1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазондан кейин қандай яшамоқчимиз?

06:00 / 21.04.2023 4221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир рўзадор, рўзаси ва қиёми-таровиҳ намози солиҳ, мақбул бўлишини умид қилади. Саъй-ҳаракатини Аллоҳнинг наздида мақтовга сазовор бўлиши хоҳлайди. Ва манашу хоҳишлари рўёбга чиқиши учун Аллоҳга дуо қилади. Зеро у Рамазон ойи рўзасини тутди ва тунларини намоз билан ўтказди.

Энди бу амалларининг қабул бўлгани ишорали аломатлари, далолат қиладиган далиллари ҳамда ушбу тилакнинг ҳосил бўлиши умид қилинадиган сифатлари бўлади.

Шулардан: Инсон Рамазондан кейин олдингига қараганда рағбат ва қаттиқ хоҳиш билан ибодатга юзланувчи, фарз ва вожибларни муҳофа қилувчи, намозларни жамоат билан масжидларда адо этувчи, маъруф-яхшиликни суювчи, унга амал қилиб, буюрувчи, мункарни ёмон кўриб, ундан четлашиб, ҳазир бўлишга чақирувчи бўлган ҳолатда ўзини яхшилик, тўғри-устиворлик ва тоатда бўлишидир.

Аммо Рамазондан кейинги ҳолати ундан олдинги ҳолати каби ёки унданда ёмонроқ бўлган, адашиш ва залолатида лоқайд, вожибларни адо этишдан дангасалик қилиб, зое қилувчи, ҳаром ишларга шўнғиб, унга тарғиб қилувчи бўлса, бу амаллари қабул бўлмаганлиги аломатлари, аксинча беҳуда кетганлиги далолатларидандир. У тоатлар мавсумида вақтларни ғанимат билмаган ва ҳадялар мавсумида совғаларга дучор бўлмаган. Аллоҳдан мағфират сўрамаган ҳамда мағфират ва розилик ойида унинг сабабларини сарф этмагандир. Кўрган зиёни қандай ҳам улкан, мусибати қандай ҳам оғир, оқибати ва уқубати қандай ҳам даҳшатли?!

Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи тоатга одатланиш, ибодатда қоим бўлиш ва яхши ишларни қилишда мусобақалашиш учун улкан бир мавсум бўлди. Мусулмонга ушбу улуғ ой тугаганидан кейин ибодатдан бўйин товлашлиги қабиҳ бир ишдир. Худди Аллоҳни ва Унга ибодат қилишни фақат Рамазонда биладиган айрим кимсаларнинг ҳолати каби. Ана ўшаларга: Эй, Рамазонда Унга ибодат ва итоат қиладиган, Ундан қўрқиб, умид қиладиган Роббиси бор эканини билган кимса! Рамазондан кейин У Зотни қандай унутдинг?! Эй, Рамазонда Аллоҳ сенга беш вақт намозни фарз қилганини билган кимса! Қандай қилиб Рамазондан кейин бундан жоҳил қолдинг ёки ўзингни билмаганга солдинг?! Эй, Рамазонда Аллоҳ сенга маъсиятларни ҳаром қилганини билган кимса! Рамазондан кейин буни қандай унутдинг?! Эй, Рамазонда олдингда жаннат, дўзах, савоб ва жазо бор эканини билган кимса! Рамазондан кейин бундан қандай ғафлатда қолдинг?! Эй, Рамазонда масжидларни тўлдириб, Қуръон тиловат қилаётганлар! Қандай Рамазондан кейин масжидлар сизлардан бўшаб қолди ва Қуръон билан алоқани уздингиз?! Аллоҳни фақат Рамазонда билиб, Ундан фақат Рамазонда қўрқадиган қавмдан ажабланасан киши! Дарҳақиқат, баъзи салафлар ўшаларга ўхшаганларнинг ҳолати ҳақида саволга тутилдилар. Шунда: «Аллоҳни фақат Рамазонда биладиганлар қандай ҳам ёмон қавм» - деди.

Барча ойларнинг Робби бирдир. Рамазоннинг Робби Шаввол, Шаъбон ва бошқа ойларнинг ҳам Роббисидир. Мусулмонга барча вақт ва соатда Аллоҳга ибодат қилиши ва маъсиятларидан узоқ бўлиши вожибдир. Аллоҳ субҳанаҳу айтганидек:

 « Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича, Роббингга ибодат қил (Ҳижр: 99).

Яъни, то сизга ўлимингиз келиб, ушбу ҳаётда умрингиз ниҳоясига етгунича ҳаётингизнинг барида Аллоҳга ибодат қилиш ва Унга тавба-тазарру қилишда бардавом бўлинг. Чунки инсон ҳаёти Аллоҳнинг мулки. Аллоҳ бандадан, унга Ўзига тоат ва ибодат қилиш билан кўрк бағишлашини хоҳлайди, бошқа нарса билан эмас. Аллоҳ таоло деди:

 « Айтгин: «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.» (Анъом: 162).

Кимда-ким вақти, умри, соғлиғи, бўш вақти, куч-қуввати, ёшлиги, ақли, фикри, қалби, тили ва бошқа аъзоларини вожиб ёки мустаҳаб ёҳуд Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни ният қилган мубоҳлардан иборат Аллоҳ буюрмаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам жорий қилмаган нарсалар билан машғул қилса, дарҳақиқат, ўзига ёмон қилибди ва улкан зулм қилибди. Яқинда унга Қиёмат куни камчиликка йўл қўйгани ва зое қилгани миқдорига қараб ҳасрат ва надомат бўлади. Кимда-ким бирор амални муҳофаза қилиб, унда бардавом бўлса, у (амал)нинг устида вафот этади ва унинг асосида қайта тирилади. Бу Аллоҳнинг махлуқотларидаги қонуниятидир. Шунинг учун бандалари ва дўстларидан исломда бардавом бўлиш ва то унда вафот этгунга қадар унинг ҳукм ва шиорларида давомий бўлишликни талаб қилди. Аллоҳ таоло деди:

 « Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг » (Оли Имрон: 102).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Яъни, Исломда вафот этишингиз учун уни соғ-саломат ҳолатингизда муҳофаза қилинглар. Батаҳқиқ, сахий кишининг сахийлик қилиши одат тусига киради. Чунки ким бирор нарса асосида яшаса ўшанда вафот этади. Кимда-ким бирор нарса асосида вафот этса ўшанда қайта тирилади. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин».

Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилишади: «Одамлар уйни тавоф қилардилар. Ибн Аббос Миҳжан билан ўтиргандилар. Шунда айтдиларки: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 « Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг » Агар заққумдан бир томчиси томса, батаҳқиқ, ер аҳлининг ҳаётларини аччиқ қилиб юборади. Заққумдан ўзга таомлари йўқ кимсалар ҳақида нима дейсизлар?» - дедилар».  

Сермаъно дуолардан Юсуф алайҳиссаломнинг сўзларидир:

 « Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин » (Юсуф: 101).

Дунёда салоҳият, саодат, хотиржамлик ва омонлик фақат ушбу динни маҳкам тутишлик ҳамда унинг таълимот, шиор ва кўрсатмаларини лозим тутишлик биландир. Балки дунёнинг салоҳияти диннинг салоҳиятига боғлиқ. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида ушбу нарсалар ўртасини жамлаб, шундай дедилар:

 «Эй Аллоҳ! Мен учун ишимнинг ҳимоя-(сақлови) бўлмиш динимни ислоҳ қил! Унда ҳаётим бўлмиш дунёимни ўнгла. Унга қайтар жойим бўлмиш охиратимни ислоҳ қил. Ҳаётни мен учун барча яхшиликда зиёда қил. Ҳамда ўлимни мен учун барча ёмонликдан роҳат қил». (Муслим) 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойни, янги ой кўринганда шундай дуо қилардилар:

 «Эй Аллоҳ! Уни бизга барака, иймон, саломатлик ва ислом ойи қилгин. Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир».(Термизий) 

Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан хотиржамлик ва иймон, саломатлик ва ислом ўртасидаги алоқани лозим тутишликка огоҳлантирувдир. Гўёки у киши: агар инсон ушбу ой ва қолган умрида хотиржам, саломат яшашни истаса, бас, исломни маҳкам ушласин ва иймонда яшасин. Чунки кимда-ким Аллоҳга иймон келтирса ва Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қилган шариатини маҳкам ушласа ҳамда буни ширк ёки куфр ёҳуд бидъат ёкида маъсиятлардан иборат бирор нарса билан булғамаса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга ушбу дунё ва охират кунида хотиржамлик, саломатлик ва ҳидоят кафолатини беради. Аллоҳ таоло деди:

 « Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар – ана ўшаларга омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир » (Анъом: 82).

Субҳанаҳу деди:

 «Албатта, «Роббимиз Аллоҳ», деган, сўнгра мустақим бўлганларнинг устиларидан фаришталар: «Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар! Биз дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилган нарсангиз бордир. Ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зот тарафидан зиёфат ўлароқ», (деб тушарлар).Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган кишидан кўра гўзал сўзли ким бор?!» (Фуссилат: 30-33).

Субҳанаҳу деди: 

 « Албатта, «Роббимиз Аллоҳдир», деган, сўнгра мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар.Ана ўшалар қилган амаллари мукофотига жаннатнинг унда мангу қолувчи соҳибларидир.» (Аҳқоф: 13-14).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимда-ким дўзахдан узоқ қилиниб, жаннатга киритилишини истаса, бас, ўлими унга, ўзи Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган ҳолатида келсин. Ҳамда одамларга, ўзига (қандай) муомала қилинишини яхши кўрса шундай муомала қилсин». (Муслим)

Аллоҳдан бизни исломда яшаттиришини ва иймонда ўлдиришини ҳамда бизни У субҳанаҳуга йўлиққунимизгача ҳақ ва ҳидоятда собитқадам қилишини сўраймиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазонни қарши олишимиз ndash жуда катта хурсандчилик ва Аллоҳ томонидан Одам фарзандига берилган улкан неъматлардан биридир.Рамазон ndash бу чексиз раҳмат дарёси давоми...

2141 09:24 / 07.04.2021
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда ndash давоми...

2103 17:00 / 05.04.2022
Ўқилиши .Субҳаана зилмулки валмалакуут. Субҳаана зилъиззати валъазомати валқудроти валкибрийаа`и валжабаруут. Субҳааналмаликил ҳаййиллазии лаа янааму ва лаа давоми...

22389 19:11 / 30.03.2023
Рамазон ойидаги рўза сабабли ҳиндистонлик Рахул исмли йигит Исломни қабул қилди. Рахулнинг қиссаси қандай Қандай қилиб у Исломга кирди Рамазон ойи ва ундан кейин давоми...

5348 14:18 / 17.05.2018
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40711 14:35 / 11.08.2021