1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Нифоқдан қандай сақланамиз?

12:31 / 15.03.2017 5279 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш “нифоқ” сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача деган маънони англатади. Истилоҳда эса сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка “мунофиқлик” дейилади. Бу динимизда қаттиқ қораланган иллатдир.


Мунофиқларни сифатловчи ва улар учун тайёрлаб қўйилган охиратдаги азобларни баён қилувчи оятларни эшитганда мўмин кишиларнинг баданлари титраб кетади. Нифоқнинг аста-секин қалбга сизиб кириб, охир-оқибатда қалбни бузишини, иймонга футур етказишини ўйлаб, ундан қўрқувлари, эҳтиёткорликлари янада зиёда бўлади. Салафи солиҳлар ва улуғ олимларнинг нифоқ ҳақидаги сўзларини эшитиб, қалбларидаги қўрқув яна зиёдалашади.

 Масалан, Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шунча-шунча саҳобаларини топдим. Уларнинг ҳар бирлари ўз нафслари учун нифоқдан қаттиқ қўрқиб яшаб ўтдилар”. 

Шундай савол туғилади: “Агар энг яхши замон аҳли, пайғамбарлардан кейинги инсониятнинг энг афзал вакилларининг барчалари ўз нафслари учун нифоқдан қўрққан бўлсалар, солиҳ амалга ёмон амални аралаштириб қилаётган бизларнинг аҳволимиз нима кечади?” 

Бу ерда энг муҳим нарса шундай қўрқувнинг ўзи билан яшаш, нифоқнинг хатарини ҳис қилиш билангина чекланиш, унга тушиб қолишдан хавф қилишгина эмас, балки шундай йўлни баён қилишки, у орқали нифоқдан ва унга олиб борадиган касалликлардан бутунлай қутулиш мумкин бўлсин. Шунинг учун ҳам қуйида келтириладиган кўрсатмалар, нифоқдан сақланиш йўллари, аввало ўзимиз учун, қолаверса, ҳар биримиз учун жуда муҳимдир. 

Қалбларда иймон дарахтини чуқурроқ экиш

Иймон билан нифоқ бир-бирига зид нарсалар бўлиб, ҳеч қачон бир жойда жам бўлмайди. Уларнинг орасида муштараклик йўқ. Улар бир-биридан асли, табиати ва натижасига кўра бутунлай фарқ қилади. Агар қалбда иймон зиёда бўлса, нифоқнинг изи камаяди. Бу худди бир кўзага ўхшайди. Агар кўзага сув қуйилса, ундан ўша миқдордаги ҳаво чиқиб кетади. Агар кўза сувга тўлдирилса, ундаги ҳаво бутунлай чиқиб кетади. Иймон билан нифоқ орасидаги алоқа ҳам худди шундай. Инсон нафсини поклаб, руҳини тозалайдиган солиҳ амаллар орқали нифоқдан қутулади. Улар сабабли нифоқ олови ўчади. Иймон Аллоҳни яхши кўриш ва Унга итоат қилишдир. Иймон  Унинг амрларини бажариш, қайтариқларидан қайтишдир. Нифоқ эса, Аллоҳ нозил қилган нарсаларни ёқтирмаслик, уларга ғазаб кўзи билан қарашдир. Нифоқ мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга эргашишдир. Бу сўзларнинг исботини қуйидаги оятларда кўрамиз: 

“Ҳақиқатан, ўзларига ҳидоят (йўли) равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларни) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзуларни) узайтириб қўйди. Бунга (куфрга қайтишларига) сабаб – уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани (Қуръонни) ёмон кўрган кимсаларга: “Биз айрим ишларда сизларга итоат этамиз”, – деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширган нарсаларини (сирларини) билур. Бас, фаришталар уларнинг юзлари ва кетларига уриб, жонларини олар вақтида, (ҳоллари) не кечур?! Бунга сабаб – уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (мунофиқликка) эргашиб, Унинг розилигини (кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг (қилган яхши) амалларини (ажрсиз ҳолда) беҳуда кетказди” (Муҳаммад, 25-28). 


Дуо



Дуо мўминнинг қуролидир. Дуо сабабли осмонлару ер қўлида бўлган Зотдан паноҳ сўралади. Аллоҳ таоло Ўзига дуо қилувчи бандасини яхши кўради. Аллоҳ дуо қилганлар учун ижобатини ҳам кафолатлаб қўйган: 

“Парвардигорингиз:«Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!»– деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60). 

Агар дуонинг ҳоли шундай бўладиган бўлса, мўмин киши учун энг лойиқ иш кафтини Холиқи ва Мавлоси томон кўтариб, Ундан ўзини динда собит қилишини, кофир ва мунофиқларнинг йўлидан узоқ қилишини, уларнинг ёмонликларидан сақлашини, макрларидан омонда қилишини сўрашдир. 

Бизга буюк тобеин Жубайр ибн Нуфайр раҳимаҳуллоҳнинг қиссасида улкан ибрат бор. У зот айтадилар: “Мен Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига – Ҳимсдаги уйларига кирдим. Қарасам, у киши намоз ўқиётган эканлар. Ўтириб ташаҳҳуд ўқидилар. Кейин Аллоҳдан нифоқдан паноҳ беришини сўрадилар. Намоз ўқиб бўлиб, қайрилганларида мен: “Аллоҳ сизни кечирсин, эй Абу Дардо! Сиз қаёқдаю нифоқ қаёқда?” дедим. Шунда у киши: “Эй Аллоҳ, Ўзинг кечир!” деб уч марта айтдилар ва: “Балодан ким хотиржам бўлади?! Балодан ким хотиржам бўлади?! Аллоҳга қасамки, киши бир соат ичида фитнага учраб, динидан бурилиб қолади” дедилар. 

Пайғамбар алайҳиссалом намозларида ва намоздан ташқарида кўп бора “Эй қалбларни буриб қўювчи Зот! Қалбимни динингда собит қил!” деб дуо қилар эдилар. Аллоҳнинг динида собит туришга ёрдам берадиган энг муҳим нарсалардан бири Аллоҳдан нифоқдан сақлашини сўрашдир. Мўмин банда Роббидан сўрайдиган энг қиммат нарса ҳам шудир. 


Аллоҳни кўп зикр қилиш ва кўп Қуръон ўқиш



Нифоққа банда фақатгина ғафлат ва Аллоҳдан узоқлашиш сабабли мубтало бўлади. Ғафлат эса, Аллоҳни кам зикр қилишдан пайдо бўлади. Қуръонда мунофиқларнинг васфида худди шундай келган. Уларнинг Аллоҳни зикр қилишга ҳимматлари паст бўлади. Агар одамлар олдида намоз ўқишга мажбур бўлиб қолсалар ҳам энг оз зикр билан чекланадилар. Намозни ҳам шошиб, ўйин қилиб ўқийдилар. Набий алайҳиссалом ундай намозни васф қилиб, шундай деганлар: “Бу мунофиқнинг намозидир. Қуёшни кутиб ўтиради. У шайтоннинг икки шохи орасида бўлганда туради-да, тўрт марта чўқилайди. Унда Аллоҳни жуда кам зикр қилади”. Муслим ривояти. 

Шундай экан, зикрни кўпайтириш, айниқса, энг буюк зикр бўлмиш Аллоҳнинг Каломини кўп ўқиш нифоқдан омонлик омилидир. Чунки, зикр Яратувчини қалбга келтириш, яширин ва ошкорда ҳам Унинг кузатиб турганини ҳис қилишдир. Бу билан банданинг ичи ҳам, усти ҳам тўғри бўлади, мунофиқлик белгиларидан узоқ юрадиган бўлади. 

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Албатта, Аллоҳни кўп зикр қилиш нифоқдан омонликдир. Чунки, мунофиқлар Аллоҳни оз зикр қилувчи кимсалардир. Аллоҳ азза ва жалла мунофиқлар ҳақида: “Ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар” деган, (Нисо, 142)”. 

Каъб айтади: “Ким Аллоҳни кўп зикр қилса, нифоқдан узоқ бўлади. Шунинг учун ҳам – яна Аллоҳ билувчироқ – Аллоҳ таоло мунофиқлар сурасида “Эй, имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир” дегандир. Чунки, бу оятда Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлган мунофиқлардан эҳтиёт бўлишга чақириш, нифоққа тушиб қолишдан огоҳлантириш бор”. 

Баъзи саҳобалардан: “Хаворижлар мунофиқларми?” деб сўралганда, улар: “Йўқ. Мунофиқлар Аллоҳни оз зикр қиладилар. Бу эса нифоқ аломатидир. Аллоҳ азза ва жалла зикр қилувчи қалбни нифоқ билан балолантиришдан олий Зотдир” деб жавоб берган эканлар. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини яхши кўриш



Нафс ҳақ ишни қилиб, ҳақ йўлда юрганни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам мўминларнинг нафслари саҳобаларнинг муҳаббати билан тўлади. Агар улар бўлмаганларида эди, дин бизгача етиб келмаган бўларди. Улар ўз қонларини, жонларини, молларини шу дин ривожи учун фидо қилдилар. Шунинг учун уларни яхши кўриш иймон аломати, уларни ёмон кўриш нифоқ аломатидир. Бу муҳаббат шариатнинг талаби ҳамдир.

 Набий алайҳиссалом: “Иймоннинг энг мустаҳкам боғичи Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир” дедилар. Абу Довуд Таёлисий “Муснад”да ривоят қилган. 

Демак, нифоқдан сақланиш саҳобаларни яхши кўриш билан ҳам бўлар экан. Бу муҳаббат муҳожирларни ҳам, ансорларни ҳам ўз ичига олади. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Иймоннинг аломати ансорларни яхши кўриш ва нифоқнинг аломати ансорларни ёмон кўришдир”. Муттафақун алайҳ. 

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Бу ерда уларни ёмон кўришдан огоҳлантириш ва уларни яхши кўришга тарғиб келди. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг фазилатлари буюклигини, қилган ишлари улуғлигини билдириш учун буни иймон ва нифоқнинг аломати қилдилар. Улар билан шерик бўлганларнинг ҳаммалари ушбу фазлда ҳам шерикдирлар. Барчалари ўз адолати билан танилган эдилар. Ансорлар ҳақида жорий бўлган нарса бошқа барча саҳобалар ҳақида ҳам жорийдир”. 

Баъзи саҳобалар ҳақида хос ривоятлар ҳам келган. Масалан, Набий алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай деганлар: “Сени фақат мўмин киши яхши кўради. Сени фақат мунофиқ кимса ёмон кўради”. Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган. 

Бу ҳадисда у зотни яхши кўришга тарғиб, ёмон кўришдан қайтриқ бор. Нифоқдан қутулай деган киши барча саҳобаларни, жумладан, Али розияллоҳу анҳуни ҳам яхши кўриши, уларни ёмон кўришдан эҳтиёт бўлиши керак экан. 


Нифоқнинг зарарларини кўз олдига келтириш



Агар мўмин банда мунофиқлар борасида келган ояту ҳадисларни кўз олдига келтирса, Аллоҳ уларга тарйёрлаб қўйган бу дунёдаги шармандалик, қабрдаги қийноқлар ва охиратдаги азобларни, Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишларини, дўзахда абадий қолишларини кўз олдига келтирса, уларнинг йўлларини ва ишларини ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ уларни мунофиқларнинг ёмонлигидан ҳимоя қилади, мунофиқликдан паноҳ беради. Агар кичик нифоқ (амалий нифоқ) кишини иймонидан айирмаса ҳам, уни ислом миллатидан чиқармаса ҳам, иймон заифлигига очиқ-ойдин далил ҳисобланади. Охири бориб у катта нифоқ (эътиқодий нифоқ)қа олиб боради. 


Куй-қўшиқларни тинглашни тарк қилиш



Баъзилар уни саодат ва роҳатнинг манбаи, уни эшитган одам ҳаёт ғамлари ва қийинчиликларини унутади деб ўйлайдилар ва унинг қалбни бузишини, қалбга ёмон таъсир ўтказишини кўз олдиларига келтирмайдилар. Қандай қилиб ўйламайдилар? Ахир Аллоҳ таоло уни ҳаром қилиб, ботил лаҳв деб эълон қилди-ку!

“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у(йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир” (Луқмон, 6). 

Кўпчилик муфассирлар оятдаги “беҳуда сўз”ни куй-қўшиқ дейишган. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Бу бир киши ҳақидаки, у кечаю кундуз қўшиқ айтадиган жорияни сотиб олади деганидир”. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса: “Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, бу қўшиқдир” деганлар. 

Савол туғилади: “Қўшиқни ҳаром қилинишининг нифоққа нима алоқаси бор? Ундан қутулиш қандай қилиб нифоқдан қутулишга сабаб бўлади?” 

Жавоб: “Кейинги оятда Аллоҳ таоло:

“Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек ёки қулоқларида оғирлик (карлик) бордек, кибру ҳавобилан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида “хушхабар” бериб қўйинг!” (Луқмон,7) деган. 

Бундан шу нарсани тушуниб оламизки, ким қўшиқни кўп эшитса, унинг Қуръон тинглаши, унга ошно бўлиши, унга шавқли бўлиши, унинг оятларидан таъсирланиши қийин бўлади. Натижада қалби тошдек қотиб қолади. Охири бориб Қуръон оятларини тинглашдан, уни тинглаб лаззатланишдан нафратланадиган бўлиб қолади. Шубҳасиз бу ҳол нифоқнинг машҳур кўринишларидан биридир. Шунинг учун Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларига эътибор берайлик: “Худди сув ўсимликни ўстиргани каби қўшиқ қалбда нифоқни ўстиради”. 

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларига қулоқ тутайлик: “Биз ва биздан бошқалар қўшиқ айтувчи ва уни тингловчиларга Қуръон оғирлик қилишини, Қуръон сабабли улар безовта бўлишларини, қори уларга узунроқ ўқиб юборса қичқиришларини, қалблари ўқилаётган оятлардан фойда олмаслигини, ҳаракатга келмаслигини, титрамаслигини, ҳаяжонга тушмаслигини, агар шайтоннинг нағмаси (қўшиқ) келса – ла илаҳа иллаллоҳ – овозлар ундан қўрқишини, ҳаракатлар тўхтаб қолганини, қалблар сокин бўлиб, хотиржам бўлганини, йиғи-сиғи ва хушчақчақлик содир бўлганини, зоҳир ҳам, ботин ҳам ҳаракатга келганини, бедорлик ёқимли бўлганини, тун узун бўлиши орзу қилинганини кўрдик, шунга гувоҳ бўлдик. Агар шулар нифоқ бўлмаса, унда нифоқнинг арқони ва асоси ҳисобланади”.  


Аҳли нифоқлар сифатининг зидди билан сифатланиш



Нифоқдан қутулиш йўлларидан яна бири мунофиқлар сифатининг зидди билан сифатланиб, улар қиладиган қабиҳ амалларнинг хилофини қилишдир. 

Агар мунофиқлар намозга бепарво бўлсалар ва уни дангасалик билан адо этсалар, Аллоҳни нодир ҳолатларда зикр қилсалар (яъни жуда кам зикр қилсалар), уларга берилган ишончларни оқламасалар, одамларни алдасалар, омонатга хиёнат қилсалар, ваъдаларга вафо қилмасалар, мусулмон киши шуларнинг тескарисини қилиши лозим бўлади. Яъни кўп намоз ўқиши, намозга шошилиши, уни муҳаббат билан адо этиши, Аллоҳни кўп зикр қилиши, аҳдларга вафо қилиши, омонатни адо этиши, ростгўй бўлиши лозим бўлади. Бунга қўшимча яна у Аллоҳнинг доимо кузатиб турганини ҳис қилиши, мана шу ишларга бошқа ишлардан кўра кўпроқ аҳамият қаратиши керак бўлади. Чунки, бу ишлар иймоннинг аломатлари ва аҳли нифоқнинг амалининг зидди ҳисобланади. 

Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мўмин билан мунофиқнинг орасини ажратувчи сифат ростгўйликдир. Албатта, нифоқнинг асоси, пойдевори ёлғон устига бино қилингандир”.

 Ушбу зикр қилганларимиз нифоқдан қутулиш ва сақланишнинг айрим йўлларидир. Нифоқдан сақланиш учун буларни қўлимиздан келганича астойдил қилишга уринишимиз керак. Аллоҳ таолодан  бизларни нифоқдан асрашини, ундан узоқ қилишини, юқорида келтирилган ишларни ихлос билан бажаришимизни осон қилишини сўраймиз, омин!  


Интернет материаллари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. давоми...

3803 05:00 / 14.03.2017
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этилган саҳиҳ ҳадисда марвийким, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам яхшироқ бўлардилар. Ул давоми...

2685 05:00 / 13.03.2017
1. Ўлим фариштасини кўриш. Агар киши саодат аҳлидан бўлса, ўлим фариштасини чиройли суратда кўради. Ўлим фариштаси ва у билан бирга келган раҳмат фаришталари давоми...

7919 12:18 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло мусулмон умматини сифати ҳақида Қуръони каримнинг .Бақара, сурасида Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг давоми...

2898 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021