1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Одоб

23:09 / 18.08.2017 13303 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят).

Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар фақат ўша замон мусулмонлари ёки умуман, мусулмон уммати учунгина эмас, балки бутун инсоният учун катта шараф ва башорат эди. Бу улкан хурсандчилик хабари инсониятнинг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижалар берган эди.

Инсонларни яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия ҳам қилиб борди. Барча авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди. Илк пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша замон воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Кейинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олган ҳолда шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат олдингисидан мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юбориларди. Уларнинг пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб пайғамбарлар, шариатлар юборилди. Ниҳоят, инсоният айни камолга етган пайтида Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси Қуръони каримни нозил қилди ва у орқали жамики инсоният учун ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсоният учун улуғ шараф эди.

Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди. Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бошланган бу оламшумул таълим Мадинаи мунаввара ва унинг атрофларида давом этди, видолашув ҳажи чоғида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши билан мукаммал бўлди. Ва ниҳоят, оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига «Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди. Ушбу хитоб Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи шомил низом эканини кўрсатади. Дин эътиқод масалаларини ҳам, шу билан бирга, одоб-ахлоқ, муомала, маънавиятлар, таълим-тарбия, ижтимоий масалалар, ибодатлар, ҳалол-ҳаром ва бошқа муаммоларни ҳам ўз ичига олади.

Мазкур ишларда шариат ҳукмига амал қилганлар Аллоҳнинг амрига итоат этган бўлишади. Ким Ислом шариатини ўз ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни, баркамол дастурни қўллаётган бўлади. Унинг ақийдаси комил, маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари камолига етган бўлади. Икки дунёдаги бахт-саодати тўкис бўлади.

Борлиқни яратган Қодиру Зулжалол шу борлиқнинг халифаси этиб инсонни ҳам яратган. У Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Азалий ва чегарасиз илми ила бандалари учун риоя қилиниши лозим бўлган одобларни ҳам жорий қилган. Биз ушбу китобимизда мазкур одобларнинг бир йўналиши бўлмиш ижтимоий одоблар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Асосий мавзуга киришдан олдин одоб, унинг таърифи ва Исломнинг унга бўлган муносабати борасида қисқача сўз юритиб олиш фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.

 

Одобнинг таърифи

 

Тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп экан, деганидир. «Кийиниш одоби» деганда яхшилаб кийиниш тушунилади. «Суҳбат одоби» деганда суҳбатни энг яхши савияда олиб бориш кўзда тутилади. «Ижтимоий одоблар» ижтимоий муомалаларни энг яхши тарзда олиб бориш деганидир.

Абу Муҳаммад «Китобул Воъий» асарида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун одоб деб номланган», дейди. Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган ном», деган.

Одобнинг қуйидагича таърифлари ҳам келган: «Мақтовга сазовор сўз ва амални ишлатиш, қилиш одобдир»; «Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир»; «Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир». Шу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганида, Исломда кўзланган «одоб» маъноси юзага келади.

Муҳаммад Зеҳний айтади: «Фазилат наслу насаб билан эмас, балки одоб билан топилади».

«Ҳар бир киши касб-корни мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи ва яхши хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоғи керак», дейди Абу Наср Форобий.

Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади. Баъзида ижтимоий одоблар деган маънони ифода этиш учун французча «этикет» сўзи ҳам ишлатилади.

 

Одобнинг аҳамияти

 

Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, жумладан, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам, бошқа барча уринишларни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Одобсиз киши ҳатто бошқалар билан алоқаси, муносабатларини ҳам яхшилай олмайди.

Шунинг учун ҳам тасаввуф аҳлининг қоидаларидан бирида: «Одоб бўлмагунича, Ҳақ ва халқ билан сайри сулук бўлмас», дейилган. Шунинг учун ҳам машойихлар: «Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди», деганлар.

Яхши одоб аслида нафснинг камолотга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир.

Одоб иккига: назарий ва амалий жиҳатга бўлинади. Одоб олдин назарий жиҳатдан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади. Фикр юритиб кўрадиган бўлсак, одобнинг доираси шу даражада кенгки, оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Исломда одобнинг яхшиликка чақириш маъноси инсонга боғланган барча нарсаларда намоён бўлади, яъни мусулмон инсоннинг ўзи билан боғлиқ барча нарсага одоб билан – яхшилик юзасидан муомала қилиши йўлга қўйилган. Бу муомалалар жамодот – жонсиз нарсалардан бошланади. Кейин наботот оламига, сўнгра ҳайвонот оламига ўтади, сўнгра эса инсоният олами, фаришталар олами ва ҳоказо оламларни қамраб олади. Исломдаги одоблар мусулмон инсоннинг ўз Набийси ва Роббига кўрсатадиган одоби ила тож кияди, камолга етади.

Мана шундай кенг доирадаги шарафли одобларга амал қилиш аввало кишининг ўзи учун фойдалидир. Мисол учун, чой ичадиган пиёламизни олиб кўрайлик. Киши одобли бўлса, ўша пиёлани авайлаб ишлатади, тоза тутади. Натижада пиёла узоқ вақт унга кўнгилдагидек хизмат қилади. Агар ўша одам пиёлага нисбатан беодоблик қилса, унинг лаби учади, кир бўлади, дарз кетади ва охири синади.

Мана шу ҳолатни бошқа ҳар бир катта-кичик нарсаларда ҳам кўриб, мулоҳаза қилишимиз мумкин. Ҳар бир нарсада динимиз кўрсатган одобга амал қилсак, аввало бу дунёмиз учун, асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
95. Абу Саъиддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди,, дедилар,.Шарҳ Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу давоми...

4582 18:27 / 29.01.2018
372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади.Умар шундай деди.Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.Ким бировни афв давоми...

4091 18:59 / 01.03.2018
159. Абу Дардодан ривоят қилинади.У киши одамларга қараб шундай дер эди.Эй одамлар Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз давоми...

3340 16:37 / 26.01.2018
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади.Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози давоми...

13303 23:09 / 18.08.2017
Видеолар

2476 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

118804 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021