қиз билан гаплашганимда у менга бефарқ эмаслигини сезар эдим. Аммо уйланмаганлигим мени тинч қўймас эди.

Бир куни ўша қиз гуруҳдагиларнинг барчасини ўзининг туғилган кунига таклиф қилди. Бордик, ўтирдик, суҳбатлашдик. Озгина спиртли ичимлик ҳам ичдик. Унинг ота-онаси уйда эди, лекин улар уй катта бўлгани учун ҳовлининг бурчагида жойлашган хонада эдилар. Спиртли ичимликданми ёки бошқа нарсаданми озгина ошқозоним безовта қилди. Мен ҳаммомга кирдим ва бироз вақт ўтгач ўзимга қараб энди чиқаётганимда ўша қиз кириб қолди. У ҳаммомни эшигини қуфлаб туриб “сенга айтадиган гапим бор” деди ва яқин туриб кўзларимга қаради. Мен ҳиссиётларга берилдим, у ҳам. Биз ҳеч нарса бўлмагандай ҳаммомдан чиқдик, аммо зино қилиб бўлган эдик.

Жавоб: Сизнинг зинога қўл уришингиз сабаблари: чет давлатга уйланмай кетганингиз, номаҳрам қиз билан шаръий заруратсиз гаплашиб юрганингиз, спиртли ичимлик ичганингиз ва номаҳрам билан холи қолганингиздир. Ушбу сабабларга бошқа қўл урмаслик йўлида матонатли бўлинг. Кўп зинога қўл урганларнинг нозик жойи динни пухта билмасликларидир. Холис тавба қилиб ўз динингиз Исломни яхши билишга, билганингизга амал қилишга бор вужудингиз ила ҳаракат қилинг ва албатта уйланинг. Уйланган билан уйланмаганнинг фарқи бор.

Зинога қўл урган мактаб ўқувчиси: Ота-онам Исломий инсонлар. Мени ҳам шундай тарбия қилишга ҳаракат қилганлар.

Синфимда бир йигит билан севишиб юрар эдим. Лекин бу ишга жиддий қарамасдим, шунчаки бир ўйиндек туюларди менга.

Бир кун ўша бола менга онаси касал эканлигини ва уйда унга бироз қарашиб юборишимни илтмос қилди. Уйда касал онаси борлиги мени унинг уйига киришим учун туртки бўлди. Уйда эса ҳеч ким йўқ экан. Мен қандай қилиб зино қилиб қўйганимни билмайман, ёшлик қилдим. Бир қанча муддат ўтгач эса ҳомиладор эканлигимни билдим. Яхши оиланинг қизи ҳомиладор бўлиб қолиши улкан бадбахтлик экан…

Жавоб: Ота-онангиз яхши инсонлар экан. Ҳозир фарзандларини динни ўргатиб, иффатли ва гўзал хулқли қилиб тарбиялайдиган ота-оналар бармоқ билан санайдиган даражада кам бўлиб қолган. Жуда кўп ота-оналарнинг ўзлари тарбияга, динни ўрганишга муҳтож. Сиз эса уларнинг берган тарбияларини ерга урибсиз. Ўзининг синифдоши билан севишиб юришга жиддий қарамаслик катта хатодир. Умуман номаҳрамлар билан муносабат қилишга Исломий жиҳатдан жиддий ёндошмаслик гуноҳ кўчасига албатта олиб киради.

Сизга учта нарсани тавсия қиламиз:

1. Аллоҳга астойдил тавба қилиш.

2. Ҳолатингиздан ота-онангизни дарҳол вазиятни юмшатган ҳолда хабардор қилишингиз.

3. Қилган хатоларингизга қайтиб қўл урмаслик.

Зинокор ҳайдовчи: Касбим сабабли турли ҳил инсонлар билан мулоқотда бўламан. Баъзида машинамга ўтирган аёллар менга кўз сузишади. Лекин мен уларни айтган жойларига олиб бориб қўяр ва уларга эътибор бермас эдим. Ўзим ҳам бошқа аёлларга йўлда кетаётганда зарурат бўлмаса гапирмас эдим. Мен диндор инсонман, беш вақт намоз ўқийман. Диний китобларни ҳам мунтазам ўқиб тураман.

Бир куни олдида кўп юклари бўлган келишган аёл машинамни тўхтатди. Уни манзилига олиб бориб қўйишга рози бўлдим ва юкларини машинанинг юкхонасига ортиб олдим. Йўл давомида у баъзи нарсаларни сўради, мен жавоб бердим. Сўрамасам ҳам ўзи ҳақида бироз гапирди. Манзилга етгач йўл ҳаққини тўлади ва юкларини олиб кириб беришимни илтимос қилди. Мен юкларини ошхонагача олиб бориб берганимда, кўзимиз бир-биримизга тушди. Унинг қараши “сени хоҳлайман” дегандай қараш эди. Шунда бирдан ҳаёлим ўзгарди, ҳиссиётга берилиб кетдим. У: “эшикни қулфлаб келаман” деди. Эшикни қулфлаб келгунича ўзимни қўлга олсам бўлар эди, аммо бўлмади. Шаҳват мени бутунлай енгиб бўлган эди…

Ҳозир ҳам шу каби ҳолатларга тушиб қолай дейман. Ҳатто ёшроқ, қадди-қомати келишган аёллар машинамни тўтатмоқчи бўлсалар тўхтамай ўтиб кетаман. Банда аввало Аллоҳдан уялиши керак.

Жавоб: Касб қилиш, оила тебратиш Исломда юксак баҳоланган амаллардандир. Агар оила тебратиш мақсадида бўлган киши гуноҳ қилмаган ҳолда шу ҳаракатларини Аллоҳ розилиги учун қилса, унинг тирикчилик йўлида қилган ҳар бир иши ибодатга айланади. Сиз ҳам касб йўлида бўлгансиз. Лекин бўлиб ўтган воқеъада икки мудҳиш хатоингиз бор:

1. Номаҳрам аёлнинг уйига кирганингиз.

2. Аёл эшикни қулфлаб келгунича ўзингизни қўлга олмаганингиз.

Зино ва унга олиб борувчи йўллар ҳаром эканлигини билар экансиз. Ёш, қадди-қомати келишган аёлларни ёнларида маҳрами бўлмаса тўхтамай ўтиб кетишингиз ҳам мусулмон сифатида ўринли ишдир. Аёллар ҳам ҳозирги кунда таксиларга бир ўзлари ўтиришлари жоиз эмас. Сиз динда мустаҳкам бўлинг, ўша ва бошқа гуноҳларингизга чин дилдан Аллоҳга истиғфор айтинг. Аллоҳ касбу-корингизга барака берсин.

Зинога қўл урган аёл: Эрим билан бахтли яшар эдик. Эрим уй олгач қайнона ва қайнотамнинг уйидан кўчиб чиқдик. Уларнинг оиласи ўзига тўқ эди. Эрим автоҳалокатда вафот этди. Мен фарзандларим билан уйда бир ўзим қолдим. Қизлик уйимга боришга ҳижолат бўлдим. Қайнона ва қайнотам ҳам “қизим шу уйда тураверинг, бир режа қилармиз” дедилар. Ўзимни эса турмушга чиққим келар эди. Лекин ота-онам бу маслада менга гап очмадилар. Ваҳоланки ёш ва гўзал бўлганим учун кимлардир менга оғиз солган экан.

Қўшнимнинг аёли чет элга қатнаб мол олди-сотдиси билан шуғулланар, ҳафталаб уйида бўлмас эди. Эр эса таъйинли бир иш билан шуғулланмас, мен билан муносабати яхши эди. Мен унга чиройли кўринишга, ҳаёлини бузишга ҳаракат қилдим. У менинг ҳийлаларимга илинади деб ўйлардим. Шундай ҳам бўлди. Бир муддат ўйнаш бўлиб юрдик. Бу ишлардан аввалда қўшнилар хабардор бўлдилар, кейинчалик қариндошлар ҳам хабар топдилар. Қаттиқ уялиб қолдим…

Жавоб: Бўлиб ўтган воқеъаларга аввало ота-онангиз сизга совчилик қилганларни қайтариб юборганлари сабабчидир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда ҳазрати Алига: “Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда” деб айтганлар (Термизий ривояти).

Иккинчидан қайнона ва қайнотангиз сизни фарзандларингиз билан бир ўзингизни ташлаб қўйганлари сабабчидир. Балки улар молиявий ёрдам бергандирлар. Лекин молиявий ёрдам кўпгина муаммоларни ҳал қила олмайди.

Учинчидан қўшнингизнинг аёли бир ўзи ҳафталаб чет элларда қолиб кетиши сабабдир. Ўша аёл бундай бўлмаганида балки бу ишлар содир бўлмас эди.

Тўртинчидан унинг эри динни билган, ўзини ҳурмат қилган, жиддий эркак эмаслиги сабаб бўлган. Унинг бундай эркак эмаслигига аёлини ҳафталаб чет юртларга бир ўзини қўйиб юбориши ва сиз у ҳақда “у менинг ҳийлаларимга илинади” деб ўйлаганингиз далилдир.

Сиз эса кўпгина зинога қўл урган кишиларда бўладиган муаммолар эгасисиз. Динни билмайсиз, демак унга амал қилмайсиз. Ёлғиз қолгансиз, демак зинога эрли аёлдан кўра яқинроқсиз. Бир ўзингиз турасиз, демак зино қилишга шароитингиз бор.

Исломни ўрганиб унга амал қилинг. Ота-онангиз ёки қайнона ва қайнотангизнинг уйларига кўчиб ўтинг. Фарзандларингиз уларнинг ҳам фарзандлари. Тавбада собитқадам бўлинг ва жойи чиқса, албатта турмушга чиқинг.

Афсусда қолган ота: Мен фарзандлари катта бўлиб қолган инсонман. Ижтимоий тармоқларда турли ҳил инсонлар билан гаплашиб турар эдим. Кўпгина “дўстлар” ҳам орттирган эдим. Шундай “дўстлар”лардан бири аёл киши бўлиб, у мени қизиқтирар эди. У билан турли мавзуларда суҳбатлашар эдик. Суҳбатларимиз дўстона суҳбат эмас, бошқачароқ эди.

Бир куни гаплашиб ўтирдик ва бир-биримизни ижтимоий тармоқ орқали компьютер экранида кўришга келишдик. Компютерим экранига ўша аёл улангач, бир-биримизни кўриб турганимизда не кўз билан қарайки, мен билан ижтимоий тармоқ орқали суҳбатлашиб юрган аёл ўзимнинг қизим экан!!!

Жавоб: Ҳайрону-лол қолдирувчи ҳодиса!

Аввало ўзингиз номаҳрамлар билан алоқангизни узинг. Исломни билиб, унга амал қилинг. Қизингизга ҳам динни ўргатинг, тарбия беринг ва “мен сени текшириш учун ижтимоий тармоқ орқали сен билан бегона киши сифатида танишганман” деб айтинг. Агар қизингиз ростидан хабардор бўлиб бўлган бўлса, унга ўзингизни ҳақиқий, фидоий, диндор ота ўзини қандай тутса, шундай тутиш ила унга намуна бўлишдан бошқа чорангиз йўқ.

Ижтимоий тармоқлар сабабли фаҳшга, зинога кириб қолаётганлар кўп учрамоқда. Инсон ҳар бир нарсадан фақат яхшилик ила фойдаланиши лозимдир.

Зинодан ўзини тийиб қолган эркак: Улфатлар билан йиғилиб, кўришиб турамиз. Бир куни улфатларим саунага боришни таклиф қилишди. Бордик ва чўмилдик. Сўнгра саунага кириб ҳордиқ чиқара бошладик. Шу пайт улфатларимдан баъзилари у ерга фоҳишаларни олиб келдилар. Бу ишни менга айтмай қилишган эди. Чунки айтсалар рад жавобини олишлари мумкинлигини билишар эди. Улфатларим фоҳишалар билан ишларини қила бошлашди. Мен эса ўзимни четда тутиб турдим. Улфатларимдан бири агар мени ҳам шу ишга тортса кўпроқ пул беришини айтиб фоҳишаларни менга тегачоқлик қилишга ундади. Улар менга тегачоқлик қила бошладилар ва “касалмисан” қабилидаги гапларни айтишди. Мени зино қилишдан касаллигим ёки уялганлигим тўсмади. Мени зинога қўл уришдан ўша вақтда кўз олдимга келган аёлим, фарзандларим ва Аллоҳнинг бу ишдан қайтарганлиги бўлди.

Жавоб: Ўзингизни зинога қўл уришдан ушлаб қолганингиз катта қаҳрамонлик бўлибди. Афсуски бу иш кўп мусулмонларнинг қўлидан келмайди. Лекин улфатларингизга ўхшаган улфатлардан Аллоҳ сақласин. Уларнинг қандай инсонлар эканлигини билиб туриб, улар билан саунага борганингиз гуноҳкор бўлганингизга кифоя қилади. Аллоҳ сизни зино қилишдан асрагани учун Аллоҳга ҳамд айтинг ва У зотга доимо итоатда бўлинг.

Касб тақозоси: Мен сартарошлик билан шуғулланаман. Мижозларим фақат эркаклар. Аммо гоҳ-гоҳида аёллар ўз болаларининг сочларини олдиришга келиб қоладилар. Сочи олинаётган болалар йиғламаслиги, тинч ўтириши учун оналари уларни баъзан овутиб туришларига тўғри келади. Бир куни ёш, келишган бир аёл ўз боласини сочини олиб қўйишимни сўради. Болани сочини олаётганимда онаси атрофимда ўралашди. У ёш бўлгани етмагандек эркак кишининг шаҳватини қўзғайдиган даражада кийиниб олган ва ҳатто кўкраги ҳам кўриниб турар эди. Болани сочини зўрға олдим ва албатта аёлнинг ҳолати менга таъсир ўтказди. Боланинг сочи олиниб бўлингач аёл ҳизмат ҳаққини тўлаб, боласи билан сартарошхонадан чиқиб кетди. Бундай ҳолатларга тушган мўмин ва мўминалар қандай йўл тутишлари керак? Тирикчилик масаласи нима бўлади?

Жавоб: Ўринли савол. Аввало сизнинг ҳолатингизни муҳокама қилсак. Сиз ҳалол касб билан шуғулланаётганингиз, ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилаётганингиз ва иш давомида дуч келган ҳолатга Исломий жавоб талаб қилаётганингиз мақтовли иш бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон киши учун фарздир. Инсон нафақат касби, балки бутун ҳаёти давомида дуч келадиган ҳолатларда Аллоҳнинг ҳукмлари билиши, ишончли олимлардан сўраши - фарздир.

Сизнинг ҳолатингизда бир нарса аниқ: эркак кишини фитнага солиб қўйиши мумкин бўлган аёллар фарзандларининг сочини олишдан воз кечиш ила сизнинг даромадингизга деярли нуқсон етмайди. Натижада сизга Аллоҳ фарз қилган ота-онангиз ва оилангиз нафақаси борасида қийинчиликка тушмайсиз. Шу сабабли бундай ҳолатларга дуч келсангиз аёллардан болани ёнида турмаслигини, четга бориб ўтириб туришини талаб қилинг. Болани сочини олишда бошқа киши, масалан шогирдингиз ёрдамидан фойдаланинг. Бунинг иложи бўлмаса, боланинг сочини олманг ва бошқа мижозингизга ҳизмат кўрсатинг ёки ўзингизнинг бошқа ишларингиз ила шуғулланинг.

Эрлар ҳам аёлларни жамоат жойларига бир ўзларини зарурат бўлмаса юбормасликлари, аёллар эрлари рухсат берса ҳам зарурат бўлмаса бундай жойларга бормасликлари лозимдир. Агар боришлари зарурат бўлса, авратларини ёпиб, фитнадан узоқ бўлган ҳолда бориб келишлари шартдир.

Ўзи ва фарзандларининг куни ўтиб турган, нафақаси етарли ҳолатдаги аёл – хоҳ эри бўлсин, хоҳ эри бўлмасин - Ислом ҳукмларига амал қилиб бўлмайдиган ерларда ишлаши мутлақо ҳаромдир.

Касб тақозоси ила ҳаром амалларга қўл уришга мажбур бўлаётган мўмин инсон бошқа мувофиқроқ иш топгунича ўша ишида ишлаб туришини уламолар жоиз деганлар. Шунингдек, шариатга мувофиқ, даромади ўз бўйнидаги фарзларини ўташига кифоя қиладиган иш қидиришда мўмин киши Аллоҳга ва ўзига нисбатан ростгўй бўлиши, Аллоҳдан буни сўраши ва камчиликка йўл қўймаслиги лозимдир.


ХУЛОСА

Зикр қилинган ва ушбу мавзуга оид ҳаётда учрайдиган бошқа ҳолатларга теран назар солсак фаҳшга, зинога сабаб бўлаётган бир қанча нарсаларни кўришимиз мумкин. Ушбу воқеъалар билан китобимизнинг аввалида санаб ўтилган зинога олиб борувчи йўлларни солиштириб чиқсак зинога йўлиққанларнинг муаммолари янада яққол кўринади. Биз кўпчиликнинг кўзи илғамаган қўшимча баъзи муаммоларни ҳам мулоҳаза қилдик:

- Эр-хотинлар орасида жинсий маданиятнинг йўқлиги. Юқорида келтирилган воқеъалардан бирида зинога қўл урган эр ўз аёлидан қониқмай қолганини айтган. Бунга сабаб нима? Гоҳида аёллар ҳам эрларидан жинсий жиҳатдан қониқмаётганликларининг сабаби нима? Балки бунинг сабаби ўша эркак ва аёллар ҳаддан ошган одам бўлиши мумкин. Аммо деярли барча ҳолларда жинсий қониқишнинг бўлмаслиги эр-хотин орасида жинсий маданиятнинг йўқлигидандир. Баъзи ҳолатларда эр, баъзи ҳолатларда аёл, баъзи ҳолатларда икковлари бир-бирларини кўнгилларини олишни билмайдилар, руҳий ҳолатларини сезмайдилар, бир-бирлари учун зийнатланмайдилар, эр-хотин сифатида очиқроқ гаплашиб, ўзаро кўнгилларини олмайдилар ва бир-бирларини қониқтиришга ҳаракат қилмайдилар. Биз “жинсий маданият” деб айтаётганимизда фақатгина динимиз Исломда кўрсатилган жинсий кўрсатмаларни назарда тутмоқдамиз. Ғарб жинсий маданияти, бошқа дин ёки тузумга таъаллуқли жинсий маданиятни назарда тутаётганимиз йўқ. Уларга ҳаёт йўлида, хусусан жинсий маданиятда тақлид қилишдан Аллоҳ асрасин!

Айтиб ўтганимиздек, Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта Аллоҳ эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашганларидан ажабланади ва бунинг сабабидан уларга савоб ёзиб, уларга ҳалол ризқ беради” (Ибн Адий ривояти).

Эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашиб ҳазиллашишлари - Аллоҳ рози бўладиган, савоб ва ҳалол ризқ жалб қиладиган ишлардан экан. Асосан бу иш жинсий яқинлик олдидан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз аёллари билан ҳазиллашганлари, ўйнашганлари ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга насиҳат қила туриб қуйидагича марҳамат қилганлар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, эр ўз аёлини тўшакка чақирганда аёли бош тортса, осмондаги Зот ўша аёлга токи унинг эри ундан рози бўлмагунча ғазаб қилади” (Муслим ривояти).

Эр ҳам ўз аёлини қондирмаса, уни эътиборсиз ташлаб қўйса гуноҳкор бўлиши, қиёматда итобга учраши баён қилинган. Ҳадисда: “Аҳли аёлига нисбатан яхши бўлганингиз энг яхшингиздир” деб эрларни ўз аёлларига яхши муносабатта бўлишга буюрилган. Аллоҳ ҳам бежизга эрларга аёллари ҳақида хитоб қилиб: “…улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19‑оят) демаган. Оятдаги “…улар ила яхшиликда яшанг” жумласидан “аёлларнинг ҳақларини адо қилинг, уларни ҳар томонлама, ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан қониқтиринг” маъноларини тушуниш мумкин. Жинсий қўшилиш одобларидан бирини зикр қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилганда, эр ўзининг ҳожати қонишини хоҳлагани каби аёлининг ҳожати қонмагунча тўхтаб олмасин” (Ибн Адий ривояти).

Улуғ саҳобалардан бўлган Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Мен ўз аёлим учун у мен учун қандай зийнатланиб, ҳушбўйланса, шундай зийнатланиб ҳушбўйланаман” деган эканлар.

Чинакам мўмин ва мўмина ўз жуфти ҳалолини ҳурмат қилади, камчилиги бўлса ўша камчиликни биргалашиб тўғрилашга киришади. Жуфти ҳалолидан қонмагани учун зино ва фаҳш кўчасига кирмайди. Бунинг ўрнига у ўз жуфтига маслаҳат солади, очиғини айтади. Ахир улар эр-хотинку! Бир-бирлари билан сирлашмасалар яна ким билан сирлашадилар, бир-бирларига эркак ва аёл орасида бўладиган муҳаббат каби муҳаббат қилмасалар яна кимга бундай муҳаббат қиладилар.

Яна бир нарсани қаттиқ таъкидлаш керак: Кимнинг эри ё хотини яхши бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Ундайлар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.

- Ота-оналар фарзандларига диний таълим-тарбия бермасликлари. Фаҳш ва зинога қўл урганларнинг ҳикояларини эшитиш чоғида уларнинг деярли барчасида диний таълим-тарбия йўқлиги ва уларнинг аксар қисми ёш эканлиги мулоҳаза қилинади. Демак зинодан сақланишда ёшларга диний таълим-тарбия бериш ва уларни доимо назорат қилиб туриш ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарз.

Аллоҳ мўминларни ўз қўл остидагиларга жавобгар эканликларини маълум қилиб бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6‑оят).

…ўтдан сақланг” ибораси “уларга динни ўргатинг, тергаб туринг. Улар Аллоҳга исён қилиб дўзах эгаларидан бўлиб қолмасинлар” деганидир. Оятдан кўриниб турибдики, бу ишда оталар етакчи ўринда бўлишлари лозим. Ота ўз фарзандига гўзал тарбиядан кўра яхшироқ нарса бера олмаслиги ривоятларда келган. Диний таълим-тарбия фарзандлар учун ҳар қандай мол-дунё, яхши иш жойи, ва хотиржам ҳаётдан ҳам кераклироқ эканини воқеълик исботлаб турган ҳақиқатдир. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларининг ўқувчилари фаҳш ва зино кўчасига кириб қолаётганлиги, ундайларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани уларни янада кўпроқ назорат қилишни ота-оналардан талаб қилади. Ота-оналар фарзандаларининг ҳафталик дарс жадвалларини билишлари, ўқишдаги устозларини танишлари ва улар билан доимо алоқада бўлишлари, фарзандларининг кимлар билан дўстлашаётгани ила қизиқишлари, уларнинг телефон ва компьютерларини текшириб туришлари зарурдир. Шунингдек ёшлар ўзлари ҳам бу нарсаларга огоҳ бўлишлари, динларини ўрганиб унга амал қилишлари ва номаҳрамлар билан мулоқотга фақатгина Ислом рухсат берган ҳоллардагина киришлари шарт.

- Интернет ва ижтимоий тармоқ орқали одамлар орасида фаҳш ва зино тарқалиши.Фаҳш ва зинога йўлиққанларнинг кўпчилик қисми мана шу нарсалар орқали ёмон ишга қўл урганлар. Албатта интернет ва ижтимоий тармоқлар яхшиликка кўп ҳизмат қилади ва одамларнинг оғирини енгил қилади. Аммо ҳар бир нарсадан яхшилик ёки ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин.

Интернетда турли ҳил фаҳшга оид веб саҳифалар кўпайиб кетган. Ижтимоий тармоқларда ҳам турли ғаразли мақсадларни кўзлаган одамлар бор. Ҳозирда компьютери ёки замонавий телефони бор ҳар қандай инсоннинг бу нарсаларга қўли етадиган бўлиб қолган. Фаҳш бор видео ва фотосуратларни кўриш кўпчиликка одат бўлиб қолган. Бу нарсаларга одатланиш эса одамларни бевосита зинога ҳам олиб бориб қўймоқда. Бу гапимизга юқоридаги воқеалардан бири далилдир. Асли бизда фаҳш ва зино йўқ эди. Бир вақтлар ғарб олами бизнинг ота-боболаримиздан уларни жаҳолатдан илм-маърифатга олиб чиқувчи фикрлар, ишларни ўрганган бўлсалар, ҳозирда биз ғарб оламидан бизларни жаҳолат ботқоғига ботирадиган, инсон зотини қадрини пасайтирадиган фикр ва ишларни ўрганиб, тақлид қилиб юрибмиз. Шундай нарсалардан бири фаҳш ва зинонинг кенг ёйилиши. Афсуски ҳозирда фаҳшга, зинога қўл урмоқчи бўлган инсон қийинчиликсиз ўз мақсадига эришади. Бу нарсалар билан илму маърифат, ҳақиқатни етказиш йўли билан, шунингдек гапига қулоқ солинадиган инсонлар орқали курашиш керак.

Islom.uz

Афзал Аброр таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсидан рози бўлмайдиган жоҳил, билимсиз инсон билан ҳамсуҳбат бўлишинг нафсидан рози бўлган олим билан ҳамсуҳбат бўлишингдан яхшироқдир.Нафсидан рози давоми...

1497 11:00 / 31.05.2021
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади .Сизга иккита ҳолатни айтиб бермоқчиман. Бир неча йиллар олдин жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун бир шифохонага тушдим. Улар давоми...

3997 19:00 / 30.09.2021
ОбиҳаётАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Халқимизда давоми...

4646 16:25 / 06.04.2017
Диана Ди Прима ўзининг .Хитой афсоналари, номли китобида келтиради .Қадим замонда бир ўтинчи бор эди. Унинг ҳаётда энг яхши кўрган нарсаси пул эди. У ўрмондан ўтин давоми...

4125 11:00 / 22.08.2022
Аудиолар

118722 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40690 14:35 / 11.08.2021