1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Сирожиддин Жаҳонгиров

15:21 / 31.01.2018 5909 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Сирожиддин Жаҳонгировнинг  ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.

Сирожиддин Жаҳонгиров

Саййид Бурҳониддин хонадони Тошкентнинг зиёли, маърифатли хонадонларидан эди. У кишининг насаби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг аҳли байтларига бориб уланади, аждодлари насаб жиҳатидан Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга боғланади. Саййид Бурҳониддин фарзанди аржуманди Сирожиддинни ҳам болалигидан ана шу шарафга муносиб инсон қилиб тарбиялади, унга исломий билимларни ўргатишга астойдил ҳаракат қилди. Сирожиддин бошланғич диний илмларни падари бузрукворидан олди. Отаси уни Қуръони Каримни ёд олишга рағбатлантирди. 1969 йили ўрта мактабни тамомлаган Сирожиддин Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди. У мактаб йилларидаёқ  диний илмларни яхши ўргангани учун мадрасада қийналмай ўқиди, 1976 йили уни муваффақиятли тугатди. У иқтидорли, салоҳиятли ёшлардан бўлгани учун мадрасада ўқиш билан кифояланиб қолмади. 1976-1980 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиб, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишди. У талабалик йилларидаёқ Ўрта Чирчиқ туманидаги «Тўйтепа» жомеъ масжидида имом-хатиблик қилишни бошлаб юборди.  


      1980 йиллардан бошлаб Сирожиддин Жаҳонгиров Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси тизимида ишлай бошлади. У диний бошқармада ходим, бошқарма қошидаги «Мовароуннаҳр» нашриётида бўлим мудири ва муҳаррир, Тилла Шайх жомеъ масжидида мутавалли вазифаларида ишлайди. Тошкент шаҳрида Тўхтабой жомеъ масжиди қайта очилгач, Сирожиддин домла унга мутавалли қилиб тайинланди. 1996-1999 йилларда эса Чорсу даҳасидаги Шоҳ Азиз Авлиё масжидида имом-хатиб бўлди.

Йиллар давомида бой тажриба тўплаган Сирожиддин домла мударрислик соҳасида ҳам жонбозлик кўрсатиб, кўп хизматлар қилди. 1992-1993 йиллар мобайнида Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида, 2000-2008 йилларда Кўкалдош мадрасасида ёшларга араб тилининг сарфи ва наҳвидан, Қуръони карим тафсиридан дарс берди. Кўкалдош мадрасаси биносида Сирожиддин домланинг алоҳида ҳужраси бўлиб, у ердан одам узилмасди. Гоҳ талабалар тушунмай қолган дарсларини сўраб киришар, гоҳо бирор диний масалада ечим топа олмай қолган киши у кишидан маслаҳат сўраш учун эшик тагида навбат кутаётган бўларди. Кўпинча зиёлилар билан ширин суҳбатлар бошланиб кетар, торгина ҳужра маърифат ишқибозларига тўлиб кетар эди.

Сирожиддин ака фарзандларини ҳам аҳли илм, дин ишига камарбаста инсонлар қилиб тарбиялади. Тўнғич ўғиллари Муҳаммадхон Мисрдаги «Ал-Азҳар» жомеъасини тамомлаб, ҳозирда Тошкент ислом институтида дарс беряпти. Иккинчи ўғиллари Зикруллоҳ ҳам Мисрда таҳсил оляпти. Тўрт қизи, ўнлаб набиралари ҳам Мисрда таълим олишяпти, Қуръон ва ҳадис илмларини қунт билан ўрганишяпти.

Сирожиддин домланинг кўплаб илмий мақолалари «Ҳидоят» журналида, «Ислом нури» газетасида чоп қилинган. Бундан ташқари, Сирожиддин Жаҳонгиров 1992-1993 йилларда эфирга узатилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Сарвари олам», 1993-1994 йилларда эфирга чиққан Исломда поклик ва ҳалоллик масалаларига бағишланган «Поклик иймондандир», Аллоҳ зикрининг қалб хасталикларига шифо бўлиши ҳақида «Дил шифоси» туркумидаги 1998-2005 йилларда эълон қилинган диний-маърифий эшиттиришларнинг муаллифи ҳам эди.

Туркияда яшаб турган фарзандлари ва набираларини кўргани борган таниқли дин олими, маърифатпарвар инсон Сирожиддин Жаҳонгиров 2009 йилнинг 13 июнида Истанбул шаҳрида вафот этди ва ўша ерда дафн қилинди.


Қисқача таржимаи ҳол

1945 йил 3 июлда Тошкент шаҳрида диндор оиласида туғилган. Оталари Бурҳониддинхон эшон, боболари Жаҳонгирхон эшон қодирия тариқатининг пирларидан бўлиб, нақшбандия тариқатида  ҳам сайру сулукка ва иршод беришга ижозалари бўлган, Самарқанд, Сурҳондарё, Жиззах, Навоий вилоятларида, қўшни Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистонда кўпчиликка иршод бериб, муридларни тарбия қилишган. Насаблари Саййид Мир Барака, Абдулқодир Жийлоний орқали имом Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳумога бориб тақалади.

1968-1969 йиллари Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган.

1975-1980 йиллари Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини тамомлаган.

1977 йили Ўрта Чирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имомлик қилган.

Ўқишни тамомлаб, бир муддат Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида мутавалли бўлиб ишлаган.

1980-1985 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига қарашли «Мовароуннаҳр» нашриётида муҳаррир, Тилла Шайх жомеъ ва Тўхтабой масжидларида мутавалли бўлиб ишлаган.

1996-1999 йиллари Чорсу даҳасидаги «Шоҳ Азиз авлиё» жомеъ масжидида имом- хатиблик қилган.

1992-1993 йиллари Абулқосим мадрасасида, 2000-2008 йиллари Кўкалдош мадрасасида араб тили грамматикаси, тафсир ва сийрат фанларидан мударрислик қилган. Сирожиддин домла республика радиосида «Сарвари олам» (1992-1993), «Поклик иймондандир» (1993-1994), «Дил шифоси» (1998-2005) рукни остида қатор диний‑маърифий эшиттиришларга муаллифлик қилган.

1990 ва 1992 йиллари муборак ҳаж сафарига борган.

Сирожиддин домла ўша даврнинг машҳур алломларидан таҳсил олган, хусусан, Алихон тўра Соғуний ҳазратларининг уйларида узоқ йиллар хизмат қилиб, то вафот этгунларича у кишидан таҳсил олган. Шунингдек, Шаҳобиддин қори домла, Лазгин  домла (Сирожиддин домла), Дўстмуҳаммад домладан таҳсил олган.

Сирожиддин домла Жаҳонгиров 2009 йил 13 июнь куни Истамбул шаҳрида вафот этиб, ўша ердаги Ҳабиблар қабристонига дафн этилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақола Наманган вилояти, Учқўрғон туманида жойлашган Хожа Саййид Аҳмад эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандиямажзубия давоми...

1456 16:00 / 08.01.2022
Мелодий 1867 йили Ҳиндистоннинг Девбанд шаҳарчасида диний ўқув муассасаси ndash олий мадрасага асос солинади. У .Дор алулум, номи остида бугунги кунгача мингминглаб давоми...

2689 19:30 / 04.06.2021
Абдуллоҳ ибн абу Вадоа камбағалликка учраб, юзларига ажинлар тушди ва кўрган одам уни фақир дер эди.Абдуллоҳ ибн абу Вадоа Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2133 19:00 / 25.12.2021
.Мен болалик чоғимданоқ ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, давоми...

3199 17:00 / 01.02.2021
Аудиолар

120087 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7027 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41755 14:35 / 11.08.2021