1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Жаннатга киришга ва дўзахдан узоқлашишга сабаб бўладиган амаллар

19:15 / 19.05.2018 6453 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида бўлиб қолдим. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.

«Батаҳқиқ, мендан буюк нарса ҳақида сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан. Рамазон (рўзаси)ни тутурсан. Байтни ҳаж қилурсан, – дедилар. 

Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда ҳар бир мўмин банда билиши ва амал қилиши лозим бўлган улкан ишларга далолат бор.

Бу ишларни бирма-бир кўриб чиқишдан олдин саҳобаи киромларнинг, хусусан, Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг солиҳ банда бўлиш учун қанчалар иштиёқманд эканликларини тушуниб етишимиз ва улардан ўрнак олишимиз керак.

Ҳазрати Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада қилган илтимосларига назар солинг:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг».

Демак, мақсад нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириш эмас. Мақсад – жаннатга дўзахдан узоқлашган ҳолда, унга яқинлашмай туриб кириш.

Бугунги кишилардан баъзилари эса «фалон ишни қилса, жаннатга кирар экан, биз ҳам қилганмиз», деб, умрида бир-икки марта ийд намозига бориб қўйгани ёки шунга ўхшаш бир нарсани айтадилар.

«Тўғри, ўша қилинган иш учун маълум муддат жаннат мукофоти бўлиши мумкин, аммо тарк қилинган ҳар бир фарз ёки вожиб амал учун, ўқилмаган ҳар бир ракъат намоз, тутилмаган ҳар бир лаҳза рўза, берилмаган ҳар бир тийин закот учун қанчадан-қанча дўзахда ётиш ҳам бор», дейилса, эътибор бермайдилар.

Бу эса ўта масъулиятсизлик, Аллоҳнинг динини писанд қилмасликдир. Аслида мўмин-мусулмон банда жаннатга элтувчи ҳар бир амални кичик санамасдан қилиши, дўзахга элтувчи ҳар бир нарсадан қочиши лозим. Чунки жаннатга кириб, дўзахдан узоқлашиб қолиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда айтганларидек, буюк, лекин Аллоҳ муяссар қилганлар учун осон ишдир.

Ана энди бу ҳадисда зикри келган ўта муҳим ишларни бирма-бир кўриб чиқайлик:

I. Инсонни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган ишлар:

1. «Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан».

Демак, эътиқодда ҳам, амалда ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, У зот «эътиқод қил», деган нарсаларга эътиқод қилиб, амрларига бўйсуниб, кўрсатмаси ила Ўзига итоат қилган ҳолда яшаб ўтиш лозимдир.

2. «Намозни қоим қилурсан». 

Демак, банданинг дўзахни четлаб, жаннатга кириши учун зарур ва лозим бўлган омиллардан бири намозни қоим қилиб, тўкис ўқишидир. Намоз фарз бўлганидан бошлаб, умрнинг охиригача уни бир ракъат ҳам қолдирмай ўқишга ҳаракат қилиш ва уни адо этишдир. Намоз ўқимаган одам бу бахтга муяссар бўла олмайди. Шунингдек, ёлғиз ийд ёки ­жумъа намозини ўқиб юрганлар ҳам ўзларини намозни қоим қилганлар қаторига қўша олмайдилар.

3. «Закотни адо қилурсан». 

Моли нисобга етган мусулмон одам учун закот бериш худди иймондек ва намоз ўқишдек фарздир. Закотни инкор қилган одам кофир бўлади, уни эътироф қилиб туриб, бермаган одам эса осий бўлади. Жаҳаннамни четлаб, жаннатга киришни хоҳлаган банда бошқа ибодатлар қатори закотни ҳам адо этиши лозиму лобуддир.

4. «Рамазон (рўзаси)ни тутурсан». 

Банданинг жаҳаннамни четлаб, жаннати наъимга кириши учун зарур бўлган омиллардан яна бири Аллоҳ таоло фарз қилган Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос ила тутишдир. Бусиз дўзахни четлаш ҳам, жаннатга кириш ҳам мумкин эмас.

5. «Байтни ҳаж қилурсан».

Қодир бўлганларга умрида бир маротаба байтни ҳаж қилиш фарз эканлиги ҳаммага маълум ва машҳур.

Жаннатга кирмоқчи, жаҳаннам азобидан қутулиб қолмоқчи бўлган ҳар бир банда Исломнинг беш рукнига оғишмай амал қилиши лозим. Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Мусулмон эса ана шу мукаммал динга мукаммал амал қиладиган одамдир.

Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг «Мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деган илтимосига «Калимаи шаҳодатни айтишинг», деб жавоб бермадилар? Чунки Ислом иймонни тилда тасдиқлашдан ташқари, шариат буюрган амалларни адо этишни ҳам кўзда тутади.

Шунингдек, ким намоз ўқиса, жаннатга киради, ким рўза тутса, жаннатга киради ёки ким закот берса, жаннатга киради, ким ҳаж қилса, жаннатга киради, деган мазмундаги ҳадислар ҳам бор. Ҳатто баъзи ҳадисларда бир итни ўлимдан қутқариб қолган аёлнинг жаннатга кириши ҳақида ҳам таъкид келган. Лекин бу бошқа ишларни, ибодатларни қилиш керак эмас, дегани эмас. Балки ўша зикр этилаётган ибодатга кишиларни тарғиб қилишдир.

Одатда инсонлар орасидаги оддий муомалаларда ҳам «фалон ишни қилсанг, мақсадингга етасан», деган гап кўп ишлатилади. Лекин бу биргина ўша иш билан мурод ҳосил бўлади, бошқасини қилма, дегани эмас. Балки мазкур ишнинг аҳамиятини таъкидлаш, холос.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳобалардан бирор киши у аъробийни танимас эди. Саҳродан келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қилди. Сўнгра бир ғазот давоми...

2395 14:29 / 12 январь
Роббана ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳи.Маъноси .Эй Раббимиз Сенга кўп, пок ва муборак ҳамду сано бўлсин,.Имом Бухорий ривоят қилган давоми...

2312 09:00 / 17.01.2023
Мўмин Аллоҳ таолодан бир нима сўраётганда, чин дилдан дуоси ижобат бўлишини хоҳлайди. Ихлос дуо ижобат бўлишининг асосий шарти. Аллоҳнинг изни билан дуо тезроқ давоми...

26901 20:05 / 20.09.2017
Мусулмонларнинг асосий қоидаларидан бири шу билим олиш жинсидан қатъи назар ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Ўзининг 14 асрлик тарихи давомида Ислом ҳеч қачон илмга давоми...

2903 19:10 / 19.04.2018